Қайднома

Қидирув

Қора чизиқ ёхуд Агуэронинг омадсизликлари ҳақида

Қора чизиқ ёхуд Агуэронинг омадсизликлари ҳақида

  14.10.2017 16:08
  0
  758
Қора чизиқ ёхуд Агуэронинг омадсизликлари ҳақида

Аргентиналик Серхио Агуэро охирги кунларда даҳшатли воқеаларга юз тутди. Оддий айтганда, «Манчестер Сити» ҳужумчиси барча йўналишларда омадсизликка йўлиқди. Хусусан, футбол бобида ҳам...

Барчаси 26 сентябрь - сешанба куни бошланди. «Манчестер Сити» суперфорварди «Шахтёр»га қарши кечган ЧЛ ўйинида қулай вазиятларни бирин-кетин кўкка совурди, камига пенальтидан ҳам фойдалана олмади.

Ўша оқшом майдонга тушган футболчилар орасида рақиб вакили Майкон Феррейрагина аргентиналикдан ёмонроқ таассурот қолдирди. Бироқ «Иттиҳод»да ундан фақат украиналик фанатлар нимадир кутган бўлишса, Агуэродан бутун стадион ўз одатига кўра, гол талаб қилди.

Аммо бир ўхшамаса қийин-да, пенальтини голга айлантиролмагани камлик қилганидек, кўп ўтмай, Серхиони алмаштиришди. Форвард эса бундай ҳолатга сира тоқат қилолмайди. Хуллас, мутлақо ўхшовсиз ўйин.

Яхшигина концерт ва ёқимли давра - бу организмни «стресс»дан қутқариш учун ажойиб восита. Хуллас, Агуэро пайшанба куни дўсти, колумбиялик хонанда Малуманинг концертига тушиш учун Амстердамга йўл олди.

Дастур ниҳоясига етгач, аргентиналик футболчи таксига ўтирди, бироқ автомобиль аэропорт томон йўлда автофалокатга учради.

Аниқроғи, йўл четидаги устунга урилиши натижасида Агу-эронинг қовурғаси синди. Бу ерда кулгули нарса йўқ, аммо футболчининг отаси анча «қизиқ» изоҳ берди:

«Серхионинг сўзларига кўра, таксичи машинани ўта юқори суръатда бошқарган ва ўғлим ундан суръатни пасайтиришни сўраб, ҳаттоки, хавфсизлик камарини боғлаб ҳам олган. Таксичи «Ок», дея машина билан четдаги тўсиққа бориб урилган...».

Тахмин қилинишича, Агуэро энди чамаси бир ой майдонга тушолмайди. «Сити» бу орада ЧЛ доирасида «Наполи»га қарши ўта муҳим 2та ўйинда майдонга тушади. Чемпионатда эса «Сток Сити», «Бернли» ва «Вест Бромвич» билан ўйинлари бор, тўғри, «шаҳарликлар» уларда Агуэросиз унча қийналмасалар керак.

Энг ёмони - Серхионинг ЖЧ-2018 саралаши финишида Аргентина термасига ёрдам беролмаслиги. Зеро, аргентиналикларнинг ишлари яхши эмас.

Кўргиликлар шу билан тугагани йўқ. Автофалокатдан 2 кун ўтиб, аргентиналик хонанда Карина Техеданинг футболчи билан 4 йиллик муносабатларига нуқта қўйишга қарор қилгани маълум бўлди.

Ваҳоланки, Серхио айнан Карина туфайли 2013 йили хотини - Жанжина (Диего Марадона қизи) билан ажрашганди. Гап-сўзларга қараганда, Каринага Агуэронинг юриш-туриши сира ёқмаган.

Дейлик, у аввалги сафар Аргентина термаси ихтиёрига борганида, ўйиндан сўнг топ-моделлар иштирокидаги кечада кўнгилхушлик қилган. «Аслида Серхиога ҳурматим баланд ва бу масалада гапиришни истамайман. Ҳамма айтаётганидек, жаҳлим чиқяптими?

Йўқ, барчаси жойида - мутлақо хотиржамман», - деди Карина Техеда дарҳақиқат, Агуэро билан орани очиқ қилганини тасдиқлаб. У

муман, матбуотнинг яна бир тахминига кўра, ажрашувнинг асосий сабаби футболчининг хиёнати эмас, балки жуфтликнинг мудом бир-биридан узоқ юришига тўғри келаётганида экан. Ҳар ҳолда, Карина ўз юртида ижод билан банд, Агуэро эса Англияда футболдан бўшамаяпти...

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Карлес Пуйоль - Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга тайёр!

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.