Қайднома

Қидирув

Welcome back ёки фаолиятига жонажон клубида нуқта қўйган машҳур футболчилар

Welcome back ёки фаолиятига жонажон клубида нуқта қўйган машҳур футболчилар

  16.10.2017 06:23
  0
  2567
Welcome back ёки фаолиятига жонажон клубида нуқта қўйган машҳур футболчилар

Мана, Уэйн Руни футболдаги самарали юришининг охирги йилларини яна «Эвертон»га бағишлашга қарор қилди.

Дарҳақиқат, катта юлдузлар учун охирида илк қадамларига гувоҳ бўлган қадрдон клубларига қайтиш энг гўзал вариант ҳисобланади.

Ахир мухлислар йиллар давомида ўз кумирларини яна севимли жамоалари либосида кўришни орзу қилишади. Ҳа, «Реал Сосьедад» фанатлари Хаби Алонсони кута-кута чарчашди, Тьерри Анри эса футбол билан узоқ Нью-Йоркда хайрлашиб қўя қолди...

Аммо буюк футболчининг фаолияти якунида қадрдон клубига ёрдам беришни хоҳлаганига далолат бўлувчи таъсирсан тарихлар етарли. Охирги ёрқин мисол - айнан Уэйн Руни.

Вақтида «Эвертон»дан иқтидорли ўсмир сифатида кетган «шрек» жамоага бутун Англия футболининг тирик афсонаси мақомида қайтди.

Football.ua сайти ижодкорлари Уэйнга омад тилаган ҳолда, барчасига илк клубларида хотима ясашни маъқул кўрган энг машҳур футболчилар тарихини ёдга олишди.

Хенрик ЛАРССОН - «Хегаборг»

Фаолияти аввалида: 64та ўйин, 23та гол

Фаолияти охирида: 2та ўйин

Камтарин «Хегаборг» буюк Хенрик Ларссонни тарбиялагани билан эътибор қозонди. Швед тўпурари сермаҳсул фаолиятининг илк 4 йилини айнан шу клубда ўтказганди. Диққатга сазовор томони шуки, «Хегаборг» ярим профессионал мақомига эга эди ва Ларссон футболдан бўшаган вақтда бошқа ишлар билан ҳам шуғулланарди. Умуман олганда, швед ҳужумчиси анча кеч «очилди», шунга қарамай, фаолиятининг якуний босқичида «Барселона» ва «МЮ» каби топ-жамоаларда ўйнади. Орадан нақ 21 йил ўтгач, Ларссон «Хегаборг» сафида яна 2 марта майдонга тушди. Бу вақтда у 42 ёшни уриб қўйганди. Хуллас, тан олинган голеадор футболдаги сўнгги ўйинларини камтарин жамоа либосида ўтказиб, кенг жамоатчилик учун нотаниш саналган клублар устидан қозонилган ғалабаларни тантана қилди.

Факт. Охирги 2та ўйиндан бири Хенрик учун алоҳида аҳамиятлидир. Зеро, швед юлдузи унда ўз ўғли - Жордан билан бирга тўп сурган.

Хуан Роман РИКЕЛЬМЕ - «Аргентинос Хуниорс»

Фаолияти аввалида: -

Фаолияти охирида: 18та ўйин, 5та гол

Рикельме ҳақида гап борганида, кўпчилик асосан         2та клуб - «Бока Хуниорс» ва «Вильярреал»ни эсга олади. Ҳар ҳолда, аргентиналик ҳужумчи улардан биринчисида фаолиятининг катта қисмини олиб борди, иккинчисида эса футболдаги энг яхши дамларини бошдан кечирди. Ўсмирлик чоғи эса «Аргентинос Хуниорс» сафида шуғулланганди. Тўғри, Хуан Роман бошида бу жамоанинг бирор расмий ўйинида иштирок этган эмас. Факт шуки, у фаолияти уфққа яқинлашган пайт «Аргентинос»га қайтиб, роса бир мавсум тўп сурди.

Факт. 18та ўйин ва 5та гол - Рикельме хайрлашув мавсумида анча муносиб натижа кўрсатиб (албатта, ўз ёшига нисбатан олганда), футбол билан хотиржам хайрлашди.

Даниэль АГГЕР - «Брондбю»

Фаолияти аввалида: 34та ўйин, 5та гол

Фаолияти охирида: 43та ўйин, 2та гол

«Ливерпуль» мухлислари Аггерга ҳар доим катта ҳурмат билан қарашган. Чунончи, даниялик ҳимоячи «қизиллар» сафида ҳамиша жонкуярлик қилди, юксак садоқат намунасини кўрсатди. Аниқроқ айтсак, Даниэль «Ливерпуль» таркибида 8 йил тўп сурди. 30 ёшга тўлгач эса, «Брон-дбю»га қайтди ва яна 2 йилдан сўнг бутсасини михга илди. Аггернинг ўзи футболдан эртароқ кетиш қарорини жароҳатлар билан боғлади. Яъни оғриқлар ҳаддан ортиқ қийнагач, у бундан бошқа чора тополмаган...

Факт. «Брондбю» Дания футболида совринларга доимий даъвогарлардан бири  саналади. Бироқ Аггернинг қайтиши кутилган самарани бермади. Хуллас, фаолияти стартида Дания кубоги ва суперкубогини ютган фахрий ҳимоячи охирги мавсумда бирор соврин ютолмади.

Руи КОШТА - «БЕНФИКА»

Фаолияти аввалида: 111та ўйин, 19та гол

Фаолияти охирида: 67та ўйин, 11та гол

Руи Кошта - португалиялик энг кучли футболчилардан бири. Ҳарқалай, у ўз авлоди вакиллари орасида олд қаторларда юрарди. Ярим ҳимоячи энг яхши ўйинларини ўша даҳшатли «Милан»да кўрсатдики, катта ёшли мухлислар уларни ҳозиргача ўзгача қўмсашади. Боз устига, Кошта «А» сериясида 12 йил давомида тўп сурган бўлса, бу вақт лиганинг олтин даври сифатида тилга олинади. Хуллас, Кошта фаолияти охирида 2 мавсум «Бенфика» шарафини ҳимоя қилди. Лиссабон клуби бу вақтда анча бақувват «Порту» соясида қолиб кетганди.

Факт. Умумий таассуротлар бўйича айтганда, Кошта бемалол яна 1-2 йил ўйнаши мумкин эди. Бироқ у барчасига юқори нотада нуқта қўйишни лозим топди. Дарвоқе, Руи хайрлашув йили 10та гол уриб, ўз фаолиятидаги иккинчи сермаҳсул мавсумни қайд этди.

Марек ЯНКУЛОВСКИ -«Баник»

Фаолияти аввалида: 110та ўйин, 15та гол

Фаолияти охирида: 1та ўйин

Янкуловски фаолиятидаги энг катта клуб - «Милан»да ҳеч қачон биринчи скрипкачи ролига кўтарилмаган бўлсада, Италияда муносиб из қолдирди: сифатли универсал, майдон маркази ва ҳимояда оғирликни олишга қодир жангчи. Чех йигити илк жамоаси - «Баник»да етарлича ўйнагач, 23 ёшида Италияга йўл олганди. Афсуски, унинг жонажон клубига қайтиши кўнгилсизликка уланди. Аслида «Баник» мухлислари Янкуловскини майдонга тушишини сабрсизлик билан кутишганди, аммо ҳимоячи илк ўйиндаёқ оғир жароҳатга йўлиқиб, футболдан кетди.

Факт. Марек фаолиятидаги охирги учрашувда атиги 8 дақиқа ҳаракатланди, холос. Ваҳоланки, у «Баник»да камида яна 2 мавсум тўп суришни режалаштирганди.

Хуан ВАЛЕРОН -«Лас-Пальмас»

Фаолияти аввалида: 54та ўйин, 5та гол

Фаолияти охирида: 82та ўйин, 3та гол

Валерон испан футболининг ҳақиқий палахсасидир. Унинг абадий ўйнаши ҳақидаги таассуротлар юзага келган эмас. Қаранг, Хуан 41 ёшида ҳам майдонда жавлон урди. Валерон фаолияти давомида «Лас-Пальмас», «Мальорка» ва «Атлетико» каби жамоаларда ўйнади, аммо футболда СуперДепор номини олди. Зеро, «Депортиво» сафида 300тадан ортиқ ўйин ўтказиб, Испания кубоги ва суперкубогини боши узра баланд кўтарди, ЧЛ-2003|2004да алоҳида нур сочди.

Факт. Валероннинг яна бир эътиборга молик кўрсаткичи шуки, у «Лас-Пальмас»га қайтиб, клубнинг 13 йиллик танаффусдан сўнг примерога кўтарилишига катта ёрдам берди. Шундан кейингина футбол майдонидаги ишларини бажариб бўлганини таъкидлаб, бутсасини михга илди.

Хавьер САВИОЛА -«Ривер Плейт»

Фаолияти аввалида: 86та ўйин, 45та гол

Фаолияти охирида: 13та ўйин

Савиола вақтида «тилла бола» ҳисобланган ва таҳлилчилар ақл бовар қилмас фаолият йўлини босиб ўтишини тахмин қилишганди. Афсуски, умидлар оқланмади. Хавьер «Барселона»дан таклиф олгач, жонажон клуби - «Ривер Плейт» билан жуда эрта хайрлашди. Бироқ кейинчалик хафагарчиликлар кети узилмади - аввалига «Монако» ва «Севилья»да ижара келишувларини ўтаган «қуёнча», кейин «Барса»нинг асосий душмани «Реал» сафига қўшилди. Умумий ҳисобда айтсак, Савиола жами 9та клуб либосини кийди, аммо фаолиятини айнан кўз очиб кўргани «Ривер Плейт»да якунлашга қарор қилди.

Факт. Савиоланинг қайтиши омадли бўлганини айтиш ўринсиз. Ҳарқалай, у «Ривер»даги иккинчи даврида лоақал битта гол урмади. Тўғри, ўз ҳисобини Либертадорес кубогидаги ғалаба билан тўлдиргани айни ҳақиқат.

Пабло АЙМАР - «Ривер Плейт»

Фаолияти аввалида: 82та ўйин, 21та гол

Фаолияти охирида: 1та ўйин

Фаолияти қарама-қарши таассуротларга тўла яна бир аргентиналик. Аймар спорт формаси талаб даражасида бўлган вақтларда майдонда мўъжизалар кўрсатди. Паблонинг иқтидорини баҳолаш учун битта факт етарли: Лионель Месси айнан уни ўз кумири сифатида таърифлайди. Бироқ шундай футболчи яққол топ-клублар даражасига чиққани йўқ. Яъни «Валенсия», «Сарагоса» ва «Бенфика»да ўйнаш билан чекланди. Ҳа, жароҳатларга боғлиқ муаммолар, бунинг ортидан келган кайфиятсизлик ва беқарорлик Аймарнинг чинакамига буюк футболчи бўлишига тўсқинлик қилгани ҳам рост. Боз устига, унинг «Ривер Плейт»га қайтиши ҳам омадли чиққани йўқ.

Факт. Аймар Аргентинага қайтгач, «Ривер Плейт»да дарҳол иккинчи даврини бошлади, бироқ илк ўйин унинг учун охиргиси бўлиб қолди. Зеро, жамоа бош мураббийи футболчининг жисмоний ҳолати талабга жавоб бермаслигини айтиб, уни кейинги учрашувлар қайдномасига ҳам киритмади.

Диего МИЛИТО - «Расинг»

Фаолияти аввалида: 137та ўйин, 34та гол

Фаолияти охирида: 59та ўйин, 21та гол

Якунда қадрдон жамоага қайтиш аргентиналик футболчилар учун алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, Авельянеданинг «Расинг» клубида тарбияланган Диего Милито ҳам шу тамойилга амал қилди. Диего еврофутбол майдонида аввалига «Женоа» ва «Сарагоса» таркибида кўзга ташланди, кейин «Интер»да фаолиятининг чўққисига кўтарилди. Дейлик, Моу-риньо «бандаси» Чемпионлар Лигасида зафар қучган мавсум Милито бош роллардан бирини ижро этди. Диего шунингдек, «Расинг»га қайтиб ҳам ғолибона юришини давом эттирди.

Факт. Милито Аргентинага қайтгач, илк мавсумдаёқ «Расинг» билан мамлакат чемпионати шоҳсупасига чиқди! Кейин эса яна икки йил муносиб тўп сурди. 59та ўйинда 21та гол — бу статистика фахрий футболчи учун чакки эмас.

Андрей ШЕВЧЕНКО - «Динамо»

Фаолияти аввалида: 117та ўйин, 60та гол

Фаолияти охирида: 55та ўйин, 23та гол

Андрей Шевченконинг Украинага қайтишини нафақат «Динамо», балки бутун мамлакат кутганди - бунга шубҳа йўқ. Моҳир голеадор Европада деярли барча совринларни ютди - ЧЛ кубоги, Италия «А» серияси чемпионлик медали, «Олтин тўп»... Тўғри, Шева биргина «Челси»да ишончни тўла оқлолмади ва шундан кейин мухлислар уни жонажон клубида кўришга ошиқишди. Эътиборлиси, Шевченко қайтишидан кейинги илк ўйиндаёқ Донецкнинг «Металлург» клуби дарвозасини нишонга олди - пенальтидан. Бироқ у ўйнаган охирги уч мавсумда «Динамо» чемпионлик мақомига эришолмади.

Факт. Андрей Шевченко «Динамо»даги иккинчи даврида Украина суперкубоги - 2011даги ғалаба билан чекланиб қолди.

Жонажон клубга қайтиш юлдуз футболчига ҳар доим ҳам совринлар ёки моддий манфаат келтирмайди. Бироқ у пул воситасида сотиб олиш имкони йўқ нарсаларга эришади - ҳурмат, шуҳрат, мислсиз муҳаббат. Тушунарлики, булар қайтишга тўла асос беради ва арзийди ҳам. Мана, Уэйн Руни шундай қадам ташлаган юлдузлар қаторига кирди. Якунда у бу қароридан сира афсусланмаса керак.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz