Қайднома

Қидирув

Лима келишуви Фалькао перуликлар билан нима ҳақда шартлашган?

Лима келишуви Фалькао перуликлар билан нима ҳақда шартлашган?

  22.10.2017 06:28
  0
  2650
Лима келишуви  Фалькао перуликлар билан нима ҳақда шартлашган?

Жанубий Америка ҳудудидаги ЖЧ-2018 саралашининг сўнгги тури футбол оммасига кутилмаган хабарлар оқимини тақдим этди. Перу - Колумбия ўйини натижасини бекор қилишлари мумкинми?

Чилиликлар ФИФАнинг муносиб реакциясини кутишга нечоғли ҳақлилар? Якунда ЖЧ-2018да КОНБЕМОЛ номидан иштирок этадиган жамоалар таркиби ўзгарадами? «СЭ» мақоласи шу ҳақда.

ЎЗИ НИМА БЎЛДИ?

Жанубий Америкадаги саралаш босқичининг охирги турида Перу ва Колумбия терма жамоалари Лимада ўзаро тўқнаш келди ва ўйин 1:1 ҳисобида тугади.

Бу натижа ҳар икки томонни қониқтирди - перуликлар «плей-офф» босқичига чиқишди, колумбияликлар эса Россия мундиали йўлланмасини қўлга киритишди.

Ҳакамнинг финал ҳуштаги янграши билан ҳар икки жамоа захира ўриндиғи атрофида ўйин-кулгу бошланди. Ушбу дурангдан сўнг бунгача 3-ўринни эгаллаб турган Чили термаси бирданига 6-поғонага сурилди ва ЖЧ чиптасини олиш тугул, «плей-офф»да курашни давом эттириш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлди.

Лимадаги ўйинга қайтсак, Радамель Фалькаонинг ўзини ғалати тутгани барчанинг эътиборини тортди. Колумбиялик ҳужумчи учрашув тугашига чамаси 5-6 дақиқа қолганида, жамоа бош мураббийи Хос Нестор Пекермандан қандайдир кўрсатмалар олди ва дарров перулик ҳимоячиларга қараб, нималарнидир пичирлади.

Хусусан, рақиб сардори Паоло Герреро билан қисқача мулоқотда бўлди. У ўз навбатида, аввалига мураббийига юзланди, кейин мезбонлар қолган вақт давомида тўпни бир-бирларига оҳиста узатиш билан шуғулланишди. Яъни улар сўнгги дақиқаларда майдоннинг иккинчи ярмига ўтишмади, ҳисоб.

Табиийки, воқеаларнинг бундай тус олгани дарҳол келишилган ўйин ҳақида шубҳа уйғотди. Боз устига, футболчилар ўша мулоқотда айнан якуний натижани муҳокама қилишганини яширишмади.

«Бошқа учрашувларда нима бўлаётгани, жадвалдаги рақибларимиз қандай ўйнаётганларидан хабардор эдик. Ҳаммаси шундай якунланса ва биз 1:1 натижасида тўхтасак, жамоаларимиз гуруҳдан чиқарди.

Хуллас, перуликларга шу ҳақда гапирдим», - дея тан олди Фалькао The Telegraph нашри мухбири билан суҳбатда. «Ўйинни икки томонни ҳам қониқтирадиган ҳолатда якунладик.

Ҳа, Радамель 1:1 ҳисоби икки жамоани ҳам гуруҳдан олиб чиқиши ҳақида гапирди. Саралаш босқичини муваффақиятли босиб ўтганимиздан хурсандмиз» - буниси энди перулик Ренато Тапия томонидан Panamericana TVда айтилган «иқрорнома».

РЕГЛАМЕНТ НИМА ДЕЙДИ?

ФИФА регламенти 6.3.2-бандида ўйиннинг бориши ёки натижасига мумкин бўлмаган таъсирлар ҳақида ёзилган:

1. Спорт этикасига зид равишда келишиб ўйнашга уринган ёки ўйиннинг бориши, натижасига таъсир қилувчи ҳолатда келишиб ўйнаган ҳар қандай жамоа ва футболчи вақтинча четлатиш, футболга дахлдор қайсидир фаолият тури билан шуғулланишдан маҳрум қилиш кўринишида жазоланади, шунингдек, моддий жаримага тортилади.

Алоҳида жиддий ҳолатларда айбдор футболдан бир умрга четлатилиши мумкин.

2. 1-қисмда бандда кўрсатилган ноқонуний фаолиятга кўмаклашган кишига нисбатан ҳам худди шундай чоралар кўрилади.

3. Ўйин натижасига таъсир ўтказишда муайян футболчи ёки расмий шахс айбланган тақдирда унинг клуби ёки футбол федерацияси жазога тортилиши мумкин.

Алоҳида жиддий ҳолатларда қонунни бузганликда айбланган томон мусобақадан четлаштирилиши, қуйи лигага тушириб юборилиши, очколардан ёки пул мукофотларидан маҳрум қилиниши мумкин.

4. Ҳаттоки, ўйиннинг боришига таъсир ўтказилгани исботланса ҳам, натижа ўзгартирилмайди.

4-қисм мақола бошида қўйилган барча саволларга жавоб беради, бироқ у  3-қисмга бироз зид. Агар натижа ўз кучида қолса, ҳеч нарса ўзгармаслиги керак.

Бордию, ФИФА барчасини жиддий қабул қилиб, қонунбузарликни тасдиқласа, унда Перу ва Колумбия термалари мусобақадан четлатилади ва уларнинг ўрнига Чили ва Парагвай жамоаларига имконият берилади.

ЧИЛИ ТОМОНДА НИМА ГАП?

Чилиликлар табиийки, Перу ва Колумбия термаларини келишиб ўйнаганликда айблашмоқда. Бунда улар аслида йўлланмани ўз қўллари билан топшириб қўйишганини бутунлай унутишди.

Ахир Чили термаси охирги 4та учрашувнинг 3тасини умумий 2:8 ҳисобида бой берди. Айрим ОАВда айтилишича, Чили томони энди ФИФАга расман шикоят ёзмоқчи экан. Тўғри, мамлакат футбол федерацияси бу хабарни инкор этиб, аввало, ФИФА муносабатини кутиши ва шундан кейингина ўйлаб кўришини маълум қилди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz