Қайднома

Қидирув

Марко Ройс: «Ҳеч нарса соғ юришга етмайди»

Марко Ройс: «Ҳеч нарса соғ юришга етмайди»

  15.10.2017 03:37
  0
  799
Марко Ройс: «Ҳеч нарса соғ юришга етмайди»

27 май куни бўлиб ўтган Германия кубоги финали Дортмунд «Боруссия»си фанатларига аралаш туйғуларни тақдим этганди.

Бир тарафдан қарасак, уларнинг суюклилари «Айнтрахт»ни 2:1 ҳисобида енгиб, биллур соврин соҳибига айланишди, бироқ бошқа ракурсдан нигоҳ ташласак, жамао етакчиси Марко Ройс жиддий жароҳатга йўлиқиб, узоқ муддатга сафдан чиқди.

Мана, бундеслиганинг энг сара юлдузларидан бири ўша, тизза бўғимига боғлиқ муааммо туфайли янги мавсум стартини ўтказиб юборди. Боз устига, моҳир ярим ҳимоячи ҳамон соғлиғини тиклаш билан овора.

Хўш, унинг умумий аҳволи қандай? GQ нашри яқинда футболчини безовта қилиб, айнан шу мавзуда интервью олди.

- Марко, финал баҳси дарҳақиқат, жамоангиз учун омадли, ўзингиз учун эса омадсиз якунланди. Оғир жароҳатдан фориғ бўлиш жараёни қандай кетмоқда?

- Бу оғир вақт, чунки жароҳат чиндан ҳам, ўта жиддий бўлиб чиқди. Футболчи учун бир неча ойга сафдан чиққанини англаш ёқимсиз, боз устига, муолажа жараёнини тезлаштириш имконсиз эканлигига кўникиш жуда қийин. Бундай паллада энг зарури - хотиржамлик. Зеро, жамоага ёрдам беролмаслигинг аниқ, шундай бўлгач, бор эътиборни ўз-ўзидан тезроқ соғайишга қаратишдан бошқа чоранг қолмайди.

- Демак, ҳар бир янги кун сиз учун оғир кечаётган экан-да...

- Жарроҳлик операцияси 4 ой аввал амалга оширилди. Мана, ҳозир тикланиш жараёни давом этяпти. Дейлик, баъзи машқларни бажаряпман. Аммо болдирни зўриқтирмаслигим шарт, чунки шикастланган тизза пайлари ҳали ўз ҳолатига келган эмас. Умуман, кунлар бир хил ўтаётгандек, муҳими, тиззамнинг ҳолати яхши, ёқимсиз ҳиссиётлар йўқ. Лекин озгина эҳтиётсизлик қўшимча муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун барчасида муайян меъёрга амал қилиш талаб этилади.

- Ташхисдан хабар топгач, не аҳволга тушдингиз, ўша кунни қандай ўтказдингиз?

- Бир вақтнинг ўзида ҳам беқиёс лаззат, ҳам дўззах азобини туйдим. Ахир фаолиятимдаги илк жиддий соврин - Германия кубогини қўлга киритгандим. Табиийки, унга жиддий жароҳат эвазига эришишни сира ўйламагандим. Энг ёмони, ташхис ҳақидаги хабар байрам тантаналарини кўнгилдагидек ўтказишимга халақит берди. Чунки ўша вақт зафарни мухлисларимиз билан баҳам кўриш учун автобусда Дортмунд бўйлаб сайрга чиққандик.

- Аслида жароҳат жиддийлигини эрталаб билгансиз, шунга қарамай, ғалабани жамоадошларингиз ва мухлислар билан нишонлашни маъқул кўргансиз...

- Жамоамиз Берлиндан Дортмундга самолётда учиб келгани заҳоти тантаналар бошланиб кетди. Яъни ҳамма махсус автобусга жойлашди ва бу байрам сайрига уланиб кетди. Мен эса орада шифохонага бош суқишга мажбур бўлдим. Чунки ҳаммасига дарҳол ойдинлик киритишни истадим. Тўғри, ўша пайт кўтаринки кайфият таъсиридами, ташхисга унча эътибор бермадим, аммо кўнглимда озгина хижиллик бор эди, барибир. Фақат жарроҳлик амалиётидан кейингина узоқ муддатга сафдан чиққанимни тушундим. Бироқ биласизми, энг даҳшатлиси...

- Хўш, нима?

- Тикланиш даврида ёлғиз қолдим. Бу жуда зерикарли, одамни толиқтирадиган жараён. Атиги 3 ҳафтадаёқ жоним ҳиққилдоғимга келди.

Ахир яна камида 12-16 ҳафта югуролмаслигимни ақлимга сиғдиролмасдим, буни тасаввур қилиш осон эмасди. Тиззангга шина боғлаб қўйилган, фақат битта-битта қадам босишинг мумкин, холос... Хуллас, мислсиз руҳий азоб. Тўғри, ёнимда кўмаклашиб турадиган мураббийим бор. Аммо бу 25 нафар жамоадош даврасидаги тўлақонли машғулот эмас.

Қолаверса, тезроқ тикланиб, аввалги спорт формасига киришинг ҳамда янада яхшироқ ўйнашинг зарурлиги ҳам маълум даражада босим юклайди. 

- Ростини айтинг, ташхис маълум бўлгач, бирор марта йиғладингизми?

- Финал ўйинида майдондан чиқиб кетаётганимдаёқ кўзларим беихтиёр намланди - аламга чидай олмагандим. Кейин 2-3 кун ўтиб, барчасини эслаб, яна йиғладим. Ўйлайманки, бу соф инсоний хилқат. Ҳарқалай, баъзан ҳиссиётларга эрк бериш ҳам кишига бироз енгиллик бахш этади.

- Умумий ҳисобда айтсак, охирги 3 йил давомида 3 марта шундай жиддий жароҳатга йўлиқдингиз. Тақдирингиздан нолимадингизми?

- Ҳаётга реал кўз билан қараш керак. Ҳа, профессионал футболчилар кўп пул топишади, аммо улар бунинг эвазига саломатликни хавф остида қолдиришларини тушуниш керак. Шахсан мен яна соппа-соғ юриш ва вазифамни адо этиш учун барча бойлигим, бор бисотимдан воз кечишга тайёрман. Севимли ишим эса - футбол ўйнаш!

- Ҳаммасига шунчаки, қўл силташ ҳақида ўйламагандирсиз, ҳар ҳолда...

- Йўқ, асло! Бундай фикр хаёлим кўчасига ҳам кирмади. Такрор айтаман, тикланиш даври жуда мураккаб. Лекин оила аъзоларим, дўстларим, суюкли маъшуқам ёнимда туриб, мудом қўллаб туришди.

Ҳақиқий дўст бошингга кулфат тушганда билинади - бу гапга ўз мисолимда тўлиқ амин бўлдим. шу воқеалар сабаб, оила инсон ҳаётида катта ўринга эгалигини ҳам янада теранроқ англадим. Очиқ тан оламан, яқинларимнинг далдаларини ҳис қилмаганимда, «синиб» қолишим ҳеч гап эмасди.

- Ҳаммани бирдек қизиқтираётган асосий савол: айнан қачон майдонга қайтишни режалаштиряпсиз, аниқ мўлжал борми?

- Тўғриси, ҳозир муяйян санани айтишим қийин. Аниғи шуки, қачон ўзимни 100 фоизга соғлом ва ўйнашга тайёр эканлигимни ҳис этсам, шунда қайтаман. Бундай ҳолатда танангизга қулоқ тутишингиз керак.

Зеро, ҳаммаси яхшиланса, буни аввало, ўзинг сезасан, майдонда муносиб тўп сура олишингга ишончинг ортади. Акс ҳолда... Январда шай ҳолатга келаманми, февраль ёки мартда - бунисини ҳозирча билмайман...

- «Боруссия» Д. билан шартномангиз муддати 2019 йили ниҳоясига етади. Шундан сўнг бошқа жамоага ўтишингиз ҳам мумкинми?

- Яширмайман, дунёда менга ёқадиган 4-5та клуб бор. 2019 йилнинг 31 май куни 30 ёшга тўламан. Эҳтимол, ўшанда сўнгги имкониятдан фойдаланиб, фаолиятимдаги охирги катта шартнома остига имзо чекарман.

Лекин айни ҳолатда ҳаммаси мавҳум. Хусусан, қаерга боришни исташим ҳам. Энг муҳими шуки, ҳозир Дортмундда қулайликни ҳис этяпман, бахтиёрман. 2019 йил ёзда умумий ҳолат қандай бўлиши эса ноъмалум, бу ҳақда ўйлаётганим ҳам йўқ. Хуллас, ҳаммасини вақт кўрсатади.

- Футболча омадга ишонасизми?

- Ҳа!

- Унда келаси йили жаҳон чемпионатида зафар қучасиз. Аслида 2014 йилиёқ жаҳон кубогини бошингиз узра баланд кўтаришингиз мумкин эди, агарда жиддий жароҳатга йўлиқмаганингизда.

- Афсуски, у ҳар доим ҳам адолат қилмас экан. Акс ҳолда, биринчи жароҳатдан кейин яна сафдан чиқмасмидим... Лоақал иккинчи шикастланишдан сўнг авайлаши керак эди.

Йўқ, бундай бўлмади. Демак, омад мендан анча қарздор - охирги жароҳат туфайли кейинги 8 йил учун камида 1тадан соврин тақдим этиши керак (кулади). Албатта, бу ҳазил, жиддий гапирганда, ҳаммаси майдонда қандай ўйнашингга боғлиқ.

- Аммо қандай жароҳатларга йўлиққанингизни эътиборга олсак, тақдир сизга нисбатан чиндан ҳам, адолатсизлик қилгандек...

- Йўқ, шахсан ўзим бундай фикрламайман ва тақдиримдан хафа ҳам эмасман. Насиб этса, ҳали яна яшил майдонга қайтаман ва бой берилган имкониятларни қайтаришга уриниб кўраман.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz