Қайднома

Қидирув

Келишилган ўйинлар оқаваси ёки янгиланаётган жамоа жасорати!

Келишилган ўйинлар оқаваси ёки янгиланаётган жамоа жасорати!

  19.10.2017 06:23
  0
  2337
Келишилган ўйинлар оқаваси ёки янгиланаётган жамоа жасорати!

Муҳтарам мухлис! Атрофни кузатсангиз, аввалгидан бошқачароқ ҳаёт нафасини ҳис қиласиз. Одамлардаги ўзгаришлардан ҳайратланишингиз ортиқча.

Чунки улар каби ўзингиз ҳам ўзгачароқ мулоҳаза юрита бошладингиз аллақачон. Фақат бу ўзгаришлар бир қарашда яққол сезилмайди.

Балки сўнгги бир йил ичида кузатилаётган кетма-кет ижобий ҳодисаларга кўникиб қолгандирмиз. Аслида ҳаётнинг табиати янгиланишдан иборат.

Авваллари дунёдаги турли янгиликларни эшитиб, шундай занжирсимон ислоҳотлар ичра яшаётганларга ҳавас билан боқардик. Қарангки, энди ўзимиз ҳам янгиланишлар уммонида сузмоқдамиз гўё.

Яқиндагина пахта терими малол келаётган киши бугун далалардаги мўл ҳосилни тезроқ йиғиштириб олиш ҳақида қайғурмоқда.

Шу тариқа ҳамюртларимиз янгиланиш белгисидаги жамоанинг ҳақиқий аъзосига айланиб боришмоқда...

Ёдингизда бўлса, охирги икки мақоламизни «Олий лига осмонида момақалдироқ», «Қачон футбол бўласан, бенаво ўйин?» деб номлагандик. Аввалгилари каби бу иккиси ҳам ёруқ ниятларга тўла ташвиш ила ёзилганди. Нега? Аёнки, момақалдироқ - узоқ давом этмайдиган табиат ҳодисаси.

Шу маънода олий лига осмонида момақалдироқ гумбирлашининг ўзи бизни тўлиқ қаноатлантирмасди. Чунончи, олий лига осмонида безовта чақмоқлар чақиб, ёмғир шаррос қуйишини, қора булутлар тарқаб, футбол ҳавоси мусаффолашишини истагандик.

Кўриниб турибдики, «Олий лига осмонида момақалдироқ» сарлавҳасига юзаки қараганда, шодлик мужассам, моҳиятан эса унинг бағрида оғриқ ва ташвишлар яширин. Футболни ҳалол кураш ва рақобатдан холи «ўйин»га айлантирмаслик билан боғлиқ мулоҳазалар ҳам шу кайфият амри бўйича қоғозга тушди.

Олий лига баҳсларидан сўнг мухлислар кўпинча «Яна «ўйин» қилиб юборишди!» дейишади ҳафсаласизлик билан. Бизни тобора урчиб бораётган мана шу ҳафсаласизлик вируси хавотирга соларди.

Мухлислик шаънини ушлаб турувчи, унинг футболга нисбатан иштиёқини белгиловчи ҳафсала ҳимояга муҳтожлик сезаётганди. Таъбир жоиз бўлса, ҳимояга муҳтож ҳафсала изтиробдан тўлғонаётган футболимиз аксланаётган кўзгу эди мутасаддилар учун.

Ниҳоят, бу кўзгуга ҳам назар ташлашди мутасаддилар. «Биз томонга бир-бир боқиб қўй!» дея нола чекаётган кўзгуни янги қўллар тутиб турибди.

Ҳа, ПФЛ таркибининг мутлақо янгиланишини шундай таърифладик. Бундан-да ортиқ таъриф ва таҳлилларга лойиқ мазкур янгиланиш.

Негаки, ПФЛдаги туб ўзгаришлар бутун бошли футбол муҳитимиз келажакда қандай бўлишини белгилайди. Мана, ҳал қилувчи залворли қадам босилди. Энди ҳамма гап янгиланишлар самара бериши учун белни маҳкам боғлаб изланишда. Йўқ, изланишнинг ўзи кам.

Футболимиздаги ислоҳотлар ғалабаси йўлида биргаликда курашишимиз шарт. «Пахтакор» - «Қўқон-1912», «Металлург» - «Бунёдкор» учрашувлари томошасидан сўнг зукко мухлислар ҳам шундай мулоҳаза юритишганига ишончимиз комил.

«Пахтакор» ва «Бунёдкор» - олий лиганинг етакчи жамоалари сифатида футболимизнинг юз-кўзи. Афсуски, ҳар икки жамоа зиммасидаги айни юксак масъулиятни чуқур англаётганини айтиш қийин.

Бизнингча, том маънодаги етакчи жамоа ўз иқлими, руҳияти, фалсафаси билан ички чемпионатларга сездирмайгина таъсир ўтказади. Халқимизнинг «Бош бошлайди, оёқ ташлайди» нақли бежиз айтилмаган.

«Навбаҳор» -«Пахтакор» учрашувида «шерлар» етакчилик важоҳати билан «лочинлар»ни парвозга ундашганди. Илҳом Мўминжонов шогирдларини бу чорлов илҳомлантирди ва мухлислар қизғин курашларга бой баҳс гувоҳига айланишди.

Эътибор беринг, гап юқори савия хусусида боряпти. Ҳозир биз учун муҳими - олий лигада ҳалол рақобатнинг таъминланиши. Соғлом рақобат жамоалар ҳаракатига сингдирилса, савия табиий равишда аста-секин ўсиб бораверади.

«Пахтакор» - «Қўқон-1912» баҳсида арзирли қизғинлик, рақобат кайфияти кузатилмади. Бунга, аввало, «шерлар»даги номаъқул руҳият айбдор. Уларнинг вазифаси - ҳар бир баҳсда шерлардек наъра тортиб тўп суриш.

Агар Шота Арвеладзе шогирдлари жанговар кайфиятда тўп суришганида, «Қўқон-1912» ҳам майдонда ўзгачароқ ҳаракатланарди, ҳакамлар ҳам ҳушёр тортишарми-ди? «Пахтакор»нинг яна бир айби 2та гол уриш билан чекланганида ёки ҳисобга олинмаган гол боис, ҳафсаласизликка берилганида.

Жамоада куч, салоҳият мавжуд. Аммо майдонда бу имкондан охиригача фойдаланмаяпти. Натижада баҳс савияси пасайиб, томошабоплик йўқолмоқда.

Етакчи жамоалар аъзолари ғалаба қозониш ишончи билан чекланмасалар, ортиқча куч сарфлашдан қочмасалар, рақиблар дарвозасига кетма-кет голлар «ёғдирсалар», футболимиз ўзгаради, албатта. Муҳими, бошқа жамоаларда ҳам масъулият ошади.

Шундай йўл таъсиридагина, дейлик, «Сўғдиёна» клуби «Динамо» ёки «Машъал» каби ўртамиёна рақиблар билан дуранг ўйнайвермайди. Биз бу каби учрашувларда келишув борлиги фикридан мутлақо йироқмиз.

Ўртамиёна жамоаларнинг ҳафсаласизлик руҳи дуранг ёки мағлубият сари етакламоқда. Мисол учун, Нўъмон Ҳасанов шогирдлари пойтахтда иккинчи голни қўйиб юборишгач, «шерлар» дарвозаси томон айтарли ҳужум уюштиришмади.

Ҳисоб 2:0 бўлиб турганида ҳам, мағлубиятга учраётган жамоанинг ҳужумга отланмаслигини, лоақал битта гол уриш умидида таваккал иш тутмаслигини қандай баҳоламоқ лозим?

Бундай бўйсунувчан кайфият, учрашувни бир илож  якунлаш илинжи - ўша келишилган ўйинлар оқаваси. «Металлург»нинг «Бунёдкор» устидан ғалаба қозона туриб, қандай ҳолатда тўп ўтказиб юборганини кўрдингизми? Ўйин якунланиш арафасида, ҳисоб қалтис бўлиб турган вазиятда Рустам Мирсодиқов нима сабабки, икки тажрибали футболчини алмаштирди?

«Манчестер Сити» - «Сток Сити» ўйинида ҳисоб 6:2 кўринишини олгач, Хосеп Гвардиоланинг Кевин де Брюйнени алмаштирганини тушуниш мумкин. Ҳар ҳолда, ҳисоб ўта йирик, қолаверса, ЕЧЛ гуруҳ босқичи доирасида «Наполи»га қарши муҳим баҳс бор.

Рустам Мирсодиқовнинг алмаштиришларида эса мантиқ йўқдек. У ўйин якунида ёш футболчиларга эмас, аксинча, баҳс қаҳрамонларига суяниши керак эди. Мураббий эса негадир тескари йўлдан борди ва Фаррух Икромов жиддий қаршиликсиз жавоб тўпини йўллади.

Ўша вазиятда нега бошқа футболчилар ҳам ҳимояга ўтишмади? Ахир бир тўп фарқи билан ғалаба қозонаётган жамоа баҳснинг сўнгги дақиқасида фақат ҳимоя ҳақида ўйламайдими?

Нима учун футболчилар ғалабани сақлаб қолиш учун ҳафсала билан ўйнашмайди? Умид қиламизки, янги таркибдаги ПФЛ яқин келажакда бу саволларга аниқ жавоблар қайтаради.

Зеро, зукко мухлис сўнгги дақиқада «Уотфорд»нинг ҳужумини ўтказиб юборган «Арсенал» ҳимоясини, «Лацио» жарима майдончасида кечган қизғин курашни ва Пауло Дибала амалга оширолмаган пенальтини кузатди.

Биз тилга олган сўнгги дақиқалардаги вазиятлар бир-биридан кескин фарқланади. Бирида ҳафсаласизлик, қолган иккисида кураш руҳи ҳукмрон. Шу фарқ - футболимизнинг аламли қийноғидир!

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz