Қайднома

Қидирув

Савия… Даража... Шиддат… Ёхуд дунёдаги энг кучли чемпионатни аниқлаймиз

Савия… Даража... Шиддат… Ёхуд дунёдаги энг кучли чемпионатни аниқлаймиз

  21.10.2017 00:33
  0
  1818
Савия… Даража... Шиддат… Ёхуд дунёдаги энг кучли чемпионатни аниқлаймиз

Спорт тадқиқотлари халқаро маркази (CIES) Европанинг 35та мамлакатидаги лигаларда ўтказиладиган ўйинлар сифати ва қизғинлигини таҳлил қилиб, якуний хулосани кенг футбол жамоатчилигига тақдим этди.

Швейцариядаги мазкур компания­нинг энг фаол департаментларидан бири миллионлар ўйинига ихтисослашган.

У ҳар ой бизни янги тадқиқотлар билан хушнуд этади. Бу сафар спорт олимлари «кўҳна қитъа»даги 30та етакчи чемпионатлар ҳамда «кучли бешлик»даги 5та иккинчи лига баҳсларини (Англия, Испания, Германия, Италия ва Франция) текшириб, очиқлик, шиддат, мазмунли учрашувларга бой биринчиликларни аниқлашдан ташқари, ички чемпионатдаги клублар даражасидаги тафовутни ўзаро солиштиришди.

Маълум бўлишича, Россиядаги футбол сифати анча юқори даражада экан. Аммо бу омил бевосита ўйиннинг ўзига тааллуқли.

Футболчилар савиясини майдонга кўчириб, баҳсларга кескинлик бағишлаш имкони топилмаяпти. Қуйидаги олтита турли тадқиқотларга назар ташласангиз, бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўлишингиз мумкин.

1. Футболчилар даражаси

CIES ташкилотининг дастлабки таҳлили ўйиндаги аниқ узатмаларга асосланган. Ушбу кўрсаткичлар муайян лигадаги жамоа таркибидан жой олган футболчилар даражасига аниқлик киритади.

Натижалар буни яққол исботлаб турибди. «Кучли бешлик» лигалари мазкур кўрсаткичлар бў­йича етакчилар ўнлигидан ўрин эгаллашди. Эътиборлиси, Швеция ва Исроил чемпионатлари ушбу рўйхатда 3 ва 4-поғоналарга эга чиқишди.

Россия эса саккизинчи бўлди. Руслардан кейинги ўринларни Туркия ва Голландия эгаллашди. Хулоса шуки, РФПЛда аниқ пас узатиш салоҳиятини ўзлаштирган савияли футболчилар тўп суришади.

                                                Аниқ

                Мамлакат             узатмалар

                                               фоизи   

1             Италия   82,4       

2             Франция               82,2       

3             Швеция 82,0       

4             Исроил  81,8       

5             Англия  81,4       

6             Испания                81,2       

7             Германия             81,1       

8             Россия   81,0       

9             Туркия   80,6       

10           Голландия           80,5       

2. Ўйин тезлиги

Иккинчи таҳлил пасларга бағишланди. Швейцариялик тадқиқотчилар бир дақиқа мобайнида нечта узатма берилишини ҳисоблаб чиқишди.

Уларнинг фикрича, бу борадаги кўрсаткич учрашув вақтида тўпнинг қанчалик тез ҳаракатланиши, бошқа томондан, ўйиндаги жадалликдан дарак беради.

Қолаверса, ҳисоб-китоблар фақат самарали узатмаларга асосланган экан, демак рақамлар кўрсатилаётган ўйин сифатидан сўзлайди.

Юқори бешта ўрин «кучли бешлик» вакилларига насиб қилганига ажабланмасак бўлаверади. Россия бу ерда ҳам етакчилар сафида - 7-поғона. Германия, Франция, Италия, Испания ва Англияни ҳисобламаганда, руслар фақат Польшадан ортда қолишди.

Қизиғи, юқори ўнликдан иккинчи бундеслига ҳам ўрин олди. Ушбу дивизиондаги тўп ҳаракати Туркиядагидан ҳам тезроқ экан.

                                                Самарали паслар

                Мамлакат             (бир дақиқа

                                               мобайнида)

1             Германия             18,21    

2             Франция               18,17    

3             Италия   18,12    

4-5          Испания                17,91    

4-5          Англия  17,91    

6             Польша 17,90    

7             Россия   17,88    

8             Австрия 17,83    

9             Германия (2-д)   17,76    

10           Туркия   17,70    

3. Очиқ ўйин (биринчи тадқиқот)

Учинчи таҳлил анча содда бўлди - CIES 90 дақиқалик ўйиндаги голларнинг ўртача сонини ҳисоблаб чиқди.

Европа лигаларидаги баҳслар очиқлиги шу тариқа баҳоланди. Бу борада Швейцария яққол пешқадамга айланди. Кейинги ўринлар «кучли бешлик»нинг тўрт жамоасига насиб қилди.

Франция 16, Россия эса 33-поғона билан чекланди. Руслар ушбу рўйхатда Германия, Италия, Франция ҳамда Англиянинг иккинчи дивизионларини ҳам олдинга ўтказиб юборишди.

Хулоса шуки, РФПЛдаги футболчилар савияси қанчалик юқори бўлмасин, мураббийлар кўпинча ҳимоявий услубга таянишади.

Тадқиқот натижаларига кўра, мудофаанинг устуворлиги асосан Шар­қий Европа мамлакатларига хос экани ойдинлашди. Ушбу минтақадаги энг яхши кўрсаткич Словакияга тегишли - 14-ўрин.

                Мамлакат             Голлар сони (ўртача)

1             Швейцария          3,16       

2             Голландия           2,98       

3             Швеция 2,94       

4-5          Бельгия 2,86       

4-5          Испания                2,86       

6             Шотландия          2,84       

7             Германия             2,83       

8             Норвегия              2,81       

9             Италия   2,77       

10           Англия  2,75...    

16           Франция               2,61...    

33           Россия   2,28       

4. Очиқ ўйин (иккинчи тадқиқот)

Тўртинчи таҳлилда муайян лигадаги жамоа гол уриш учун қанча вақт сарфлангани ўрганилди. Мазкур ҳолатда фақатгина соф ўйин вақти инобатга олинган.

Яъни, стандартлар, ўйинчи алмаштириш ва шунга ўхшаш вазиятлар чоғида рўй берадиган танаффуслар ҳисоб эмас. Бу сафар юқори ўнталикдан «кучли бешлик»дан фақат икки вакил - Испания ва Германия ўрин олишди.

Англия ҳамда Италия мос равишда 16-17-поғоналарни эгаллашган бўлса, Франция 21-бўлди. Етакчи яна ўша - Швейцария. Унинг ортида Шотландия, Бельгия ва Голландия бор. Россия эса бу гал янада қуйироққа тушди...

Аниқроғи, ушбу таҳлил бўйича фақат Исроилни орқада қолдирди. Мазкур ҳолатни паслар сони ва сифатидаги юқори натижа билан изоҳлаш мумкин - руслар ва исроилликлар тўпни асосан тескари йўналиш бўйлаб узатиш тарафдорилар.

Бундан наф кам, агар дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолиш имконияти ошиши инобатга олинмаса, албатта. У ҳолда, энг яхши ҳимоя - ҳужум эмас, тўпга эгалик қилиш экан-да?!

                                                Гол уришга

                Мамлакат             сарфланган

                                               соф вақт

1             Швейцария          16:17    

2             Шотландия          18:14    

3             Бельгия 18:47    

4             Голландия           18:48    

5             Испания                18:50    

6             Германия             18:52    

7-8          Норвегия              19:07    

7-8          Словакия              19:07    

9             Туркия   19:11    

10           Чехия                    19:19... 

16           Англия  19:51    

17           Италия   20:05... 

21           Франция               20:46... 

34           Россия   23:29    

5. Жамоалар савиясидаги фарқ (биринчи тадқиқот)

CIES шунингдек, бир лигада қатнашадиган клублар даражасидаги тафовутни ҳам ҳисоблаб чиқди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бу борадаги якуний хулоса жарима майдончаси ташқарисидан йўлланган зарбалар фарқидан келиб чиқади.

Мантиқан тўғри: бир ўйинда йўлланган зарбалар сонидаги тафовут катта бўлса, демак, ўша лигада қудратли ва бадавлат клубларнинг кучсиз ва мо­лиявий имкониятлари чекланган рақибларга қарши тўп суришлари тез-тез кузатилади.

Эътиборлиси, мазкур тадқиқотда «кучли бешлик» вакиллари орасида энг юқори кўрсаткич Англияга тегишли - 5-ўрин. Ваҳоланки, туманли ўлкада бой клубларнинг йирик маблағ эвазига таркибларини кучайтиришлари одатий ҳолга айланган.

Шунингдек, бадавлат суперклублар ҳамда «қашшоқ» ўртамиёналарга эга Италия ҳамда Испания чемпионатлари мос равишда 11 ва 13-поғоналарни эгаллашди. Германия, Франция эса қуйироқда жойлашишди. Етакчилик Хорватия, Украина ва Голландияга насиб қилди.

Россия 28-поғонада. Бундан кўринадики, РФПЛ Европадаги тенг даражали клублардан иборат чемпионатлар сафига киради. Аммо руслар ўлкасидаги грандлар, айтайлик, «Зенит» ночор аутсайдерларга қарши тўп сурганда қандай ҳолат рўй беради?

Ахир питерликлар ёзги транфсерлар дарчасидаги харажатлар бўйича «кўҳна қитъа» ўнлигидан жой олишди. Яхшиси, ушбу саволга кейинги тадқиқот билан танишгач, жавоб оламиз.

       Мамлакат              Жарима майдони ташқарисидан йўлланган зарбалар сони

1             Хорватия              5,11       

2             Украина                4,96       

3             Голландия           4,94       

4             Швеция 4,63       

5             Англия  4,56       

6             Словакия              4,55       

7             Швейцария          4,54       

8             Португалия          4,53       

9-10       Белоруссия         4,52       

9-10       Шотландия          4,52       

11           Италия   4,49...    

13           Испания                4,37...    

18           Германия             4,21...    

26           Франция               3,95...    

28           Россия   3,88       

6. Жамоалар савиясидаги фарқ (иккинчи тадқиқот)

Бир ўйинда йўлланган паслар сони ҳам лигалардаги клублар даражасига аниқлик киритиш имконини беради.

Моҳият ўша-ўша, худди жарима майдончаси ташқарисидан йўлланган зарбалар каби, фақат мазкур ҳолатда узатмалар сонидаги фарқ ҳисобланади. Бу борада Европанинг барча бешта топ-лигаси кучлилар ўнталигидан жой олишди.

Германия - биринчи, Англия - учинчи, Италия - олтинчи, Франция - еттинчи, Испания эса Португалия билан тўққизинчи ўринни бўлишди. Россияга 8-поғона насиб қилди. Яъни, паслар сони руслар ўлкасидаги клублар савиясидаги фарқдан дарак бермоқда.

Аввалги тадқиқотда жарима майдончаси ташқарисидан йўлланадиган зарбалар камлиги айтилган, натижада рақибларнинг ўзаро қарама-қаршилигида бу борадаги фарқ катта бўлмаслиги табиий ҳол сифатида қабул қилинганди.

Аммо узатмалар сони алдамайди - кўриниб турибдики, Россиядаги учрашувлар сценарийсини тахмин қилиш қийин эмас - гранд жамоа кучсиз рақибининг ўйинини назорат қилади.

         Мамлакат             Аниқ паслар сонидаги фарқ

1                Германия       195           

2                Украина          179           

3                Англия            176           

4                Исроил           174           

5                Словакия        168           

6                Италия            166           

7                Франция         165           

8                Россия            164           

9                Хорватия        163           

10-11        Португалия    158           

10-11        Испания         158           

Ушбу тадқиқотларга жиддий қараш керакмикан? Натижаларни ёдда тутиш муҳим, аммо бу футболда инқилоб ясалганини англатмайди.

Хусусан, Россиядаги футбол ривожи Европанинг етакчи лигаларидаги муросасиз баҳсларга ҳамоҳанг. РФПЛнинг УЕФА рейтингида олтинчи, яъни «кучли бешлик»дан кейинги ўринни эгаллаб тургани бежиз эмас, албатта.

Ўйинлар шиддатига келсак, Россия ҳали бу борада ўсишга эришиши лозим. Мураббийлар шогирдларидан камроқ тўп ўтказиш эмас, аксинча, кўпроқ гол уришни талаб қилишсин. Шундагина трибуналардаги мухлислар сони ўз-ўзидан ортаверади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz