Қайднома

Қидирув

Легионерларимизнинг охирги ҳафтаси қандай ўтди?

Легионерларимизнинг охирги ҳафтаси қандай ўтди?

  16.10.2017 16:39
  0
  3204
Легионерларимизнинг охирги ҳафтаси қандай ўтди?

Голли серия. Қатар Юлдузлар лигаси 4-турида терма жамоамиз аъзолари - Темурхўжа Абдухолиқов ва Санжар Турсунов клублари ўзаро тўқнаш келди.

Аниқроқ айтсак, «Ал-Сайлия» ўз майдонида «Ал-Ҳарайтиат»га қарши ўйнаб, 2:1 ҳисобида зафар қучди. Бутун ўйин давомида фаол ҳаракатланган жамоа аъзоси Абдухолиқов 40-дақиқада мавсум ҳисобидан 4-голини нишонлади.

Меҳмон жамоа сафида эса Санжар Турсунов тўлиқ вақт давомида тўп сурди. «Ал-Сайлия» 4та турдан кейин 9 очкога эга ва 2-ўринда бормоқда. «Ал-Ҳарайтиат» ҳисобида эса атиги 1 очко бор ва у турнир жадвалининг 11-қаторида.

Диққатга сазовор томони, Абдухолиқов айни пайт Юлдузлар лигаси тўпурарлари пойгасида 2-ўринни эгаллаб турибди. Хуллас, биргина «Умм Салал» ҳужумчиси Янник Сагбо ҳамюртимиздан 1та кўп гол урган.

Амалиёт чакки эмас. Россия чемпионати 13-турида вакилларимиз ўйин амалиётига эга бўлишди. Хусусан, Элдор Шомуродов «Ростов» - «Рубин»ўйинида мезбонларнинг бошланғич таркибидан жой олди ва 72-дақиқага қадар ҳаракатланди.

Тўғри, унинг жамоаси якунда ягона гол туфайли мағлубиятга учради. Шунингдек, «Локомотив» ҳам тур ўйинини кичик ҳисобда бой берди.

«Темирйўлчилар»аъзоси Виталий Денисов «Уфа» майдонидаги омадсиз ўйинда тўлиқ 90 дақиқа тўп суришдан ташқари,сариқ карточка олди.

«Анжи» эса «Урал» меҳмони бўлиб, ортга очкосиз қайтди - 1:2. Махачқалъаликлар шарафини ҳимоя қилаётган Вадим Афонин бу учрашувда майдонга тушмади.

Одил махсус совға соҳиби. Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Одил Аҳмедовнинг Андре Виллаш-Боаш бошқараётган «Шанхай СИПГ»да кўрсатаётган ўйинлари клуб раҳбариятини қувонтирган кўринади.

Championat.asia cайтида ёзилишича, жамоа Хитой кубоги ярим финалида «Гуанжоу Эвергранд»дан устун келиб, ҳал қилувчи ўйинга йўл олгани муносабати билан раҳбарият футболчиларни Toyota Jeep автомобиллари билан сийлади.

Тақдирланганлар орасида ҳамюртимиз ҳам бор. Хитой супер-лигаси натижаларига келсак, шанхайликлар ўтган ҳафта муҳим очколарни йўқотишди.

Одил «Ляонинг»га қарши кечган сафар учрашувида ҳам майдонда тўлиқ 90 дақиқа ўйнади ва якунда жанговар дуранг қайд этилди - 3:3.

Хитойдаги қолган вакилларимиз - Анзур Исмоилов («Чанчун Ятаи») ва Егор Кримец («Пекин Гуоан») эса жамоаларининг охирги ўйинларида кўриниш беришмади.

Сардор захирачи-ми? Анча бақувват саналган «Ал-Жазира» БАА чемпионати янги мавсумида сира ўзини ўнглай олмаяпти. Сардор Рашидов жамоаси ўтган ҳафта сафарда «Ал-Дафра»ни енголмади - 2:2.

Ҳамюртимиз эса бу учрашувнинг 64-дақиқасида захирадан майдонга туширилди. Азиз Ҳайдаров жамоаси - «Ажман» ҳам чемпионатда омадсиз иштирок этяпти.

Ажманликлар бу сафар ўз майдонларида қудратли «Ал-Айн»га ютқазишди. 2:3 ҳисобида якунланган ўйинда терма жамоамиз ярим ҳимоячиси тўлиқ вақт тўп сурди, аммо жамоасига сезиларли ёрдам беролмади...

Мусаевнинг ишлари яхши. «Шимицу» - «Жубила Ивата» - 0:3. Ҳамюртимиз Фозил Мусаев гарчи гол урмаган бўлсада, жамоасининг Япония олий дивизиони доирасидаги ўйинда муҳим ғалаба қозонишига муносиб ҳисса қўшди.

Чунончи, у доимгидек, бошланғич таркибда майдонга тушиб, бутун 90 дақиқа давомида фаоллиги билан ажралиб турди.

Жаъфарали тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz