Қайднома

Қидирув

Тони Кроосга трамплин вазифасини бажарган U-17 мундиали

Тони Кроосга трамплин вазифасини бажарган U-17 мундиали

  16.10.2017 00:13
  0
  2244
Тони Кроосга трамплин вазифасини бажарган U-17 мундиали

Ҳиндистонда U-17 тоифасидаги жаҳон чемпионати давом этмоқда.

ФИФА таснифида «кенжа» мундиал ҳисобланувчи ўсмирлар турнирининг ёш футболчилар фаолиятида катта ўрин тутиши ўз-ўзидан тушунарли.

Тарих саҳифаларини аста варақласак, кўплаб буюк юлдузлар футболдаги дадил юришларини айнан U-17 чемпионатидан бошлашганини кўрамиз.

Мисол учун, Тони Кроос бундан 10 йил муқаддам Жанубий Корея майдонларида ташкиллаштирилган кичик мундиалда ёрқин ўйинлар кўрсатиб, Германия термасининг 3-ўринни эгаллашида бош роллардан бирини бажарганди.

Мана, у бугун энг сара юлдузлар қаторида. Биласиз, айни пайт «Реал» шарафини ҳимоя қилаётган Кроос 2014 йили бундестим билан катталар ўртасидаги асосий ЖЧда  ғолиблар шоҳсупасига кўтарилди.

Умуман, Тони майдонда заргарона тўп узатишию, аввало, ақлга таяниб ҳаракатланиши билан ажралиб туради. 27 ёшли ярим ҳимоячи корейс диёридаги ўша «кенжа» мундиалдаёқ майдон марказини тўлиқ назорат қилувчи ва ҳужумларни бошловчи «халқа» мисоли кўзга ташланганди.

У ҳозир ҳам Германия термаси ва юлдузли «Реал»да худди шу мақомга эга. Хуллас, ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ёшлар учун чиндан ҳам, ҳақиқий трамплин вазифасини ўтаб бериши мумкинлигини Тони Кроос мисолида яққол англаш мумкин.

«Реал» сафида жавлон ураётган немис футболчиси Ж.Кореядаги ўша мундиалдан кейин секин-аста юқорига кўтарилди.

Хусусан, ортда қолган 10 йил давомида турли даражадаги кўплаб совринларга эга чиқдики, улар каттагина хонани кўргазма майдонидек безаш учун етиб ортади.

Эътиборли томони, Тони шу совринларидан дастлабкиларини 17 ёшида айнан Ж.Корея-2007 мундиалида қўлга киритганди. Яъни у 3-ўрин соҳиби сифатида бронза медалини олишдан ташқари, турнирнинг энг яхши футболчисига «Адидас» томонидан бериладиган «Олтин тўп» совринига эга чиққанди.

Шунингдек, «Адидас»дан «Бронза бутсаси»ни ҳам қабул қилиб олган. Зеро, Кроос мусобақанинг учинчи яхши тўпурари бўлганди.

«Ўша кичик мундиал профессионал футболчи сифатида ўсишимда катта ўрин тутгани аниқ. Умуман, ўсмирлар турнири фаолиятимдаги энг муҳим воқеалардан биридир, шубҳасиз», - дейди Крооснинг ўзи.

Ҳа, грайфсвальдлик йигит Осиёда эришган натижалари билан чекланиб қолишни истамай, кейинчалик ҳам сидқидилдан ишлашда давом этди.

Мана, у эндиликда ФИФА томонидан тез-тез алоҳида эътироф этилмоқда, йилнинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогарлар рўйхатидан жой олмоқда.

Хусусан, 2014 ва 2016 йилги сўровларда немис футболчиси ўзига яраша овоз тўплади. Шунингдек, Тонининг совринлар коллекцияси тобора бойимоқда. У шу кунга қадар бир қатор элит сов-ринларга эга чиқди:

* Жаҳон чемпионати олтин медали (2014 йил)

* Жаҳон чепмионати бронза медали (2010 йил)

* Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бронза медали (2007 йил)

* Европа Чемпионлар Лигаси кубоги (2013, 2016 ва 2017 йиллар)

* Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати олтин медали (2013, 2014 ва 2016 йиллар)

* Германия чемпионати олтин медали (2008, 2013 ва 2014 йиллар)

* Германия кубоги (2008, 2013 ва 2014 йиллар)

* Германия суперкубоги (2010 ва 2012 йиллар)

* Германия Лига кубоги (2007 йил)

* Испания чемпионати олтин медали (2017 йил)

* Испания суперкубоги (2017 йил)

10 йил олдинги кичик ЖЧга қайтсак, Кроос турнир доирасидаги 6та ўйинда иштирок этиб, 5та гол уришдан ташқари, яна 5тасига ассистентлик қилганди.

Тушунарлики, унинг бу статистикаси кичик бундестимнинг Жанубий Кореядан совриндор сифатида қайтишида салмоқли тош босган. 

«Футболчи биринчи навбатда, индивидуал ютуқлар эмас, жамоавий ғалабаларни ўйлаши ва шунга ҳаракат қилиши зарур, - дейди Кроос. - Кореяда жуда яхши ўйнаганимни тушунганман, шундай бўлсада, турнирнинг асосий шахсий совринини айнан менга муносиб кўришганидан ғоят таъсирлангандим.

Аммо жамоамизнинг кичик мундиалда медаль ютганидан кўпроқ қувонганман. Шу маънода айтсам, ўша индивидуал мукофот ҳам бутун жамоа томонидан бажарилган сифатли иш самараси эди».

Крооснинг бу гаплари шахсий статистика унинг учун биринчи даражали масала эмаслигидан далолат. Футболчининг иродасига қойил қолиш керак - у ҳар қандай ҳолатда ҳам, юқори босимни мардонавор қарши олади:

«Ҳа, профессионал футболга қадам қўйганимдан буён юқори босим остида тўп суришимга тўғри келяпти. Муҳими, бундай муносабатга кўникиб улгурдим. Ахир доимо максимал натижаларни кўзлайдиган жамоаларда ўйнадим, ўйнаяпман.

Демакки, мухлисларнинг фақат ғалаба кутишлари ва бу борада босим ўтказишлари табиий ҳол. Дейлик, Мюнхен «Бавария»си сафида тўп сурганимда, терма жамоа билан икки марта Европа чемпионатига бордим.

Ўша вақтдаёқ четдаги гап-сўзларга аҳамият бермай, бор эътиборни майдондаги ишларга қаратишни ўргангандим. Футболда натижага эришмоқчимисиз - марҳамат, ўз устингизда қатъий ишланг ва салоҳиятингизга ишонинг. Бу асосий шарт, қолгани иккинчи даражада туради...».

Дарҳақиқат, ўз кучига ишонч ва жиддий ишлаш иштиёқи ҳар қандай спортчи учун ўсиш йўлидаги муҳим омиллардир. Крооснинг ютуғи шуки, у бу ҳақиқатни ёшлигидаёқ тўлиқ англаган.

Бошқача ифода этсак, у айримлар сингари шахсий кўрсаткичлар ортидан қувган эмас. Тонининг бу борадаги фикрлари ҳам эътиборга молик:

«17-20 ёшли футболчи олдида қандайдир бўшлиқ пайдо бўлади. Тўғри, у бир-икки қадам ташласа, профессионал даражага ўтишини билади. Айнан шу ҳолат айримларни издан чиқаради.

Яъни ёш футболчи шошқалоқлик қилса, барчаси орқага кетиши ҳеч гап эмас. Аслида катта чорлов олдида эсанкирамаслик учун аввало, жамоавий ҳаракатларни ўзлаштиришга уриниш керак.

Бироқ кўпчилик ўзини индивидуал томондан кўрсатишни хоҳлайдию, бу ҳаракати ўхшамаса, ўз-ўзидан ички ишончини йўқотиб боради. Айни шу жиҳатга қараганда, U-17 тоифасидаги жаҳон чемпионати ёшлар учун алоҳида босқич саналади.

Зеро, бу турнирда сиз бутун дунёдаги энг кучли тенгдошларингизга қарши ўйнайсиз ва ҳар бир қадамингизни мураббийлар, футболчилар, ОАВ вакиллари, экспертлар кузатиб боришади. Агар шу имтиҳондан муваффақиятли ўтсангиз, қўшимча иштиёқни сезасиз, натижада юқорироқ савияга чиқишингиз нисбатан осонлашади».

Айтиш ўринли, Кроос ҳам вақтида бироз қийналган.

Тўғрироғи, маълум вақт сояда қолган, фақат мавсум-2009|2010да ижара келишуви асосида «Байер» сафига ўтиб, ўзини яна тиклаб олган. Шу-шу унинг фаолияти юқори суръатларда ривожланмоқда:

аввалига бундестим таркибига қўшилди, «Бавария» билан ҳам ички, ҳам халқаро мусобақаларда зафар қучди, кейин Бразилияда жаҳон кубогини боши узра баланд кўтарди, якунда «Реал»да совринларга кўмилди.

Қизиқ, Кроос 10 йил олдинги ўсмирлар турнирида муваффақиятли тўп сурмаганида ҳам, ҳозирги даражасига чиқа олармиди? У бу саволга кулимсираб оддийгина жавоб беради:

«Аслида ҳар доим ўз кучимга ишонганман. Аммо турнирнинг кучимга куч, иштиёқимга иштиёқ қўшгани айни ҳақиқат. Ўйлайманки, Кореядаги мундиал мен учун мураббийлар ва жамоатчиликка дарҳақиқат, қўлимдан иш келадиган футболчи эканлигимни кўрсатиш имконияти саналган.

Шунинг баробарида ўшандаёқ мураббийларни батамом ишонтириш йўлида қаттиқ ишлашимга тўғри келишини ҳам тушунганман. Акс ҳолда, юқори даражага чиқа олмасдим».

Биласизми...?

- Тони Кроос Жанубий Кореядан 3та соврин билан қайтгач, атиги 18 кундан сўнг, яъни 2007 йилнинг 26 сентябрь куни бундеслигада дебютини нишонлаган. Эътиборлиси, ёш йигитча ўшанда «Бавария»нинг «Энерги» устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозонишига 2та самарали узатма билан муносиб ҳисса қўшганди.

- Кроос Европа Чемпионлар Лигасида 3 марта ғолиблик нашидасини сурган германиялик биринчи футболчидир.

- Тонининг укаси - Феликс ҳам Германия ёшлар термасида ўйнаган.

- Кроос 2015 йилнинг 13 май куни ўз номи остида алоҳида жамғарма очди. Унинг мақсади - жиддий хасталиклардан жабр чекаётган болалар ва ўсмирларга, уларнинг оилаларига ёрдам қўлини чўзиш.

«Сен жаҳон савиясидаги футболчи эмассан»

Кроос «Бавария»дан нега кетган? «Байер»нинг собиқ ҳимоячиси Штефан Райнарц яқинда Германия термаси хавбекининг «Бавария»дан кетиши сабабларига тўхталди.

Эслатиш ўринли, ярим ҳимоячи 2014 йили «Реал» сафига қўшилиб, илк мавсумдаёқ асосий таркиб вакилига айланганди. Мюнхенликлар эса ўшанда Кроос трансфери учун 25 млн. евро олишган.

Энди эътибор беринг, немис футболчиси яқиндагина «Қироллик клуби» билан шартномаси муддатини 2022 йилгача узайтирди ва унга кўра, трансфери эндиликда 70 млн. еврога баҳоланмоқда.

«Тони - яқин дўстим ва аслида нима бўлганини жуда яхши биламан. У кўпчилик ўйлаганидек, «Реал»ни фақат пул туфайли танлаган эмас. Ўша вақт «Бавария» ҳам Кроосга янги шартнома таклиф этган. У шунингдек, тенгдоши - Марио Гётцега анча катта маош белгилашганидан ҳам хабардор бўлган.

Хуллас, Мюнхен клуби раҳбарияти Тонига 10 млн. евродан кўп беришни истамаган. Орадан маълум вақт ўтгач, Румменигге дўстимга жуда ноўрин гап айтган: «Сен жаҳон савиясидаги футболчи эмассан, шунинг учун ҳам талабларингни бажармаймиз».

Тонини жуда яхши биламан ва такрор айтаман, пул туфайли эмас, балки ўзига нисбатан совуқ муносабат сабаб, кетишни ихтиёр этган. Зеро, Кроос яхши футболчи ва жаҳон савиясига тортишини ўзи ҳам билади. Қисқаси, у клуб муносабатига чидолмаган.

Ҳа, Хосеп Гвардиола футболчини жамоада олиб қолишга уринган. Аммо бу вақтда ғишт қолипдан кўчиб бўлганди. Тони мураббийга ҳам бундай муносабатга чидай олмаслигини билдирганди...», - деди Райнарц тransfermarkt.dе сайтига берган интервьюсида.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz