Қайднома

Қидирув

Олий лига: Финишга олти қадам қолганида…

Олий лига: Финишга олти қадам қолганида…

  17.10.2017 08:10
  0
  955
Олий лига: Финишга олти қадам қолганида…

«Обод»нинг олий лигадан чиқиб кетиши ҳақидаги ёқимсиз хабарлар анча олдин юзага қалқиб чиққанди. Бундай хавотирли гаплар орада анча тинди ва чемпионат финишга тўлиқ таркиб билан етиб бориши кутилганди. Бироқ «Обод»сиз ўтадиган турларни кўриш қисматда бор экан-да, барибир. Фарқли томони битта - жамоанинг «аут»да қолишига аввал айтилганидек, молиявий муаммолар ёки унинг соҳиблари хоҳиши эмас, балки ПФЛ томонидан чиқарилган кескин қарор сабаб бўлди. Айни шу қарор туфайли «Қизилқум» 24-турда майдонга тушмасдан туриб, Қ:- кўринишидаги техник ғалабани «тантана» қилди ва 3 очко олди. Қолган иштирокчиларнинг эса очко олиш ва ҳаттоки, йўқотиш йўлида ҳам анча тер тўкишларига тўғри келди.

КУТИЛМАГАН НАТИЖА

«Кутилмаган» ёрлиғи ёпиштирилган бу натижа 6 ой олдин қайд кузатилганида, балки мутлақо кутилган ҳолатдек қабул қилинармиди? Чунки «Бунёдкор» жорий мавсум биринчи марта очко йўқотмаяпти. Аниқроқ ифода этсак, «қалдирғочлар» чемпионат бошидан буён 8 марта дуранг ўйнаб, 4 бора мағлублик қисматини тан олишга улгуришганди. Аммо жамоа бошқарувига Миржалол Қосимов келганидан сўнг ҳаммаси ўз изига тушди. Дейлик, жамоа ўзини анча тутиб олгач, мағлубиятсиз сериясини нақ 10та ўйинга етказди. Йўқ, «Бунёдкор» навбатдаги турда ҳам енгилмади, аммо бунга бир баҳя қолди. Бошқача айтсак, «Металлург» ғалабани сўнгги паллада қўлдан чиқарди. Бекободдаги учрашувнинг 73-дақиқасига қадар ҳисоб очилмай турди. Айнан шу паллада «Металлург» тўпурари Зоҳид Абдуллаев таблодаги 2та «0»дан бирини «1»га айлантирди. Хуллас, 1:0 ҳисоби ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларга қадар сақланиб турди. Фақат 90Қ3-дақиқада Фаррух Икромов жавоб голини йўллаб, «Бунёдкор»ни мағлубиятдан сақлаб қолди, қолаверса, шу билан жамоасининг мағлубиятсиз серияси барҳам топишига йўл қўймади.

ИККИСИ 2:0, БИРИ 3:0...

Қолган етакчилар ўз иштирокларидаги баҳсларда сўзсиз, ғалабани қўлга киритишди. Хусусан, олий лига карвонининг сарбони - «Локомотив» ўз майдонида «Навбаҳор»ни 2та жавобсиз гол билан «сийлади». Албатта, ёдингиздадир, наманганликлар 23-тур доирасидаги баҳсда «Пахтакор»ни қабул қилиб, «сенсацион» натижа тақдим этишганди - 2:0. Аммо «Локо»га қарши сафар ўйинида яна бир марта шов-шув кўтариш учун «Навбаҳор»нинг чоғи етмади, шунчаки. Диққатни тортадиган битта факт шуки, «Локомотив» 7 йилдирки Наманган жамоасига сира ютқазмаяпти. 2-ўринда кетаётган «Насаф» эса жорий мавсумнинг энг «бечора» жамоаларидан бири бўлиб турган «Нефтчи»га қарши майдонга тушди. Вадим Абрамов шогирдлари аввалги турда «Олмалиқ»ни сафарда 2:1 кўринишида енгиб, 12та ўйинга чўзилган ғалабасиз сериядан ниҳоят, қутулгандилар. Аммо навбатдаги учрашув «Нефтчи» учун яна омадсиз келди. Фарғоналиклар боз устига, ўз майдонларида мутлақо ожиз қолишди - 0:3. «Пахтакор» - «Қўқон-1912» учрашувига келсак, буниси турнинг можаро марказига айланди. Пойтахтликлар бу сафар айтарли муаммосиз ғалаба қозонишди - Намангандаги 0:2га жавобан 2:0 ҳисобида. Шунинг баробарида майдонда анча муросасиз кураш борди, тўқнашувлар кузатилди. Натижада бош ҳакам Вадим Агишев ўйин тизгинини қўлдан чиқариб, хатоларга йўл қўйди. Бу эса бутун бошли ҳакамлар бригадасининг мавсум охирига қадар четлатилишига олиб келди. Яъни захира ҳаками ролига тайинланган Асқар Нажафалиевдан тортиб, уларнинг ишини юқори баҳолаган назоратчи Игорь Нехочингача - ҳамма йил охирига қадар дам оладиган бўлди. Ҳа, энди ҳакамларнинг сифатсиз иш натижасида дарҳол жазога тортилишлари оддий ҳолга айланади, шекилли...

«ДИНАМО» ГОЛ УРИШНИ БИЛАДИ

Яна бир алоҳида эътиборга молик ўйинлардан бири Самарқандда бўлиб ўтди. Яъни «Динамо» ниҳоят, ўз майдонида ғалаба қозониш уддасидан чиқди. Ўхшашликни қаранг, «динамочилар» ҳам нохуш серияга худди «Нефтчи» каби айнан «Олмалиқ»қа қарши кечган ўйинда барҳам беришди. Самарқанд жамоаси бунга қадар ўз майдонида охирги марта 15 апрель куни ғолиблик нашидасини сурганди. Ўшанда «Бухоро» 3:1 ҳисобида таслим этилганди. Шу-шу самарқандлик мухлислар деярли 6 ой давомида ўз суюклиларининг ғалабаларига муштоқ бўлиб келишди. Мана, жамоа ахийри бу муштоқлик ҳовурини босди. Қолаверса, Олег Тюлькин шогирдлари охирги 10та ўйинда лоақал 1та гол урмаганди.

«БУХОРО» ЧЕКИНМАЙДИ

Иккинчи даврани кўтаринки руҳда бошлаган ва турнир жадвалида 2-ўрингача кўтарилган «Бухоро» ҳамон таслим бўлишни истамаяпти. Улуғбек Бақоев жамоаси кетма-кет 3та дурангдан сўнг ниҳоят, яна ғалаба кўчасига бош суқди. Ўзи Ғузорда «Шўртан»га қарши кечган ўйин меҳмонлар учун жуда зўр бошланди - улар 1-дақиқадаёқ гол уришди ва 19-дақиқагача ҳисобни ўзлари учун 3:0га етказиб қўя қолишди. Тўғри, «Бухоро» шундан кейин эътиборни пасайтирдими, «Шўртан» 2та жавоб голини йўллади, аммо якунда 2:3 кўринишида мағлуб бўлди, барибир. Соф ўртамиёна мақомини олган «Машъал» эса ўз майдонида «Сўғдиёна»ни енголмай, бош мураббийи Александр Хомяковни хижолатда қолдирди. Ҳар ҳолда, у шогирдлари мавсум бошидан буён бу қадар «бемаза» футбол кўрсатишмаганини айтиб, мухлислардан алоҳида узр сўради. 0:0 ҳисоби мураббийнинг фикри тўғрилигига ишора...

ТУР ҚАҲРАМОНИ - ИСКАНДАР ХОЛМИРЗАЕВ

Тур қаҳрамонини аввало, яхшилаб таништиришимиз керак. Искандар Холмирзаев яқин-яқингача ҳам биринчи лигада ўйнаётганди. Мана, энди олий лигада «Динамо» шарафини ҳимоя қилмоқда ва ҳаттоки, жамоанинг ёқимсиз сериялари - ғалабасиз ва голсиз юришларига чек қўйди. Аслида бу турда бир қатор футболчилар ўзларини алоҳида кўрсатишди. Аммо 6 ой давомида ғалаба шоҳиди бўлмаган азим шаҳар - Самарқандга шодлик улашган йигитни биринчи ўринга олиб чиқишни маъқул топдик. Ахир мухлислар соғинган гол ва ғалабани тортиқ этиш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди-да...

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- «Насаф» - яхши шаклланган жамоа, аммо қўйиб юборилган 3та голдан 2таси ўз хатоларимиз оқибатида юзага келди. Вадим Абрамов («Нефтчи» бош мураббийи).

- «Нефтчи» вазиятларидан фойдаланганидами, воқеалар мутлақо бошқача тус олиши ҳеч гап эмасди. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Мақсадим - Қўқон футболини кўтариш. Ахир шу шаҳар фарзандиман... Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи).

- Мухлислардан узр сўрайман. «Машъал» мавсум бошидан буён энг ёмон ўйинини кўрсатди. Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи).

 

Тур Статистикаси

Ўйин: 7

Гол: 15  (ўртача: 2,14)

Томошабин: 17945 (ўртача: 2563...)

Мезбонлар ғалабаси: 3

Меҳмонлар ғалабаси: 2

Дуранг: 2

Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Насаф» - 3:0)

Энг  сермаҳсул ўйин:  «Шўртан» - «Бухоро» (5та гол)

Огоҳлантириш: 23 (ўртача: 3,28)

Четлатиш: 1(ўртача: 0,14...)

Энг «қўпол» ўйинлар: «Шўртан» - «Бухоро» (6та «сариқ»), «Динамо» - «Олмалиқ» (4та «сариқ» Қ 1та «қизил»)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Динамо» - «Олмалиқ» (4807)

Пенальти: -

«Дубль»: -

«Хет-трик»: -

 Автогол: -

 

1 Локомотив   24        17        3          4          52-17    54

2 Насаф                       24        15        2          7          44-16    47

3 Пахтакор      24        13        5          6          38-24    44

4 Бунёдкор     24        11        9          4          32-20    42

5 Бухоро                     24        12        6          6          39-30    42

6 Қўқон-1912   24        10        7          7          34-33    37

7 Навбаҳор     24        9          9          6          31-30    36

8 Машъал       24        9          8          7          29-25    35

9 Олмалиқ      24        8          8          8          20-23    32

10 Металлург  24        9          4          11        33-30    31

11 Қизилқум   24        7          9          8          27-30    30

12 Динамо       24        6          8          10        19-25    26

13 Сўғдиёна    24        6          7          11        26-39    25

14 Шўртан       24        6          2          16        22-41    20

15 Нефтчи       24        3          8          13        19-45    17

16 Обод                       24        2          3          19        15-52    9

 

Марат Бикмаев («Локомотив») - 20та  (5та - пен.)

Драган Черан («Насаф») - 13та (3та - пен.)

Достон Ҳамдамов («Бунёдкор») - 12та

Санжар Рашидов («Сўғдиёна») - 12та (3та - пен.)

Зоҳид Абдуллаев («Металлург») - 11та

Игорь Сергеев («Пахтакор») - 10та (1та - пен.)

Иван Нагаев («Бухоро») - 10та (4та - пен.)...

 

20 октябрь (жума)

ОлмалиҚ - Машъал

СўҒдиёна - Металлург

Насаф - Динамо

Обод - Нефтчи

ҚизилҚум - Локомотив

21 октябрь (шанба)

Бунёдкор - Шўртан

Бухоро - Пахтакор

ҚўҚон-1912 – Навбаҳор

Давоми бор. Мазкур мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" нашрининг 17 октябрдаги сешанба сонида ўқишингиз мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz