Қайднома

Қидирув

Ўзбек футболида шаффофликка бўлган эҳтиёж

Ўзбек футболида шаффофликка бўлган эҳтиёж

  18.10.2017 06:23
  0
  2635
Ўзбек футболида шаффофликка бўлган эҳтиёж

Футбол аллақачон шунчаки спорт  тури даражасидан чиқиб улгурган. У энди нафақат яшил майдондаги кураш, балки унинг ташқарисидаги воқеаларга ҳам дахлдорлик касб этмоқда.

Мухлислар учун футболчининг нафақат финти ва дриблинги, балки шахсий ҳаётидан тортиб, қанча маош олишигача қизиқ. Улар ҳамма нарсадан бохабар бўлишни истайдилар.

Миллионлар ўйини дейилишига сабаб ҳам шунда. Европа футболида дарҳақиқат, миллионлар айланади ва буни ҳамма билади. Бизда-чи?

БЎШ ТРИБУНАЛАР

Ўзбек футболи ҳақида гап кетар экан, кўз олдингизга энг аввало, бўм-бўш трибуналар келади. Айтайлик, «Пахтакор» ва «Локомотив» майдонда ўзаро ҳисоб-китоб қилишмоқда.

Бу ўйин ҳар доим катта аҳамият касб этади. Аммо фақат турнир жадвали нуқтаи назаридан. Мухлислик жиҳатидан эса баландпарвоз гапларни айтишга ийманади, киши.

Чунки олий лиганинг икки етакчиси тўқнаш келган баҳсда 35 минг кишига мўлжалланган аренада «бир ҳовуч» мухлис ўтиради. Нима учун? Чунки кўпчиликка қизиғи йўқ. Ҳар қанча қимматбаҳо телефон ва «Дамас» ваъда қилманг, томошабин келиши қийин.

Тўғри, «Пахтакор» - «Локомотив» учрашуви кескин курашларга бой тарзда ўтиши мумкин. Аммо ишқибозлар Европа футболини томоша қилишни маъқул кўрадилар. Уларни ўзгартирмоқчимисиз? Аввал футболни, аниқроғи, унга бўлган муносабатни ўзгартиришга тўғри келади.

Вилоятларда олий лига ўйинларига қизиқиш нисбатан яхшироқ. Аммо эътибор қаратсангиз, кўпинча бу қизиқиш натижага боғлиқ бўлади.

Масалан, «Динамо» мавсум бошида кетма-кет ғалабаларга эришганда, стадионга томошабин сиғмаганди. Мағлубият бошлангани ҳамоно мухлис қадами ҳам сийраклашиб қолди.

Кимдир буни табиий ҳол деб билар. Аммо нима учун Англия чемпионатида «Лестер» чемпионликка эришганда ҳам, қуйи лигага тушиб кетиш хавфи остида турганда ҳам трибуналар тўлиб-тошишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ўйин сифати? Балки, шундайдир. Аммо яна бир масала борки, уни ҳам кўриб чиқиш шарт.

БОШҚА МАСАЛА

Англия, Испания, Франция ва Германия чемпионатларида нафақат юқори лига, балки қуйи босқичларда ҳам стадионларда ишқибоз кўп бўлиши одатий ҳол. Бунинг биргина сабаби бор - у ерда футбол мухлислар учун ўйналади.

Бу ўринда фақат жамоалар ўртасида кечадиган кескин кураш назарда тутилмаяпти. Ишқибоз учун ҳамма нарса қизиқ - футболчининг юриш-туриши, трансфер қиймати, оладиган маоши - бари эксклюзив маълумот сифатида тақдим этилади.

Ҳаттоки, баъзи клублар қимматбаҳо ўйинчиларни нафақат ўйинни кучайтириш, балки мухлис эътиборини тортиш учун ҳам сотиб олишади. Шу тариқа реклама орқали мўмай даромад ишлаб топиш имкони ҳам туғилади. Бизда-чи?

Олий лигада вазият қандайлигини ҳамма яхши билади. Яқинда «Насаф» 1 миллиард сўмга Элдор Суюнов ва Шерзод Аъзамовни «Пахтакор»га сотганини эшитдик. Бу янгилик шу қадар очиқ эдики, ҳатто бироз ғалати ҳам кўринди.

Айниқса, қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг ушбу маълумотни тасдиқлаши янада нотабиий бўлди. Чунки ҳозирга қадар шу каби маълумотлар ўта махфий саналарди. Бўларкан-ку!

ТАКЛИФ

Хабарингиз бор, Ўзбекистон футбол федерацияси катта ўзгаришларга қўл уришни режалаштирмоқда. Буни деярли ҳар бир мақоламизда такрорлаб ўтяпмиз. ЎФФ биздан ташаббус кўрсатишни кўп сўрайди. Бажонидил, таклиф билдиришдан осони йўқ.

Масалан, федерациядан биринчи навбатда сўрамоқчи бўлганимиз - ўзбек футболига шаффофлик олиб кирилсин. Худди Элдор Суюнов ва Шерзод Аъзамовнинг қанча пул эвазига «Пахтакор»га ўтганини билганимиз сингари, ҳар бир трансфер ва шартноманинг қиймати ҳам оммага ошкор этиб борилсин.

Ўзбек футболи ривожини истар эканмиз, бу ишни амалга ошириш шарт. Нега шартлигини эса бир неча бўлимда келтириб ўтсак.

БИРОВНИНГ ЧЎНТАГИДАГИ ПУЛ

Мухлислар учун яшил майдондаги кураш билан бирга унинг қанчага тушишини билиш ҳам қизиқлигини юқорида айтиб ўтдик. Буни бошқаларнинг чўнтагидаги пулни санашга ўхшатадиганлар адашишади.

Европада футболчилар аллақачон машҳур қўшиқчи ёки актёрлар сингари омма эътиборига тушиб бўлишган. Масалан, Пикенинг Шакирага уйланганини футбол олами қанча муҳокама қилса, шоу-бизнесда ҳам эътибор жиҳатидан асло паст турмайди.

Ғарбда ҳаттоки, юлдуз актёрлардан юқорида турадиган футболчилар бор. Уларнинг ҳар бир қадамидан тортиб, қандай тиш пастасини ишлатишигача ишқибозлар учун қизиқ.

Ўзбек футболи мухлиси эса ўзининг суюкли ўйинчиси ҳақида деярли ҳеч нарса билмайди. Футболчи 90 дақиқа тўп суради ва унутилади.

Ўйин тугаши ҳамоно ҳар икки томон ўз ташвишига шўнғиб кетади. Миллионлар ўйини ҳамма ерда мухлислар учун ўйналса, бизда фақат ҳисобот учун ўтказилаётгандек тасаввур уй­ғонади.

Нима учун халқимиз «Реал» ёки «Барселона»да қайси футболчи қанча маош олишини аниқ билган ҳолда, «Шўртан» ёки «Сўғдиёна» каби клубларда меҳнат ҳақи миқдоридан бехабар бўлиши керак?

МАЪЛУМОТ ЯШИРИШДАН НИМА НАФ?

Кимдир ўзбек футболидаги асосий муаммо сифатида жисмоний тайёргарлик, ёмон техника ва нотўғри тактикани билса, қаттиқ адашади.

Футболимиздаги асосий камчилик - молиявий шаффофликнинг йўқлиги. Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай клуб йиллик молиявий ҳисоботини албатта, оммага маълум қилади.

«Манчестер Юнайтед», «Ювентус» ёки «Монако»нинг қанча фойда ёки зарар билан чиққанини ҳамма билади. Аммо «Шўртан» йиллар давомида бир футболчининг маошини бермаса, ФИФАдан хат келмагунга қадар бехабар қолаверамиз.

Касбимиз юзасидан футболчи ва мураббийлардан кўп интервью оламиз. Аммо уларнинг ҳеч бири маоши миқдори ҳақида оғиз очмаган. Шунингдек, клуб раҳбарияти ҳам қаерга қанча пул сарфлагани хусусида матбуотга маълумот беришни истамайди.

Бу нарса шу қадар қон-қонимизга сингиб кетганки, ҳаттоки, бунинг учун уларни ҳеч ким айбламайди. Футболчи қанча маош олишини айт­маса, бу унинг ҳуқуқи. Аммо клуб янгиликларни мухлисларга билдириб бориши керак эмасми?

Биз ҳеч кимни айблаш ниятида эмасмиз, аммо бундай маълумотларни яширишдан ким манфаатдор? Ушбу саволнинг жавоби ўзингизга ҳавола. Иш тўғри йўлга қўйилган ерда ҳаммасини очиқ-ошкор айтишдан ҳеч ким тортинмайди.

ҲУҚУҚ

У ёғини сўрасангиз, футболчилар маошининг сир сақланиши уларнинг ҳақ-ҳуқуқига бевосита дахл қилишга ҳам олиб келади.

Айтайлик, бирор клуб ва футболчи ўртасида икки-уч йиллик келишув имзоланиб, шартнома қиймати ва муддати яширин сақланди. Табиийки, ушбу битим устидан жамоатчилик назорати ҳам бўлмайди.

Хориж тажрибасидан яхши биламизки, футболчи айнан шартнома муддатидан келиб чиқиб ўз манфаатини ҳимоя қилади.

Масалан, «Арсенал» футболчиси Алексис Санчеснинг келишувни узайтирмаётгани ҳақида қанча гап-сўзлар тарқалганини яхши биласиз. Бундай маълумотларнинг мунтазам равишда матбуотда чоп этилиши сабабли клуб футболчига босим ўтказа олмайди.

САВИЯСИЗ ЛЕГИОНЕРЛАР

Ўзбек футболидаги яна бир муаммо ҳам тез-тез тилга олинади. Шу қадар кўп гапирилганидан у икки ёки уч эмас, бирор ўн йилдан буён асосий мавзулардан бири бўлиб келмоқда.

Ҳозир гап сифатсиз легионерлар ҳақида кетмоқда. Балки футболчига нисбатан сифатсиз эмас, балки савиясиз жумласини ишлатган маъқулдир, аммо шу ўринда таърифни айнан сифатга боғлашга қарор қилдик.

Олий лигада ўтган вақт давомида жуда кўп легионерлар тўп суришди. Аммо бир ўтиришда улардан қанчасини эслай оласиз?

Ўз вақтида бу чемпионатда Ривалдо, Переплёткинс, Бошкович, Трофимович, Денилсон ва Рис­тичлар ўйнарди. Аммо сўнгги 5 йилни кўриб чиқадиган бўлсак, фақат Артур Геворкян ва Кахи Махарадзедан бошқаси ёдга тушмайди.

Охирги мавсумларда Драган Черан яхши ўйнаяпти. Бўлди! Шу билан кучли легионерлар ҳақидаги тасаввуримиз ҳам якунига етади. Ваҳоланки, олий лигада ҳар йили 16та клуб рўйхатдан ўтса, деярли барчасида икки-уч нафардан хорижлик футболчи тўп суради.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хорижликларнинг маҳаллий футболчидан бир бош баланд бўлиши шарт­лиги кўп гапирилади. Аммо у ҳолда нима учун ўша «бир бош баланд»ларни эслай олмаймиз?

Ахир олий лигада озмунча легионер ўйнаб кетмадими? Табиийки, бундай вақтда яна бир савол пайдо бўлади - уларни олиб келишдан мақсад нима эди? Магарки, ўша легионер наф келтирмас экан, уни юртимизга таклиф қилишдан ким манфаатдор бўлади?

ЯКУНДА

Ўзбек футболидаги муаммолар жуда кўп. Аммо уларнинг энг асосийси, барибир, пулга бориб тақалади. Футболчиларнинг маошни ўз вақтида олмаётганини кўп эшитамиз. Пули қолмаган ўйинчи нима қилсин, ўйинни сотсинми?

Олий лигада иштирок этадиган деярли ҳар бир клуб қайсидир ҳомийга бириктирилган. Ўша пулларнинг барчаси жамоа ҳисобига туширилаётган экан, муаммо қаердан туғиляпти?

Мабодо туширилмаётган бўлса, нима учун бу ҳақда оммага маълум қилинмайди? Балки ўша клуб раҳбарининг ўзи ҳам бундан манфаатдордир?

Бу саволларнинг жавоби бизга мавҳум. Қўлимиздан келгани фақат мақола ёзиш. Агар кимдир вазиятни ўзгартира олса ҳам, у Ўзбекистон футбол федерациясида ўтирибди. Янги раҳбарият бизга кўп ўзгаришларни ваъда қилмоқда.

Агар яқин ўртада ўзбек футболида ҳам қайсидир ўйинчи қанчадир пул эвазига бирор клубга ўтгани ҳақида мунтазам хабарлар пайдо бўлса, билингки, бу ЎФФнинг кўнгилдагидек иш юритаётганидан далолат.

Футболимиз шаффоф кўриниш олса, бу янги раҳбариятнинг меҳнатлари самарасидир. Акс ҳолда, бизнинг қўлимиздан яна ҳеч нарса келмаганлиги ойдинлашади.

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz