Қайднома

Қидирув

Қачон футбол бўласан бенаво ўйин?

Қачон футбол бўласан бенаво ўйин?

  13.10.2017 06:28
  0
  826
Қачон футбол бўласан бенаво ўйин?

Қўшма қарор ушбу саволга жавоб излайди

ЖЧ-2018нинг ОФКга ажратилган яримта йўлланмасини бутун қилиш йўлида бошланган кўп серияли баҳс бошландию, яна яралар янгиланди.

Очиғи, илк учрашувда Сурия терма жамоаси анча яхши таассурот қолдирди. Ҳаммани ҳайрат кўчасига киритиб, гуруҳда 3-ўринни эгаллашгани ва жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашнинг янги босқичи суриялик футболчилар руҳиятини буткул ўзгартириб юборибди. Уларда аввал кузатилмаган юксак масъулият кўзга ташланди.

Йўқ, қадим Шом вакиллари гуруҳ раундида айнан шундай дамларни орзу қилиб, астойдил тўп суришди, ҳеч қачон тушкунликка берилишмади. Фақат битта жиҳат уларни гуруҳ босқичидаёқ мутлақо ўзгача иштиёқ билан тўп суришдан тўхтатиб турди...

Хўш, биз қайси жиҳатни назарда тутмоқдамиз? Ишончимиз комил, зукко футбол мухлислари нима демоқчилигимизни аллақачон фаҳмлашди.

Ҳа, Сурия термаси дастлаб миллий жамоамизнинг оғзидаги ошни бировга бериб қўйиши мумкинлигина ишонмади ва гуруҳда 3-ўринни эгаллашдан унча умидвор бўлмади.

Бошқача айтганда, улар бир вақтлар ўзларига футбол сирларини ўргатишган ўзбекистонлик мутахассислар тажрибасига ҳурмат назари билан қарашди. Фақат Малайзияда Самвел Бабаян шогирдларини енггачгина бу жамоада йўлланма учун курашиш мумкинлигига ишонч уйғонди.

«Плей-офф»нинг илк учрашувидаги дуранг - аслида Сурия термасининг катта ғалабаси. Ғоят қийин ва таҳликали шароитда ҳам футбол ўйнаш, маълум мақсадларга эришиш мумкинлигини Сурия футболи яна бир бора бутун дунёга исботлади.

Агар юракда ватан шарафи учун ўйнаш иштиёқи олов бўлиб ёниб турса, ҳеч бир қарорсиз, мухлисларнинг қўллаб-қувватлашларисиз ҳам ўртамиёна жамоа кучли рақиб билан тенгма-тенг баҳслашишга куч ва имкон топади.

Австралия терма жамоаси - кучли рақиб. Авлодлар алмашуви жараёнидан қатъий назар, «соккеруз» кайфиятида ўша машҳур олтин авлод анъаналари инерцияси мавжуд.

Мана, сурияликлар шундай рақибга қарши эсанкирамасдан тўп суриб, барчани яна бир марта ажаблантиришди. Тўғри, жавоб учрашувида иштиёқдан маҳоратнинг устун чиқиши эҳтимоли катта. Бу эҳтимол ҳақиқатга айланган тақдирда ҳам, биров суриялик футболчиларни ортиқча айбламайди. Аксинча, уларнинг шаънига олқишлар ёғилади.

Биз ҳам имконсиз вазиятда янги имконларга эга бўлишгани учун уларни олқишлаймиз. Майли, сурияликлар шундоқ ҳам дунёга достон Дамашқ донғини футбол майдонларида янада баралла дўмбира қилиб чалаверсинлар. Улардан - кураш, биздан - олқиш!

Шундайми? Наҳотки, бу кўнгил олқиш билан чекланса, тасанно айтишдан чарчамаса?! Ишониш қийин. Маълум натижага эришган рақибни мардона олқишлаган кўнгил афсусдан, аламдан йиғламаслигига ким кафолат беради? Ахир бош жамоамизнинг охирги ўйинидан сўнг 3 кун шифохонада даволанган икки мухлисни йўқлаб, уларга тасалли берганимиз рост.

Мағлублик аламидан соғлиғини йўқотиб, кўрпа-тўшак қилиб ётмаган мураббий ёки футболчи бу каби мухлислар дардини қайдан билсин?! Ўша жонкуяр мухлислар бугун «Обод»нинг аҳволига ачиниш билан боқишмоқда. «Обод» жорий мавсум олий лига кўчатларини обод қилолмади. Ҳолбуки, жамоа олий лига дарвозасини катта мақсадларни кўзлаб тақиллатганди. Мухлислар ҳам жамоадан ҳалол ва муросасиз баҳслар кутишганди.

Афсуски, ҳаммаси бошқача тугади. Миллий жамоамизнинг жаҳон чемпионатидан четда қолгани мухлислар дилини оғритиб, кўнгилларни зардобга тўлдирган бўлса, «Обод»нинг олий лигадан четлатилиши футболимизни ингратди. Қарангки, урушнинг қора ҳавосидан бўғилиб нафас олаётган Сурия футболи Австралиядек кўркам мамлакат «кенгурилари» билан басма-бас олишаётган бир паллада барчага маълум айблар боис, «Обод»нинг элитадаги иштироки муддатидан аввал тўхтатилди.

Уялиш керак! Кимдир юрагини ҳовучлаб ватан шарафи учун футбол жангига ҳозирланмоқда, «Обод» эса манфаат инканжасида тўлғонмоқда. Бундайларга боқиб, «Қаршингда ҳасратли ўйга толаман, Қачон ҳақ бўласан, эй Сен - оломон?» - дея фиғон чекканча дунёдан ўтди қаҳрамон шоир Абдулла Орипов.

Бугун буюк зотлар руҳини шод этмоқ учун уларнинг муносиб ворислари бўлишимиз зарурлигини таъкидлаётган Президент Шавкат Мирзиёев барчамизни уйғоқликка чорламоқда. Қанчалар аламли бўлмасин, «Обод»нинг олий лигада иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши уйғониш садолари майин сасидир! Мутасаддиларнинг шундай кескин қарорга келишлари осон бўлмагани аниқ.

Лекин вазиятни ўнглаш учун «Обод»га қизил карточка кўрсатиш шарт эди ва бу иш амалга ошди. Жондан азиз Ферузасига қарата «Сева, сева талоқ қиламан!» деган Мирзо Улуғбек изтироби беихтиёр ёдга тушади шундай оғриқли лаҳзаларда.

Айни чоғда «Ёлғончи дунёни рост этмоқ учун аканг қарағайлар кўкрак керади» қабилидаги шижоат уйғотувчи сўзлардан сурурланасан ва келажакка умид билан боқасан киши. Янги ғалабаларсиз, умидсиз футбол мухлис учун футболми? Йўқ, асло! Мухлис футболимиз келажагига ишонтирувчи саъй-ҳаракатлардан куч олади, тетикланади. Шу маънода болалар ва ўсмирлар футболини ривожалантириш борасидаги қўшма қарор - айни муддао.

Икки мутасадди ташкилотнинг биргаликдаги эзгу ва улуғ мақсади мухлислар қалбида оқаётган ҳазин футбол дарёсини хуррам тўлқинлантирди. Демак, ўша ҳазин футбол дарёси келажакда ғалабалар шодиёнасидан тўлиб-тошади.

Қўшма қарор гарчи 2018-2023 йиллар ислоҳотини ўз ичига олсада, мухлислар ҳозирданоқ 2022 йилга астойдил умид боғлашмоқда. Уларнинг ҳисоб-китоблари ҳам ўзига хос. Дейлик, 2018 йили 16-18 ёшга тўладиган футболчи нима учун Қатар-2022 йўлланмаси учун курашмаслиги керак?

Баъзилар бу қарор билан 2026 йилги жаҳон чемпионати кўзланаётганини таъкидлашмоқда бироз ҳафсаласизлик билан. Биз эса бошқача фикрдамиз. Ёш билан боғлиқ эскича қарашларни онгу-шууримиздан ўчириш - мазкур қарорнинг бош стратегияси.

Ҳозир футболимизда ёшни яшириш, 18 яшар йигитга миллий жамоа либосини ишонмаслик кайфияти кучли. Айни шундай нохуш кайфият сабаб, 18 ёшли футболчи бош жамоа таркибига киришни тасаввурига ҳам сиғдиролмайди. Қўшма қарор шундай ножоиз қолипларни бузиш учун курашади.

Мамлакатимиз раҳбари ёшларга йўл бериш, уларга масъулиятли ишларни топшириш зарурлигини бот-бот қатъият билан таъкидламоқда. Куни-кеча Бўстонлиқда ёш ижодкорлар форуми бўлиб ўтди. Унда ёшларимиз таниқли устозларнинг бебаҳо сабоқларидан руҳланишди.

Умид қиламизки, келгусида юртимиздаги энг иқтидорли ёш футболчилар форуми ҳам ташкилланади ва унда чин истеъдодлар Хосеп Гвардиола, Жозе Моуриньо каби мураббийлар, Лионель Месси, Криштиану Роналду каби машҳур юлдузлар билан учрашишади.

Бу каби учрашувлар 18 ёшли йигитни бирдан улғайтиради... Хуллас, футболимизни ёруғ келажак кутмоқда. Уни ўша ёруғ келажак сари биргаликда элтайлик, азизлар!

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz