Қайднома

Қидирув

ЖЧ-2018 саралаш якуний хулоса: корейсларда бор аламим маним…

ЖЧ-2018 саралаш якуний хулоса: корейсларда бор аламим маним…

  26.10.2017 00:29
  0
  2655
ЖЧ-2018 саралаш якуний хулоса: корейсларда бор аламим маним…

2015 йилнинг 12 март куни Шарқий Тимор пойтахти - Дилида ОФК миқёсидаги ЖЧ-2018 саралаш босқичига старт берилганди  (Шарқий Тимор - Мўғулистон - 4:1).

Ортда қолган вақтда квалификация доирасида жами 226та ўйин ўтказилди ва уларда 665та гол қайд этилди. Саралаш якунида Муҳаммад ал Саҳлавий (Саудия Арабистони) ва Аҳмад Халил (БАА) бош тўпурар мақомини олишди - 16тадан гол.

2016 йил 7 апрелда эса ФИФАнинг навбатдаги рейтинги асосида ҳал қилувчи учинчи саралаш раундига қуръа ташланганди.

Биласиз, бу жараёнда 12та кучли жамоа 2та гуруҳга бўлинди. Охирги босқич ва ОФК миқёсидаги «плей-офф» ўйинлари 2016 йил 1 сентябрь - 2017 йил 10 октябрь оралиғида ўтказилди.

Табиийки, саралаш цикли мобайнида ўзига хос «сенсация»лар кузатилди, парвоз ва қулашлар ҳам учради. Бугун якуний мулоҳаза - хулосаларимиз, айрим фактларни терма жамоалар мисолида баён қилмоқчимиз.

Эрон.Форс миллий жамоасининг асосий ютуғи мураббийдами ёки ҳужумчиларда? Бизнингча, иккисининг ҳам роли катта, аммо муваффақият аввало, мамлакат футбол раҳбарияти номига ёзилади, барибир!

Чунончи, Карлуш Кейруш футболга бевосита алоқадор ва умуман алоқаси йўқ масалалар туфайли нақ 3 марта ишдан кетишга чоғланди, футбол раҳбарияти эса сабр қилди.

Ваҳоланки, мутасаддилар португалиялик мутахассиснинг турли-туман эътирозларига жавобан уни шунчаки, истеъфога чиқаришлари ҳам мумкин эди, чунки бунга сабаб йўқ эмасди.

Муҳими, эронликлар мураббий атайин қандайдир «тўполон» кўтаришга уринаётганини вақтида тушунишди.

Ҳаммаси футболчиларни кучли босимдан ҳимоялашга қаратилганди. Хуллас, Карлуш Кейруш муваффақият йўлида барча имкониятлар ва кучлардан максимал даражада фойдаланди.

Билишимизча, Эрон футбол федерацияси Кейрушнинг талабига мувофиқ, керак бўлса,  миллий чемпионат пешқадамлари ўртасидаги ўйинларни ҳам бироз ортга суриши мумкин эди. Яна бир томони, Эрон про-лигасида кучли рақобат юзага келган.

Дейлик, айни пайт чемпионатда айнан қайси клублар чинакам фаворит эканлигини билиб бўлмайди. Шунингдек, терма жамоа етакчиларига сабоқ бериш мақсадида уларга нисбатан интизомий чоралар қўллашга ҳамманинг ҳам юраги дов бермаса керак-ов...

Бош қаҳрамон - Сардор Азмун. 1995 йилнинг 1 январида Гонбад шаҳрида таваллуд топган. Отаси - Халил Азмун вақтида Эрон волейбол терма жамоасида ўйнаган.

Сардор айни пайт «Рубин» сафида тўп сурмоқда. Россия мундиали олдидан айнан шу юртда ўйнаётгани унинг фойдасига хизмат қилса, ажабмас.

Азмун миллий жамоа таркибига қўшилгунча мамлакатнинг U-17, U-20 ва U-23 тоифасидаги термаларида ҳам муносиб тўп сурган. У ЖЧ-2014 олдидан кенгайтирилган 28 кишилик таркибга ҳам киритилганди.

Эътибор беринг, 22 ёшли ҳужумчи шу кунга қадар форслар бош жамоасида 28та ўйин ўтказиб, 22та гол урди.

Ваҳоланки, у дебют голини 3 йилча олдин, аниқроғи, 2014 йилнинг 18 ноябрь куни Ж.Корея терма жамоасига қарши ўртоқлик баҳси (1:0)да нишонлаганди. 2017 йилнинг ўзида эса 6та гол урди:

Черногория ва Сурия жамоалари дарвозасини 2 мартадан нишонга олган Азмун Ўзбекистон ва Россия термаларини бир мартадан ранжитди.

**************************************

Ж.Корея. Кореяликлар бу сафар сўнгги саралаш бос­қичи доирасида сафар учрашувларида бирор марта ғалаба қозонолмадилар. Боз устига, меҳмондаги 5та ўйинда атиги 2та дуранг қайд этишди - Сурия ва Ўзбекистон термаларига қарши кечган баҳсларда 0:0 ҳисобини ушлаб қолишди.

Хуллас, имкони бор 15 очкодан атиги 2 очко олингани бугунги Ж.Корея термаси анча кучсизланиб қолганини ифодалайди.

Ули Штиликенинг ишдан бўшатилишига келсак, немис мураббийи терма жамоага янги «қон қуйиш»ни кечиктириб юборди ва сафар ўйинларида ҳимоявий тактикага ёпишиб олди.

Мисол учун, корейсларнинг миллий жамоамизга қарши ўйинларига қарасак, улар ҳар икки томонда ҳам биздан устун кўринишмади.

Шунчаки, ўз табиатларидан келиб чиқиб, ўйин интизомига тўлиқ, ҳаттоки, керагидан ортиқ риоя қилишди, ижодкорликка берилишмади. Хусусан, терма жамоанинг янги устози ҳам 2 нафар ҳужумчи билан ўйнаш тактикасига ўтишни истамади.

Шиддатли баҳс. 2016 йил 1 сентябрь. Ж.Корея - Хитой - 3:2. Корейслар 1-турдаёқ ўта мураккаб синовга дуч келишди, жамоанинг ўша вақтдаги устози Ули Штилике ҳам. Ваҳоланки, мезбонлар ўйиннинг 66-дақиқасида ҳисобни нақ 3:0га етказиб қўйишганди.

Бироқ Штилике шогирдлари шундан кейин бирданига бўшашишди ва хитойликлар бундан фойдаланиб, ташаббусни қўлга олишди. Ўша учрашув яна 5 дақиқача давом этганидами, меҳмонлар 3-жавоб голини йўллашлари ҳам ҳеч гап эмасди.

***************************

Сурия. Шу йил 31 август куни Сурия - Қатар ўйинининг 90}5-дақиқасида Маҳмуд ал Мавас томонидан урилган гол бизнинг орзуларимизни «ерга кўмди». Зеро, айни шу гол туфайли яна бошқалар натижасига чуқур ҳадик билан боқишга мажбур бўлдик.

Аммо Умар ал Сома ва Маҳмуд ал Мавас каби фидойи йигитлар Сурия терма жамоа-си «плей-офф» раундига чиқиши йўлида шундай матонат кўрсатишдики, якуний натижани адолатсизлик сифатида айтишга тил айланмайди.

Мураккаб баҳс. 2017 йил 13 июнь. Сурия - Хитой - 2:2. Қадим Шом юрти вакиллари Малайзиянинг «Ха Жебат» стадионига йиғилган 4737 мухлис кўз ўнгида ажойиб жарима зарбаси ёрдамида Марчелло Липпи ва хитойликларни тайёр ғалабадан мосуво этиб,  ниҳоятда муҳим бир очкони суғуриб олишди.

Айнан ўша дуранг ҳам Сурия термасининг якунда миллий жамоамиздан олдинга ўтиб кетишида асосий омил бўлди.

Бош қаҳрамон - Умар Жиҳад ал Сома. 1989 йил 28 мартда таваллуд топган. Жидданинг «Ал-Аҳли» клуби тўпурари. Суриянинг 20 ва 23 ёш тоифасидаги терма жамоаларида ҳам ўйнаган.

Миллий жамоа либосини эса 9та ўйинда кийиб, 3та гол урган. Аниқроқ айтсак, ал Сома ЖЧ-2018 саралашида Эрон ва Австралия (2 марта) терма жамоалари дарвозасини нишонга олди.

Аслида бу футболчини сиёсий қарашлари туфайли миллий жамоага жалб этмаётгандилар. Мана, энг тиғиз вақтда уни чақиришди, бироқ сурияликлар бу масалада бирозгина кечикишди, бизнингча.

Ахир ал Сома саноқли ўйинларда кичик имкониятдан ҳам ажойиб гол уриш қобилиятига эга туғма голеадор эканлигини исботлади.

**************************************

Қатар. Статистикага қарасак, Қатар термаси иккинчи раунд доирасидаги уй учрашувларида бирорта гол қўйиб юбормаганди. Учинчи босқичга келиб эса, қатарликлар ҳимоядаги муаммоларни ҳужумкор футбол эвазига ёпишни қойиллата олишмади.

Тўғрироғи, Хорхе Фосатти ҳужумкор ярим ҳимоячиларга тўлиқ мос келадиган тактик схема топишда қийналди. Аксига олиб, дарвозабон Амин Лекомте энг керакли вазиятларда панд берди.

Айтиш жоиз, Осиё футболи мутахассислари Али Асадалло ва Буалем Кукҳий жуфтлигидан кўп нарса кутишганди. Сурия термасига қарши ўйинларда бугунги Қатар миллий жамоасининг ҳақиқий салоҳияти кўзга ташланди.

Дохада Ж.Корея термаси билан бўлган ўйинни эса қайсидир маънода «ухлаётган шернинг уйғониши» қабилида таърифлаш мумкин.

Аммо бу вақтда қатарликлар учун кўп нарса ойдинлашиб улгурганди. Хулоса шуки, Қатар термаси ҳозирги потенциалини сайқаллаб, ўйинга керакли тактик ўзгаришлар киритса, Осиё кубоги-2019да бемалол совринли ўринларга даъво қилиши мумкин.

**************************************

Япония. ЖЧ-2014дан сўнг Япония термаси икки нафар бош мураббий қўл остида ўйнади: Хавьер Агиррева Воҳид Халилхожич. Японлар Бразилия мундиали саралашида сўнгги марта 2013 йилнинг 4 июнь куни гол қўйиб юборгандилар. Гол муаллифи - Австралия термаси вакили Томми Оар.

«Самурайлар» шундан кейин 9та ўйин давомида рақибларга гол уриш имконини беришмади. Умуман олганда, Япония термасининг «қуруқ» серияси нақ 1018 дақиқага етди.

Аммо жамоа учинчи саралаш раундининг 1-туридаёқ ўз майдонида Аҳмад Халил олдида 2 бора ожиз қолиб, БАА термасига 1:2 ҳисобида енгилди. Муҳими, японлар ёқимсиз стартдан тўғри хулоса чиқариб, сўнгги тургача мағлубият кўчасига бош-қа киришгани йўқ.

Натижада 9-турдан кейиноқ ўз гуруҳларида 1-ўринни нақд қилиб қўйишди. Асосийси, Генки Харагучи ва Такума Асано тимсолида кўрдикки, Япония термаси ишончли қўлларда.

**************************************

С.Арабистони. Саудлар иккинчи саралаш босқичида барчанинг ишончини оқлаб, кейинги раундга енгилгина ўтгандилар.

Улар Таиланд термасига қарши кечган учрашувдаги ғалабадан сўнг ҳал қилувчи босқич биринчи даврасини ҳам юқори руҳда тугатишди. Тайсир ал Жассим орада маълум муддат етакчиликни ўз қўлига олди.

Чунончи, Австралия термасининг Конфедерациялар кубогида иштирок этиши туфайли 8-тур ўйинининг эртароқ ўтказилиши саудлар режасини бироз ўзгартирди. Қолаверса, жамоа 9-турда БАА термасига ютқазиб қўйди.

Лекин энг муҳими, финишда Фаҳад ал Мувалладнинг ягона голи эвазига Япония термаси доғда қолдирилди. Натижада Саудия термаси тўплар нисбатидаги 2та гол устунлиги билан «соккеруз»ни 3-ўринга суриб ташлади.

Дарвоқе, ЖЧ-2018 йўлланмаси нақд қилингач, яъни охирги тур ўйинидан сўнг бош мураббий Берт ван Марвейкка чиқиш эшиклари кўрсатилди. Хуллас, саудларни мундиалга аргентиналик Эдгардо Бауса тайёрлайдиган бўлди.

Шиддатли баҳс. 2016 йил 6 октябрь. Саудия Арабистони - Австралия - 2:2. Жиддада бўлиб ўтган ўйин бутун учинчи раунднинг алоҳида безагига айланди, қайсидир маънода.

Ҳаммасини ўта даҳшатли бошлашган араблар иккинчи бўлимда рақиб томонидан таклиф этилган кучли «прессинг»га дош беришда роса қийналгандилар.

Бош қаҳрамон - Наваф ал Обид. 1990 йилнинг 26 январь куни Ар-Риёд шаҳрида таваллуд топган. «Ал-Ҳилол» клуби аъзоси. Сўнгги саралаш раундида Саудия термасининг ҳақиқий етакчиси сифатида гавдаланган бу футболчи айниқса, ироқликларга катта муаммо туғдирди.

Аслида Ироқ термаси саудлар билан баҳсда кучлироқ кўринганди, бироқ Навафни тўхтатиш иложини тополмади. Ҳа, муҳим ўйинларда алоҳида қаҳрамон чиқиши ҳам керак-да!

Бўйи атиги 168 сантиметрга тенг ушбу ярим ҳимоячи жаҳон чемпионатидан сўнг Европа клубларидан ҳам таклиф олса, ажабмас.

**************************************

Австралия. Анге Постекоглу бошқарувидаги Осиё чемпиони Гондурас термасига қарши кечадиган «ҳаёт-мамот» жангларида янада йиғинчоқроқ ўйнамаса бўлмайди. Чунки бош мураббий курсиси қимирлаб қолган, терма жамоада авлодлар алмашуви жараёни оғир ўтяпти.

Шу боисми, Тим Кэйхилл каби «қария»га қайта мурожаат қилинди. Конфедерациялар кубогидан олдинги ва кейинги «соккеруз» умуман бир-бирига ўхшамайдиган жамоалардек таассурот қолдирди.

Австралияликлар сардори Миле Йединак ўз клубида етарли ўйин амалиётига эга эга эмас, Метью Райан ва Метью Леки эса Осиё кубогидан кейин жуда бўшашиб кетишди.

Тўғри, бу орада Томас Юрич ва Томас Рогич сингари янги юлдузлар бош кўтаришди. Жамоа бахтига Аарон Муй сингари АПЛда ҳам ўзини кўрсата бошлаган янги топилмалар бор.

Таркиб, савия, тажриба ва саралашдаги рақиблар нуқтаи назаридан гапирсак, «соккеруз» Гондурас термаси билан ўйинларда ўзини кўрсатиши керак.

Янги юлдуз - Томас Юрич. 1991 йилнинг 22 июль куни Сидней шаҳрида таваллуд топган. Швейцариянинг «Лозанна» клуби аъзоси. 2013 йилдан буён Австралия термаси сафида ўйнамоқда.

Томас сўнгги раунднинг ўзида 5та гол урди. Энг қизиғи, Юрич ҳозирча фақат расмий учрашувларда ўзини кўрсатмоқда. Қолаверса, бўйи 189 сантиметрга тенг ҳужумчи ҳозирча Голландия чемпионатидан юқорига кўтарилган эмас.

**************************************

Ироқ. Ироқликлар 2016 йилнинг 6 сентябрь куни Малайзияда Саудия Арабистони термасини меҳмон қилиб, 1:2 ҳисобида енгилишди. Саудлар ўшанда иккала голни ҳам 11 метрли нуқтадан уришганди.

Номинал мезбон вакиллари қатарлик Ҳамис ал Маррий белгилаган пенальтилар бўйича тортишиб ўтиришмади. Қолаверса, бу жамоанинг нейтрал майдонда Япония ва Австралия термаларидан очко тортиб олгани таҳсинга лойиқ.

Моҳаннад Абдулраҳим Каррар мисолида футболчи фао-лияти давомида қандай одимлаши лозимлигини намуна қилиб кўрсатиш мумкин.

Эътибор беринг, 24 ёшли ҳужумчи 2012 йили Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида тан олинган, бундан ташқари, U-19 тоифасидаги қитъа чемпионатида энг фойдали футболчи мақомини олганди.

Моҳаннад Ироқ ёшлар термаси сафида 9та, олимпия жамоасида эса 3та гол урганди. Миллий жамоадаги голлари сони эса 11тага етди. Хуллас, уни бемалол якунига етган саралаш цикли бош кашфиёти сифатида таърифласак бўлаверади.

Музаффар ФАЙЗ-ШАМС


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz