Қайднома

Қидирув

Бўлажак президент гапиради…

Бўлажак президент гапиради…

  17.10.2017 13:07
  0
  3012
Бўлажак президент гапиради…

Жерар Пике «Твиттер»даги саҳифасида қолдирган навбатдаги сўзлари билан яна бир марта Испания термаси сардори Серхио Рамоснинг жиғига тегди. Soccer.ru шу баҳона «Барселона»нинг бўлажак президенти томонидан айтилган шов-шувли гапларни йиғиб, уни мухлислар ҳукмига ҳавола этди.

2009 йили «Реал» устидан 6:2 ҳисобида қозонилган ғалабадан сўнг: «Мазкур ўйинга қадар «Реал» футболчилар жуда кўп гапиришди - гўёки, бизни мағлубиятга учратиб бўлгандек. Ана энди, уларга берган зарбамизни муҳокама қилаверишсин».

«Реал»нинг турнир жадвалидаги етакчилиги ҳақида: «Улар узоқ вақт пешқадамлик қилишмаганидан, ҳозир ўзим ҳам уялиб кетяпман. Майли, хурсанд бўлаверишсин, якунда барибир, соврин «Барселона»га тегади».

Пуйоль ҳақида: «Карлес - «Барселона» яралганидан буён ўз позициясидаги энг яхши ҳимоячилардан бири. У - темир одам. Баъзан ҳазил аралаш «Бутсаларимизни бир кунда михга иламиз», дейди.

Фергюсон ҳақида: «17 ёшимда Англияга мослашишга қийналганман. Хайриятки, сэр Алексдек ажойиб инсонни учратдим. У ҳолатимни тушуниб, ўсишимда ёрдам берган. Фергюсон - иккинчи отамдек».

Месси ва Роналду ҳақида: «Ушбу мавзу бўйича тортишувлар шу қадар абсурдки, унинг яралиши билан боғлиқ фактнинг ўзи ҳайратланарли. Роналду - кўп жабҳада Мессидан ортда қолмоқда. Лео - ўзга сайёралик, Криштиану эса - одамлар орасидаги энг яхшилардан».

Ҳакамлар ва уларнинг қизиқиши ҳақида: «Ҳамиша «Реал»га ён босадиганлар топилади. Ҳакамлик Мадрид ва унинг атрофида кезади. Буни ҳамма билади. Биз фақат ноқулай шароитга қарши курашишимиз мумкин. Айнан шу боис бизнинг ғалабалар ноёблик касб этади».

Криштиану Роналду ҳақида: «У билан «Манчестер Юнайтед»да кўп вақтимни ўтказганман ва финтлари ҳақида етарлича тасаввурга эгаман. Кўпчилик Роналдуни такаббур дейди. Аммо мен уни қувноқ, дўстликни қадрловчи инсон сифатида танийман. Криштиану - яхши йигит».

«Реал» футболчилари билан муносабатлари ҳақида: «Мадридликлар билан ўзаро муносабатларимиз яхши. Майдонда рўй берадиган воқеалар ўша ернинг ўзида қолади. Ҳар доим кўришиб, қўнғироқлашиб туриш учун вақт топамиз».

«Барселона»нинг принциплари ҳақида: «Биз ҳеч қачон ҳакамлар иши, допинг можароларига аралашмаймиз. Ўйин пайтида «шўнғиш» нималигини билмаймиз».

Ҳаётида футболнинг ўрни ҳақида: «Футбол менга ҳамма нарсани берди. У нафақат соғлиқ учун фойдали, балки ҳаётда кўплаб ёқимли лаҳзаларни тақдим этади. Хусусан, шерикларинг билан ҳамфикр бўлишни ўрганасан, бирдамлик нималагини англайсан».

Гвардиола ҳақида: «Хосеп - тенгсиз. У ўз ишини жуда яхши биладиган буюк мураббий. Ихтиёридаги футболчиларга мотивация улашишни ҳам қойиллатади».

Моуриньо ҳақида: «Жозе «Реал»­да ишларкан, ўз феъл-атвори билан Испания футболини обрўсизлантирди. У «Барселона» ва «Реал» ўртасидаги буюк қарама-қаршиликни майдондан матбуот анжуманига кўчирди».

Пепе ҳақида: «Хайриятки, «Барселона»да Пепе каби жамоадошим йўқ. Бундай шерик билан елкама-елка тўп суришни хоҳламайман».

Серхио Рамос ҳақида: «У билан футбол майдонида бир-биримизни жуда яхши тушунамиз. Рамос каби ҳимоячининг ёнида ўзингни хотиржам ҳис қиласан. Серхио иккимизнинг ўртамиздаги муносабатларнинг ёмонлиги тўғрисида гапиришса, ишонманг! Ҳаммаси аҳмоқлик ва ёлғон».

Испания термасини қўллаб-қувватлаш ҳақида: «Ҳамиша миллий жамоага содиқ қолганман ва Испания термасига муваффақиятсизлик тилайдиган каталонияликларни тушунмайман. Қандай қилиб «Барселона» ўйинчилари, яъни ўз ҳамшаҳарларига ёмонлик тилашлари мумкин?»

«Реал»нинг сўнгги дақиқаларда пенальти ёрдамида «Эльче»ни мағлубиятга учратгани ҳақида (2013 йил): «Уйқу олдидан комедия фильмларини кўриш нақадар ёқимлики».

Альваро Арбелоанинг жавоби янада истеҳзоли чиқди: «Дунёқарашингни ўзгартириб, театрни кинога алмаштирганингдан хурсандман».

Дель Боске ҳақида: «Уни жаҳон футболи тарихидаги энг яхши мураббий деб биламан. Висенте «Реал» билан Чемпионлар Лигасида зафар қучди, Испания термаси устози сифатида жаҳон ва Европа чемпионлигини қўлга киритди. У ҳеч қачон эътибор марказида бўлишга интилмаган, бироқ етук мутахассис экани шубҳадан холи».

Суарес ҳақида: «Машғулотлар пайти тўқнаш келсак, унга: «Ҳой, фақат тишлаб олма», дейман. Суарес эса бунга жавобан кулиб қўяди. Луис - яхши йигит, у жамоадошларни тишлаш нотўғри эканини билади».

Касильяс ҳақида: «Икер - ибрат олишга арзийдиган кипер. Агар «Реал» мухлиси бўлганимда, Касильяс менинг «кумир»имга айланарди».

Орзуси ҳақида: «Фаолиятим якунланмасидан аввал «Реал»га қарши ЕЧЛ финалида ўйнашни хоҳлайман. Бу тасаввур қилиб бўлмас ҳиссиёт».

Яна «Реал» ҳақида (2015 йил): «Реал» билан Чемпионлар Лигаси финалида тўп суришни хоҳлашим, аммо унинг ярим финалда «Ювен­тус»­га қарши ўйинини Буффоннинг либосида томоша қилишимни айтганим рост. Мени ўзгартириб бўлмайди. Доимо «Реал»нинг мағлубиятга учрашини истайман».

«Эспаньол» ҳақида: «Уларга Барселонанинг ғаройиб кишилари мухлислик қилишади. Оқибатда стадионни тўлдира олишмайди. Умид қиламанки, кейинги сафар буни уддалашади».

Леонинг «Барселона»дан кетиш эҳтимоли ҳақида: «Месси - нодир футболчи. У «Барселона»ни тарк этган кунни отангиз вафот этган санага қиёслаш мумкин. Бунга кўниш осон бўлмайди».

Келажаги ҳақида (бу фикрни кўп такрорлайди, баъзан кетма-кет, айрим ҳолларда эса - шубҳа аралаш): «Ҳа, келгусида «Барселона» президенти бўлмоқчилигимни яширмайман. Аммо ниятим амалга ошадими, йўқми, буни вақт кўрсатади».

Сиз нима деб ўйлайсиз, Жерар Пике келажакда «Барса» раҳбарига айланармикан?

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz