Миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2018 саралашидаги омадсиз иштироки билан андармон бўлиб, аёллар футболига эътиборни ўзимиз истамаган ҳолда пасайтириб юборибмиз.
Зеро, мутахассислар-у футболсевар халқимиз Бабаян шогирдларидан сўнгги дақиқаларгача умидини узмаганди. Ҳа, майли, яна тўрт йил ортга сурилган мундиал орзуси билан ярамизни тирнамайлик-да, бироз четда қолган мавзуга назар ташлайлик.
Зеро, рўзғор ташвиши-ю, фарзанд тарбиясидек ўта масъулиятли вазифани уддалаб, ҳам яшил майдонда тўп сурмоқлик чинакам жасорат.
Ўзбекистон аёллар футболига ўз меҳнати ила номини катта ҳарфлар билан ёздириб қўйган собиқ футболчимиз Гулнора Аъзамовани суҳбатга тортдик.
- Гулнора опа, бор экансиз-у. «Йўқотиб» қўймадикми деган ҳадикда эдик. Ҳарҳолда, севимли ишингиздан узоқлашиб кетмагандирсиз. Бугунги кунда нима билан бандсиз? Қайси жамоада ишлаяпсиз?
- Аввало мени эслаб, суҳбатга таклиф қилганингиз учун раҳмат. Тан олиш керак, аёллар футболи матбуотда жуда кам ёритилади. Бу борада ҳам эркакларимиз омадлироқ.
Улар ўртасида кечган ҳаттоки, «митти» мусобақалар ҳам газета саҳифаларидан ўрин олади. Энди саволингизга келсак, «йўқолиб» қолмадим. Миллионлар ўйинидан кетганим йўқ. Ҳамон унинг ичидаман. Қайтага, фаолиятим аввалгидан кенгайган.
Футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳсларида Тошкент ахборот технологиялари университети жамоаси шарафини ҳимоя қилдим.
Ўйновчи-мураббий сифатида. Бу мавсум жамоамиз мамлакат биринчилигида фақат «Севинч»дан кам очко жамғариб, кумуш медалга эгалик қилди. Кўряпсизми, шу ёшимда ҳам совриндор бўляпман. Иккинчи ишим эса мураббийлик.
Чирчиқ шаҳрида болаларга футбол сир-асрорларини ўргатяпман. Йўқ, сиз ўйлаганингиздек бу клуб эмас. Тўгарак, десак тўғри бўлади.
- Демак, қизлар орасида ўринбосарларингиз анчагина экан-да...
- Шундай. Аммо тўгарагимда қизлардан ўғил болалар кўпроқ.
- Машғулот ўтказишда қийналмаяпсизми? Ҳарҳолда, Чирчиқда футболни қадрлашади...
- Нималар деяпсиз? Шароит умуман йўқ. Болаларни сунъий майдонда шуғуллантиряпман. Стадион ижараси учун ўзимизнинг ёнимиздан пул тўлаймиз. Ҳозир ҳамма жойда шундай-ку!
- Тошкент вилояти футбол федерацияси ёрдам бермаяптими?
- Йўқ. Совуқ кунлар бошланди. Табиийки, бундай усти очиқ майдонда совуқ ҳавода машғулот ўтказиб бўлмайди.
Шунинг учун Чирчиқ шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилмоқчиман. Балки, ёрдам беришар. Ҳеч бўлмаса, спорт зали ажратиб беришар.
- Қўл остингизда нечта гуруҳ шуғулланяпти?
- 3та гуруҳ. Ҳар куни машғулотимиз бор.
- Бошқа жамоалар билан назорат ўйинлари ҳам ўтказиб турасизларми?
- Албатта. Ҳафтанинг ҳар якшанбасида кичкина мусобақа ўтказилиши одат тусига кирди. Унда Чирчиқ жамоаларидан ташқари, Ғазалкент ва Қибрайдан ёш футболчилар келишади.
Шундай кичик турнирлар нафақат биз учун, рақибларимизга ҳам фойдали бўлаётгани аниқ.
-Гулнора опа, қиз болани футболга қизиқтириш осон эмас? Сизда бу жараён қандай кечган? Нима учун айнан футболни танлагансиз?
- Спорт болаликдан энг яқин дўстимга айланган. Дастлаб енгил атлетика билан шуғулланганман. У пайтлари ёш эдим, аммо шунга қарамай натижаларим чакки эмасди.
Кейин нимадир бўлди-ю, меҳрим ёзги биатлонга тушди. Унда енгил атлетиканинг югуриш йўналиши бор. Шу боис бу спорт турини ўзлаштиришда қийналмадим.
Тез орада мураббийлар мени катта мусобақаларга олиб борадиган бўлишди. Ёзги биатлон бўйича собиқ иттифоқ чемпионлигига эришдим. 1995 йил.
Мени Чирчиқ шаҳри аёллар жамоаси сафига қабул қилишди. Ҳамшаҳарларим Ўзбекистон чемпионати ўйинларида иштирок этаётганди. Мусобақа мезбони айнан Чирчиқ шаҳри. Очиғи, аввалига иккиландим. Кейин эса, тезлигим юқорилигини ҳисобга олиб, таклифни қабул қилдим.
Қолаверса, ўзимни миллионлар ўйинида ҳам синаб кўриш истаги пайдо бўлган эди. Ўйинларни синчковлик билан кузатган Равшан Усмонхўжаев навбатдаги учрашувдан сўнг мени ёнига чақирди.
У киши футбол ҳақидаги фикрларим билан ўртоқлашгач, пойтахт клуби - «Чеҳра»га таклиф қилди. Биринчи рақамли спортдаги профессионал фаолиятим шу тариқа бошланди.
- «Катта футболдаги фаолиятимдан кўнглим тўлган», деб бемалол айта оласизми?
- Албатта. Ўзбекистон миқёсида бир аёл футболчи эришиши мумкин бўлган деярли барча ютуқларни қўлга киритдим. Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида миллий терма жамоа таркибида олтин медаль эгасига айландим.
«Мамлакат чемпиони» деган унвонларимнинг саноғи йўқ. Ўзбекистон кубоги соҳибига айландим. ЎФФ томонидан бир неча бор «йилнинг энг яхши аёл футболчиси» деб топилдим.
1995 йили миллий терма жамоамиз билан биргаликда Малайзия мезбонлик қилган Осиё ўйинларида иштирок этдим. Орадан 10 йил ўтиб, яъни 2005 йилда терма жамоадаги фаолиятимга якун ясадим.
Ана шу ўтган йиллар давомида мамлакатимизнинг бош жамоаси либосида унинг муваффақиятларига ҳисса қўшишга ҳаракат қилдим. Бу шарафли вазифани қанчалик уддаладим, баҳони мухлислар ва мутахассислар беради. Умуман олганда, енгил атлетика ва биатлондан сўнг футболни танлаганимга асло афсусланмайман
- Осиё ўйинлари чемпионисиз. Шу мусобақа ёдингиздами?
- Ҳа, ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари 2005 йили Таиланд давлатида ўтказилган эди. Бош мураббий мамлакатимизда аёллар футболини ривожлантиришда бош-қош бўлган Абдураҳмон Юмангулов эди.
Вячеслав Хан эса ёрдамчиси. Мусобақанинг ҳал қилувчи финал учрашувида Таиланд терма жамоасини мағлубиятга учратганимиз ҳамон ёдимда. Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнгги сонияларида рақиб дарвозаси томон жарима белгиланди.
Белгиланган нуқтага тўпни ўрнатиб, дарвоза томон тўғри зарба бердим: гол-л-л! Ва Ўзбекистон чемпион! Ўша Осиё ўйинларида мен жамоадошларимни сардор сифатида майдонга бошлаб тушганман.
Терма жамоа делегацияси таркибида Алишер Файзиев ҳам бўлган. Кези келганда шуни айтишим керак, Алишер ака ҳам аёллар футболи ривожига катта хисса қўшиб келяпти.
- Сиз катта футбол, қолаверса футзалнинг ҳам «маза»сини биласиз.. Ўзингизга қай бири кўпроқ маъқул?
- Жуда ажойиб, шу билан бирга жавоб беришим қийин савол. Бир неча йил илгари, яъни ҳали паркетда тўп тепмай туриб, сўрашганида, шубҳасиз, футболни танлардим.
Негаки, сеҳр ва жозиба фақат яшил майдонда бор деб ўйлардим. Энди эса... Вақт ўтиши билан футзалга меҳрим ортди. Айни дамда ҳаётимни футзалсиз тасаввур этолмайман. Чунки, паркетда тўп тепяман.
- Тажрибали футболчи сифатида баҳоланг-чи: сиз ўйнаган пайтдаги чемпионат, жамоалар кучлими ёки ҳозиргиси?
- Мен ўйнаган пайтда Ўзбекистон чемпионатидан ташқари, Марказий Осиё турнири ҳам ўтказиларди. Табиийки, савия умуман бошқача эди.
Биз «Марказий Осиё»да деярли ҳар йили ғолиб бўлардик. Ҳозир эса, аёлларимиз фақат Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларидагина кураш олиб боришмоқда.
Таъбир жоиз бўлса, жамоаларимиз ўз ёғларида ўзлари қовуриляпти. Ҳозир ҳам истеъдодли футболчи қизларимиз истагача топилади. Лекин уларда биринчидан, кучли характер тўлиқ шаклланмаган, иккинчидан, халқаро тажриба кам.
- Бир пайтлар «Андижанка» жамоасига бас келиш қийин эди. Лекин ҳозир... Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз?
- Агар аёллар футболига эътибор талаб даражасида бўлганида, ишончим комил, ҳозир қизларимиз халқаро миқёсдаги мусобақаларда совриндорлар сафида юришарди.
Бизда бундан 20 йил аввал аёллар футболига пойдевор қўйилганди. Лекин вақт ўтгани сайин аёллар футболи иккинчиям эмас, учинчи даражали масалага тушиб кетди. Бугун шундай клублар борки, ярим йиллаб ўз футболчиларига маошларини беришмайди.
Ваъдалар кетидан ваъдалар беришиб, чарчашмайди. «Андижанка»ни ҳам шундай ҳолат пароканда қилди. Шу сабабдан жамоа қизлари бошқа клубларга ўтиб кетишганди.
- Бир неча йилдирки, Ўзбекистон аёллар футболида «Севинч» яққол етакчи. Лекин «Металлург» ҳам қаршилик дугоналарига рақобатни юзага келтира бошлашди...
- Тўғрику-я, лекин иккита жамоа, барибир жуда кам. Бу икки клуб Ўзбекистон аёллар футболи даражасини белгилаб бермайди.
Ҳозир «Металлург» энг кўп маош берувчи жамоа ҳисобланади. Клуб раҳбарлари юртимизнинг энг етакчи футболчи қизларини таркибга жалб қилишган. Шунинг учун ҳам ҳозир улоқ уларда.
Кошки, Шерали Бобоқулов ўзи футболчи тарбиялаб, ўзбек футболига етказиб берганида, шубҳасиз унга ва жамоа олиб бораётган сиёсатга тан берардим. Ҳеч бўлмаса, бир нафар қизни тайёрлаганида ҳам унинг қўлини сиқиб, баракалла, деб қўярдим.
Ўзгаларнинг меҳнати билан муваффақиятга эришиш, барибир инсонга татимайди. Олдинлари бундай эмасди. Ҳозир ҳакамлар ҳам рисоладагидек ўйнашга имкон беришмайди.
- Демак, ҳакамларга ҳам эътирозларингиз бор?..
- Ҳа, ҳакамлар ўз ишларини сидқидилдан бажаришмаяпти. Ҳамма ҳакамлар ҳам савиясиз демоқчи эмасман. Гуруч курмаксиз бўлмайди.
Ҳакамлар орасида «қовун» тушираётганлари, афсуски йўқ эмас. Бу йил «Андижанка» жамоаси сафида ҳам ўйнадим ва айнан ўша учрашувларда шундай «бемазагарчиликлар»га гувоҳ бўлдим.
- Сизнингча, ҳакамларга тажриба етишмаяптими?
- Йўқ. Олдинлари ҳакамлар хато қарор чиқариб қўймаслик учун футболчилардан қўрқишарди. Ҳозир улар ўзларини майдонда қиролдек тутишади.
Табиийки, ўзини қирол санаган ҳакамлар нохолис қарорлари билан ўйин натижасига таъсир ўтказишяпти. Мен эркаклар футболини назарда тутмаяпман.
- Мураббийлик - ўзингизга маъқул келяптими?
- Албатта. Фақат ўзига яраша муаммолари бор. Аёллар футбол ассоциацияси аёл мураббийларга амалий ёрдам кўрсатмайди. Яъни уларнинг аёллар жамоасида ишлашига.
Ассоциация фақат эркак мураббийларни таклиф қилиш билан овора. Унда биз лицензия берувчи ўқув-курсларида нега ўқидик?
- Балки аёл мураббий-кадрлар етишмаётгани учундир?
- Асло. Аёл мураббийлар етарли. Нима учун юқорида айтган воқеа содир бўляпти, биласизми? Эркаклар жамоаларида ишлай олмайдиган мураббийлар аёллар клубларидан паноҳ топишяпти.
- Терма жамоа ёки олий лига клубларининг бирида бош мураббий бўлиб ишлаш режангизда борми? Бу борада таклифлар олмадингизми?
- Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ишлашга улгурдим. 2013 йилда қитъа чемпионатининг финал босқичига чиқишга муваффақ бўлгандик. Мусобақада Корея билан дуранг ўйнаб, тай қизларига эса имкониятни бой бериб қўйган эдик.
Ўшандан кейин ёрдамчим Баҳром Норсафаров федерация мутасаддиларига нима деган, билмадим-у, лекин мени ишдан олишганди. Уни эса терма жамоага бош мураббий этиб тайинлашган.
- Мураббийлик фаолиятингизда асқотиб қолиши нуқтаи назаридан эркаклар жамоалари ўртасидаги олий лига ўйинларини кузатиб борасизми?
- Агар вақтим бўлса, ўйинларни бевосита стадиондан кузатаман. Ҳозирда ўғлим «Обод» жамоасида ўйнаяпти.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20