Қайднома

Қидирув

Неймарга қалқон камлик қилди…

Неймарга қалқон камлик қилди…

  26.10.2017 16:11
  0
  996
Неймарга қалқон камлик қилди…

«Уик-энд» «спектакл»ларидан бафуржа хабардор бўлиш учун ҳеч бўлмаганда икк кунга тирикчилик ташвишларини бутунлай унутиш талаб этилади. Бундай имконият ҳаммада ҳам бўлавермагани боис, унинг қайноқ тафтини қисқача шарҳларга жойлашга уриниб кўрдик.

«Валенсия»нинг парвози

Ҳа, «Севилья» сафарда «Валенсия»дан йирик (0:4) ҳисобда енгилди. Ўтган мавсумни бир амаллаб якунлаган «Валенсия» Марселино етакчилигида ишончли ўйин кўрсатиб, турнир жадвалининг иккинчи поғонасида бормоқда. Эътиборлиси, охирги бешта учрашувда 21 марта рақиблар дарвозасига йўл топа олди. Тўғри, беллашувнинг каттагина қисми тенг курашлар остида ўтди. Шунчаки мезбонлар ўз имкониятларидан фойдаланиб олдинга чиқиб олишди. Кейин эса меҳмонларнинг бутун жамоа билан олдинга ташланиши майдон эгаларига қўл келди. Қизиғи, Гонсалу Гуадеш ўта самарали («дубль» ва ассистентлик) тўп сурди. Ваҳоланки, «ПСЖ» бу ҳужумчига иш топиб беролмай, ижарага юборганди.

Моуриньо хоинлар қуршовидами?

Жозе Моуиньонинг жамоаси АПЛ дебютантига имкониятни бой берди-1:2. Уучрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида «Беназир» ўз шогирдларини танқид қилди. Бундай манзарага «Челси» ва «Реал»да гувоҳ бўлганмиз. Энди «МЮ»да. Ҳозирча португалиялик мураббий ҳеч қайси шогирдини хоин, деб атамади. Шунчаки, уларга журналистлар ҳузурига чиқиб, нима учун «Хаддерсфилд»га имконият бой берилганига изоҳ беришларини сўради.

«Сити» олисламоқда

Сўнгги турда Гвардиола шогирдлари камтарин «Бёрнли»ни 3та гол билан сийлашди. Футбол мезонига кўра, йирик ғалаба. Лекин аввалги 8та учрашувда 29та гол урган жамоа учун кам. Ҳа, майли, энди хушхабар: Серхио Агуэро яна гол ура бошади! Голландияик таксичи жароҳат етказганидан кейин илк марта. Шу тариқа аргентиналик тўпурар «Ман Сити»даги голлари сонини 177тага етказиб, рекордчи Эрик Брукка етиб олди. Табиийки, тез орада Серхио мутлоқ рекордчига айланади.

«Наполи»нинг «қуруқ» ўйини

Бунга «Интер» айбдор. Ҳа, Лучано Спалетти жамоаси Неаполга фақат дурангни кўзлаб келганди: ҳудудни ҳам, тўпни ҳам майдон эгаларига тортиқ қилди. Лекин қулай фурсат келганида тезкор қарши ҳужумлар уюштиришни ҳам унутмади. Албатта, ҳимоявий услуб - мақташга арзимайди. Аммо меҳмонлар мураббий топшириғини уддалашди. Шу тариқа карвонбошининг апрель ойидан бошланган ғалабали серияси (13та ғалаба) якунланди. Таажжубки, «Наполи»нинг зафарли юриши айнан «Интер»ни тор-мор этиш билан бошланганди.

Бонуччи - «ёзнинг энг яхши трансфери»

Леонардо Бонуччининг «Милан»га ўтиши Италияда шундай баҳоланганди. Албатта, унинг савияли ҳимоячи эканига шубҳа йўқ. Лекин октябрь ойи тугаса ҳамки, Монтеллага у қайси чизиқда ёрдам бериши маълум эмас. Яъни футболчи «Милан» услубига мос тушмаяпти. Боз устига, сардорлик боғчини талаб қилиши ортиқча. Трансфернинг ғаройиблиги шундаки, Бонуччи туфайли нафақат «Ювентус», балки «Милан»нинг ҳимоя чизиғи ҳам издан чиқди. «Женоа»га қарши баҳсда ҳимоячи тирсаги билан Розининг юзига зарба бериб, 25-дақиқадаёқ ўйиндан четлатилганди. Ана сизга янги трансфернинг «самараси»! Маълумотларга кўра, 200 миллионлик харидни амалга оширган Монтеллага мутасаддилар вазиятни ўнглаш учун тўртта учрашув ажратишганди. Ортда қолган икки ўйинда унинг жамоаси бирорта ҳам гол уролмади... Эҳтимол, қаердадир Карло Анчелотти ўз соатини кутиб ўтиргандир? Лекин матуботда бошқа номзодлар, масалан, Женнаро Гаттузо зикр этилмоқда. Балки Монтеллага кўпроқ имкон берилгани яхшироқдир?

«Эвертон» - барчага суюкли рақиб

Сусткаш ҳужумчилар ва дабдала бўлган ҳимоя чизиғи «Эвертон»ни барча жамоалар учун суюкли рақибга айлантирди. 200 млн. сарфлаган «Милан» ўртамиёналар сафида юрган бўлса, 160 млн.дан воз кечган «ирискалар» аутсайдерлар «ботқоғи»да. «Арсенал»ни қўя турайлик, камтарин рақиблар ҳам «Эвертон»ни бемалоло енга олишяпти. Охир-оқибат Рональд Куман ишдан олинди.

«Ювентус»нинг ғашига тегманг!

Чемпионнинг Удинега уюштирган сафари ғоят қизиқарли ва сермаҳсул кечди. Айниқса, дастлабки дақиқалар муросасиз курашларга бой бўлди. Доимо камтарлиги билан ажралиб турадиган Сами Хедира учрашув қаҳрамонига айланиб, «хет-трик» соҳибига айланди. Моҳир ҳимоячи ўз фаолиятида илк марта бундай натижани қайд этди. Ваҳоланки, учрашувда ҳисобни мезбонлар очишгач, чемпион 2та гол билан жавоб қайтарган, лекин 26-дақиқадан бошлаб майдонда камчилик бўлиб қолганди. Афтидан, Манжукичнинг қизил карточкаси туринликларга кучли таъсир кўрсатган кўринади. Шундан кейин меҳмонлар асосий эътиборни ҳужумга қаратишди. Голларнинг учтаси стандарт вазиятлардан унумли фойдаланиш маҳсули эканлиги алоҳида эътиборга молик.

«Ливерпуль» - жумбоқ жамоа

Ҳа, бу жамоани тушуниш қийин - кеча 7та гол урган бўлса, бугун 4та ўтказиб юбориши ҳеч гап эмас! Бу топ-клуб мантиғига мос эмас. Бу сафар қандай ўйин кўрсатишини умуман билиб бўлмайдиган «Ливерпул»га мос. ЕЧЛ доирасидаги «Марибор»га қарши кечган баҳсни дастлабки 15 дақиқадан кейин якунланса ҳам бўлаверарди. Лекин «Уэмбли»да рақиб қаршисида ожиз қолди. Тўғри, «қизиллар» тарафдорлари бу мағлубиятни омадсизликка йўйишлари мумкин. Аслида, Клопп жамоасининг ҳимоя чизиғида муаммолар етарли. «Тақачилар» иккинчи голни урганларида Юргеннинг юзига аламли табассум балқди. Чунки у дастлабки дақиқаларда хатога йўл қўйган Ловренни захирага олган, лекин дурустроқ ўринбосар топа олмаганди. Ишониш қийин аммо факт: Бугунги «Тоттенхэм» «Ливерпул»дан кучли.

Гафри Кейннинг 9та учрашувда тўртта «дубл»га эришгани - ҳайратланарли! Тўпурарлар етакчиси ЕЧЛнинг 3та баҳсида «дубль» ва «хет-трик»ни қайд этганичи. Фан-тас-ти-ка! Дарвоқе, АПЛдаги голлар сони бўйича Кейн Роналдудан ўзиб кетди.

Неймар: Гол, қалқонлар ҳимояси, четлатиш

Марселдаги сафар учрашувини «ПСЖ» фақат бразилиялик ҳужумчи орқали ўтказишга интилди. Мезбонлар эса Неймарнинг ҳар бир қадамини ҳушёрлик билан назорат қилишга уриндилар. Гарчи меҳмонлар ҳужумчиси бир марта уларни доғда қолдирган бўлсада, «Марсель» ишончли ҳимояланди. Боз устига, аниқ зарбалар бўйича ҳатто устунликка ҳам эришди. Неймар эса тўпни эгаллаб олгач, ўзи олдинга ўтишга уринди, Кавани ва Мбаппе билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги сезилиб қолди. Балки «ПСЖ»ни «Сантос»га қиёслаш ўринли эмасдир, аммо пойтахт жамоасининг ўйини бир футболчига боғлиқ бўлиб қолгани аниқ. Қизиғи, шундаки, меҳмонларнинг қайси ўйинчиси хавфлироқ эканини стадиондаги мухлислар ҳам тезда пайқаб олишди. Оқибатда, Неймар турли буюмлар «бўрони» остида қолиб кетди. Бурчак тўплари амалга оширилаётган пайтда ҳужумчини стюардлар махсус қалқон билан ҳимоя қилишга мажбур бўлишди. Шунингдек, рақиб футболчилари ҳам унга қўполлик ишлатиб, руҳий мувозанатдан чиқаришга уриндилар. Охир-оқибат, ҳужумчи елимдек ёпишиб олган Окампоснинг кўксидан суриб юборди. Айнан шу ҳаракатни кутиб турган рақиб юзини тўсганича йиқилди. Ҳакам эса унинг муғомбирлигига алданиб, Неймарни ўйиндан четлатди.

Шунга қарамай, «ПСЖ» мағлубиятдан қутула олди - қўшимча вақтнинг 3-дақиқасида Кавани жарима зарбаси эвазига мувозанатни тиклади.

 А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz