Жорий мавсум миллий чемпионатимизда бир қатор ёш футболчилар ўзларини кўрсатишмоқда.
Жумладан, «Локомотив»нинг истеъдодли ярим ҳимоячиси Азизбек Омонов «темирйўлчилар» сафида тез-тез майдонга тушишдан ташқари, муҳим голларга муаллифлик қилмоқда.
Хўш, 19 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи катта футболга илк қадамларини қандай ташлаган? Унинг миллионлар ўйинини касб сифатида танлашида акаси - дарвозабон Асилбек Омонов нечоғли таъсир кўрсатган?
Бугунги суҳбатимиз шу ҳақда.
- Азизбек, аввало, футболдаги илк қадамларингиз ҳақида гаплашсак...
- Бу ўйинга ёшлигимдан меҳрим бўлакча. Эсимда, вақтида кўчада эртаю-кеч ўртоқларим билан тўп тепиб чарчаш нималигини билмасдим. Лекин уйдагилар дастлаб бошқа спорт турини танлашимни исташган.
Шундай бўлсада, келажагимни айнан футбол билан боғлашни истаб, Зарафшон шаҳридаги футбол тўгарагига қатнай бошладим.
Аввалига ўзимдан 3 ёш катта болалар даврасида шуғулландим. Кейинроқ 1997 йили туғилган тарбияланувчилар гуруҳига қўшиб қўйишди.
- Зарафшонда айнан қайси мураббий қўл остида шуғуллангансиз?
- Футболда илк сабоқларни тажрибали Виктор Пужалиндан олдим. Аниқроқ айтсам, унинг раҳбарлигидаги гуруҳда 4 йил ўйнадим. Бу вақтда жамоамиз бир қатор мусобақаларда муваффақиятли иштирок этди.
Натижада 9-синфни битираётган пайтим мени «Бунёдкор»га таклиф этишди. Бунда айнан Виктор Константиновичнинг хизматлари жуда катта, албатта.
- Демак, Зарафшондан тўғри «Бунёдкор» академиясига йўл олгансиз.
- Ҳа, шундай. 9-синфни тамомлагач, «Бунёдкор» академиясига кўчиб ўтдим ва дастлаб АбдумажидТоиров ҳамда Дмитрий Ким қўл остида шуғулландим.
Улардан кўп нарса ўргандим. Айтганча, айни пайт олий лига жамоаларида ўйнай бошлашган Ислом Қобилов, Санжар Қодирқулов, Жавоҳир Эсонқулов каби йигитлар билан битта ёш тоифасида таҳсил олганмиз.
Академиядаги машғулотлар баробарида кейинчалик биринчи лига ўйинларда майдонга туша бошладик. Хусусан, жамоамиз тайёрлов гуруҳлари мусобақасида анча муваффақиятли иштирок этганди.
- Лекин «Бунёдкор»даги саргузаштларингиз унча узоққа чўзилмади...
- Тўғри. «Бунёдкор»да 4 йил шуғуллангач, «Локомотив»дан чорлов олдим. Бироз ўйлаб кўриб, таклифга ижобий жавоб бердим. Мени жамоага ҳозирда «Локомотив» ўринбосарлар жамоаси мураббийлар штабида ишлаётган Руслан Аҳмедхонов чақирганди.
Шу тариқа 2016 йилнинг август ойидан эътиборан «Локомотив» аъзосига айландим. Аввалига жамоанинг ёшлар таркибида майдонга тушиш асносида тажрибамни оширдим.
- «Локомотив»нинг асосий таркибига илк бор қачон жалб қилишди?
- Таъкидлаганимдек, бошида маълум муддат фақат ёшлар жамоаси ўйинларида иштирок этдим. Ўтган йилнинг ноябрь ойида миллий чемпионатимизда қисқа танаффус юзага келгач, «Локомотив» маромни йўқотмаслик мақсадида «Қизилқум»га қарши ўртоқлик ўйини ўтказди.
Ўша учрашувда ёшлар жамоасининг бир қатор аъзоларини ҳам амалда синаб кўришди. Хусусан, менга ҳам катталар жамоасида ўйнаб кўриш имконияти берилди.
Муҳими, бошланғич таркибда майдонга тушиб, гол уришга ҳам муваффақ бўлдим. Ҳаракатларим мураббийлар штабига маъқул келди, шекилли, шу-шу асосий таркиб машғулотларида қатнаша бошладим.
- Аммо «Локомотив»даги расмий дебютингизни анча кутишингизга тўғри келди.
- Ҳа, ўтган мавсум майдонга тушиш насиб этгани йўқ. Мана, мураббийлар жорий чемпионатда «Бухоро»га қарши кечган расмий ўйинда илк марта ишонч билдиришди.
Табиийки, майдонга тушгач, бошида бироз ҳаяжон босди, лекин кейинчалик ўзимни қўлга олиб, ишончни оқлаш учун қўлдан келганча ҳаракат қилдим.
- Шундан буён тез-тез майдонда кўриниш бераётганингизни ҳисобга олсак, дебютда ишончни оқлагансиз. Дейлик, илк гол ҳам ўзини узоқ куттирмади...
- Бунда мураббийлар штаби муносабати муҳим. Зеро, менга бир қатор ўйинларда имкон берилдики, иштиёқим ўз-ўзидан кучайди, салоҳиятимга ишонч ҳисси ортди.
Натижада «Металлург»га қарши кечган 3-турнинг қолдирилган учрашувида олий лигадаги голларим ҳисобини очишга муваффақ бўлдим.
Очиғи, илк гол бошқача ҳиссиётларни тақдим этар экан. Ўша онда ўзимни худди осмонда учаётгандек енгил сездим. Қолаверса, ўзимга нисбатан янада бошқача ишонч туғилди.
- Ўйинларда кўпинча ҳужумчи ортида ҳаракатланяпсиз. Лекин билишимизча, аслида қанотда тўп суришни маъқул кўрасиз. Бу ҳаракат йўналишингизда ҳам сезилмоқда.
- Йўқ, қанотда ўйнаш ва ҳужумчи ортида ҳаракатланишга бир хил қарайман. Қайси позицияда ҳаракатлансам ҳам, мураббий ишончини оқлаб, жамоага наф берсам, бас.
Акам Асилбек Омонов дарвозабон бўлгани учунми, мендан кўпинча нега шу позицияни танламаганим ҳақида сўрашади. Жавоб эса оддий -табиатан ҳужум уюштиришга мойилман.
- Бошқа позицияда ўйнасангизда, акангиз зарур маслаҳатлар бериб турса керак...
- Албатта. Асилбек доимо хатоларимни кўрсатиб, муайян вазиятда қандай ҳаракатланиш хусусида тушунча беради. Умуман, у ҳар бир ўйинимни диққат билан кузатади ва оддий хатомни ҳам эътиборсиз қолдирмайди.
Ўз ўрнида, мен ҳам акам ўйинларидан хато излайман (кулади). Жиддий гапирсам, ўртамизда яширин рақобат бор. Умид қиламанки, вақти келиб, иккимиз битта жамоада ўйнаймиз.
- Айни пайт олдингизга қандай мақсадлар қўймоқдасиз?
- Ҳозир энг асосийси - «Локомотив»нинг чемпионлик мақомини сақлаб қолишига ёрдам бериш.
Агар мураббийларимиз кейинги учрашувларда ҳам майдонга туширишса, бор маҳоратимни ишга солиб, голлар уриш асносида ижобий натижаларга ҳисса қўшишга уринаман.
Яқин келажакдаги мақсадим эса, «Локомотив» асосий таркибидан муқим жой олиб, етук футболчи бўлиш йўлида дадил қадам босишдир.
Зокир Шоҳ суҳбатлашди
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20