Қайднома

Қидирув

Ҳайратга бой «Уик-энд» ёки яна кучли бешлик ҳақида

Ҳайратга бой «Уик-энд» ёки яна кучли бешлик ҳақида

  18.10.2017 21:11
  0
  1182
Ҳайратга бой «Уик-энд» ёки яна кучли бешлик ҳақида

Мауро Икарди сўнгги беш йил ичида Милан дербисида «хет-трик»ка эришган биринчи футболчига айланди. Криштиану Роналду жорий мавсум примерадаги илк голини урди. Юпп Хайнкес эса 72 ёшида «Бавария»га қайтишини ажойиб ғалаба билан нишонлади. Ўтган ҳафта Европа футболида рўй берган шу ва бошқа воқеалар билан танишамиз.

Англия. Шов-шувли мағлубият

«Ливерпуль» ва «МЮ» ўртасидаги турнинг марказий учрашуви ишқибозлар кутгандек кечмади. Меҳмонлар биринчи бўлимда рақиб дарвозаси олдида фаоллик кўрсатишганига қарамай, танаффусдан сўнг тўлиқ ҳимоя­ланишди. Моуриньо мазкур ҳолатни Неманья Матичнинг чарчаб қолгани билан изоҳлади. Хуллас, жамоалар бир-иккита зарба йўллаб, нурсиз дуранг қайд этишди.

«Қизил иблислар»нинг қоқилишидан «Манчестер Сити» унумли фойдаланиб, «Сток Сити»ни 7:2 ҳисобида енгди. Ғалабадан руҳланган Хосеп Гвардиола учрашувдан сўнг бу «шаҳарликлар»нинг энг яхши ўйини эканлигини таъкидлади. Шу тариқа, «Сити» якка пешқадамга айланиб олди.

Асосий ўйинчиларидан айрилган амалдаги чемпион эса навбатдаги турда қаторасига иккинчи марта мағлубиятга учради. Антонио Конте шогирдлари сафарда «Крис­тал Пэлас»га ютқазишди. Эътиборлиси, «бургутлар» сўнгги етти ўйинда нафақат очко тўплашмаган, балки бирорта гол ҳам уришмаганди. Сесар Аспиликуэтанинг автоголидан сўнг Тьемуэ Бакайоко мувозанатни тиклаганди. Бироқ шу куни майдон эгалари сафида энг фаол футболчига айланган Уилфрид Заха биринчи бўлим охирида жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди. Қизиғи, «Челси» мағлубиятдан қутулиб қолиш учун унчалик ошиқмади ва баҳс Рой Хожсон шогирдларининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан хотима топди.

«Арсенал» ҳам худди шундай ҳисобда «Уотфорд»га ютқазди. Ғалаба голи 92-дақиқада урилди. Ўйиндан сўнг Арсен Венгер «канонирлар» дарвозаси томон белгиланган пенальтининг ноҳақлигини таъкидлади.

Испания. 6 дақиқада 3та гол

«Барселона» примеранинг 8-турида мағлубиятга жуда яқин келди. «Атлетико» майдонига уюштириладиган сафар ҳеч бир жамоага осон кечмаслиги аниқ, шу қаторда каталонияликлар учун ҳам. Диего Симеоне шогирдлари биринчи бўлимда яхши ҳимояланиб, ҳисобни очишга эришишди. Гол муаллифи - Сауль. Аммо сўнгги 30 дақиқаликда «Барса» ташаббусга эришиб, якунда мувозанатни тиклади. Финал ҳуштаги чалинишига 10 дақиқа қолганда Луис Суарес боши билан дарвозани ишғол қилди. Лионель Мессига эса бу сафар тўп киритиш насиб этмади.

Шунингдек, Криштиану Роналду жорий мавсум примерадаги дебют голини урди. «Хетафе»га қарши кечган баҳсда у киритган тўп «Реал»га ғалаба келтирди. Ушбу муваффақият орқали «Қироллик клуби» маҳаллий чемпионатнинг яна бир рекордини қайд этиб, қаторасига 13та сафар ўйинида зафар қучган Испаниянинг биринчи жамоасига айланди.

Навбатдаги турда «Бетис» устидан 6:3 ҳисобида ғалабага эришган «Валенсия» иккинчи ўринга жойлашди. Ҳозирча бу мавсумнинг энг сермаҳсул ўйини бўлиб турибди. Эътиборлиси, «кўршапалаклар» 4:0 кўринишида олдинда боришаётганди, аммо рақиб олти дақиқа ичида учта тўп киритди. Мағлубиятдан қутулиб қолиш илинжида олдинга ташланган «Бетис» яна иккита қарши ҳужумни ўтказиб юборди.

«Севилья» эса «Атлетик»ка ютқазди. Бу ҳам етмагандек, андалусияликлар сафидаги етакчилар - Стивен Н~Зонзи ҳамда Симон Кьер жароҳат олишди. Албатта, ЕЧЛ баҳслари олдидан бу катта йўқотиш.

Италия. Икардининг «бенефис»и

«А» серияда турнинг марказий учрашуви анча шиддатли ўтди, «Интер» сардори Мауро Икарди эса ўйин қаҳрамонига айланди. У сўнгги беш йил ичида Милан дербисида «хет-трик» қайд этган биринчи футболчига айланди. Бунга қадар 2012 йилнинг май ойида «нерадзурри» ҳужумчиси Диего Милито шундай натижага эришганди. Дастлаб Икарди ҳисобни очди, аммо «Милан» Сусонинг аниқ зарбаси эвазига мувозанатни тиклади. Ушбу гол «Интер»га салбий таъсир ўтказадигандек туюлганда, Мауро яна ўзини кўрсатди: Иван Перишич томонидан узатилган тўпни рақиб дарвозасига жойлади - 2:1. «Россонери» ҳисобни тенглаштиришга эришганди, бироқ Рикардо Родригес ўз жарима майдончасида қўполлик ишлатгач, ҳакам пенальти белгилади. Уни эса ўша Икардининг ўзи аниқ амалга ошириб, жамоасига ғалабани туҳфа этди.

Бошқа бир диққатга молик воқеа Туринда рўй берди. «Ювентус» бу турда нафақат очко йўқотди, балки икки йиллик танаффусдан сўнг илк маротаба ўз майдонида ютқазди. Бу сафар амалдаги чемпионни «Лацио» ранжитди. «Кекса синьора» аъзоси Дуглас Костанинг голидан кейин ўзига келиб олган римликлар танаффусдан сўнг мувозанатни ўзлари томон оғдира билишди. Чиро Иммобиле иккита гол уриб, «А» серия тўпурарлари рўйхатида пешқадамга айланди. Ўйин охирида «Ювентус» мағлубиятдан қутулиб қолиши мумкин эди. Аммо Пауло Дибала ҳакам томонидан белгиланган пенальтини аниқ амалга оширолмади. Томас Стракоша тўп йўналишини тўғри топиб, зарбани бартараф этди ва шу заҳоти финал ҳуштаги чалинди. Бу воқеа учрашувнинг 97-дақиқасига тўғри келди.

«Ювентус»нинг очко йўқотиши «Наполи»га қўл келди. Сафарда Римнинг бошқа бир клуби - «Рома»ни кичик ҳисобда мағлуб этган неаполликлар пешқадамликни мус­таҳкамлаб, «кучли бешлик» чемпионатларида очко йўқотмаган ягона жамоага айланишди.

Германия. Хайнкеснинг омадли қайтиши

«Бавария» Юпп Хайнкес бошчилигидаги дастлабки ўйинида «Фрайбург»ни йирик ҳисобда енгди. Тажрибали мутахассиснинг қайтишидан қувонган мюнхенликлар рақибни аяшмади. Ўз навбатида, Хайнкес бундеслигада ишлаган энг кекса мураббийлар рўйхатида учинчи ўринни эгаллади. 72 ёшли мутахассис бу борада Фред Шульц (74 ёшу 184 кун) ҳамда Отто Рехагель (73 ёшу 270 кун)дан ортда бормоқда. Умуман, тажрибали мураббий йирик ғалабани анча хотиржам қабул қилди.

Ўз майдонидаги узоқ муддатли мағлубиятсиз серия якуни фақат «Ювентус»га тааллуқли эмас. Дортмунднинг «Боруссия»си 2015 йилнинг апрелидан буён ўзи мезбонлик қилган учрашувларда мағлубиятга учрамаётганди. Тўғри, бу ўринда гап фақат бундеслига баҳслари ҳақида бормоқда. Орадан 2,5 йил ўтиб, вице-чемпион «Лейпциг» «Сигнал Идуна Парк»да ғалаба нашидасини сурди. Эътиборлиси, Тимо Вернернинг сафда йўқлиги ҳам меҳмонларнинг муваффақият қозонишларига тўс­қинлик қилолмади. «Бешиктош»га қарши кечган ЕЧЛ баҳсида ишқибозларнинг кучли шовқини маҳоратли ҳужумчининг соғлиғига салбий таъсир ўтказганди. Бевосита Дортмунддаги ўйин ҳақида гапирадиган бўлсак, Пьер-Эмерик Обамеянг 4-дақиқадаёқ ҳисобни очганди, аммо «РБ Лейпциг» бунга учта гол билан жавоб қайтарди. Габонлик ҳужумчи пенальтидан тўп киритиб, мағлубиятдан қутулиб қолишга умид бағишлаганди, аммо Петер Бош шогирдлари буни уддалай олишмади.

Ўз майдонида «Аугсбург» билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган «Хоффенхайм» Дортмунддан 3 очко билан қайтган «Лейпциг»га учинчи ўринни бўшатиб берди. Шунингдек, Менхенгладбахнинг «Боруссия»си ҳам Бременда «Вердер» устидан ғалаба қозониб, турнир жадвалидаги ўрнини сақлаб қолди.

Франция. Меньенинг «дубл»и ва ҳакамнинг хатоси

«ПСЖ» президенти Носир ал Ҳелайфининг коррупция билан боғлиқ можароларга аралашиб қолгани клубга салбий таъсир ўтказган чоғи, парижликлар «Дижон»­ни базўр мағлубиятга учратишди. Килиан Мбаппе, Неймар ва Эдинсон Кавани жимлик сақлаган паллада катта саҳнага ўнг қанот ҳимоячиси Томас Менье чиқди. Бельгиялик футболчининг «дубл»и «ПСЖ»га ғалаба келтирди. Қизиғи, унинг иккинчи голи 92-дақиқада урилди. Ўйиндан сўнг Менье ўзининг трансфер қиймати борасида ҳазиллашишга ҳам улгурди: «Одатда, голларни Мбаппе ва Неймар уришади. Аммо кийиниш хонасида уларга «Менинг 6 миллионим сизларнинг 400 миллионингизни ортда қолдирди», дедим».

«ПСЖ» ўйин сўнгида ғалаба голини урган бўлса, «Монако» ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда дарвозасидан тўп ўтказиб юборди. «Лион»га қарши кечган баҳсда асли келиб чиқиши жазоирлик бўлган Набил Фақир қаҳрамонга айланди. У рақиб посбонини икки марта ранжитишдан ташқари, битта самарали узатма муаллифи бўлди. Натижада монегасклар аламли мағлубиятга кўнишдан ўзга илож топа олишмади - 2:3.

«Лилль» - «Труа» баҳсида эса ҳакамларнинг қарори билан боғлиқ можаро юзага келди. Учрашув рефериси Ҳаким Бен ал Ҳожи 91-дақиқада майдон эгалари дарвозаси томон пенальти белгилаб, Эдгар Йега қизил карточка кўрсатди. Муаммо шундаки, четлатилган футболчи ўша вазиятда умуман қатнашмаган, шунчаки, ҳакамга яқин жойда ҳаракатланганди, холос.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz