Қайднома

Қидирув

Форс ва Осиё афсонаси Али Дайи ҳақида нималарни биласиз?

Форс ва Осиё афсонаси Али Дайи ҳақида нималарни биласиз?

  21.10.2017 06:26
  0
  1706
Форс ва Осиё афсонаси Али Дайи ҳақида нималарни биласиз?

Эрон футболи афсонаси Али Дайи миллий жамоаси сафида 100тадан кўп гол урган. Бу борада унинг номи Пеле, Ференц Пушкаш, Криштиану Роналду ва Лионель Месси қаторида тилга олинади.

Али Дайи Эрон термасида 149та ўйинда майдонга тушиб, 109та гол урган. У футболчилик фаолиятини «Истиқлол» (Ардабил), «Таксирани», «Банк Тежарат», «Пирузи», «Ал-Садд», «Арминия», «Бавария», «Герта», «Ал-Шабаб», «Сабо-Баттери», «Сайпа» каби клубларда ўтказган.

Али Дайи 1969 йил 21 мартда Ардабил шаҳрида таваллуд топган. 1983-1988 йилларда Ардабилдаги маҳаллий «Истиқлол» клубида миллионлар ўйини сир-асрорларини қунт билан ўрганиб, катта футболга кириб келди. Катта майдонга илк қадамларини 1988 йилда қўйган.

1994 йили унга «Пирузи» мураббийлари қизиқиб қолиб, дарҳол клубга таклиф этишади. Шу воқеадан сўнг Дайининг ҳаёти тубдан ўзгариб, профессионал футбол нималигини ҳис қила бошлайди.

Ёш ҳужумчи учун айниқса, «Пирузи» сафида ўтказган 1995|1996 йиллар мавсуми ёдда қоларли тарзда кечган. Дайи шунингдек, 1996 йилги Осиё кубогида ҳам ўзини кўрсатиб, мухлисларга Осиёнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири сифатида танилади.

Эрон термаси Осиё кубоги-96да Али Дайининг голлари сабаб аввалига Саудия Арабистони, кейин Жанубий Корея каби кучли рақибларни мағлуб этади. Айниқса, кореяликлар билан кечган чорак финал ўйинида (6:2) форс афсонаси тўртта гол уришга муваффақ бўлади.

«Мана шу ўйин менинг фаолиятимни тубдан ўзгартириб юборганди, - дейди эронлик тўпурар. - Осиё кубогидан сўнг менга Европа эшиклари очилди, Германияга йўл олиб, ўша ерда ўйнай бошладим». Али Дайи умумий ҳисобда 1996 йилги Осиё чемпионатида 8та тўп киритишга эришган.

Маҳоратли ҳужумчи Германиянинг «Арминия» клубига бориб қўшилган пайт 28 ёшда эди. У бир мавсум ушбу жамоа сафида тўп сургач, дарҳол «Бавария» эътиборини қозонади ва мавсум якунида Мюнхенга йўл олади. Али Дайи янги клуби таркибида Европа Чемпионлар Лигасида ўйнаган илк эронлик футболчи сифатида тарихга киради.

Қолаверса, жамоаси билан бундеслигада ғолиб чиқади. 1999 йилнинг ярмида у «Бавария»ни тарк этиб, «Герта» сафига бориб қўшилади ва шу йили Осиёнинг энг яхши футболчиси, деб топилади.

Дайи фаолиятининг уч йилини Германия пойтахтида ўтказган. У «Герта» сафида Европа Чемпионлар Лигаси баҳсларида майдонга тушиб, «Челси» ва «Милан» дарвозасига чиройли голлар урган.

«Германияда яшаб, жуда кўп нарсани ўргандим, - деб хотирлайди собиқ форвард. - Шулардан энг муҳими, бу жамоада тартиб-интизомнинг биринчи ўринга қўйилишидир».

1998 йил 14 декабрда Осиё ўйинлари доирасида Али Дайи Ўзбекистон дарвозасига 3та гол йўллаган эди. Эронлик тўпурар Али Дайи ЖЧ-1998 ва 2000 йилги Осиё кубогида ҳам ўзини кўрсатган.

Хусусан, 2000 йилнинг ўзида терма жамоа сафида 20та тўп киритган. Аммо орадан икки йил ўтиб, Али Дайи мундиалда ­қатнаша олмайди.

Чунки саралашнинг қитъалараро «плей-офф» баҳсида Эрон Ирландияга ютқазиб қўяди. Умуман олганда, у ЖЧ-1998 ва ЖЧ-2006 турнирларида 10-рақам эгаси сифатида Эрон терма жамоаси билан қатнашган.

2003 йилнинг 28 ноябри­да Эрон Ливанга қарши баҳс олиб боради. Ўйиннинг 85-дақиқасида Али Дайи рақиб дарвозасини ишғол этиб, афсонавий Ференц Пушкашни ортда қолдиради ва термаси учун энг кўп гол урган футболчига айланади.

2004 йил 17 ноябрда эса ЖЧ-2006 саралаши доирасида Лаосга қарши ­баҳс­да­ «покер» қайд этгач, миллий жамоа таркибида киритган тўплари сони 102тага етди. У терма учун охирги голини 2006 йилнинг 1 мартида Коста-Рика дарвозасига урган.

«Ҳамма голларим Эрон халқи учун, агар жамоадошларим ва мухлислар кўмаги бўлмаганида, мен бундай муваффақиятга эришолмасдим», - дейди Али Дайи.

Вақт ўтиб, унинг рекордини кимдир янгилай оладими?

Собиқ футболчи бу саволга жавоб берар экан, шундай дейди: «Футболда ҳамма нарса янгиланиб бормоқда, шундай экан, бир кун келиб мазкур кўрсаткич ҳам янгиланиши мумкин». Футболчининг мураббийлик фаолияти ҳақида эса бир кун батафсил баён этармиз.

Лекин бир нарсани ишонч билан айтиш керакки, у ҳали-ҳамон Эрон футболи ривожи учун енг шимариб меҳнат қилмоқда.

ФИФА футбол қўмитаси аъзоси Али Дайи 2012 йилда Лионель Месси ва Жозе Моуриньо хусусида нималар деган?

«Тан олиш керак, Роналду ажойиб футболчи. Лекин фикримча, унга ўхшаш ўйинчиларни топиш мумкин. Аммо Месси, Хави ёки Иньеста кабилар бошқа йўқ.

Менга Лео ва «Барселона»нинг икки ярим ҳимоячиси кўрсатаётган ўйин жуда ёқади. Бундан ташқари, Гвардиола давридаги «Барселона» жамоаси мухлиси эдим.

Моуриньо - дунёнинг энг яхши уч мураббийидан бири. Лекин менга унинг феъл-атвори ёқмайди. Қаерда ишламасин, совринлар ютган. Аммо танлаш керак бўлса, Гвардиола вариантида тўхталаман».

Автоҳалокат. 2012 йил 17 март куни Али Даи автоҳалокатга учради. Бу воқеа Дайи ўз жамоаси «Роҳ-Оҳан»нинг машғулотларидан Теҳронга қайтаётганида содир бўлган.

42 ёшли мутахассиснинг автомашинаси ағдарилиб кетиши оқибатида собиқ футболчининг бош суяги ва қулоғига жароҳат етган. Ҳалокат тафсилотлари ошкор қилинмаганди.

Ўшанда ҳатто Зепп Блаттер ҳам ўзининг «Твиттер»­даги саҳифаси орқали Дайига соғлик тилаганди.

ФИКРАТ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz