Қайднома

Қидирув

Жеррардга ўринбосар ёхуд «Ливерпуль» 48 млн.га кимни сотиб олди?

Жеррардга ўринбосар ёхуд «Ливерпуль» 48 млн.га кимни сотиб олди?

  12.10.2017 06:25
  0
  643
Жеррардга ўринбосар ёхуд «Ливерпуль» 48 млн.га кимни сотиб олди?

Наби Кейтанинг сотиб олиниши «қизиллар» тарихидаги энг қиммат трансфер ҳисобланади. Хўш, бу харид ўзини оқлармикан?

Одатда, Европа клублари трансфер ойнаси ёпилишига саноқли кунлар қолганда фаоллашишади. «Ливерпуль» жорий йилнинг ёзида 3 ўйинчини сотиб олди - Муҳаммад Салоҳ, Доминик Соланке ва Эндрю Робертсон учун жами 47 млн. фунт сарфлади.

Яқинда эса, «қизиллар» «РБ Лейпциг» ярим ҳимоячиси Наби Кейтанинг трансфери масаласидаги музокаралар ниҳоясига етганини маълум қилишди. Гвинеялик футболчи «Ливерпуль» сафига 2018 йилнинг ёзида қўшилади.

Мазкур трансферда бир қанча деталларни эътиборга олиш керак. Биринчидан, инглиз клуби шартномадаги товон пуллари ҳақидаги моддани фаоллаштиряпти - унинг миқдори 48 млн. фунт ва шу тариқа мерсисайдликлар ўз трансфер рекордларини ортда қолдиришмоқда. Яна бир жиҳат, «Ливерпул»да Кейта 8-рақамда ўйнайди - бу белги аввал жамоа афсонаси Стивен Жеррардга тегишли эди.

Англияда ҳар бир футболчини ОАВлар ва футбол эксперт­лари бирдай кузатиб боришади. Бундан ташқари, 22 ёшли ярим ҳимоячи мухлисларнинг катта босими остида қолиши ҳам аниқ.

Кейта муаммолардан фақат яхши ўйин кўрсатиш орқалигина чиқиб кетиши мумкин. Буни уддалай олишига эса «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопнинг ишончи комил.

Нима бўлган тақдирда ҳам, бундеслигада биргина мавсум ўтказган футболчининг хариди учун сарфланган каттагина маблағ ўзини оқлармикан? Солиштиришда ҳаммаси маълум бўлади.

Агар «Ливерпул»нинг ҳужумдаги ҳаракатларига назар ташласак, у ҳолда Кейтанинг кўплаб ижобий хислатлари билан бўлғуси жамоадошларидан устун туриши ойдинлашади.

2016|2017 йиллар мавсумида бундеслига баҳсларида Наби 8та гол уриб, 7та самарали узатма муаллифига айланди. Кейта дриблингларга ўтишдан асло тортинмайди.

Мисол учун, Садио Мане - ўтган мавсум якуни бўйича «Ливерпул»нинг энг яхши дриблингчиси ҳар бир баҳсда ўртача 2,5та алдаб ўтиш натижасини кўрсатди.

Кейтада эса бу кўрсаткич 2,7тага тенг. Мазкур натижа майдон маркази вакилига тегишли эканини ёдда тутсак, у таянч зонасида ҳам ёмон ўйнамаслиги маълум бўлади.

Наби Кейта ўйинни ажойиб тарзда олиб боради, тўп оширишдаги аниқлик бўйича эса фақатгина Жордан Хендерсондан ортда, холос.

Аммо гвинеялик фойдасига ишлайдиган яна бир факт бор: Хендерсоннинг кўплаб тўп оширишлари яқин масофага узатилади. Кейта эса тўпни бурчакда турган жамоадоши томон аниқ ошира билади.

Айнан шу кўрсаткичлари билан Наби юқорида номлари тилга олинган учликка солиштирганда, Клоппнинг ҳужумкорлик услубига идеал даражада мос келади.

Қолаверса, гвинеялик ўйинчи ҳимояда ҳам жуда фаол ва оширилган тўпларга эгалик қилишда рақибларидан анча тезкор - бу борада ҳатто таянч зонасида ўйнайдиган Хендерсондан устунроқ: бир ўйинда 2,6га қарши 1,7. Бу «Челси» ярим ҳимоячиси Н~Голо Кантенинг кўрсаткичидан ҳам яхшироқ.

Гвинеялик «Ливерпуль» сардоридан фарқли равишда камдан-кам ҳолларда рақибларига алданади. Шунинг учун Кейта мураккаб ҳолатларда жамоадошини қўллаб юбориши мумкин.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, «Ливерпуль» раҳбарияти ажойиб хариддан қувонса арзийди - ахир Наби Кейтадек футболчининг сафга қўшилиши жамоани янада кучайтиради.

Фақатгина бу ишни келгуси йилда эмас, ҳозир амалга ошириш керак эди. Ёзгача у шундай ўйин кўрсатадими ёки йўқ, аниқ жавоб бериш мушкул.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Наби КЕЙТА

Ким? «Ливерпул»нинг бўлғуси ўйинчиси.

Қайси клубларда ўйнаган? «Ред Булл Зальцбург» (Австрия), «РБ Лейпциг» (Германия).

Амплуаси: марказий ярим ҳимоячи.

Лақаби: Африкалик Деку.

Ўзига хос томонлари: ҳар икки оёғида аниқ зарба беради, сифатли дриблинг эгаси, индивидуал ўйинчи.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

FUTBOL TV телеканалининг 16-декабрь кунидаги кўрсатувлар дастури

  • Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи ким бўлиши мумкин?

  • Ҳўш, сайтимиз сизга ёқдими?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.