Қайднома

Қидирув

Евродан кейин Жаҳонни забт этишга тайёр Исландия терма жамоаси ҳақида нималарни биласиз?

Евродан кейин Жаҳонни забт этишга тайёр Исландия терма жамоаси ҳақида нималарни биласиз?

  29.10.2017 00:43
  0
  1893
Евродан кейин Жаҳонни забт этишга тайёр Исландия терма жамоаси ҳақида нималарни биласиз?

Жаҳон чемпионати тарихида илк марта «кўҳна қитъа»нинг шимолида жойлашган орол-мамлакат термаси ҳам қатнашадиган бўлди.

Гап ўтган йилги Евро-2016да шов-шув кўтарган исландияликлар ҳақида кетаётганини кўпчилик аллақачон англаб етди.

Мана, энди ушбу давлат вакиллари мундиални забт этишга тараддуд кўришмоқда. Шу муносабат билан Исландия термасига тааллуқли айрим маълумотларга назар ташлашга қарор қилдик.

ШИФОКОР-МУРАББИЙ

2010 йили жунбушга келган вулқон, унинг сал қолса Чемпионлар Лигаси ўйинлари тўхтатилишига сабаб бўлгани кўпчиликнинг ёдида.

Исландия номи айнан шу каби табиат ҳодисалари туфайли тилга олинарди. Аммо ўтган йилги Европа чемпионатидан сўнг ушбу мамлакат футболчилари ҳақида кўплаб маълумотлар тўпладик.

Ўз вақтида, терма жамоа бош мураббийи Хеймир Хадльгримссон узоқ муддат мобайнида тиш шифокори вазифасида ишлаб, бунинг учун футболдагидан кўра икки баробар кўпроқ маош олган.

Евродаги ажойиб кўрсаткичдан кейин эса асосий ишини ташлаб, бор эътиборини миллий жамоага қаратди ва футбол тактикаси бўйича билими тиббиёт соҳасидаги кўникмаларидан кам эмаслигини исботлади.

ЖЧ-2018 саралашида Хорватия, Украина ҳамда Туркия каби жамоалар билан бир гуруҳдан жой олган Исландия биринчи ўринни эгаллади.

Ҳа, машҳур мураббий Ларс Лагербекнинг ёнида ишлагани Хадльгримссонга фойда келтиргани яққол кўриниб турибди.

АСОСИЙ КАСБНИ ЧЕТГА СУРИБ...

Исландия термаси ҳақида бунданда қизиқарлироқ фактлар ҳам бис­ёр:

* Асосий дарвозабон Ханнес Халльдорссон футболдан бўшаган пайт­да видеоклиплар ва реклама роликларини суратга олади.

* Унинг ўринбосари Эгмюндюр Кристинссон эса ҳуқуқий соҳа бўйича бакалавр дипломига эга ва профессионал фаолиятини якунлагач, юриспруденция бўйича ишлашни режалаштирмоқда.

* Ҳимоячи Биркир Севарссон - учувчиликка ўқиган. У бутсаларини михга илгач, авиация ходими сифатида меҳнат қилмоқчи.

* Россия чемпионатининг энг яхши ҳимоячиларидан бири, «Ростов»нинг янги футболчиси Сверрир Ингасон ўсмирлик чоғлари қадрдон шаҳри Коупавогюрда ахлат йиғиштирувчи бўлиб ишлаган.

* Ҳужумчи Йон Бедваррсон портда юк ташиш билан шуғулланган.

БАДЖАҲЛ САРДОР

Бу терманинг энг кўримли персонажи - шубҳасиз, сардор Арон Гуннарссон. Унинг викингларга хос соқолини Францияда ўтган қитъа биринчилигида кўргандик.

Аммо у ўтган йилнинг кузида «Инстаграм»даги саҳифаси орқали жонли эфирда соқолларини қиртишлаб ташлади. Шу тариқа Европа чемпионати арафасидан берган ваъдасини бажарди - Исландия «плей-офф»га чиқса, соқолларидан воз кечиши керак эди.

Албатта, имиджнинг ўзгариши унчалик қўрқинчли ҳолат эмас. Ҳозиргача янгиси ўсиб чиқди ва Россия майдонларида аввалги кўринишда намоён бўлса, асло ажабланмаймиз.

Дарвоқе, Гуннарссон ўсмирлик пайти ганд­бол билан шуғулланиб, спортнинг ушбу турида Исландия чемпионатида бир нечта ўйин ўтказган.

ИТАЛИЯДА ТОПИЛГАН ҲУРМАТ

Юқорида ҳам таъкидланганидек, Исландия ҳақида кўплаб фактлар тўпланди - ҳаттоки, мураббийлар штаби вакилларидан бири Торгримур Траинс­соннинг ўттиздан ортиқ болалар китоблари ёзгани аниқланди.

Аммо ҳимоячилардан бири тўғрисидаги қизиқарли маълумот ҳамма ерда ҳам тилга олинмади.

Евро-2016даги барча учрашувларда майдонга тушган Ари Скуласон жаҳон чемпионати саралаши якунига келиб асосий таркибдаги ўрнини бой берди.

Бу ҳолат эса Италиядаги Пьеве-ди-Ченто шаҳарчаси аҳолисига ёқмади. Ахир Скуласон улар учун «кумир» саналади. 2016 йили Исландия термаси ҳимоячисини ушбу ҳудуддаги махсус байрамга таклиф қилишганди.

Гап шундаки, маҳаллий шевада «скуласон» сўзи «ҳайратланиш» маъносини англатаркан. Шу боис, Европа чемпионати ўтказилаётган паллада Ари Пьеве-ди-Ченто юлдузига айланган.

Кузда исландиялик футболчи шарафига байрам уюштириб, юзлаб италияликлар Исландия термаси либосини кийишди ва Geyser sound қўшиғини куйлашди.

Мазкур воқеа маҳаллий телевидение орқали ёритилди, Скуласон эса Пьеве-ди-Ченто фахрий фуқаросига айланди.

МИТТИЛАР

Россияликлар Калуга, Чита ёки Смоленск термасини тасаввур қилолмасликлари аниқ. Аммо Исландия жамоаси оддий қабул қилинади, ваҳоланки, ушбу давлатда 334 минг киши яшайди, холос. Худди Калуга, Чита ва Смоленскдаги каби.

Ҳозиргача жаҳон чемпионатида бу каби аҳолиси кам мамлакат термаси қатнашмаганди. Аммо Исландия вазифани уддалади. Хўш, ниманинг эвазига?

Албатта, футболчилар талаб даражасида тараддуд кўришган. 1990 йилларда Исландиядаги ўсмирлар гиёҳвандликка ружу қўйишган, аҳоли эса оммавий тарзда жанубга кўчиб кетишаётганди.

Аммо давлат раҳбарлари спорт ёрдамида миллатни қутқариб қолишди - бутун мамлакат бўйлаб ҳашаматли ареналар, табиий чимли майдонлар барпо этилди.

Ўз навбатида, мураббийлар савияси ошди - ҳозирда болалар билан ишлаш учун ҳам мутахассислар «А» ёки «В» лицензиясига эга бўлишлари шарт.

Натижа эса яққол кўринди - барча жабҳалардаги ривожланиш ва умумий саломатлик таъминланди. Ҳозирда Исландия термаси ФИФА рейтингида 22-ўринни эгаллаб турибди.

Д.ПАРПИЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz