Қайднома

Қидирув

«Спорт» ТВда юз бераётган ўзгаришлар ҳақида

«Спорт» ТВда юз бераётган ўзгаришлар ҳақида

  28.10.2017 06:26
  0
  3604
«Спорт» ТВда юз бераётган ўзгаришлар ҳақида

Юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар сабаб кўп янгиликлар эшитмоқдамиз.

Яқинда интернет нашр­ларида бир хабар тарқалди ва у бир жиҳати - жаҳон чемпионатига алоқадорлиги билан диққатга сазовор эди.

Хабарда айтилишича, «Спорт» телеканали ЖЧ-2018 мусобақасини олиб кўрсатишни режалаштирмоқда. Бу озмунча янгилик эмас.

Энг муҳими - трансляция қанча туришини ҳам билиб олдик. 2014 йилда Бразилияда бўлиб ўтган мундиал трансляцияси Марказий Осиё минтақаси учун 800 минг АҚШ доллари бўлган экан.

Демак, бу сафар ҳам шунга яқин маблағ бўлади.

Бу хабарнинг аҳамияти бир неча сабабларга кўра биз учун муҳим. Биринчидан, «Спорт» телеканали қандай заҳмат ва харажат ҳисобига жаҳон чемпионати ўйинларини олиб бераётганини билиб олдик.

Нима учундир авваллари бундай маълумот сир сақланарди. Ўзбек футболида очиқ-ойдин хабарларни ҳар доим эшитавермайсан ва трансляция суммаси ошкор қилингани ҳам катта масала. Албатта, «Спорт» бу пулни ёлғиз ўзи тўламайди, чунки гап Марказий Осиё минтақаси ҳақида кетмоқда ва бошқа давлатлар телеканаллари ҳам сотиб олиши турган гап.

Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, ЖЧ-2014 ўйинлари бизнинг «Спорт» ТВга 100 минг долларга тушган. Аммо бу ҳам озгина пул эмас.

Умуман, охирги вақтларда «Спорт» ТВда амалга оширилаётган ишлар дарҳақиқат, таҳсинга сазовор. Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган «Бухоро» - «Пахтакор» ўйини трансляциясидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Европа стандартлари асосида ўйинни олиб кўрсатиш ўзимизникиларнинг қўлидан ҳам келар экан. Юқоридан олинган стадион тасвири дейсизми ёки ўйиндан олинган кадр­лар - ҳаммаси юқори сифатга жавоб беради.

Илгари вилоят тугул, пойтахт жамоалари иштирокидаги учрашувлар ҳам бундай олиб кўрсатилмаган. Истардикки, бундай трансляциялар давомий бўлса.

Албатта, ҳали қилишадиган ишлар етарли. Масалан, Ўзбекистон чемпионати баҳсларини тўлиқ олиб кўрсатиш борасида ҳали муаммолар бор. Аммо бу масала ҳам ҳал қилинишига ишониш мумкин. Масалан, Намангандан «Нав­баҳор»нинг уй ўйинлари жонли эфирда мунтазам равишда трансляция қилинмоқда.

Яқин вақтлар ичида бош­қа вилоятлар ҳам бу сафга қўшилиб қолар. Ёмон томони, бу муаммоларни ҳал қилиш ёлғиз каналнинг ўзига боғлиқ эмас. Балки Ўзбекистон футбол федерацияси ҳамда Профессионал футбол лигаси билан ҳамкорликда ҳал қилиш лозимдир?

Нима бўлган тақдирда ҳам биргаликда, ҳамжиҳатликда иш олиб борилса, муаммоларни ҳал қилиш анча осон бўлар эди. ЎФФ ва ПФЛ айни вақтда Ўзбекистон чемпионати савиясини ошириш устида иш олиб бормоқда. Бу вазифани амалга оширишда трансляциянинг ўрни катта эканини эса инкор этиб бўлмайди.

«Спорт» телеканали мухлислари яқинда яна бир яхши янгилик эшитишди - келаси мавсумдан эътиборан Анг­лия премьер-лигаси ўйинлари трансляцияси ҳам бошланиши мумкин.

Ҳозирда МТРК раҳбарияти бу борада музокара олиб боряпти. Мазкур хабар ҳам интернет нашрлари орқали эълон қилинди.

Бунга қадар Франция ва Италия чемпионати баҳсларини кузатиб келаётган телетомошабинлар келаси мавсумдан АПЛни ҳам «Спорт» ТВда кузатишса, каналнинг энг катта ютуқларидан бири бўлар эди.

«Спорт» телеканали давлат ташкилоти ҳисобланади ва уни ташкил этишдан мақсад нафақат футбол трансляциялари, балки спортнинг барча соҳасини тарғиб этишдан иборат. Шу боис ҳам болалар спортидан тортиб, профессионал мусобақаларгача намойиш этиб келинмоқда.

Яхши биласиз, Ўзбекистонда дзюдо, теннис, сув спорти ва бошқа соҳаларда жаҳон миқёсидаги турнирлар ўтказилмоқда. Бундай мусобақалар мезбонлигини олиш осон иш эмас. Халқаро федерациялар бирор масъулиятли мусобақани топширишдан олдин трансляция имкониятларини ўрганиб чиқади.

«Спорт» телеканали бу борада катта ишларни амалга ошириб келмоқда. Юртимизда спортнинг ривожи учун телевидениенинг аҳамияти жуда катта. Трансляциялар - спортнинг, нафақат «Спорт» телеканалининг, балки спортга тегишли бўлган ҳар қандай одамнинг асосий мақсади шу бўлиши лозим.

Олдинда бизни ЖЧ-2018 билан биргаликда ўша йили Жакартада бўладиган Осиё ўйинлари, Токио-2020 Олимпиадаси ва яна бир қатор йирик мусобақалар кутиб турибди.

Насиб қилса, уларнинг барини «Спорт» ТВ орқали томоша қиламиз. 2004 йилда телеканал ташкил этилганда ҳаммамиз унга катта умидлар боғлаганмиз.

Балки бу умидлар охирига қадар оқланмагандир. Аммо муҳими шундаки - «Спорт» олдинга интилишда давом этмоқда. Демак, ундан кўпроғини кутишга ҳақлимиз...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz