Қайднома

Қидирув

Лигада «интрига» узайиши нақадар яхши…

Лигада «интрига» узайиши нақадар яхши…

  31.10.2017 06:58
  0
  986
Лигада «интрига» узайиши нақадар яхши…

«Локомотив» ғалаба қозонди, «Насаф» ҳам 3 очко олди. «Нефтчи» Вадим Абрамов бошқарувида 2-ғалабасини нишонлади, «Шўртан» ҳам ўз ҳисобига ниҳоят, 3 очко ёзиб қўйди. Шундай қилиб, 26-тур на чемпионлик масаласи ва на «жон» сақлаш учун бораётган курашга ойдинлик киритди. Бошқача айтсак, «интрига» камида яна бир турга узайди. Аммо чемпионат доирасидаги нақ 6та учрашув биттагина қарама-қаршилик соясида қолиб кетди. Тушундингиз, «Пахтакор» ва «Бунёдкор» ўртасидаги дербини назарда тутяпмиз. Шарҳимизни айнан шу ўйиндан бошлаганимиз маъқул.

«КЛАСИКО»

«Пахтакор» ва «Бунёдкор» олишувларини машҳур «Эль-класико»га қиёслаш анча олдин урф бўлганди. Эсланг, яқин ўтмишда «Бунёдкор» ўз сафига Ривалдо етакчилигидаги кучли легионерларни тўплаган, «Пахтакор» эса Одил Аҳмедов атрофида умидли ёшларни бирлаштирганди. Эҳ, ўша вақтлар икки жамоа ўртасидаги баҳсларда қандай қайноқлик кузатиларди-я... Аввалги ҳафта «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтган учрашув ўша дамларни бирров ёдга солиб юборди. Гарчи трибуналар мухлислар билан тўлиб-тошмаган бўлса ҳамки, кескин кураш (айниқса, иккинчи бўлимда), муросасизлик ва шиддат шундай фикр айтишимизга туртки берди. Ҳакамлар хатоси ҳақида эса алоҳида тўхталиш лозим. Яна бир ёқимли томони, «Пахтакор» стадиони мухлислар ташрифи бўйича тур рейтингида 2-ўринга кўтарилди. Бу охирги йилларда жуда кам кузатилган ҳолатдир. ПФЛ томонидан берилган қайднома юзасидан гапирсак, «Пойтахт дербиси»ни томоша қилиш учун стадионга 5251 мухлис тушди. 26-тур доирасидаги ўйинларга қарасак, биргина Наманганда бўлиб ўтган «Навбаҳор» - «Бухоро» қарама-қаршилигини бундан кўпроқ мухлис воқеа жойида кузатди - 5572 киши. Ҳа, учрашувнинг кутилган даражада томошабоп кечганини баралла айтиш қийин ва бунда энг асосий айбдор ҳакамлар бригадаси, шубҳасиз. Оддий ифода қилсак, Азиз Асимов «Пахтакор» - «Бунёдкор» ўйинида шу қадар шубҳали қарорлар қабул қилдики, ҳаттоки, баъзиларидан кулгу ҳам қистади. Масалан, «Бунёдкор» дарвозаси олдида футболчилар тўпланиб қолиб, «ола-тасир» тўпни тепишга уриниш бошланган пайт гол бўлганини кўриш учун камида «супермен»лик талаб этиларди. Асимов ва унинг қанотдаги ёрдамчиси эса ўша вазиятда қандайдир «мўъжиза» туфайли голни «кўрди» ва орадан чамаси 3 дақиқа ўтиб,  уни бекор қилди. Бу ўринда савол туғилади - ҳакамлар голни кўришган экан, нега бекор қилишди? Агар кўрмаган бўлсалар, нима учун аввалига марказга ишора этишди? Дерби тақдирини ҳал қилган ягона гол «офсайд» ҳолатидан урилгани эса ушбу сифатсиз ҳакамликнинг «мантиқий» якуни бўлди, гўё. Ҳа, Камолиддин Тожиев тўпга зарба беришдан олдин ўйиндан ташқари ҳолат ҳудудида қолиб кетганди - 1,5-2 метр ичкарида... Бу вазиятда «офсайд»ни аниқлашдан кўра, аниқлолмаслик қийинроқ эди. Аммо ён қанот ҳаками - Дониёр Сайлавов бу ишни «шараф» билан уддалади, яъни «офсайд»ни кўрмади. Голнинг инобатга олиниши учун шу етарли бўлди ва «Пахтакор» яқин тарихидаги энг можароли ўйинда ғалаба қозонди - 1:0.

«ОЛТИН МАРРА» ЯҚИН

Агар «Қўқон-1912» жамоаси «Локомотив»га қарши иккинчи давра бошида майдонга тушганидами, бу баҳс ҳаттоки, «Пойтахт дербиси»дан ҳам кўпроқ қизиқиш уйғотарди. Аммо мавсум якунланишига атиги 5та тур қолган вақтда «Локомотив» - «Қўқон-1912» ўйини одатий учрашувлар қаторига қўшилиб қолди. Ҳар ҳолда, «темирйўлчилар» чемпионлик сари дадил одимлашмоқда, қўқонликлар аксинча, аллақачон ўртамиёналар гуруҳидан жой олиб улгуришди. Шу сабабми, ўйинда Андрей МикляевҒМирко Йелечич жамоасининг ортиқча қийналмаганию, якунда йирик - 3:0 кўринишида ғалаба қозонгани бировни ҳайратга солмади. Шунингдек, «Машъал» ва «Насаф» ўртасида кечган баҳс ҳам кутилган «интрига»ни тақдим этгани йўқ. Ҳа, Муборакдаги стадионда одатдагидан кўпроқ мухлис йиғилди - 3837. Чунки дерби хоҳласак-хоҳламасак, кўпчиликни қизиқтиради. Натижага келсак, Рўзиқул Бердиев жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, 2-ўринни эгаллаш, демакки, ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш имкониятини бирозгина яхшилади.

«НАВБАҲОР» БЕШЛИККА ДАЪВОГАРМИ?

Ўзбекистон чемпионатида ўртамиёналарнинг ўзаро ўйинларига кутилмаган натижа кўриш илинжида боқиш анча мушкул масала. Шунга монанд, 26-турда ҳам ортиқча ҳеч нарса кузатилгани йўқ. Хусусан, «Металлург» ўз майдонида «азалий» рақиби - «Олмалиқ»ни енгди. 3:2 ҳисоби қайд этилган учрашувдан сўнг Рустам Мирсодиқов жамоаси очколари сони 34тага етди. Хуллас, бекободликлар юқори ўнликдаги мавқеларини анча мустаҳкамлашди. «Навбаҳор» эса ўз майдонида «Бухоро»ни ягона гол эвазига мағлубиятга учратиб, 6-ўриндаги «Қўқон-1912»га анча яқинлашди. Қолаверса, энди Илҳом Мўминжонов жамоаси ва «Бухоро»ни атиги 3 очко ажратиб турибди. Демак, наманганликларда 5-қаторга илиниш умиди йўқ эмас. Улуғбек Бақоев шогирдлари аксинча, совриндор бўлишдан деярли умид узишди. Аммо жамоада ўтган йилги натижа (кучли тўртликка кириш)ни такрорлаш имкони ҳамон мавжуд. Чунончи, «Бухоро» ва 4-ўриндаги «Бунёдкор» ўртасидаги 3 очколик фарқ сақланиб турибди.

ИККИСИДА ҲАМ ҒАЛАБА

26-турнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, яққол аутсайдер жамоаларнинг иккиси ҳам ғалаба қозонди. Бунақаси мавсум бошидан буён кузатилмаётганди. Боз устига, «Нефтчи» Вадим Абрамов бошқарувида атиги иккинчи марта ғолиб чиқди. Бироқ шунда ҳам интиқлик билан интилгани - 14-ўринга кўтарилолмади. Хуллас, «Нефтчи» ўз майдонида «Қизилқум»ни 2:0 ҳисобида енгиб ҳам, ўз ўрнида қолди. Чунки «Шўртан» Ғузорда «Сўғдиёна» дарвозасига 3та гол уришни уддалади. Якуний натижа - 3:1 ва Геннадий Кочнев шогирдлари шунинг шарофати билан мусобақа жадвали «қора чизиғи»га тушиб кетишдан сақланишди.

ТУР ҚАҲРАМОНИ - МЎЙДИН МАМАЗУЛУНОВ

«Нефтчи» ўтган ҳафта «Қизилқум» дарвозасига 2та гол урди ва ҳар иккиси Мўйдин Мамазулунов номига ёзилди. Демакки, у жамоасининг муҳим ғалабасига асос солди. Мавсум охиридаги айнан шундай голлар ва очколар фарғоналикларни олий лигада олиб қолиши мумкин. Шунга мувофиқ, ўтган ҳафта кузатилган ягона «дубль» муаллифини тур қаҳрамони сифатида тан олдик. Аслида ўтган ҳафта ҳамманинг эътибори «Пахтакор» ва «Бунёдкор» ўртасидаги баҳсга қаратилди. «Нефтчи» вакили эса шунчаки, ўз ишини бажарди ва «ИнтерФутбол» эътирофига сазовор бўлди.

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Бизнинг зараримизга ҳам хатолар кузатилди. Дейлик, иккинчи даврада 5та соф голимиз инобатга олинмади. Қисқаси, ҳеч ким хатолардан холи эмас. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Ҳакамлик масаласини тегишли қўмита ҳукмига қолдирган маъқул. Ахир бугунги ўйинни ортга қайтариб бўлмайди-ку. Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- «Локомотив»га ҳам бошқа рақиблардек қараймиз. Яъни одатий тайёргарлик кўрамиз. Вадим Абрамов («Нефтчи» бош мураббийи).

- Асосий камчилигимиз - бизда захира кучи деярли йўқ. Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи).

- Статистикага қарасак, Муборакда охирги марта 12 йил олдин ғалабага эришган эканмиз... Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Тошпўлатовни жамоа етакчиси сифатида таърифлолмайман. У аввалги учрашувда йўқ жойдан қизил карточка олиб, бизни қийин аҳволда қолдирди. У аввало, асабларини бироз жиловлаши керак. Игорь Шквирин («Сўғдиёна» бош мураббийи).

 

Тур Статистикаси

Ўйин: 7

Гол: 19  (ўртача: 2,71...)

Томошабин: 19297 (ўртача: 2756...)

Мезбонлар ғалабаси: 6

Меҳмонлар ғалабаси: 1

Дуранг: -

Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Локомотив» - 3:0)

Энг  сермаҳсул ўйин: «Металлург» - «Олмалиқ» (5та гол)

Огоҳлантириш: 31 (ўртача: 4,42...)

Четлатиш: 2 (ўртача: 0,28...)

Энг «қўпол» ўйин: «Нефтчи» - «Қизилқум» (6та «сариқ» Қ 1та «қизил»)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Навбаҳор» - «Бухоро» (5572)

Пенальти: 1 (самарасиз)

«Дубль»: 1(М.Мамазулунов, «Нефтчи»)

«Хет-трик»: -

 Автогол: 1 (М.Холмуҳаммедов, «Қўқон-1912»)

 

1 Локомотив    26        19        3          4          57-17    60

2 Насаф           26        17        2          7          49-17    53

3 Пахтакор      26        15        5          6          41-24    50

4 Бунёдкор      26        12        9          5          35-22    45

5 Бухоро         26        12        6          8          39-33    42

6 Қўқон-1912    26        11        7          8          36-36    40

7 Навбаҳор      26        10        9          7          32-32    39

8 Машъал        26        9          8          9          31-29    35

9 Олмалиқ       26        9          8          9          24-27    35

10 Металлург  26        10        4          12        38-35    34

11 Қизилқум     26        7          9          10        27-34    30

12 Динамо       26        7          8          11        19-28    29

13 Сўғдиёна     26        7          7          12        30-44    28

14 Шўртан       26        7          2          17        26-45    23

15 Нефтчи       26        5          8          13        21-45    23

16 Обод           26        2          3          21        15-52    9

 

тўпурарлар:

Марат Бикмаев («Локомотив») - 22та  (5та - пен.)

Драган Черан («Насаф») - 15та (3та - пен.)

Санжар Рашидов («Сўғдиёна») - 13та (3та - пен.)

Достон Ҳамдамов («Бунёдкор») - 12та

Зоҳид Абдуллаев («Металлург») - 11та

Игорь Сергеев («Пахтакор») - 11та (2та - пен.)

Иван Нагаев («Бухоро») - 10та (4та - пен.)...

 

3 ноябрь (жума)

Нефтчи - Локомотив

СўҒдиёна - Пахтакор

Бунёдкор - Навбаҳор

4 ноябрь (шанба)

ОлмалиҚ - Шўртан

Насаф - Металлург

ҚизилҚум - Динамо

Бухоро - ҚўҚон-1912

-------------------------------------------------------

Обод - Машъал - -:+

Давоми бор. Ушбу таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ"нинг 31 октябрь кунги сешанба сонида ўқишингиз мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz