Қайднома

Қидирув

Олий лига: гол+пас тизими бўйича кимлар етакчилик қилмоқда

Олий лига: гол+пас тизими бўйича кимлар етакчилик қилмоқда

  18.10.2017 00:24
  0
  1144
Олий лига: гол+пас тизими бўйича кимлар етакчилик қилмоқда

Бевосита Олий лига учрашувларига назар ташласак, рақиб дарвозасини ишғол қилиш баробарида шерикларини самарали узатма билан таъминлаётганлар ҳам бисёр.

Сезганингиздек, қуйида «гол+пас» тизими бўйича фаоллик кўрсатаётганлар рўйхатига назар ташлаймиз.

Ассистентлар жадвали билан танишишдан аввал эътиборингизни бугунги мавзуга тааллуқли бир жиҳатга қаратсак.

МАТБУОТ ХИЗМАТЛАРИГА МУРОЖААТ

Тан олайлик, миллий чемпионатимиз баҳсларини томоша қилгач, асосан, ғалаба қозонган жамоалар, энг яхши ўйинчилар ва гол муаллифлари эътироф этилади, холос.

Ўзининг ажойиб ҳаракатлари эвазига шеригини қулай вазиятга чиқарганлар эса кўпинча назардан четда қолишади.

Бу адолат эмас, албатта. Рости, бизда барча учрашувлардаги ассистентлар номига аниқлик киритиш осон эмас. Чунки клуб расмий сайтларида бу ҳақда маълумот берилмайди. Айрим ўйинларнинг видеолавҳаларини топиш янада мураккаб.

Албатта, бу борада мақтовга лойиқ иш бажараётган матбуот котиблари, клуб ходимлари ҳам бор. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу жиҳатлар бўйича ибратга лойиқ иш юритаётган жамоалар вакилларини эътироф этиб, уларга алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтмоқчимиз.

«Металлург» ФК расмий сайтига ташриф буюрсангиз, клуб иштирокидаги ўйин бўйича етарлича тасаввурга эга бўлишингиз мумкин. Хусусан, бекободликларнинг ҳар бир учрашуви шарҳи ҳам ўзбек, ҳам рус тилларида тўлиқ берилади.

Қўшимчасига, голга ассистентлик қилганлар номига ҳам ойдинлик киритиб оласиз. «Насаф», «Машъал», «Қўқон-1912» матбуот хизмати эса мунтазам равишда сифатли видеолавҳалар билан таъминлайди.

Бундан ташқари, «Олмалиқ» ҳамда «Сўғдиёна» клублари матбуот котиблари ҳам турли масалалар бўйича кўмакчига айланишади.

Умид қиламизки, келгусида қолган жамоалар ҳам бу борада ўзгаришларга қўл уриб, клублар расмий сайтига шунчаки учрашув қайдномасини киритиш билан чекланиб қолишмайди.

Зеро, юқорида айтганимиздек, ўйинда фақат гол урганларни эмас, балки уларни самарали узатма билан таъминлаганларни ҳам мақташ мақсадга мувофиқ. Бунинг учун, энг аввало, ўша ассистентлар номига ойдинлик киритиб олиш лозим.

ГОЛ+ПАС: ЧЕРАН ФАОЛЛАШДИ

23та турдан сўнг «гол+пас» рўйхатида ҳамон Марат Бикмаев биринчи ўринда. Чемпионат тўпурарлари пойгасида ҳам пешқадамликни ҳеч кимга топширмаётган ҳужумчи 19та голдан ташқари, уч марта ассистентлик ҳам қилган.

«Насаф» легионери Драган Черан эса бу борада анча ўсишга эришиб, иккинчи поғонадан жой эгаллади. Сербиялик форвард фаолликни тўхтатмаса, мавсум якунига қадар ушбу рўйхатда Бикмаевни ортда қолдириши мумкин.

«Бунёдкор» юрагига айланиб қолган Достон Ҳамдамов эса кучли учликка якун ясаб беради. Иқтидорли вингер ҳисобида 12та гол ва 5та «ассист» бор.

«Сўғдиёна» етакчиси Санжар Рашидов қайд этаётган натижалар ҳам таҳсинга сазовор. Қийин вазиятларда жиззахликлар жонига оро кирадиган ярим ҳимоячи ҳозирча тўртинчи бўлиб турибди.

Мазкур жадвалда голларидан кўра, самарали узатмалари сони кўпроқ бўлган Жалолиддин Машарипов ҳам жой эгаллади. Бу футболчи биринчи давра якунларига кўра, иккинчи ўринда бораётганди, бироқ ҳозирча гол уриш ва ассистентлик бобида унда пасайиш кузатилмоқда.

Бу галги «гол+пас» рўйхатининг кучли ўнлигига уч нафар янги футболчи қўшилганини сезган бўлсангиз керак. Аксарият учрашувларни голсиз тарк этмаётган Зоҳид Абдуллаев ҳамда янгиланган «Пахтакор»да ўзини анча эркин сезаётган Игорь Сергеев мос равишда 6-7-поғоналарни банд қилишди. «Бухоро» тўпурари Иван Нагаев 8, «Қўқон-1912» ҳужумчиси Филипп Райевац эса 9-ўринда боришмоқда.

Шунингдек, янгилар сафида «Қизилқум»нинг туркманистонлик легионери Артур Геворкян ҳам бор. Бу футболчи қайси клубда ўйнамасин, ўз истеъдодини намойиш этиш ҳисобига жамоаси муваффақиятларига улуш қўшиши мумкинлигини яна бир карра исботлади.

Эътибор берсангиз, қуйидаги бешликдан ўрин эгаллаганлар «гол+пас» бўйича бир хил кўрсаткичга эгалар. Демак, кейинги турлардан сўнг уларнинг айримлари ўзаро жой алмашишса, асло ажабланмаймиз.

23-турдан сўнг «гол-пас» бўйича кучли ўнлик

Футболчи

Клуби

Гол+пас

Голлар

Паслар

1

Марат Бикмаев

Локомотив

22

19

3

2

Драган Черан

Насаф

17

13

4

3

Достон Ҳамдамов

Бунёдкор

17

12

5

4

Санжар Рашидов

Сўғдиёна

14

12

2

5

Жалолиддин Машарипов

Локомотив

13

5

8

6

Зоҳид Абдуллаев

Металлург

12

10

2

7

Игорь Сергеев

Пахтакор

12

10

2

8

Иван Нагаев

Бухоро

12

9

3

9

Филипп Райевац

Қўқон-1912

12

7

5

10

Артур Геворкян

Қизилқум

12

4

8

Қуйида ҳавола этиладиган маълумотлар ҳам эътибордан четда қолмаслиги аниқ.

Уларда мавсум финишига 7та тур қолган бир паллада жамоалар ва футболчилар қайд этган кўрсаткичлар, голлар, сариқ ва қизил карточкалар бўйича натижалар келтириб ўтилган.

23-турдан кейинги умумий статистика

Жами ўйинлар

184

Жами голлар

465

Мезбонлар голи

284 (61,08%)

Меҳмонлар голи

181 (38,92%)

Мезбонлар ғалабаси

93 (50,54%)

Дуранглар

47 (25,54%)

Меҳмонлар ғалабаси

44 (23,91%)

Бир ўйинда урилган голларнинг ўртача сони

2,53

Сермаҳсул ўйинлар (3тадан кўп гол)

47 (25,54%)

Голсиз ўйинлар

12 (6,52%)

Жами томошабинлар

827478

Бир ўйинда ўртача томошабин

4497

Пенальтилар

60

Самарали пенальтилар (фоизи)

42 (70%)

Автоголлар

12

Огоҳлантиришлар (ўртача)

644 (3,5)

Четлатишлар (ўртача) - «қизил»|2-«сариқ»

28 (0,15) - 10|18

Ўйинларда қатнашган футболчилар сони

395

БЎЛИМЛАРГА БЎЛСАК...

Ҳар икки бўлимдаги натижаларга эътибор қаратсак, танаффусдан кейин жамоаларда жонланиш кузатилаётгани кўзга ташланади.

Дарҳақиқат, голлар, ғалабалар ҳамда пенальтилар бўйича иккинчи устундаги кўрсаткич баландроқ. Бунга қуйидаги жадвал орқали ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин.

1-бўлим

Кўрсаткич

2-бўлим

190 (40,86%)

Жами голлар

275 (59,14%)

117 (61,58%)

Мезбонлар голи

167 (60,73%)

73 (38,42%)

Меҳмонлар голи

108 (39,27%)

1,03

Ўртача гол

1,49

67 (36,41%)

Мезбонлар ғалабаси

79 (42,93%)

77 (41,85%)

Дуранглар

60 (32,61%)

40 (21,74%)

Меҳмонлар ғалабаси

45 (24,46%)

51 (27,72%)

Сермаҳсул бўлим (1тадан кўп гол)

77 (41,85%)

64 (34,78%)

Голсиз бўлимлар

35 (19,02%)

21 (35%)

Белгиланган пенальтилар

39 (65%)

17 (40,48%)

Самарали пенальтилар

25 (59,52%)

80,95 %

Пенальтидан фойдаланиш фоизи

64,1 %

ОҒИРРОҚ БЎЛИНГ!

Ҳакамлар «ҳиммат»ига сазовор бўлаётганлар рўйхатида ҳамон «Навбаҳор» етакчиси Ойбек Қиличев пешқадам.

Эътиборлиси, у биринчи даврани 2та сариқ ва 2та қизил карточка билан якунлаганди. Кўриниб турибдики, тажрибали футболчи бу борада ижобийликка эришган.

Шунингдек, икки марта четлатилганлар сафида «Сўғдиёна» вакили Сардор Қулматов ҳам бор. Фарқи, унинг ҳисобида «сариқ»лар йўқ.

«Бухоро» легионери Владимир Баенко ҳамда «Пахтакор» ҳимоячиси Даврон Ҳошимов эса огоҳлантиришлар бўйича яққол етакчилик қилишмоқда - 8тадан «сариқ».

Футболчи

Клуби

«Қизил»

«Сариқ»

Жами*

Ойбек Қиличев

Навбаҳор

2

3

13

Файзулло Қамбаров

Қизилқум

1

6

11

Элёр Орипов

Сўғдиёна

1

6

11

Сардор Қулматов

Сўғдиёна

2

0

10

Зафар Тўраев

Машъал

1

5

10

Камолиддин Тожиев

Пахтакор

1

5

10

Давронбек Умиров

Бунёдкор

1

4

9

Дилёр Эрматов

Нефтчи

1

3

8

Игорь Тиманюк

Машъал

1

3

8

Искандар Шойқулов

Машъал

1

3

8

Санжар Рашидов

Сўғдиёна

1

3

8

Шоҳруҳ Холматов

Динамо

1

3

8

Эргаш Исмоилов

Бухоро

1

3

8

Владимир Баенко

Бухоро

0

8

8

Даврон Ҳошимов

Пахтакор

0

8

8

* ҳар бир «қизил»га - 5+сариқ карточкалар.

СЎНГГИ ДАҚИҚАЛАРДАГИ ФАОЛЛИК

«Футболчилар қайси дақиқаларда кўпроқ гол уришяпти?» саволига қуйидаги сурат орқали жавоб олишингиз мумкин.

Эътибор берсангиз, учрашувларнинг сўнгги қисмида дарвозалар ишғол қилиниши кўпроқ кузатилган. Афтидан, бу паллада сезиладиган чарчоқ аломатлари айрим футболчиларга асқотаётгандек.

Изоҳ: ҳакам томонидан белгиланган қўшимча вақтда урилган голлар 40-45 ва 85-90-дақиқаларга қўшиб кўрсатилган.

Ўткир УМАРОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz