Қайднома

Қидирув

ЎФФ ва ОАВ ҳамкорлиги қанчалик фойда келтириши мумкин?

ЎФФ ва ОАВ ҳамкорлиги қанчалик фойда келтириши мумкин?

  19.10.2017 00:47
  0
  809
ЎФФ ва ОАВ ҳамкорлиги қанчалик фойда келтириши мумкин?

Яқинда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати ташаббуси билан журналистлар йиғилиши ўтказилди. Ўша тадбир давомида «Спорт» телеканали шарҳловчиси Элдор Мустафоев Туркияда бўлган қизиқ воқеани гапириб берган эди.

«Сафар чоғи ҳамкасбларимиз таклифига кўра, турк журналистларининг худди шундай йиғилишида қатнашгандим. Биздагидан фарқли ўлароқ, у ерда кўпроқ одам йиғилганди, жуда қизғин баҳс-мунозара кузатилганди.

Туркчани тушунишда бироз қийналганим сабабли мезбонлардан нималар бўлаётганини тушунтириб беришларини сўрадим. Уларнинг жавоби эса мени анча ҳайрон қолдирди.

- Шу ерда йиғилганларни кўряпсизми? - дея менга савол билан мурожаат қилди хорижлик ҳамкасбим. - Турк футболини кўтарган ҳам, уни Европада рақобатбардош қилган ҳам, маҳаллий чемпионатда келишилган ўйинларга қарши курашган ҳам, терма жамоадаги муаммоларни гапирадиганлар ҳам - мана шулар.

Ҳозир турк футболи қай даражада ривожланган бўлса, ҳаммаси бизнинг меҳнатларимиз маҳсули. Ҳаттоки, Туркия футбол федерацияси ҳам журналистлар билан ҳисоблашади.

Билишимча, турк журналистлари мамлакат футбол федерациясини шу қадар кўп танқид қилишган эканки, аввалига улар ўртасида жуда катта ихтилоф юзага келган.

Аммо кейинчалик турли низолар икки томонга ҳам зарар келтиришини англаб, ўзаро иттифоқ тузишган. Ҳозирда Туркия футболида қандай ҳолат юзага келмасин, ҳар доим матбуотга бу ҳақда хабар берилади».

Очиғи, журналистлар учрашувида бунга ўхшаш гаплар кўп айтилди. Аммо шахсан ўзимнинг ёдимда Элдор Мустафоев томонидан келтирилган мана шу мисол қолиб кетди.

Чунки Ўзбекистон футболида ҳам ҳозир катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Энг муҳими, ЎФФ раҳбарияти матбуотда ёритилаётган янгиликларни эътиборсиз қолдирмаяпти ва ҳар бирини ўрганиб бормоқда.

Шу билан бирга ўзбек футболини ривожлантиришда журналистлар билан ҳамкорлик қилиш ташаббусини ҳам айнан федерациянинг ўзи кўтариб чиқмоқда.

Ўзбекистонда спорт журналистикаси етарлича ривожланган, деб айтиш мумкин.

Ҳозирда юртимизда бир нечта интернет сайтлари футбол янгиликларини ёритиш билан банд, бирор муаммо туғилиши ҳамоно дарҳол ёзиб чиқади. Босма матбуот мухлисларнинг футболга бўлган чанқоғини қондириб келаётганига эса анча вақт бўлган.

Шунингдек, «Спорт» телеканали фаолияти анча яхшиланган, алоҳида «Футбол ТВ» канали очилди.

Буларнинг барини фақат ижобий ҳолат сифатида баҳолаш мумкин. Аммо энг катта муаммо шундаки, айни вақтга қадар мана шу газета, сайт ва телеканалларда ёритиб келинган муаммолар беэътибор қолдирилди.

Гарчи ЎФФнинг аввалги раҳбарияти даврида янги стадионлар қурилган, эскилари таъмирдан чиқарилган ва бутун бошли инфратузилма яратилган бўлсада, футболимиздаги кўплаб муаммолар ечимини топмай қолиб кетди.

Натижа эса маълум, Ўзбекистон терма жамоаси ҳозирга қадар бирор марта жаҳон чемпионатида иштирок этмади.

Энди давр ўзгарди. ЎФФ бундан буён муаммоларга кўз юммайди, балки ҳал қилади. Ҳар ҳолда бизга шундай ваъда берилмоқда.

Федерация президенти Умид Аҳмаджоновнинг шахсан ўзи журналистларни ЎФФга келиб, ўз таклиф-мулоҳазаларини билдиришга чақирди. Шунақа бўлишини бир йил олдин ҳам тасаввур қилиш анча қийин эди.

Юқорида турк журналистлари қай даражада катта уринишлар натижасида Туркия футбол федерацияси билан ҳамкорликни йўлга қўйишганини мисол тариқасида келтириб ўтдик. Бизда эса ортиқча уринишга ҳожат йўқ, ЎФФнинг ўзи матбуотни бирлашишга чақирмоқда.

Раҳбарият ташаббус кўрсатишга чорлаётган эканми, демак бу ёғига барчамиз ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшадиган ҳар қандай ғоя ва фикр-мулоҳазаларни тақдим этишимиз даркор.

Аниқроғи, ушбу жараёнда фаол қатнашиш мақсадга мувофиқ. Федерация эшитади, қиладиган ишлар эса бисёр.

Профессионал футбол лигаси савияси, келишилган ўйинларга қарши кураш, терма жамоа атрофидаги машмашалар - буларнинг барчасини ҳал қилиш кўп меҳнат талаб этади.

Умар БЕК


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

30 - Дания

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.