Қайднома

Қидирув

Марек Гамшик: «Ювентус» мисоли бронепоезд»

Марек Гамшик: «Ювентус» мисоли бронепоезд»

  26.10.2017 03:42
  0
  866
Марек Гамшик: «Ювентус» мисоли бронепоезд»

«Наполи» сардори Марек Гамшик Il Mattino нашрига берган интервьюсида Неаполда ўтказган ўн йили, Дрис Мертенс, «А» серия ва бошқа нарсалар ҳақида гапириб ўтди.

- Марек, «Наполи»да 11-мавсумингизни ўтказяпсиз. Шулардан қай бири энг яхшиси бўлган?

- Ўн йил бир зумда ўтиб кетди. Шу ерда улғайдим. «Наполи»га ўспирин пайтимда келгандим. Клуб муваффақият қозонгандаги хотиралар бир умрга муҳрланиб қолган.

- Неаполь сиз учун нима?

- Менинг ҳаётим. Бу шаҳарга муҳаббатим уйғонган пайтни сўз билан таърифлаб беролмайман. Бир жамоада ўн йилни ўтказиш шунчаки гап эмас. Ҳеч қачон ниманидир ўзгартиришни истамаганман. Бу ерда ўзимни яхши ҳис қиламан.

- Сиз ҳамон ўн йил олдингидексиз.

- Шундай. Бугун ҳам ўн йил олдингидек энергия ва истагим бор.

- Жамоа етакчиси бўлиш қи­йинми?

- Ҳа. Энг муҳими, етакчи бўлиш - ажойиб. Сизни ҳамма танийди. Лекин асосийси, барча танишини ҳис қилиш. Мен неаполликлар қалбидан жой олганман. Бу эса менга қувонч бағишлайди.

- Ҳеч қачон жаҳлингиз чиқмайди. Шундайми?

- Қачонки захирага олишса ғазабланаман (кулади).

- Марадонанинг рекорди ҳақида ўйлаяпсизми? У «Наполи» сафида 115та гол урган.

- Унчаликмас. Диегодан кейин иккинчи ўринда бораётганим ҳам менга қувонч бағишлайди.

- «Наполи» сафида урган 114 голингизнинг қайси бири энг эсда қоларли бўлган?

- Албатта, «А» серияда урган биринчи голим. Ўшанда Неаполда «Самп­дория» дарвозасини ишғол қилгандим. Шунингдек, Италия кубоги финалида «Ювентус» дарвозасига урган голим ҳам эсимдан чиқмайди.

- Чемпионлар Лигасида «Реал»дан реванш олишни истармидингиз?

- Жудаям. Лекин фақат ярим финал ёки финалда.

- «Наполи» Манчестерга сафар уюштиради. 2011 йили айнан «Манчестер Сити»га қарши учрашувда Чемпионлар Лигасидаги деб­ю­тингизни нишонлагандингиз. Ўша ўйин нимаси билан эсда қолган?

- Ҳис-ҳаяжон. Биз яхши ўйнаб, 1:1 ҳисобида дуранг қайд этганмиз. Ҳозир ўшандагидан кўра кучлироқмиз.

- Бунда Маурицио Саррининг ҳиссаси каттами?

- Унда ғолиб менталитети бор. Биз аниқ бир мақсад билан майдонга тушамиз. Ҳар қандай учрашувда ўз ўйинимизни намойиш қилишимиз мумкин. Олдинлари эса биз билан баҳсда бошқалар шу ишни қилашарди.

- Сарри терма жамоалар ўйинларини ёзга кўчириш ҳақида гапирганди.

- Унда қачон дам оларканмиз? (кулади). Тақвим шундоқ ҳам тиғиз. Бунинг устига, футболчилар учун терма жамоа сафида ўйнаш шараф.

- Гол ура олмаслик кўпроқ жаҳлингизни чиқарадими ёки иккинчи бўлимда захирага олишларими?

- Хайриятки, менинг голларимга боғланиб қолишмаган. Жамоамизнинг олдинги чизиғида кучли футболчилар жамланган. Европадаги энг ҳужумкор тандем деса ҳам бўлади. Демак захирага олишса, жаҳлим чиқади.

- Буни Саррига айтганмисиз?

- Албатта. Майдондан ўйин тугамай чиқиб кетиш ҳеч кимга ёқмайди.

- Мертенснинг бу даражада кучайиб кетишини кутганмидингиз?

- У қанотда кучли эди. Лекин Дрис марказда ҳам ўзини кўрсата олди. Энди жамоада ҳақиқий марказий ҳужумчи бор.

- Жорий мавсумда «Наполи» скудетто учун «Ювентус» билан кураш олиб борадими?

- Балким. Лекин бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. Аниқ бир фикр билдириш учун асосий ўйинлардаги натижаларни кутиш керак. Шунингдек, Милан жамоаларини ҳам унутманг. Улар таркибни анча кучайтириб олишди ва Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашадилар. Нафақат улар, бошқа жамоалар ҳам бор.

- Бирор марта «Милан» ёки «Ювентус»га ўтмаганингизга афсусланганмисиз?

- Ҳеч қачон. Агар истаганимда «Наполи»да қолмасдим.

- Италиядаги легионерлардан энг яхшиси ким?

- Албатта, «Наполи»да ўйнайдиганлари.

- Видеоҳакамлар тузимига муносабатингиз қандай?

- Аниқ бир нарса деёлмайман. У ҳакамларга ёрдам беряпти. Лекин ниманидир олиб қўймоқда. Масалан голни нишонлашга шошилмаслик керак. Чунки бир неча дақиқадан сўнг ушбу голни бекор қилишлари мумкин. Шубҳасиз, кўп вазиятларда бу тизим ёрдам беради. Мисол учун, «Фейеноорд» билан ўйинда VAR ишлатилганида, голландияликлар фойдасига пенальти белгиланмаган бўларди.

- Бугунги «Ювентус» ҳақида фикрингиз қандай?

- «Ювентус» - мисоли бронепоезд. Бу жамоа йўлдан чиқиб кетмайди. Туринликларнинг кучи ҳам шунда.

- Агент Мино Райола ҳақидаги фикрингиз қандай?

- У жиддий мутахассис. Европа футболидаги юлдузларнинг тўртдан бир қисми Мино билан бирга ишлайди.

- Лекин юлдузлардан бири унинг галактикасидан жой олмаган. У сизни Неаполдан кетишга чақирмаганми?

- Ҳар кимнинг ўз йўли бор. Райола ҳам мен каби профессионал. Унинг мен ҳақимда нима дейиши қизиқ эмас.

- Футбол оламида дўстлик борми?

- Албатта. Агар жамоада дўстлик бўлмаса, ғалаба қозониш қийин.

- Сизнинг чизиғингиздаги энг кучли футболчи ким?

- Иньеста - ҳаммадан кучли. Унинг ҳаракатларини соатлаб кузатишим мумкин.

- Қайси мураббий қўл остида ўйнашни истаган бўлардингиз?

- Гвардиола. Лекин у билан Чемпионлар Лигасида рақибмиз.

- Фаолиятингизни якунлаганингиздан сўнг нима билан шуғулланасиз?

- Билмадим. Энди 30 ёшдаман. Балки мураббий ёки бошқарувчи бўларман.

А.Исроилхонов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz