Қайднома

Қидирув

Икки даҳо аро муаззам футбол ёхуд Месси-Неймар даври бошланмоқдами?

Икки даҳо аро муаззам футбол ёхуд Месси-Неймар даври бошланмоқдами?

  26.10.2017 06:27
  0
  3975
Икки даҳо аро муаззам футбол ёхуд Месси-Неймар даври бошланмоқдами?

Даҳоларга боқиб, бўлажак даҳоларни тарбиялаш ҳақида ўйлаш - улуғ саодат.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Муҳаммад ал Хоразмий, Мирзо Улуғбек номида ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш ҳақидаги Қарорлари айни шу мақсад йўлида ташланган эзгу қадамдир.

Даҳо аждодларимиз билан фахрланиш баробарида уларга муносиб ворисларни,  яъни янги даҳоларни камол топтириш замон талабидир.

ФИФАнинг даҳо футболчиларни шарафлаш маросимидан аввал шундай ўй-кечинмалар хаёлимиздан ўтди. Зўрга қойил қолиш - марднинг иши.

Бугун Лионель Месси ва Криштиану Роналду - футбол дунёсининг икки қуёши. Шу боис, иккиси галма-гал йилнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилмоқда.

Газетамизнинг мазкур сони пойтахтимиздаги нимқоронғи бозорчадан мамлакатимизнинг турли ҳудудларига олиб кетилаётган паллада балки Роналду мухлислари бир-бирларини қутлашар.

Ҳар ҳолда, шундай хулосанинг эҳтимоли катта.  Йўқ, гап Роналду ортда қолган мавсумда қўлга киритган совринларда ҳам эмас.

Мисол учун, 2010 йили  Андрес Иньеста, 2014 йили эса Мануэль Нойер жаҳон чемпиони бўла туриб ҳам, йилнинг энг яхши футболчиси мақомига эришишмаган.

Умуман, мухлислар-у мутахассислар Месси ва Роналду ўртасидаги кимўзар пойгасига бошқалар аралашмаслигига аллақачон кўникишди.

Хуллас, футбол дунёси Месси ва Роналду рақобатида тенглик юзага келишини истамоқда. Истак эса натижа учун муҳим руҳий ҳолат ва совринлардан устун. Очиғи, тенглик таъминланмаса, шундоқ  ҳам нисбий адолат бузилади.

Мана, 10 йилдирки, Жанубий Америка ва Европа футболи ўз даҳосини олқишлаш, биридан иккинчисини баланд қўйиш билан банд. Агар мувозанат сақланмаса, «кўҳна қитъа»нинг қаҳри келиши аниқ.

Айниқса, Каталониядаги сиёсий вазият Европа лидерларига ёқмай турган пайтда Мессининг йилнинг энг яхши футболчиси бўлиши даргумон.

Аслида ҳеч бир гап-сўзсиз Роналдунинг энг яхши мақомини олиши нисбий адолат тантанаси саналади. Каталониядаги вазият шу қарорни қатъийлаштиради, холос.

 Хўш, Месси ва Роналду рақобатида мувозанат қарор топса, келгуси мавсумдан футбол дунёсида Неймар даври бошланадими?

Ҳа, миллионлар ўйини шундай янги даврга ҳозирланмоқда. Кўпчилик олқишлай-олқишлай ҳар икки даҳони тарихнинг шонли ўриндиқлари  томон кузатиш иштиёқида.

Эҳтимол, Месси ва Роналду бунга кўнишар, лекин «Реал» ва «Барселона» каби гигант клублар, Бразилия ва Аргентина каби терма жамоалар-чи?

Фикримизча, улар бу жараёнга жимгина қараб турмайди. Шу тариқа футбол дунёси нуфузли совринларни боши узра кўтарган янги даҳоларни шарафлайди.

Балки гигант клублар рақобатида «ПСЖ»  ва «Манчестер Сити» даври ҳам бошланар? Нима учун бошланмаслиги керак?!

Роналду аста-секин тақдирга тан бермоқда, Месси эса руҳан аллақачон Гвардиола машғулотларида юрибди, чоғи. «Бавария» машинасини аввалгидек тез ҳайдаш учун Юпп Хайкенсга ўтинқираган ёш халақит беради, барибир.

«Челси» ва «МЮ» эса яқин 2-3 йил давомида бу каби ишларга аралашмайди, чамаси. «Рома» билан кечган уй учрашувида мажбуран дурангга розилик билдирган Антонио Конте жамоаси АПЛнинг 9-турида «Уотфорд»ни бир амаллаб енгди. Аёнки, премьер-лиганинг 8-туридаги мағлубият «аристократлар» учун тасодиф ҳисобланмайди.

Назаримизда, Диего Коста ўзи билан Антонио Конте омадини ҳам олиб кетгандек. «МЮ» ҳам бу масалада анчагина оқсайди. Мавсум аввалида Гвардиола таклиф қилган пойгага «Лаббай», деб жавоб қайтарган Жозе Моуриньо ҳозирга келиб бироз бўшашди.

Бўшашиш сабабларини «МЮ»нинг зукко мухлислари сезиб туришибди. Бугун жамоа Уэйн Руни ёки Златан Ибрагимович каби лидерларга муҳтож.

Ромелу Лукаку, Маркус Рашфорд ёки Генрих Мхитарян каби футболчилар Жозе Моу ғояларини, «қизил иблисча» юксак анъаналарни том маънода зиммаларига олишолмайди. «Хаддерсфилд» бу хусусда клуб мутассадиларини жиддий огоҳлантирди.

«Реал» ва «Челси»нинг кучли таркиби билан ЧЛ ғолиблигига эришолмаган Жозе Моуриньо мавжуд меҳнаткаш, чаққон футболчилар ёрдамида «Порту» ҳамда «Интер»даги ишини такрорламоқчи. Ҳолбуки, у даврлар энди ортга қайтмайди.

Дунё футболи бугун янги анъаналар билан яшамоқда. Кўриниб турибдики, «ПСЖ» ва «Манчестер Сити» ўртасида бошланиши тахмин қилинаётган рақобатга фақатгина «Ювентус»да аралашиш имкони мавжуд.

Аммо Турин клубининг ишонган футболчиси Пауло Дибала қийин вазиятларда ўзини йўқотиб, етакчилик вазифасини бажаролмайди.

Демоқчимизки, жаҳон футболи келгуси мавсумдан эътиборан, 2-3 йил Месси ва Неймар рақобатига гувоҳ бўлиши мумкин. Ҳаттоки, бу рақобатга ЖЧ-2018да асос солиниши эҳтимоли катта. ЧЛ доирасидаги бундай рақобатга эса ҳали эрта.

Мақоламиз аввалида янги даҳоларни тарбиялаш хусусида сўз очдик. Даҳолар дарёси бизни ўз оқимига тортди ва вақтдан ўзиб, жаҳоннинг энг яхши футболчиси ким бўлиши ҳақида мулоҳаза юритдик.

Алоҳида таъкидлашни истардикки, икки даҳо футболчи ва улар билан алоқадор бошқа мавзулар тўғрисида қандайдир хулоса айтиш биз учун ҳамиша ёқимли.

Шунинг учун қайси даҳо олқишланишини кутиб ўтирмай, сал вақтлироқ мулоҳаза ёздик. Ёзиш асносида сояда қолиб кетган ва энди ёруғлик сари талпинаётган футболимиз келажаги хусусида кўпроқ ўйладик.

Бутун дунёни бағрига чорлаётган қадимий ва навқирон Бухорода Игорь Бабаян қабилида хитоб янграши футболимиз мутасаддилари, барча-барчамиз ҳали кўп ишлашимиз лозимлигидан дарак. Баъзи мухлисларга хуш ёққан бу ғалати хитоб футболимизга сира ярашмайди.

Турли даҳанаки тортишувларга бепарво қаровчи жаҳон футбол маданияти бу каби камситишларни мутлақо қоралайди. Ҳа, Игорь Сергеев амалга оширган пенальти ҳақиқатан ҳам, шубҳали кўринди.

Серхио Агуэро «Бернли» дарвозаси томон тепган пенальти ҳам мухлисларда шундай норозилик кайфиятини уйғотди. Фарқи шундаки, Серхио олқишланди, Игорь эса камситилди.

Тўғри, Игорь тушмагур Самвел Бабаяннинг севимли ҳужумчиси сифатида доимо терма жамоамиз асосий таркибида майдонга тушди. Натижада мухлислар уни ёқтирмай қўйишди.

Шота Арвеладзе ҳам унга ишонч билдираётган ва кўпчилик назарида нохолис белгиланган пенальтини амалга оширгани бухоролик мухлислар, уларнинг тимсолига айланган стадион сухандонининг асабини чегарадан чиқариб юборди. Ўйлашдики, гўё шу йўл билан аламлар тафти босилади.

Ўйлашмадики, адолат бундай ножўя йўлни ҳеч қачон ёқламайди. Алам, аччиқ устида айтилган сўзлар ҳар доим эгасини жазолайди.

Хатога йўл қўйган ҳакамлар ҳам аслида ўзларига сариқ ёки қизил карточка кўрсатишади. Шу сабаб, нохолис баҳоланган вазиятларда мухлис сабр қилгани ва муносабатини маданият билан билдиргани маъқул...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz