Қайднома

Қидирув

«Обод»нинг бундай тақдирида ким айбдор?

«Обод»нинг бундай тақдирида ким айбдор?

  24.10.2017 06:24
  0
  3023
«Обод»нинг бундай тақдирида ким айбдор?

«Обод» - охирги вақтларда энг кўп тилга олинган клуб бўлиб турибди. Чунки бутун бошли жамоанинг олий лигадан четлатилганини ҳар доим ҳам кўравермаймиз.

ЎФФ ва ПФЛ расмий сайтида тарқатилган хабарларга қараганда, «Обод» йил бошидан буён бадал пулини тўламай келган ва анчагина қарз бўлиб қолган. Аммо клубнинг иштирокини тўхтатишига сабаб фақат шу эмас.

Маълумотларга қараганда, халқаро нотижорат компанияси томонидан «Обод»нинг икки ўйини шубҳа остига олингани ҳам муҳим ўрин тутган. Аниқроғи, гап тошкентликларнинг «Сўғдиёна» ва «Насаф»га қарши ўтказган учрашувлари ҳақида кетмоқда.

ТЕКШИРУВ

Мақоланинг асосий мавзусига ўтишдан олдин шуни таъкидлашни истардик - «Обод»нинг ўша шубҳали учрашувларини яхшилаб текшириш бу ёғига аҳамияти ўта юқори масалалар қаторида тилга олинади.

Келишилган ўйинлар ҳақида турли гап-сўзлар урчиганига анча бўлган, аммо шу вақтгача на бир иш охирига етказилди ва на кимдир тайинли баёнот берди.

Энди давр ўзгарди, ЎФФда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Истардикки, Ўзбекистон футбол федерацияси «Обод»нинг «Сўғдиёна» ва «Насаф»га қарши ўтказган ўша ўйинларини обдон ўрганиб чиқиб, бу борада баёнот берса, яхши бўларди.

ОЛТИ ОЙЛИК ТАРИХ

Энди бевосита «Обод» билан боғлиқ вазиятга тўхталсак. Клубнинг охирги олти ойлик тарихидан бутун бошли фильм ишласа бўлади. Яқиндагина тарқалиб кетиш арафасида турган жамоани охирги паллада хорижлик сармоядорлар «қутқариб» қолишди.

Бунақаси фақат Голливуд драмаларида учраса керак. Биз «Обод»нинг бу тахлит омади келганидан дастлаб роса қувонгандик. Аммо умидлар пучга чиқиши учун кўп вақт керак бўлмади.

Аслида «Обод»нинг муаммолари мавсум аввалидаёқ бошланган, клубнинг собиқ раҳбари таъминотни биринчи даврада тўхтатганди. Шунга қарамай, Рауф Инилеев бошчилигидаги футболчилар олий лигадаги иштирокни давом эттиришди.

Ҳаттоки, улар сафар харажатларини ўз ҳисобларидан қоплашди. Жамоа аъзоларида фақат бир илинж бор эди - иқтидорни исботлаб, бошқа клубга ўтиш.

«Обод»нинг элитада «жон» сақлаб қолиши мумкинлигига эса деярли ҳеч ким ишонмай қўйганди. Клуб мана шундай оғир шароитда 9 очко ишлади. Ўша очколарнинг «янги хўжайинлар» даврида ўзгаришсиз қолишини ким ўйлабди дейсиз?

УКРАИНАЛИКЛАР

Ёзнинг охирги кунларида «Обод»-ни украиналик сармоядорлар қабул қилиб олгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Аммо яқинда бошланган машмашалардан сўнг маълум бўлишича, хорижликлар клуб бошқарувини қўлга олишга улгуришмаган экан. У ҳолда бош мураббий ва футболчилар маошини ким тўлаётганди?

У ёғини сўрасангиз, клуб «халоскорлари»нинг Украинадан эканлиги аввал-бошданоқ шубҳали кўринганди.

Чунки «Обод»га ўхшаган «бечоралар» Украина чемпионатининг ўзида ҳам истаганча топилади. Масалан, ҳамюртимиз Санжар Турсунов «Волин»да маошини охиригача олмагани ҳақида хабарлар тарқалган.

Максим Шацких эса қолиб кетган меҳнат ҳақи бўйича ҳозиргача собиқ клублари билан судлашади. Шундай экан, ўша украиналик «ҳотамтойлар» ёрдамларини ўз клубларига таклиф қилишса бўлмасмиди?

СИР

Аслида, мантиқан олиб қараганда, янги сармоядор клубни қабул қилиб олгани ҳамоно ишни, энг аввало, молиявий муаммоларни бартараф этишдан бошлаши керак эди.

«Обод»нинг ПФЛ олдидаги қарзи тўланмаган экан, қандай қилиб янги давр ҳақида гапириш мумкин?

Жамоанинг охирги 3 ойлик фаолияти дарҳақиқат, сир-асрорларга тўла. Афсуски, клуб раҳбарияти билан боғланиб, вазиятни ўрганишга бўлган ҳар қандай уринишимиз чиппакка чиқди.

Тегишли мутасаддиларга қанча мурожаат қилмайлик, қатъий рад жавобини олдик. Шунинг учун қўлимиздан келгани фақат «Обод» матбуот котиби Фурқат Нишонов билан боғланиш бўлди. Ҳайтовур, ҳамкасбимиз мурожаатимизни жавобсиз қолдирмади. Раҳмат.

- Федерациянинг қарорини адолатли, деб баҳолаш мумкин. Чунки у тўлиғича регламентга асосан чиқарилган. Ҳақиқатан ҳам, «Обод» бадал пули, бошқа жарималарни тўлаш ва хорижлик мураббийнинг рўйхатга олинишини пайсалга солган.

Бу ҳақида бир неча марта огоҳлантирилганини ҳам биламиз. Шунинг учун ЎФФ ижро қўмитаси хулосасига қарши ҳеч нарса дея олмаймиз.

Аммо гап регламент ҳақида кетаётган экан, ҳар икки томон ҳам унга амал қилиши мақсадга мувофиқ. «Обод»га мавжуд тартиб-қоидаларни четлаб ўтгани учун чора кўрилган экан, нима учун ПФЛнинг ўзини ҳам жазога тортмаслик лозим?

Шу ўринда эътиборингизга бир фактни келтириб ўтсам. 2015 йили «Обод» биринчи лигада ғолиб чиқиб, элита йўлланмасини қўлга киритгани учун ПФЛдан 150 миллион сўм мукофот пули олиши керак эди. Аммо шу вақтга қадар ушбу сумма клуб ҳисоб-рақамига тушириб берилмаган. Бу борада ўз вақтида ПФЛга мурожаат қилганмиз.

«Обод» тўлаши керак бўлган маблағ 112 миллион сўмни ташкил этар экан. ПФЛ эса бундан ҳам кўпроқ қарз бўлган. Ўша сумма клубга ўз вақтида берилганда, ҳозир шунча кўнгилсизликлар бўлиб ўтмасмиди...

«Обод» 2016 йили шу мукофот эвазига бадал пуллари ва бошқа харажатларни ёпишни режалаштирганди. Аммо ПФЛ клубдан аввал мавжуд тўловни амалга оширишни талаб қилиб, шундан сўнггина мукофот пули ажратилишини айтди.

«Обод» талабни бажарди, ПФЛ эса йўқ. Тўғри, клуб ўзига яраша жазосини олгандир. Аммо ПФЛнинг эски қарзи нима бўлади? - дейди Фурқат Нишонов.

ЯКУНДА

Юқорида «Обод»ни роса танқид қилдик. Шу билан бирга, вазиятга тўғри баҳо бериш учун иккинчи томонни ҳам эшитдик.

Зеро ҳамманинг ўз фикри бўлиши муқаррар. Вазият шундан далолат бериб турибдики, машмашаларда «Обод»нинг қанча айби бўлса, Профессионал футбол лигасиники ҳам ундан кам эмас.

Агар Фурқат Нишоновнинг «Обод» номидан қилган даъвоси ҳақиқат бўлса, ҳар икки томон ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашгани ойдинлашади. Оқибатда бутун бошли клуб ёпилиб кетмоқда. Мана шуниси алам қилади.

Куни кеча Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси директори Фарҳод Магометов вазифасидан озод қилинди.

Ким билади дейсиз, балки бунда «Обод»нинг ҳам ўзига яраша ўрни бордир?! Нима бўлган тақдирда ҳам, энди мазкур воқеа бошқа клублар учун дарс бўлиши лозим.

«Обод» эса ҳар қандай ҳолатда ҳам олий лига тарихидаги илк хусусий клуб сифатида мухлислар ёдида қолади.

Бу жамоа элитада яхшими-ёмонми, ишқилиб, бир ярим йил иштирок этди, кўплаб ёшларни кашф этди. Улар орасида «Бунёдкор»да тўп сураётган Шоҳруз Норхонов ҳам бор.

Ким билади, дейсиз, балки у яқин йилларда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий ҳужумчиси даражасига чиқар. Бу шубҳасиз, «Обод»нинг ҳам ютуғи ҳисобланади. Аммо ҳамма гап шундаки, ўша вақтга бориб бундай клубнинг ўзи бўлмайди.

P.S.: Албатта, «Обод»нинг олий лигадан четлатилиши ўзбек футболи ихлосмандларининг дилини хира қилди. Чунки муаммолар гирдобига ўралашмасидан олдин жамоа ажойиб ўйинлар намойиш этаётганди.

Бироқ тартиб-қоидалар ҳамма учун бир хил ва ПФЛ клубни айбдор деб топиб, уни мусобақадан чиқариб юборди. Асосийси, «Обод» кўплаб футболчиларни кашф этиб, уларга ўзига хос трамплин вазифасини ўтаб берди.

Бу иқтидорлар ким эканлигини билмоқчи бўлганлар кейинги саҳифадаги мақола билан танишишлари мумкин.

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz