Қайднома

Қидирув

Кемада исён ёхуд Германия кубогидаги норозиликларга сабаб нима?

Кемада исён ёхуд Германия кубогидаги норозиликларга сабаб нима?

  01.11.2017 06:25
  0
  1307
Кемада исён ёхуд Германия кубогидаги норозиликларга сабаб нима?

Нима учун германиялик мухлислар DFB - немис футбол иттифоқидан норозилар ва Хитой терма жамоасининг нима алоқаси бор?

Жорий мавсум арафасида бундеслига клублари футбол иттифоқига  қарши исён кўтардилар. Сон-саноқсиз баннерлар, ҳайқириқлар ва пиротехника воситалари DFBга қарши қаратилганди.

Раҳбариятга бўлган нафрат асоссиз эмасди - мухлислар немис футболининг қадриятларини сақлаб қолишга уринаётган, мутасаддилар эса улардан халос бўлишга интилишаётганди.

Исён арафасида

Аввалги мавсум якунида Дрезденнинг «Динамо»си DFBга қарши чинакам уруш эълон қилди. Карлсруэдаги сафар учрашуви чоғида жамоа мухлислари ғоят ҳайратланарли, шу билан бирга, ўта қўрқинчли томоша кўрсатишди:

ҳарбийча кийинган мухлислар «DFBга уруш эълон қиламиз!» ёзувлари туширилган баннерлар билан қуролланган эдилар. Янги мавсумнинг стартида эса биринчи ва иккинчи бундеслиганинг аксарият жамоалари DFBга ўз мақсадларини баён қилишди:

«Кўҳна қадриятларинимизни тиклайдиган вақт келди!» «Бавария» ва «Байер» ўртасида кечган бундеслиганинг илк учрашувида «Туёғингни шиқиллат, DFB!» шиори яққол кўзга ташланиб турди

Гриндель ва унинг нутқи

Мазкур беллашувдан бир неча кун олдин ФИнинг президенти Райн­хард Гриндель юзага келган муаммони ҳал қилиш мақсадида нутқ сўзлади.

Соддароқ айтганда, раҳбарият мухлисларнинг хоҳиш истакларидан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгаришларни амалга ошириш йўлида эканликларини билдирмоқчи бўлганди.

Бироқ Гриндельнинг нутқи иштирокчиларда қарама-қарши таассурот қолдирди ва зиддият янада кескинлашди. Оқибатда «Бавария», «Герта», «Гройтер», «Кёльн», «Унтерхахинг» каби 20дан ортиқ жамоалар «DFBга қарши уруш» ҳаракатига қўшилишди.

Қимматчиликка йўл қўймаймиз!

«Бир чипта учун 75 евро? Биз Неймар эмасмиз. Чипталар баҳоси инсоф даражасида бўлиши лозим» «ПСЖ»га қарши майдонга тушган «Бавария» мухлислари ана шундай шиорлар билан қуролланган эдилар.

Маблағ - даромадининг каттагина қисмини мамлакатдаги қочоқларга сарфлайдиган немислар учун оғриқли мавзу. Чиндан ҳам улар рисоладагидек баҳолар эвазига стадионларга киришга ҳақлилар.

Норозиликларнинг асосий сабабларидан яна бири - раҳбариятнинг «50+1» қоидасини бекор қилишга уринаётганлиги. Мазкур қоидага кўра ҳар қандай сармоядор клубнинг акциялар пакетини тўлиқ қўлга киритолмайди.

Жамоага тегишли қарорларни қибул қилиш доимо мухлислар ва клуб раҳбариятининг ихтиёрида бўлади. Европа топ-чемпионатлари орасида Германия ана шу қоидани қаттиқ ҳимоя қилиши билан ажралиб туради.

Бир томондан «Ман. Сити» ва «ПСЖ» МФПни сурбетларча бир четга суриб истаган футболчини харид қилаётганда, немислар «Хоффенхайм» ва «РБ Лейпциг» ишларидан норозилар.

Тўғри, 100 йиллик тарихга эга бўлган «қишлоқилар» ва унинг соҳиби Дитмар Хопп жиддий тазйиқларга дуч келмади. Лекин 1-2йил аввал кўз очган «буқалар» сурбетлиги кучли норозиликларга сабаб бўлмоқда.

DFB эса ана шу кескинликдан унумли фойдаланмоқда. Масалан, «РБ Лейпциг»га қарши баҳсда маҳаллий мухлис меҳмонларни буқа калласи билан «сийлагани» учун Дрезденнинг «Динамо»си икки мавсумга дисквалификация қилинди.

Дарҳақиқат, катта маблағ эвазига бунёд этилган «пластик» жамоаларнинг парвози мухлисларга ёқмайди. Уларнинг наздида, агар «50+1» қоидаси бекор қилинса, бундеслигани араб шайхлари ва Хитой компаниялари босиб оладилар.

У ҳолда немис футболи ўз қиёфасини бутунлай йўқотиб, навбатдаги даромад конвейрига айланади. Бу эса футболдаги нарх-наволарнинг фантастик тарзда кўтарилиб кетишига олиб келади.

Сиёсий қурол

Дарвоқе, хитойликлар хусусида. Ҳозирда Хитойнинг 20 ёшгача бўлган футболчилардан тузилган терма жамоаси бундеслиганинг 4-дивизионида расман иштирок этмоқда.

Эвазига жамоа ҳар бир клубга 15000 евродан ҳақ тўлаб, доимий ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Бир қарашда, бу шунчаки дўстона келишувдек. Икки мамлакат федерациялари томонидан имзоланган беш йиллик шартноманинг бошланиши, холос.

Мухлисларнинг эса келишувнинг сиёсиқ жиҳатлари хавотирга солмоқда: Германия Хитой билан алоқаларни тиклашга қарши эмас, футбол эса алоқалар ривожининг дастлабки бос­қичи.

Шунингдек, фанатлар ёзги таътил пайтида уюштирилаётган Осиё ва Америка сафарларига ҳам қарши. Ёдингизда бўлса, Роберт Левандовски бу борада куюниб гапирганди.

Чунки ёздаги кўргазмали ўйинлар футболчиларни етарли даражада ҳордиқ чиқариш, янги мавсумга тайёргарлик кўриш ва оила аъзолари билан бирга бўлиш имкониятларидан маҳрум этади.

Мазкур мусобақалар ФИдагилар айтишганидек футболни оммалаштиришга эмас, балки амалдорлар клубларни эксплуатация қилишлари эвазига мўмай даромад олишларига хизмат қилади - атрибутика ва чипталар савдоси, ТВ трансляциялари ва ҳ.к.

Шунингдек, сиёсий маъмурларга керакли нуқталарда алоқа ўрнатиш имкониятини беради. DFBнинг шу каби қарорлари мухлисларнинг ташкилотга бўлган ишончини пасайтириб юборди.

Футбол беллашувими ёки кўнгилочар шоу?

Охирги йилларда немис футболи мутасаддилар стадионларга кўпроқ мухлисларни жалб этиш мақсадида футбол учрашувларига таниқли ижрочиларни таклиф этишмоқда.

Айниқса, мавсум бошида ва якуний босқичидаги муҳим беллашувларда бу анъана яққол кўзга ташланмоқда. Мисол учун, «Бавария» иштирокидаги ўйинлари Imagine Dragons ва One Republic гуруҳлари ҳамкорлигида ўтади.

Германиялик машҳур қўшиқчи Хелена Фишернинг чиқиши катта шов-шувга сабаб бўлди. Германия кубоги учун кечган финалнинг танаффусида санъаткор энг сара қўшиқларини ижро этган бўлсада, мухлислардан учли ҳуштакбозликни қабул қилиб олди.

Афтидан, томошабинлар стадионга қўшиқ тинглаш учун эмас, балки муросасиз футбол учрашувини кўриш учун келганликларини шу тариқа намойиш этишган кўринади. Нима ҳам дердик, шоу-футбол олами учун янгилик эмас.

Лекин буни ёқтирмаганликлари учун немисларни айблаш ҳам инсофдан эмас. DFB раҳбарлари ватандошларининг хоҳиш истаклари билан ҳисоблашмайдилар. Натижада...

Хавф-хатар

Вазият яшин тезлигида кескинлаша бошлади: полицияга йўлланган дўқ-пўписалар оқибатида «Боруссия» Д. ўз учрашувини бўм-бўш трибуналар гувоҳлигида ўтказди.

Бир қатор ўртоқлик учрашувлари бекор қилинди, «халқ» ҳамда «пластик» клублар мухлислари ўртасида тўқнашувлар юзага кела бошлади. Кузга келиб кескинлик янада юқори даражага кўтарилди.

Тимо Вернернинг ҳуштакбозлик билан қарши олиш «РБ Лейпциг» билан биргаликда терма жамоада ҳам кузатиладиган бўлиб қолди. Чехияга қарши ўйинда ўта жиддий намойиш бўлиб ўтди.

Терма жамоанинг радикал фанатлари DFBга қарши ҳақоратли ҳайқириқларни амалга оширишди, улар нацистларга хос шиорларни кўтариб олишганди. Табиийки, бунчалик ошкора норозилик футбол амалдорлари эътиборидан четда қолиши мумкин эмасди.

«Бу нохуш воқеа бир дақиқалик сукунат пайтида амалга оширилгани мени ларзага келтирди. Улар бизнинг мулисларимиз эмас, қилиқлари кўнгилни айнитади. Ватанимизнинг халқаро нуфузига путур етказади.

Жамоа сифатида биз азалий қадриятларни, сабр-қаноатли ва очиқ кўнгил Германияни қўллаб-қувватлаймиз. - Йоахим Лёв биринчилардан бўлиб трибуналар бундай бемаънигарчиликлар жойи эмаслигини таъкидлади.

Авваллари бу масалаларга жиддий эътибор бериларди. 2014 йил февраль ойида «Боруссия» Д. мухлислари «Гамбург»га қарши баҳсда нацист­ларга хос ҳаракатни амалга оширишди.

Ўша фанат 2020 йилгача «Сигнал Идуна Парк»ка кириш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Чехияга қарши учрашув оқибатида ГФИ 33000 долларга жаримага тортилди.

Мухлислар эса Норвегия билан бўлган навбатдаги ўйинда Тимо Вернерни гулдурос қарсаклар остида кутиб олишди, лоақал бир марта унга қарата ҳуштак чалинмади.

Хўш, бу ижобий ўзгариш муаммо ҳал бўлганини англатадими? Йўқ, футбол ривожланишда, чемпионат давом этмоқда, хитойликлар ҳам иштирокни тўхтатган эмаслар, мухлисларни шунга ўхшаш талабларидан бирортаси бажарилган эмас.

Оқибатда, ҳақоратомуз баннерлар ёнида турли муаммоларни акс эттирилган плакатлар пайдо бўла бошлади. Фаол мухлислар немис футболи олдида турган долзарб мавулар - чипталар баҳоси, ноқулай тақвим, сиёсий манфаатларнинг аралашуви, футболнинг кўнгилочар шоулар ярмаркасига айланиб қолаётгани, «50+1» қоидаси ҳанузгача хавфдан холи бўлмагани каби муаммоларни шу плакатлар орқали эсталмоқда.

Чиндан ҳам, етакчи топ-чемпионатлар орасида бундеслига энг адолатли мусобақа мақомида қолмоқда. У футболга хос бўлган романтикадан мосуво бўлган эмас, улкан сармоялар, ва қудратли сиёсий қўллардан холи чемпионат.

«Биз бундеслиганинг қуйидаги пиринципга амал қилишини истаймиз: «Футбол қандай яратилган бўлса, шундайлигича қолсин». Футбол шаҳар кўчаларидан чиқди.

Энди у фақат бадавлат кишилар томоша қиладиган қимматбаҳо томошага айланиб қолмаслиги керак!» - бундеслига бош директори Кристиан Зайферт айнан мухлислар кўнглидаги орзуни аниқ ва лўнда ифодалади.

Футбол қанчалик содда ва олижаноб яратилган бўлса, шундайлигича қолмоғи лозим!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz