Қайднома

Қидирув

«Сабрнинг таги олтин» ёхуд Миср терма жамоасининг 44 ёшли дарвозабони тарихи

«Сабрнинг таги олтин» ёхуд Миср терма жамоасининг 44 ёшли дарвозабони тарихи

  23.10.2017 06:23
  0
  1598
«Сабрнинг таги олтин» ёхуд Миср терма жамоасининг 44 ёшли дарвозабони тарихи

У келаси ёз ниҳоят, фаолиятида илк марта жаҳон чемпионати финал босқичида майдонга тушиши мумкин.

У узоқ кутилган мундиалга арзийди ва тўла ҳақли. У бунга тайёр ҳам. Гап Миср футболи афсонаси, замонамизнинг энг ёрқин фахрийларидан бири Эссам ал Ҳадари ҳақида кетяпти.

Миср миллий жамоаси билан ниҳоят, ЖЧ финал раундига йўл очган кипернинг тарихи унинг чиндан ҳам, бундай йирик мусобақада дебют қилишга муносиблигидан далолат.

***************

15 ёшли Эссам яна кўримсиз шортида 7 километр масофага тенг кросс-га шайланмоқда - жонажон макони Кафр Ал Батихдан старт олиб, порт шаҳар саналган Думятга бир нафасда югуриб бориши керак. Чунки у ерда ярим соатдан кейин жамоаси машғулотлари бошланади.

Гап шундаки, Эссамнинг отаси - Камол ўғлига йўлкира учун пул бермасди, боз устига, ҳар оқшом унга насиҳат ўқишдан чарчамасди: «Футбол орқали оила тугул, ўзингни ҳам боқолмайсан, яхшиси, беҳуда уринма ва ҳақиқий бирор иш этагини тут...».

Қаттиққўл ота яқиндагина болакайнинг футболкасини ёқиб юборганди. Натижада Эссам уйдан йиғламсираб чиқиб кетганича бир неча кунга йўқолади. Фақат «Думят» жамоаси янги форма берганидан кейингина ҳовуридан тушиб, оиласига қайтади.

***************

Ҳудуддаги ягона профессионал клуб скаутлари Эссамдаги иқтидорни вақтида пайқаб, уни дарҳол ўз паноҳларига олишган, тўғрироғи, жамоа сафига таклиф этишганди. Шундай бўлсада, йигитчанинг базада яшаши учун ҳеч ким пул тўлашни хаёлига келтирган эмас.

Хуллас, Эссам ҳар куни 7 километр масофани югуриб босиб ўтишга мажбур эди. Қолаверса, машғулотлардан бўш кунлари қишлоқ хўжалигига ихтисослашган мактабга қатнарди.

Зеро, отаси қатъий талаб қўйганди - «Футбол машғулотларига боришни истасанг, махсус таълим олишга ҳам вақт ажратасан, улгурасан, тамом. Акс ҳолда, футболингни йиғиштирасан!» Эссам бунга рози ва ҳар сафар клуб базасига етиб келиши билан бироз чагалёзди машқларини бажаради ва қўлқопларини кийиб, дарвозадан жой олади...

***************

Эссам ал Ҳадари шу тариқа бир неча йил ёшлар жамоасида муваффақиятли ўйнайди, тобланади, тажриба тўплайди.

Натижада уни асосий таркибга қўшишади. Йигитча эса бир уринишда «Думят»нинг ўз тарихида илк марта мамлакат элит дивизионига йўл олишида бош роллардан бирини бажаради.

Кейинчалик Эссам олдига Миср футболидаги энг кучли клуб - «Ал-Аҳли» вакиллари келишади ва истиқболли киперни Нил бўйлаб юқорига, яъни Қоҳирага олиб кетишади. Қаҳрамонимиз айнан пойтахтда бутун Африканинг энг яхши дарвозабони даражасига эришади.

У «Ал-Аҳли»даги 12 йиллик фаолияти давомида 7 марта мамлакат чемпиони бўлади, шунингдек, миллий кубок ва суперкубокнинг 4 карра соҳибига айланади. Қолаверса, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати бронза медалини ютади ва Миср терма жамоасининг асосий дарвозабони сифатида гавдаланади.

***************

Ўша оқшом Қоҳирада жойлашган «Миллий» стадионида 10 минглаб кўзлар Эссамга умид билан қараб турарди. Қолаверса, бутун Мисрда телевизор орқали 100 минглаб нигоҳлар айнан дарвозабондан мўъжиза кутарди. Унинг қаршисида эса «Челси» юлдузи - даҳшатли Дидье Дрогба тўпни хотиржам «нуқта»га жойлаштирарди.

Афсонага айланиб улгурган ивуарлик ҳужумчининг мақсади ўз-ўзидан тушунарли эди - ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида зарбани аниқ амалга ошириб, ўз мамлакатига Африка миллатлар кубоги-2006 чемпионлигини тортиқ этиш. Ҳаммаси қил устида, ал Ҳадари эса Мисрдаги бош стадион трибуналари умидини оқлаши шарт.

Чунки арена мухлислар билан лиқ тўлган, боз устига, охирги 8 йил давомида бирор финалда бундай манзара кузатилган эмасди. Ҳакам рухсат бергач, Дидье ўта кучли зарба йўллайди ва Эссам қандайдир мўъжизавий ҳаракат билан тўпни қайтаради.

У яна бир неча дақиқалардан кейин Бакари Коне йўллаган зарбани ҳам бартараф этади. Натижада бутун жамоа дарвозабон томон югуради, унинг ўзи бу вақтда чўккалаб ўтирганча бошини муқаддас Макка томон эгиб турарди. Эссам кўп ўтмай, жамоадошлари қуршовига тушади, ке-йин Миср байроғини ҳилпиратганча дарвоза тўсини устига чиқиб олади.

У миллат қаҳрамони бўлганди. «Фиръавнлар» шу билан Африка футболида 6 йил ҳукмронлик қилишади, ал Ҳадари эса яна 2 марта ўз жамоасини Африка чемпионати финалига етаклаб, сардор сифатида бош совринни боши узра баланд кўтаради. Кейин уни турнирнинг энг яхши дарвозабони сифатида тан олишади.

***************

Африка миллатлар кубоги-2017 финалидан сўнг Эссам ал Ҳадари микст-ҳудудда журналистлар қуршовида қолди, аммо хотиржам ҳолда қўлидаги олмани тишлаб, енгил кулишга куч топди.

Бундан ярим соатча олдин унинг жамоаси Камерун термаси олдида ожиз қолганди (айтиш жоиз, «бўйсинмас шерлар» Россия мундиали саралаш босқичида катта омадсизликка йўлиқишди). Айтиш мумкинки, бу мағлубият 44 ёшли ал Ҳадарига жуда оғир ботмаган бўлса керак.

Чунки у бунгача қитъа биринчилигида бир неча марта ғалаба нашидасини сурганди ва асосий мақсади жаҳон чемпионатига чиқиш эканлигини ҳам яширмаётганди. Ахир фахрий кипер 22 йиллик фаолияти давомида бирор марта бундай бахтга мушарраф бўлмаган.

Умуман, Эссам мамлакат миллий жамоасини Африка чемпиони мақомини қайта-қайта олишига катта ҳисса қўшган даврда умумэътироф ва чексиз муҳаббатни ҳис этган, шунинг баробарида «Ал-Аҳли» билан шартномаси бўла туриб, клубдан кетган вақтда миллат нафрати қандайлигини ҳам амалда кўрганди.

Айтганча, кипер ўз кучини Европада синаб кўриш мақсадида «Ал-Аҳли»ни ФИФА қоидаларига асосан тарк этган ва Швейцариянинг «Сьон» клуби аъзосига айланганди. Тан олинган кипер ватанига қайтгач, матбуотда «тонна-тонна» бўлмағур сафсаталарни ўқиди, терма жамоадан четда қолди, унга худди хоиндек муносабатда бўлишди.

Муҳими, Эссам сабр билан ишлаб, яна юқорига кўтарилди. Алоҳида таъкидлаш жоиз, у аслида АМК-2017га захира дарвозабони сифатида борганди ва асосий кипернинг жароҳатланиши натижасидагина финалда майдонга тушиб, турнир тарихидаги энг ёши катта футболчи мақомини олди.

Умуман, ал Ҳадари фаолияти давомида ҳар қандай ҳолатларни кўрган, шунинг учун журналистлар томонидан ёши масаласида берилган савол шунчаки, кинояли табассумига сабаб бўлганди.

***************

Африка кубоги ҳал қилувчи ўйинидаги мағлубият Миср термаси устози Эктор Купер учун шахсий фожиа эди. Бинобарин, аргентиналик мураббий шу билан ўз фаолиятида 6-йирик финални бой берганди. Эссам эса барчасига хотиржам қарарди.

Мисол учун, у ўша оқшом миллий термада ўз қизи билан тенгдош Рамазон Собҳи билан ўйнаётганию, илк марта жиддий соврин ютган пайти бу футболчи атиги бир ёшли чақалоқ бўлгани ҳақидаги гапларни оддийгина изоҳлади:

«Барча жамоадошларимга худди укадек қараймай. Уларни акадек қучиб, маслаҳатлар бераман, ахир бу ишимнинг бир қисми. Майдонда эса улардан ўртадаги ёш фарқини ҳис қилиб ўйнашларини талаб этмайман - ўйин вақти ҳамма тенгдош. Ёш - бу оддий рақам.

Юқорида туриш учун имконият бор экан, ҳар куни 20 ёшли йигитлардек тер тўкишга тайёрман. Ҳозир футбол масаласида битта мақсадим бор - Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатида ўйнаш. Мисрлик фанатларнинг энг катта орзулари ҳам шу, менимча».

***************

Қоҳира тун бўйи байрам қилди. Шаҳар кўчаларига машиналар сиғмай қолди, ҳайдовчилар қўлларини сигнал тугмасидан олишмади.

Одамлар билан лиқ тўлган майдонларда ажиб бир муҳит юзага келди - халқ бахтиёр, таърифи йўқ шодиёна. Бундай манзара ҳар бир хонадонда ҳам ҳукм сургани тайин. Ахир Миср термаси 28 йиллик танаффусдан сўнг яна жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

Эссам ал Ҳадарига келсак, у фаолиятидаги энг катта зафарни яна дарвоза устида нишонлади. Бу вақтда абадий хотиржам Эктор Купер шогирдлари бутун стадионга қўшилиб, ақл йўқотаёзганларини жимгина кузатди. Ҳа, аргентиналик мутахассиснинг тактика билан «суғорилган» жамоаси бутун миллатни қувончдан кўз ёш тўкишга мажбурлади.

***************

Ҳал қилувчи ўйин воқеалари. Ал Ҳадари Конго термасига қарши кечган 5-тур учрашувида бир қатор қо-йилмақом «сэйв»ларни кўрсатди ва ҳакам томонидан қўшиб берилган 5-дақиқада Муҳаммад Салоҳ ғалаба голини ургач, яна тиззасини ерга қўйиб, сажда қилди.

Бу лаҳзаларда стадион гўёки, портлаб кетадиган даражага келди. Ваҳоланки, Эссам бир йилча олдин ҳам миллий жамоада атиги 4-рақамли дарвозабон саналарди.

Бироқ фахрий кипер Қоҳира четида фаолият юритувчи «Вади Дегла» клубида шундай яхши формага кирдики, Эктор Купер бошқарувидаги мураббийлар штаби олдида бошқа танлов қолмади. Ал Ҳадарининг тан олишича, у ҳар куни эрталаб ўзига нидо қилишдан чарчамаган: «Сен жаҳон чемпионатида ўйнашинг шарт». Мана, у мақсадига деярли эришди.

Эссамнинг бу орзу йўлидаги ҳаракати 15 ёшли ўсмирлик чоғи саҳро бўйлаб битта шаҳардан иккинчисига югуриш асносида бошланган эди.

Ўша вақтдан буён қанча-қанча сувлар оқиб ўтди, не-не воқеалар кузатилди. Спортчи сифатида аллақачон нафақа ёшига етган Эссам эса ҳамон ўзини футболга ташна йигитдек ҳис этмоқда.

Энди айтингчи, у Думят йўлидаги доимий кросслардан 30 йил ўтиб, Россияда ўз орзуси рўёбини кўришга ҳақлими? Ҳа, бордию, 44 ёшли кипер ЖЧ-2018да майдонга тушиш имкониятига эга бўлмаса, бу унга нисбатан адолатсизлик саналиши турган гап.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz