«Пахтакор-79» йигитларининг олисларда қолиб кетган қабрини зиёрат қилишни анчадан буён дилга тугиб юрган эдим.
Кўп йиллар шу ҳақида ўйладим. Аммо бу ишни бошқачароқ амалга оширишни режалаштиргандим.
Ўзим журналистман, бир вақтлари радиода ишлаганман. Устоз Ахбор Имомхўжаевнинг биринчи шогирдлариданман. Шунингдек, Шоабдулла Муҳаммаджонов, Азим Алимов, марҳум устозлар Роман Турпишев, Тўлқин Илҳомов ва Талъат Обидовлар ҳам журналистика соҳасига кириб келишим ва қалам тебратиб, микрофонни қўлга олишимда йўл-йўриқ кўрсатишган.
Хуллас, эслаб қолишга арзийдиган нимадир қилишни жуда хоҳладим. Украинага шунчаки, поезд ёки самолётда бориб-келишни истамасдим.
Ниҳоят, сафарга велосипедда чиқишга қарор қилдим. «Пахтакор-79» зиёрати учун амалга оширган саёҳатимни Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги ҳамда Ўзбекистон ва Украина дўстлик жамиятининг 25 йиллигига бағишладим.
ТАЙЁРГАРЛИК
Велосипедим ҳар қанча замонавий ва сифатли бўлмасин, 4 минг километр йўл босиб ўтиш осон иш эмас. Бунинг учун яхши тараддуд кўриш талаб этилади.
Ҳали амалга ошиши душвор бўлган ишни олдиндан эълон қилишни истамадим. Шунинг учун тайёргарликни ими-жимида олиб бордим.
Аввалига Тошкент кўчалари бўйлаб велосипедда сайр қилиб турдим. Бора-бора ушбу сайрлар 100 километрлик маршга айланди.
Сирғалидан то Юнусободнинг энг чекка нуқтасигача бориб келиш билан бошланган машғулот Чирчиқ, Ғазалкент ва Олмалиқ шаҳарларига уюштирилган саёҳатга уланиб кетди.
Кейинчалик Қозоғистонга ҳам бориб келдим. Мана шу сафарлар вақтида ўзимга бўлган ишончим ҳам ошиб борди.
Бироқ жисмоний тайёргарлик ўз йўлига, бу қадар узоқ йўлга чиқишнинг бошқа жиҳатлари ҳам талайгина эди. Энг аввало, режамни амалга ошириш учун харажатлар масаласини ҳал қилиш лозим эди.
Яна тўртта давлат чегарасидан ўтиш учун кўп ҳужжат керак бўлади. Шу масалада Миллий Олимпия қўмитасига мурожаат этгандим, ушбу ташкилот молиявий жиҳатдан бироз ёрдам берди.
Сафарни ният қилгандан буён пул жамғариб келаётган эдим. Шу билан муаммони узил-кесил ҳал қилдим.
Виза масаласида эса Украина элчихонаси ёрдам берди. У ердагилар Днепропетровскдаги Куриловка қишлоғига кетаётганимни эшитгач, ҳар қандай кўмакка тайёр эканликларини билдиришди.
Шу билан бирга Киевдаги элчихонамизга ҳам алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Улар мени илиқ кутиб олиб, яқиндан амалий ёрдам кўрсатишди. Узоқ йўл юриб борган саёҳатчи учун бундай эътиборнинг аҳамияти жуда катта, албатта.
ЙЎЛ АНЖОМИ
Велосипедда йўлга чиқиш машаққатидан яхши хабардор эдим. Шу боис сафар халтасини керакли анжомлар билан тўлдирдим. Биринчи навбатда, сайёҳлар чодири сотиб олдим.
Меҳмонхона ҳамма ерда ҳам учрайвермайди. Боз устига, юрадиган йўлимда чўл-биёбон ҳам, қалин ўрмонлар ҳам бор эди. Йўлда тунайдиганлар учун эса чодирнинг ўрни беқиёс.
Шунингдек, сайёҳларнинг кичкина қозончасини сотиб олдим. У фойдаланиш учун жуда қулай, ўчоқ ҳам шартмас. Ўртасидан осиб, тагидан олов ёқаверасиз.
Бундан ташқари, махсус кўрпа-тўшак, хуллас, санайман десанг кўп нарса бор. Буларнинг барини ўзим билан бирга велосипедда олиб кетишим керак эди.
САФАР
Аслида, йўлга эртароқ чиқиб, 11 августда Куриловкага етиб боришни мақсад қилгандим. Бироқ режамни орқароққа суриб туришга тўғри келди.
Биринчидан, ёз жуда иссиқ келди ва бундай вақтда сафарга чиқиш анча таваккал бўларди. Қолаверса, кутилмаганда неварамнинг тоби қочиб қолди ва у тузалмагунга қадар бошқа ишларни четга суриб туришга тўғри келди. Ниҳоят, 11 август куни тонг-саҳарда йўлга чиқдим.
Сафарим Тошкент вақти билан соат 06:00да бошланди. Қозоғистон чегарасига тезда етиб бориб, ҳаялламай ўтиб олдим. Умуман, сафарим давомида 4та давлат чегарасидан ўтган бўлсамда, бирортасида ортиқча муаммога дуч келмадим.
Бир томондан, рус тилини яхши билишим асқотди, бошқа томонлама, «Пахтакор-79»ни зиёрат қилишга кетаётган сайёҳга ҳамма ҳайрихоҳ бўлиши турган гап.
ЙЎЛ
Россия ва Украинада совуқ эрта тушади. Шунинг учун жадалроқ юриш талаб этиларди. Ҳали изғирин бошланмай туриб кўзланган манзилга етиб олишим шарт эди.
Велосипедим сифатли экани ва сафаролди тайёргарлик маромида бўлгани боис, ҳаммаси режадагидек кечди. Ҳар куни камида 100 километр йўл босдим.
Ҳаттоки, баъзи кунлари 140 километр юрган вақтларим ҳам бўлди. Сафар давомида кўп жойларни кўрасан, хаёлларга бериласан. Марҳум «пахтакорчилар»ни жуда яхши танирдим. Касбим нуқтаи назаридан улар билан учрашиб турардим, интервьюлар олардим.
«Пахтакор»нинг деярли ҳар бир ўйинини бевосита стадионда томоша қилганман. Футболчиларнинг нафақат ўзи, балки ота-оналарини яхши танирдим.
Айниқса, Владимир Фёдоровнинг отаси билан муносабатимиз яхши эди. Кўп ўйинларни ёнма-ён ўтириб кўрганмиз, машъум фожиадан сўнг ҳам учрашганмиз, бўлиб ўтган воқеаларга бевосита шоҳид бўлганман.
Футболчилар ва уларнинг яқинларига ҳурматимни бажо келтириш учун ҳам шу сафарга чиққандим.
КУТИЛМАГАН ВОҚЕАЛАР
Саёҳатим Саратов - Воронеж - Белград - Харьков - Днепропетровск йўналиши бўйлаб давом этди. Йўл-йўлакай Қозоғистон, Россия ва Украина табиатини томоша қилдим.
Албатта, ҳамма ерда ҳар хил одам учрайди. Халқимизда «Йўл юрган дарё, ўтирган бўйра», деган гап бор. Шунга монанд турфа шахсларни учратдим.
Улар орасида, энг аввало, яхшиларини эслаб ўтмоқчиман. Сафар давомида менга ёрдам берганлар кўп эди, уларнинг барчасидан миннатдорман.
Аммо шу билан бирга, «оласи ичида» бўлганлар ҳам учради.
Ҳаттоки, баъзи ҳудудларда велосипед ва бошқа буюмларимни тортиб олишга уринган безориларни ҳам кўрдим. Албатта, мен ҳам анойилардан эмасман, нарсамни олдириб қўядиган бўлсам, таваккал қилиб узоқ йўлга чиқмасдим.
Шукурки, Куриловкага етиб боргунча ҳамма буюмларим бутун қолди. Баъзи жойда қаттиқроқ туришга тўғри келса, бошқасида яна ўша тил билишим ёрдам берди.
Ўз навбатида, табиат ҳам кутилмаган «совға»ларини юбориб турди. Масалан, Воронежда кучли ёмғир ёғиб, бир сутка чодирдан чиқолмай қолиб кетдим. Ўша куни мажбуран дам олдим.
Яна бир кутилмаган воқеа Россия ўрмонларидан бирида рўй берди. Кечки овқатга консерваланган гўшт солиб, таом тайёрлагандим. Ярми билан қорин тўйди ва қолганини нонуштага олиб қўйдим. Қозонни чодиримдан сал наридаги дарахтга илиб қўйгандим.
Эрталаб туриб қарасам, на қозон бор ва на таом. Қозонни-ку сал наридан топдим, ичи шу қадар тоза эдики, ҳатто овқат тайёрлангани ҳам сезилмасди. Кейин билсам, тунда тулкилар келиб, қозон ичидагини паққос тушириб, тозалаб кетишган экан.
Йўл давомида тулки, чиябўри ва айниқса, қобон изларини кўп кўрдим. Бахтимга ҳеч бири менга зарар келтиргани йўқ.
Аввалига уч-тўрт кун чодирда ухлаш қийинчилик туғдирди. Кўникмаганим учун уйқунинг ҳам мазаси бўлмади. Аммо кейин кўникдим, уйдагидек бемалол дам олдим.
МАҒЛУБИЯТЛАР
Сафарим давомида энг ёқимсиз ҳолат Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинлари билан тааллуқли бўлди.
Хитой ва Жанубий Кореяга қарши кечган баҳсларни ҳозир эслагим ҳам келмайди. Айниқса, корейслар билан учрашувни Воронежда россиялик, қирғизистонлик ва юртдошларим ҳамроҳлигида кўрдик.
Термамизга нафақат биз, балки улар ҳам астойдил мухлислик қилишди. Аммо футболчиларимиз мазмунсиз ўйинлари билан ранжитишди.
Сафар давомида мендан энг кўп сўрашгани Равшан Эрматов бўлди. Айниқса, россиялик мухлислар у ҳақида кўп савол беришди, нима учун футболи ривожланмаган Ўзбекистондан бу қадар кучли ҳакам чиққани билан қизиқишди.
Табиийки, уларга тасаввурлари нотўғри эканини тушунтиришга уриндим. Юртимизда миллионлар ўйинига катта эътибор берилаётгани ва олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзладим.
Аммо барибир, жаҳон чемпионатидек йирик мусобақага чиқолмаганимиздан кейин хорижда футболимиз ҳақида ижобий тасаввур ҳосил қилиш қийин бўларкан.
УКРАИНА
Украинада мени жуда яхши кутиб олишди. Куриловка қишлоғи Днепропетровскдан 65 километр узоқликда экан. Бу масофани ҳам велосипедда босиб ўтдим ва «Пахтакор-79» учун ўрнатилган хотира монументини зиёрат қилдим.
Самолёт қулаган жой ўрмон ичида экан. У ерга ҳам анча юриб киришга тўғри келди. Украиналикларга катта раҳмат, улар монументни жуда яхши ҳолатда сақлаб туришган экан. Ҳар йили баҳорда таъмирдан чиқариларкан, мунтазам равишда ободонлаштириб туриларкан.
Ўзбекистонлик оддий мухлис сифатида бундай эътибордан бошим осмонга етди. Умуман, Украинада юртимизга нисбатан жуда илиқ кайфиятни сездим. Ўзбеклигимни билишгани ҳамоно самимий муносабатга дуч келдим ва бу ҳол ҳар қадамда сезилиб турди.
Қизиқ томони, Куриловканинг «Пахтакор» номли ўз клуби бор. Бу жамоа Днепр вилояти биринчилигида қатнашади. Либоси ва спорт анжомлари Ўзбекистон футбол федерацияси ва «Пахтакор» клуби томонидан таъминланади.
Масалан, жорий йилги экипировкаси Joma брендига тегишли. Бу жамоа машғулотида иштирок этиб, ўзим ҳам бироз тўп сурдим. Шунингдек, Куриловкадаги мактабда ҳам икки соатли тадбир ўтказилди.
Унда юртимиз ривожи, футбол ва яна кўплаб қизиқарли саволларга жавоб бердим.
Украинада вазият анча яхши. Гарчи қаерлардадир зиддиятлар сақланиб турган бўлсада, бу ҳолат бошқа минтақаларга таъсир ўтказмаган.
Кундалик турмуш тарзи бир маромда давом этмоқда. Масалан, Куриловка қишлоғи нотинч ҳудуддан бор-йўғи 120 километр узоқликда жойлашган экан. Аммо мен ҳеч қандай нохуш ҳолатни сезмадим. Ҳаммаси осойишта.
КИЕВ
Сафарим Киевда якунланди. Украинада мени ўзбек диаспораси вакиллари кутиб олишганди. Улар бутун сафар давомида ёрдам беришди.
Украина пойтахтида элчихонамиз ҳам катта кўмак кўрсатди. Деярли ҳар куни интервью бердим, газета, ТВ ва радиода чиқиш қилдим. Журналистлар билан матбуот анжумани эса элчихонамизда ташкилланди.
Киевда Ўзбекистон ва Украина дўстлигининг 25 йиллиги муносабати билан катта тадбир ўтказилди ва унда юртимиз элчиси Алишер Абдуалиев сўзга чиқди.
У нутқи давомида хорижий давлатлар элчилари ва Украина ҳукуматининг нуфузли аъзолари кўз ўнгида мени ҳам ўртага таклиф этиб, саёҳатим ҳақида батафсил маълумот берди ва махсус диплом билан тақдирлади.
Ўша лаҳзада ўзбек фарзанди эканимдан, юртимиз номини дунёга ёйишда қўшган кичик улушимдан фахрланиб кетдим. Барча қийинчиликлар бир зумда унутилди.
Тадбирда ўзбекистонлик санъаткорлар ҳам иштирок этишди. Айниқса, опера устаси Женисбек Пиязовнинг чиқишлари катта олқишга сазовор бўлди.
Уни қайта ва қайта саҳнага чорлашди. Саёҳатим мана шундай ёрқин таассуротлар остида якунига етди. Мамлакатимизга самолётда қайтдим. Насиб қилса, шундай сафарни яна амалга ошираман.
Мени қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат.
Салоҳиддин МАҲМУДОВ, фахрий журналист
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20