Қайднома

Қидирув

«Лацио»нинг супер ўйинлари ким ёки нима билан боғлиқ?

«Лацио»нинг супер ўйинлари ким ёки нима билан боғлиқ?

  31.10.2017 00:24
  0
  826
«Лацио»нинг супер ўйинлари ким ёки нима билан боғлиқ?

Ҳа, ёш мураббий Симоне Инзаги Италия пойтахтида анча қизиқарли лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Италия «А» серияси. 9-тур. Турин. «Ювентус» - «Лацио». Ҳисоб - 1:2. Бунга айримлар аввалига ишонишмагандир.

Ахир «кекса синьора» 2015 йилнинг августидан буён ўз майдонидаги ўйинларда мағлубият нималигини билмаганди.

Хуллас, Инзагининг иштиёқли жамоаси «А» серияси бош иштирокчиси юзига «тарсаки» туширишдан ҳайиқмади ва бу билан ўзига нисбатан қизиқиш, эътибор даражасини кескин оширди...

*****

Ўтган йилнинг 8 июль куни эрталаб «Лацио» фанатлари чуқур «шок» ҳолатига тушишди. Чунончи, бош мураббий лавозимини эгаллаган Марсело Бьельса орадан 3 кун ўтиб, жамоадан кетишини маълум қилганди.

Воқеаларнинг бундай тус олиши клуб раҳбариятини ҳам бироз шошириб қўйди. «Бьелсанинг тузукроқ ишга киришмай туриб, кетишга чоғлангани ҳайратимизни оширди. Бу бир неча кун аввал кучга кирган шартнома мажбуриятларини қўпол бузишдир», - дея баёнот берди клуб президенти Клаудио Лотито.

Римликлар шу тариқа Бьелса ўрнига янги мураббий қидиришга тушиб, зудлик билан Чезаре Пранделли ва Фотиҳ Теримга таклиф юборишди, бироқ иккисидан ҳам рад жавоби олишди.

«А» серияси стартига эса ҳеч қанча вақт қолмаганди ва Лотито юзага келган саросимани йўқотиш учун «Лацио» бошқарув рулини шунчаки, Симоне Инзагига топширди.

*****

- Инзагига қойил, у узоқ йиллардан буён «Лацио»га нима етишмаётганини осонгина аниқлади ва шу орқали жамоани ёруғлик сари бошлади.

Симоне футболчилик даври ақлга таяниб тўп сурарди, мана, кўр-япманки, бу хислатини мураббийлик ишига ҳам тўлиқ ва омадли олиб ўтибди. Яна бир гап - Симоне шундай характерга эгаки, кийиниш хонасида ўзини хафа қилишларига асло йўл қўймайди.

Шундай муносабат ўлароқ, футболчилар ҳурмати ва муҳаббатини қозонади - «Лацио» собиқ президенти Сержио Краньотти «Рома» билан дербидан олдин ёш мураббийни шундай таърифлаганди.

Ўша римча қарама-қаршилик «Рома» етакчиси Франческо Тотти учун охиргиси эди ва унда меҳмон сифатида ўйнаган «Лацио» 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, Европа Лигаси йўлланмасини нақд қилди.

Ижобий натижалар таъсирида фанатлар ва улар сира ёқтирмайдиган Лотито ўртасидаги кескин муносабатлар бироз юмшади. Жамоа соҳиби мухлислар нафрати анча пасайгани учун биринчи навбатда, айнан Инзагидан миннатдор бўлиши керак эди.

Муҳими, «Лацио» президенти буни вақтида тушунди ва катта муаммолардан айни шу мураббий ёрдами билан қутулиши мумкинлигини теран ҳис қилиб, янги шартномани расмийлаштирди.

Табиийки, унда Инзагининг маоши ҳам оширилди. Мураббий ишончни яна тўлиқ оқлади - «Лацио»ни шундай шакллантирдики, Италияда жамоани анчадан буён бу қадар тетик ҳолда кўришмаганди...

*****

Симоне мураббий сифатида ҳали анча ёш, шунга қарамай, турли экспериментларни ёқтиради, тўғри, бунда зарур пайтда тўхташни ҳам билади.

У хусусан, жорий мавсум асосан 3-5-1-1 тактик чизмасига таяниш хусусида якдил хулосага келган кўринади. «Янги ўйин услубига ўтиш кўп вақт ва катта иш талаб этди.

Муҳими, энди ишончим комил, жамоам 3 нафар ҳимоячи билан ўйнашга тайёр ҳолатда шаклланди», - деди Симоне Инзаги «Милан»га қарши ўйин олдидан.

Эртасига «россонерлар» тор-мор бўлишди, ваҳоланки, Винченцо Монтелла ҳам 3 нафар ҳимоячини ўз ичига олган тактикага таянмоқда.

Тўғри, унинг бу қарори мажбурий, чунки Леонардо Бонуччи айнан 3-5-2 схемасига одатланган. Инзаги эса стратегияни қайсидир юлдузга қараб эмас, аксинча, ўз ақли ва ишончига таяниб белгиламоқда.

Унинг тактик чизмасида марказий ярим ҳимоячилар жуда муҳим роль ўйнашади. Шунинг учун Лукас Бильянинг кетиши оғриқли қабул қилинди. Бундай жойни бўш қолдириш мумкин эмасди ва «Ливерпул»дан Лукас Лейва таклиф этилди.

Симоне бразилиялик таянч ярим ҳимоячисидан тинмай югуриш ва катта ҳажмда иш бажаришни талаб қилмаяпти. У шунчаки, ўз ҳудудида хотиржам ҳаракатланиб, рақибларнинг позицион ҳужумларини бузиб турса, бас.

Лейва бу вазифани аъло даражада уддаламоқда. Лукас шунинг баробарида орқа чизиқ вакиллари режалаштирилмаган ҳужум сайрига чиқишган паллада уларнинг жойларини эгаллаб, осонгина марказий ҳимоячига айланмоқда.

Хуллас, Лейванинг ишончли ҳаракатлари ўлароқ, ҳужумкорликка мойил ҳимоячилар қўшимча имкониятга эга бўлишяпти.

Мисол учун, Марко Пароло ўз фаолиятидаги энг яхши стартни қайд этди. Тўп «Лацио» вакилларига тушган заҳоти Пароло ўнг қанотга ўтиб, Адам Марушични қўллаб-қувватлаш асносида ҳудудда сон устунлигини таъминлайди.

Чап тарафда ҳам шунга ўхшаш манзара: Сергей Милинкович-Савич - Жордан Лукаку тандеми кўзга ташланмоқда. «Мени Ромелу укаси эканлигим туфайлигина эсга олишларини истамайман. «Лацио» сафига жаҳондаги энг яхши лигалардан бирида ном қозониш учун қўшилдим», - деган эди Жордан Римга кўчиб ўтганида.

Лукаку аввалги мавсум жисмонан бақувват эканлигини исботлади, аммо тактика масаласида муаммолари борлиги ҳам кўзга ташланди. Энди эса ҳаммаси мутлақо ўзгарди, қолаверса, Жорданнинг техник салоҳияти чакки эмас экан.

*****

«Лацио»да ўз тўпурари ҳам бор - Чиро Иммобиле. Хориждаги хизмат сафарларидан қайтган футболчи яна кўп гол урмоқда ва шу кетишда «А» сериясининг энг яхши ҳужумчиси бўлиш йўлида Пауло Дибалага жиддий рақобат тақдим этади, шекилли.

Эътиборлиси, Чиро гол уришни қойиллатиш баробарида қўшимча тактик юкламаларга тўлиқ жавоб беряпти. Хусусан, тўп йўқотилган вазиятларда уни қайтаришда худди Луис Альберто каби катта роль ўйнамоқда.

Одатга кўра, прессингда айнан шу иккиси ва Милинкович-Савич ёки  Пароло (ҳаракат қайси томонда кечишига боғлиқ) учлиги фаол иштирок этади. Вазифа битта - рақибни қанотда сиқиб қўйиш.

Шунда «Лацио» ярим ҳимоячилари ҳам ишга аралашиб, тўп томон югуришади, Иммобиле ва Луис Альберто эса дарҳол тўхтаб, дарвозабон ҳамда ҳимоячилар йўлини тўсишади. Қарабсизки, чорасиз қолган рақиб тўпни тавваккалига тепиб юборади ёки уни шунчаки, олдириб қўяди.

*****

Ҳозирги «Лацио»га қараб айтиш мумкинки, Мирослав Клозе фаолиятини вақтида якунлаган экан. Ҳарқалай, Симоне Инзаги тактикасида тўпни рақиб жарима майдони атрофида сабр билан кутиб турадиган «симёғоч» ҳужумчига жой йўқ.

Патрисио  Габбаронадан тортиб, Иммобилегача - ҳамма-ҳамма ҳимояда ишлашга, яратувчанликка ҳисса қўшишга мажбур. Айнан шундай ёндашув натижасида «Лацио» ижросидаги футбол максимал даражада замонавий тус оляпти.

Оддий айтганда, жамоада ҳеч ким ўйин ритмидан узоқ муддат тушиб қолмайди, дарвозабон ва Симоне Инзагининг ўзидан ташқари.

Эътироф

- Укамнинг муваффақиятларидан ҳайратдаман. Иккимиз учрашиб, жамоаларимиз ўртасида ўртоқлик ўйини ташкиллашга келишиб олсак, зўр бўларди-да. Филиппо Инзаги («Венеция» бош мураббийи).Вақтида даҳшатли Пиппогол юлдузлик мақоми билан Симонени сояда қолдирганди. Мана, мураббийликда ҳозирча ука акасидан олдинда бормоқда. Унинг олдида ишлар кўп -  3-5-1-1 тактикасини янада такомиллаштириш, «Лацио» билан янги совринлар ютиш, кейин ҳаммасини Италия термасида ҳам такрорлаш...

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

ЖЧ-2018 расмий тўпи – Telstar 18 тақдим қилинди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.