Қайднома

Қидирув

Акром Комилов: «ОЧЛ «Бунёдкор»сиз зерикарли бўлади»

Акром Комилов: «ОЧЛ «Бунёдкор»сиз зерикарли бўлади»

  25.10.2017 03:42
  0
  1314
Акром Комилов: «ОЧЛ «Бунёдкор»сиз зерикарли бўлади»

Бу йилги Ўзбекистон кубоги финалида Тошкентнинг икки гранди - «Локомотив» ва «Бунёдкор» ўзаро тўқнаш келишади.

Маълумот учун, «темирйўлчилар» ва «қалдирғочлар» кубок финалида бир бор тўқнаш келишган. 2014 йилги қарама-қаршиликда «Локомотив» қўшимча дақиқаларда урилган гол эвазига ғалаба қозонганди.

Биз ушбу муҳим баҳс олдидан «Бунёдкор» ҳимоячиси Акром Комиловнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Акром, ярим финалда икки ўйин натижасига кўра, «Динамо»ни мағлуб этдинглар. Сафардаги ишончли ғалабанинг асосий омили нимада бўлди?

- Менимча, биз финалга чиқишни кўпроқ хоҳлагандик. Барчамиз катта иштиёқ билан ҳаракат қилдик, майдоннинг ҳар бир қаричи учун курашдик. Энг муҳими, мураббийларимизнинг ўйиндан олдин берган кўрсатмаларини бекаму-кўст бажардик.

- Мураббийлар қандай кўрсатма беришганди?

- Ўйин осон кечмаслигини уқтириб, иложи борича рақиб жамоа футболчиларини жарима майдончамизга яқинлаштирмасликни сўрашганди. Ўйлашимча, бу вазифани уддаладик ва дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолдик.

- Майдоннинг ҳолати яхшимиди?

- Шунчаки, ажойиб эди. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Самарқанддаги стадион чими мамлакатимиздаги энг яхшиларидан бири.

- «Бунёдкор» мухлисларида биринчи учрашувдаги нурсиз дурангдан сўнг хавотир йўқ эмасди. Ўша натижани кутилмаган дейиш мумкинми ёки ҳақиқатан ҳам ўйин шунга мос бўлганмиди?

- Йўқ, мен бироз бошқача фикрдаман. Мазкур баҳсда ғалаба қозонишимиз шарт эди. Зеро, меҳмонлар дарвозасини ишғол қилиш учун имкониятларимиз жуда кўп бўлди. Фақат вазиятларни голга айлантира олмаслик бизга панд берганди.

- Жавоб ўйини олдидан ҳадик бормиди ёки майдонга ишонч билан тушдингларми?

- Иккинчи вариант тўғри. Агар саволингизнинг биринчи қисми ҳақида ўйлаганимизда, аниқ мағлубиятга учрардик.

- Финалгача бўлган ўйинлар орасида энг қийини қайси?

- Биз учун ҳар бир баҳс мураккаб тарзда кечди. Барча учрашувларда рақиблар жиддий қаршилик кўрсатишди. Айниқса, икки учрашувдан иборат кубок баҳсларида қайсидир жамоани фаворит сифатида кўрсатиш нотўғри бўлади.

- Олдинда битта ўйин қолди. Унда ғалабага эришган жамоа учун ОЧЛ эшиклари очилади. Финалдан нималарни кутяпсиз?

- Албатта, ғалаба қозониш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Чунки ОЧЛ-2018 «Бунёдкор»сиз зерикарли ўтади. Шу боис, кубок финалини сабрсизлик билан кутяпмиз.

Ушбу совринни қўлга киритишни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ хоҳлаяпмиз. Жамоамизда мукофот ютмаган ёшлар бисёр. Шундай экан, барчамизда иштиёқ кучли бўлади.

- «Локомотив» кубокни осонликча бой бермайди. Рақиб жамоа ҳақида қандай фикрдасиз?

- Тўғри, «Локомотив» кучли клуб. Чемпионатда ҳам яққол пешқадам бўлиб турибди. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам бизни ғалабадан ўзга натижа қониқтирмайди.

- Сизнингча, ушбу учрашувда «Бун­ёдкор»нинг устун томони нимада?

- Финалда ҳеч бир жамоада яққол устунлик бўлмайди. Менимча, имкониятлар элликка эллик. Қайси томон ғалаба қозонишни кўпроқ хоҳласа, якунда ўша клуб футболчилари кубокни боши узра баланд кўтаришади.

- 2014 йилги финалда ҳам «Локомотив» ва «Бунёдкор» ўзаро тўқнаш келишганди. Ўша драматик учрашувни эслайсизми?

- Ҳа, албатта, худди кечагидек ёдимда, ўзим ҳам майдонга тушгандим. Қўшимча бўлимларда ўтказиб юборилган гол эвазига мағлубиятга учрагандик. Жуда алам қилганди. Энди ўша ҳолат учун ҳам реванш олишимиз шарт.

- Режага кўра, финал декабрга белгиланган. Балки ўйинни ноябрдаги ФИФА кунларида ўтказган маъқулдир? Сиз бунга қандай муносабат билдирасиз?

- Очиғи, шахсан менга учрашувнинг қачон ўтказилиши муҳим эмас. ПФЛ қайси санага белгиласа, ўша куни ўйнайверамиз.

- Чемпионатдаги кураш ҳам тобора қизияпти. Нима деб ўйлайсиз, «Бунёдкор» кумуш медалларни қўлга кирита оладими?

- Насиб қилса, албатта, бунга эришамиз.

- «Қалдирғочлар»ни олдинда кутиб турган ўйинлардан келиб чиқсак, осон бўлмайди...

- Тўғри, шундоқ ҳам ҳар бир ўйинда қийинчилик билан ғалабага эриш-япмиз. Ўйлайманки, якунда ҳаммаси яхши бўлади.

- «Обод»нинг олий лигадан четлатилиши сиз учун ҳам кутилмаган ҳолатга айландими?

- Худди шундай.

- Бу тўғрими?

- ЎФФ шундай қарорга келибдими, демак тўғри. Ҳамиша спорт принципларига амал қилингани маъқул.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz