Қайднома

Қидирув

Жаҳон чемпионати дебютантлари (2 - қисм)

Жаҳон чемпионати дебютантлари (2 - қисм)

  27.10.2017 00:16
  0
  2046
Жаҳон чемпионати дебютантлари (2 - қисм)

Газетамизнинг аввалги сешанба куни нашрдан чиққан 83 (1499)-сонида soccer.ru сайти маълумотлари асосида 1930-1982 йиллар оралиғида ўтказилган мундиалларда дебют қилган жамоалар ҳақида ҳикоя қилгандик.

Демак, бугун охирги 8та жаҳон чемпионатида катта саҳнага илк марта чиққан миллий термаларга тўхталамиз.

Алоҳида қайд этиш керак, футбол оламининг энг йирик турнирида шу кунга қадар жами 81та юрт жамоаси иштирок этган. Келаси йил бу сон Исландия ва Панама терма жамоалари ҳисобига яна ошади.

Ушбу мақоланинг биринчи қисмида айтгандик, шу кунга қадар ўтказилган 20та мундиалнинг ҳар бирида иштирокчилар сафи кенгайган. Яъни ҳар 4 йилда камида 1та янги жамоа жаҳон форумида ўз дебютини нишонлаган.

ЖЧ-86

3та дебютант жамоа: Дания, Ироқ, Канада

Ироқ ва Канада миллий жамоалари иштироки статистакани тўлдириш учунгина хизмат қилган. Зеро, иккиси ҳам гуруҳ босқичида барча ўйинларни бой берганди.

Данияликлар аксинча, илк раундда чинакамига шов-шув кўтаришади - улар собиқ ГФР, Уругвай ва Шотландия термаларини мағлубият кўчасига итаришганди.

Бироқ скандинавлар 1|8 финалда бу юришни давом эттиролмайдилар, улар испанлар томонидан аёвсиз «калтакланишади» - 1:5.

ЖЧ-90

3та дебютант жамоа: Ирландия, Коста-Рика, БАА

Бирлашган Араб Амирликлари жамоаси кутилганидек, 3та ўйинда ҳам мағлубиятни тан олади, Коста-Рика ва Ирландия термалари эса «плей-офф»га чиқиш йўлини топади.

КОНКАКАФ вакили шундан кейин илк раунддаёқ курашдан чиқади - унинг олдига собиқ Чехословакия термаси 4:1 кўринишида тўсиқ қўйганди.

Ирландлар эса руминларни пенальтилар серияси орқали доғда қолдириб, чорак финал иштирокчилари қаторига қўшилишади. Ярим финал йўлида эса уларга озгина аниқлик етишмайди ва Италия термаси биргина гол туфайли ўз юришини давом эттиради.

ЖЧ-94

4та дебютант жамоа: Греция, Нигерия, Россия, Саудия Арабистони

Россия термасининг мундиалдаги мустақил дебюти стартдаги 2та мағлубият (Бразилия ва Швеция миллий жамоаларидан) оқибатида омадсиз чиқади.

Тўғри, руслар 3-турда Камерун термасини 5:1 ҳисобида тор-мор қилиб, «эшик»ни жуда қаттиқ ёпишади. Ўша учрашувда Олег Саленко «пента-трик» қайд этиб, рекордчи бўлганди.

Греклар эса 3та ўйинни умумий - 0:10 ҳисобида бой бериб, ўз квартетларида охирги ўринни банд этишади. Юнонларни мағлуб этган рақиблардан бири Нигерия термаси эди ва у кутилмаганда 1-ўрин орқали «плей-офф»га чиқади.

Тўғри, «яшил бургутлар» кейинги раундда амалдаги жаҳон чемпиони - Италия термасига айтарли қаршилик кўрсатолмайдилар. Қитъадошимиз - Саудия Арабистони жамоасига келсак, у ҳам гуруҳдан ўтади ва 1|8 финалда Швеция термасига йўл бўшатади.

ЖЧ-98

4та дебютант жамоа: Хорватия, ЖАР, Ямайка, Япония

Аср охирига келиб, иштирокчилар сони 32тага оширилади, аммо бу ҳолат дебютантлар сафига катта таъсир қилмайди.

Қолаверса, янги жамоалардан 3таси қуръа ҳукмига кўра, 1та квартетда ўйнайди. Якунда мундиал кашфиётига айланган Хорватия термасига шу ҳолат ҳам қўл келган бўлса, ажабмас.

Хуллас, Давор Шукер ва унинг дўстлари Ямайка ҳамда Япония термаларини ортда қолдириб, «плей-офф»га чиқишади, кейин навбати билан руминлар ҳамда немислардан устун келишади. Боз устига, бундестимни «сенсацион» тарз­да тор-мор қилишганди.

Хорватия дружинаси ярим финалда бўлажак жаҳон чемпиони - Франция термасига бас келолмаган бўлсада, бронза медали учун баҳсда голландлардан устунлик қилиб, дебютант сифатида энг яхши натижалардан бирига эришган португаллар жасоратини такрорлаганди.

Яна бир янги иштирокчи - ЖАР термасига келсак, африкаликлар ўз гуруҳларида Саудия Арабистони жамоасидан олдинга жойлашади, аммо Дания ҳамда францияликлардан орқада қолишади.

ЖЧ-2002

4та дебютант жамоа: Хитой, Сенегал, Словения, Эквадор

Хитой, Словения, Эквадор жамоалари гуруҳ раундида охирги ўринда қолган бўлса, сенегаллик шоввозлар Осиёдаги биринчи ЖЧни чинакамига «гуллатишади».

Африка вакили очилиш ўйинидаёқ амалдаги чемпион - Франция термасини енгиб, катта шов-шув кўтаради. Якунда бу жамоанинг чорак финалгача борганию, йўл-йўлакай нечоғли жозибадор футбол намойиш этгани ҳали кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.

Факт шуки, XXI асрда ҳеч бир дебютант Сенегал термаси натижасини яхшилай олгани йўқ (тўғри, бу кўрсаткич яна 4 йилдан сўнг такрорланди).

ЖЧ-2006

8та дебютант жамоа: Ангола, Гана, Кот-д~Ивуар, Сербия ва Черногория, Того, Тринидад ва Тобаго, Украина, Чехия

Эътибор беринг, Германия мундиалида иштирок этган жамоаларнинг 25 фоизи дебютант мақомида эди. 8та янги кучдан атиги 2тасининг гуруҳ раундидан чиққани бошқа масала.

Хуллас, Гана ва Украина термалари «ҳаёт-мамот» жангларида курашни давом эттиришди.

«Қора юлдузлар» илк «имтиҳон» чоғиёқ йиқилган бўлсалар (Бразилия - 0:3), Андрей Шевченко етакчилигидаги украинлар аввалига Швейцария термасини пенальтилар серияси воситасида енгишди ва ярим финал йўлида бўлажак ғолиб - Италия дружинасига бас кела олишмади.

Муҳими, улар XXI асрда дебютант жамоа томонидан қайд этилган энг яхши натижани такрорлашди.

ЖЧ-2010

2та дебютант жамоа: Сербия, Словакия

Серблар бунгача ҳам жаҳон чемпионати таъмини татиб кўришганди, бироқ бошқа жамоалар таркибида. Уларнинг мустақил дебютлари унча ўхшамади - гуруҳ босқичидан кейиноқ мундиал билан хайрлашишди.

Словаклар аксинча, амалдаги жаҳон чемпиони - Италия термасини «плей-офф»сиз қолдириб, 1|8 финалда ўйнашди ва голландларга ютқазишди.

ЖЧ-2014

1та дебютант жамоа: Босния ва Герцеговина

Охирги мундиалда атиги 1та миллий жамоа дебютант сифатида кўриниш берди. Бироқ Босния ва Герцеговина термаси чиройли ўйнашга уринган бўлсада, «плей-офф»га йўл очолмади.

ЖЧ-2018. Россия мундиалида нечта дебют кўрамиз?

Ҳозирча бўлажак мундиалнинг 2та дебютанти аниқ - Исландия ва Панама термалари саралаш раундини муваффақиятли босиб ўтди. Яна бир эҳтимолий дебютант Сурия термаси эса ОФК миқёсидаги «плей-офф»да Россия мундиалида ўйнашдан умид узди.

Шунингдек, АФК (Африка) аъзолари - Буркина-Фасо ҳамда Кабо-Верде миллий жамоаларида ҳам ЖЧ-2018да дебют қилиш имконияти сақланиб турибди.

Бу термалар 6 ноябрь куни ўзаро ўйнайди ва қайсидир бири сенегалликлардан ўзиб кетиши мумкин. Демак, Россия мундиали мухлисларга 3та дебютантни тақдим этиши ҳеч гап эмас.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz