Қайднома

Қидирув

Элфи Ферншилд: «Мактабимиз мураббийлари болаларни севишади»

Элфи Ферншилд: «Мактабимиз мураббийлари болаларни севишади»

  13.10.2017 03:37
  0
  678
Элфи Ферншилд: «Мактабимиз мураббийлари болаларни севишади»

Европа футболи ҳар доим илғор бўлиб келган. Қитъанинг энг олди футбол мактаблари эса Германияда фаолият юритади. Олмон ўлкасида бажарилган ишлар кўлами охирги жаҳон чемпионатидаги ғалаба билан ўлчанади.

Бугунги кунда немис футбол мактаби қай даражада нуфузли эканини бутун дунё тан олиб бўлган. Яқинда Тошкентда ҳам немис футболи андозаларига мос иш олиб борадиган JFL in Tashkent мактаби иш бошлади.

Ушбу таълим маскани Германиядаги JFL in Schlotheim ўқув маркази филиали ҳисобланади.

Биз айнан шу марказ раҳбари Элфи Ферншилд хоним билан суҳбатлашиб, JFL футбол мактаби тизими ва ўзбек футболи ҳақидаги саволларимизга жавоб олдик.

- Элфи хоним, аввало, сиз билан гаплашаётганимиздан мамнунмиз. Суҳбатимизни JFL in Schlotheim мактаби тарихи билан бошласак.

- Интервью борасидаги таклиф учун раҳмат. JFL in Schlotheim мактаби тарихига келсак, у 2003 йилда иш бошлаган. Мен 2006 йилдан буён ушбу таълим масканида хизмат қилиб келяпман.

Айтиш лозимки, мактаб фаолиятига асос солганлар орасида мен йўқман. Бироқ унинг ривожига ўз ҳиссамни қўшганман, деб айта оламан.

- Фаолиятингиз қандай бошланган? Дастлаб JFL in Schlotheim,га осон бўлмаган, деб эшитганмиз?

- Мактабни директор лавозимида қабул қилиб олганман. Ўша вақтлари охирги умид ва ишончимни ҳам йўқотишимга бир баҳя қолган эди. Чунки бор-йўғи 6 ўқувчимиз бўлиб, мактаб ҳисобида умуман пул қолмаганди.

Ўн йиллик машаққатли меҳнат ва икки марта бошқа жойга кўчишдан сўнг, ниҳоят, ишларимиз ўнгланиб кетди. Ҳозир JFL in Schlotheim 1600 м2 ҳудудда жойлашган ва ёпиқ футбол зали, теннис кортлари, катта бассейн, учта табиий майсали майдон ва тренажёр залига эга. Тан олиш лозим, бундай инфратузилма яратиш биз учун осон бўлмади.

- Мактабингизда қанча ўқувчи таҳсил олади? Улар қайси мамлакатлардан ташриф буюришган?

- Айни вақтда таълим муассасамизда умумий ҳисобда 71 тарбияланувчи таҳсил олади. Улардан 51 нафари мактабимиз ҳудудидаги ётоқхонада истиқомат қилади, 20 нафари эса қатнаб ўқийди. Ўқувчиларимиз орасида 11та давлат вакиллари бор:

Мексика, АҚШ, Албания, Жанубий Корея, Таиланд, Германия, Исроил, Африка ва Ўзбекистон. Айтиш мумкинки, мактабимиз хал- қаро нуфузга эга ва бу билан фахрланамиз.

- Немис футболи ютуқлари бутун дунёга овоза бўлган. Бунинг сири нимада?

- Бизнинг мактабимизда бола кун давомида банд бўлади. Мактаб, спорт, шахсий ютуқлар ва саломатлик - уларга аввало, мана шу қадриятлар сингдирилади.

Энг муҳими - мураббийлар бу болалар билан худди тенг- дошидек мулоқот қилишади. Тарбияланувчилар устоз эътибори ва муҳаббатини ҳис қилиб туришлари шарт. Бу унга масъулиятли қарорларни қабул қилишда ёрдам беради. Мураббий ва ўқувчи ўртасида жуда кўп индивидуал ва жамоавий суҳбатлар бўлиб туради.

Бола ютуққа эришаётганини нафақат ўзи, ота-онаси, балки мураббийи наздида ҳам исботлаб беришга интилади. Чунки ўзаро ҳурмат жуда кучли. Мактабимизда бола ўзини жуда эркин ҳис қилади, улар ҳар томонлама ҳимоя қилинган. Айнан шу нарса бизнинг асосий сиримиз ҳисобланади.

Ҳеч бир бола камчиликка йўл қўйишдан ҳайиқмайди. Агар бирор хато кузатилса, унга ҳеч ким овоз кўтармаслиги ва тергамаслигини яхши билади. Биз болаларнинг шахс сифатида ўсишлари ҳамда масъулиятли қарор қабул қилишларида ёрдам берамиз.

- Сиз юртимизда бўлгансиз ва озми-кўпми ўзбек футболи билан танишсиз. Бизнинг футболимиз ривожланишда муаммоларга дуч келмоқда. Бунга сабаб нимада, деб ўйлайсиз?

- Мен ўзбек футболи муаммолари ҳақида гапиришга ҳақлиман, деб ўйламайман. Бу нотўғри бўлади. Келинг, яхшиси, Германияда қандай тизим остида иш олиб борилишини айта қолай.

Немис футбол мактабида машғулотлар ўзига хос услубда олиб борилади. Асосий эътибор техника, тезкор қарор қабул қилиш, чаққон ҳаракатланиш ва жисмоний тайёргарлик омухтасига қаратилади. Бу борада мураббий методикаси ва концепцияси жуда зарур.

Болалар тикланиши учун йога, фитнес ва мобил тренингнинг аҳамияти катта. Бизнинг футбол мактабимизда болаларни яхши кўрадиган мураббий-педагоглар иш олиб боришади. Улар учун пул ёки мусобақалардаги натижа эмас, балки шогирдининг ривожланиши, униб-ўсиши муҳимроқ.

Ўзбекистонда ҳам JFL филиаллари иш бошламоқда. Биз бу мактабларда айнан шу услуб шаклланиши учун қўлимиздан келган барча ёрдамни берамиз.

З.ҚОСИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz