Қайднома

Қидирув

Роберт Левандовски: «Бавария» учун мавсум қайтадан бошланади»

Роберт Левандовски: «Бавария» учун мавсум қайтадан бошланади»

  22.10.2017 03:41
  0
  1180
Роберт Левандовски: «Бавария» учун мавсум қайтадан бошланади»

Польша миллий жамоаси ЖЧ-2018 саралашини муваффақиятли якунлади. Бунда квалификацион ўйинларда 16та гол уриб, ўзига хос рекорд ўрнатган Роберт Левандовскининг хизматлари катта, албатта.

«Бавария»нинг польшалик голеадори яқинда ESPN.FC мухбирига махсус интервью берди. Унинг фикрича, Мюнхен клуби янги бош мураббий қўл остида мавсумни қайтадан бошлайди.

«Бавария» учун мавсум қайтадан бошланади»

- Шахсан сиз Карло Анчелоттининг «Бавария»даги фаолиятини қандай баҳолайсиз?

- Унинг бошқарувида дастлабки мавсумни муносиб ўтказдик, савияли футбол намойиш этдик. Хусусан, бизда ЧЛ ярим финалига чиқиш имконияти етарли эди.

Ўйлайманки, «Реал»га қарши жавоб учрашувини жароҳат туфайли ўтказиб юбормаганимда, ҳаммаси бошқача ривожланиши мумкин эди. Ким билади, балки турнирда ғолиб чиқармидик...?

- Мана, Анчелотти ўрнини Хайнкес эгаллади, энди жамоани нималар кутмоқда, сизнингча?

- Бемалол айтишим мумкин - «Бавария» учун мавсум қайтадан бошланади. Ҳа, бизга осон бўлмаслиги аниқ, зеро, мавсум давомида мураббийнинг алмашиши қандайдир таъсир қилади, барибир. Лекин айни пайт ўзга йўл йўқ - олдимизга қўйилган вазифаларни талаб даражасида бажариш учун олға интилишимиз шарт. Ҳозир «Боруссия»дан 5 очко ортда қоляпмиз (охирги турдан сўнг «Бавария» ва «Боруссия» Д. ўртасидаги очколар фарқи 2тага тушди). Лекин олдинда ўйинлар ҳали кўп, демак, вазиятни ўнглаш имконияти йўқ эмас. ЧЛдаги иштирокимизга келсак, «ПСЖ»дан қабул қилинган мағлубиятни бафуржа таҳлил қилишимиз, хатолар устида жиддий ишлашимиз талаб этилади. Чунки бу турнирдаги рақиблар анча жиддий.

«Овоз бериш натижалари ларзага солди»

- Руммениггенинг айтишича, «Реал» сафида тўп суриш орзуси йўлида икки ҳисса кўп ишлаётган экансиз. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Карл-Хайнц Румменигге айнан нимани назарда тутгани менга маълум эмас. Менимча, бу масалада унинг ўзига мурожаат қилишингиз керак. Тўғри, Руммениггенинг фикрларини қайси нашр келтиргани ҳам муҳим. Балки унинг гаплари сал бошқача талқин қилингандир...

- Ўтган йили «Олтин тўп» соврини учун ўтказилган сўров якунлари масаласида танқидий фикр билдирган эдингиз. Нима учун?

- Сира тушунмайман, 50, 25 ёки 5-ўринни ким эгаллаганини эълон қилишдан маъно нима? Шахсий фикримча, энг асосийси дастлабки 3та поғона, қолгани эса аҳамиятсиз. Хуллас, якуний рўйхатда мени 16-ўринга қўйишганини билгач, ғазабим қўзғаб кетди. Бундан шунчаки, «шок» ҳолатига тушдим. Ахир «Бавария»дек жамоада тўп сурсам, ЧЛ ярим финалига чиқсам, бундеслига тўпурари бўлсаму, атиги 16-ўринга лойиқ топилсам? Тўғри, аслида қайси ўринга муносиб бўлганимни билмайман, лекин 16-поғона кулгимни қистатди, очиғи. Бу масалада бошқа гапим йўқ.

«Бош мақсадимиз - ЧЛ финали!»

- Ўзи «Олтин тўп»ни қўлга киритиш ҳали ҳам режангизда борми?

- Йўқ. Тўғриси, бу соврин асло қизиқтирмайди. Мен учун «Бавария»нинг муваффақиятлари муҳимроқ. Айниқса, ЧЛдаги зафар.

- Бундеслига миқёсида барча совринларга эга бўлдингиз, ЧЛда ҳам финал юзини кўргансиз. Ҳозирги асосий мақсадингиз финалга қайтишми ёки...?

- Ҳа, ички чемпионатда ғолиб чиққандан кейин бошқа совринлар ҳақида ўйлаш ярашади. Турнирнинг аввалги мавсумини аламзада ҳолда якунладик. Чунки бинойидек ўйнаб турган ҳолда, ҳаммасини атиги бир неча дақиқа ичида бой бердик.

«Терма жамоа савиясини ЖЧ белгилаб беради»

- Польша термаси Россия мундиали йўлланмасини бир қарашда, осонгина қўлга киритди. Жамоангиз имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Жуда мураккаб савол ва бунга жавоб беришим қийин. Фақат айтишим мумкинки, айни пайт ажойиб таркибга эгамиз. Жамоанинг ички салоҳияти ҳам чакки эмас. Лекин ўйин бобида баъзи камчиликлар ҳам борлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Қисқаси, Польша термаси имкониятларини чамалаш учун бироз сабр қилган маъқул. Қайси жамоанинг нималарга қодирлигини бўлажак жаҳон биринчилиги яққол кўрсатиб беради. Умуман, ҳозирча бу борада бирор тайинли фикр билдириш ноўрин. Чунончи, 4 йилликнинг асосий мусобақасида ҳар бир ўйинга худди финал учрашувидек ёндашилади.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz