Қайднома

Қидирув

Машҳур футболчиларнинг «хурмача қилиқлари»

Машҳур футболчиларнинг «хурмача қилиқлари»

  01.11.2017 00:46
  0
  2599
Машҳур футболчиларнинг «хурмача қилиқлари»

Россияда ўтадиган мундиалда мухлислар қайси футбол юлдузларининг ғайритабиий қилиқларига гувоҳ бўлишлари мумкин? Хорижлик касбдошларимизнинг махсус шарҳлари шу мавзуга бағишланган.

Александр Митрович (Сербия)

U-19 тоифасидаги Евро-2013 турнирида серблар ўз таркибида Мартиаль, Лапорт ва Рабьодек кучли футболчилари бўлган Францияни енгишган (1:0) ва шоҳсупага кўтарилган эдилар.

Мусобақанинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган Митрович эса ўша пайтда ҳам ноёб иқтидор соҳиби эди. Аслида, «Партизан» тарбияланувчиси дарвозабонликни ёқтирар, лекин отасининг талабига кўра, ҳужум чизиғида ўйнарди.

2013 йилнинг 10 декабрида унинг «Андерлехт» клуби ЕЧЛ гуруҳ босқичининг сўнгги беллашувини сафарда «Олимпиакос» билан ўтказганди.

93-дақиқада меҳмонлар посбони Сильвио Прото қоида бузгани учун майдондан четлатилди, унинг дарвозаси томон пенальти белгиланди.

Ана шу паллада Александр қўлига қўлқоп кийди. У тўпнинг йўналишини тўғри топди. Аммо Чори Домингеснинг зарбаси аниқ ва кучли бўлгани боис, «Андерлехт»ни голдан қутқара олмади.

Ибра билан айтишиб қолди. Ўша мавсумнинг «ПСЖ»га қарши учрашувида 19 ёшли ҳужумчи Златан Ибрагимовични алдаб ўтиб, олдинга интилди.

Швециялик касбдоши эса уни чалиб йиқитишдан ўзга чора тополмади. Митрович машҳур рақибига кескин норозилик билдирди. Ибранинг футболчилардан дакки олиши - камёб ҳодиса.

Голни мухлис билан нишонлади. «Ньюкасл»-«Сандерленд» баҳсида мувозанатни тиклаган Александр ўз голидан шунчалик хурсанд бўлдики, уни майдонга югуриб тушган «қарғалар» мухлиси билан қучоқлашган ҳолда нишонлади.

Мухлисларини рақс билан сийлади. «Ньюкасл» мухлислари Митровични жуда тез севиб қолишди ва унга атаб қўшиқ ёзишди.

Учрашувлардан бири якунига етгач, стадиондаги барча мухлислар шу қўшиқни куйлаган ҳолда ҳужумчини кузатиб қўйишди. Бундан тўлқинланиб кетган Александр майдон марказига қайтди ва қўшиқ оҳангига мос рақс ижро этди.

Луис Суарес (Уругвай)

Жанубий Америка вакилининг футбол тарихида нафақат голлар ва узатмалари, балки «қонга ўчлиги» билан ҳам қолишини яхши биласиз. Ҳозирча Луиснинг вампирларга хос қилиғидан 3 нафар футболчи жабрланди:

Баккал. Ўзининг дастлабки «қонхўрлиги»ни Суарес Голландия чемпионатида намойиш этганди. 2010 йилдаги «Аякс»-ПСВ баҳсида ҳужумчи Отман Баккални тишлаб олди. Бу қилмиши учун Луис 7та учрашувга дисквалификация қилинди.

Иванович. Орадан 3 йил ўтгач, уругвайлик футболчи Англияда «вампир»лик одатини такрорлади. «Ливерпуль»-«Челси» учрашувида у Бранислав Ивановичнинг қонини татиб кўришга уринди. Жазо - 10та ўйиндан четлатиш.

Кьеллини. Ниҳоят, Бразилиядаги ЖЧ-2014 турнирида Суарес охирги (ҳозирча) «вампир»лигини амалга оширди. Бу сафар Италия терма жамоаси аъзоси Жоржо Кьеллини уругвайлик рақиби тишларининг ўткирлигини синовдан ўтказди.

Оқибатда «қопағон» ҳужумчи Уругвай термасининг 9та расмий учрашувларидан четлатилди. Қўшимчасига, 4 ой мухлатга умуман футбол фаолияти тақиқлаб қўйилди.

Россия майдонларида Суарес Иванович ёки Кьеллини билан учрашармикин? Балки янги ўлжалар изига тушар?

Ража Наингголан (Бельгия)

Ўзининг ўжар ва ўта инжиқ табиатини бу футболчи яшил майдонларда ҳам, унинг ташқарисида ҳам намо­йиш этишдан чарчамайди.

У нафақат баданидаги ҳашамдор нақшлар ва ажабтовур соч турмаклари, балки фантастик голлари билан ҳам мухлисларини лол қолдиради. Шунингдек, рақибларига жароҳат етказиш ҳам Ража учун қийин эмас.

Матьеллонинг оёғини синдирди. «Кьево» аъзоси Федерико Матьелло Наингголандан жабр кўрган ўйинчилардан бири.

Ўзаро тўқнашувда бельгиялик футболчи рақибининг оёғини тепиб синдирди. Тўғри, кейинчалик Ража рақибидан узр сўради. Аммо бу билан синган оёқ тузалиб қолмайди-ку.

Рафиньяни сафдан чиқарди. «Барселона»нинг бразилиялик футболиси Рафинья Алькантара ҳам Наингголан туфайли «дам олиш»га мажбур бўлди.

Футболчининг орқа томонидан амалга оширган қўпол «подкат» тиззанинг жиддий шикастланиши билан якунланди. Бу икки жабрдийда 7 ойга яқин даволандилар.

Қизиғи, ҳар икки ҳолатда ҳам ҳакамлар қоидабузарга сариқ карточка кўрсатиш билан чекланиб қўя қолдилар.

«Юве» футболкасига имзо чекишдан бош тортди. АҚШдаги мавсумолди тайёргарлигини «Рома» Бостонда ўтказди.

Машғулотдан кейин Наингголан мухлислар билан суратга тушиб, дастхатлар бера бошлади. Фақат бир кишининг илтимосини рад этди - мухлис ундан «Юве» футболкасига имзо қўйишни илтимос қилганди.

Сартарош ролида ўзини синаб кўрди. Шунингдек, Ража Бостонда сартарошлик бобида ўз малакасини синовдан ўтказди.

Жером Боатенг (Германия)

«Бавария» ҳамда Германия терма жамоасининг иқтидорли ҳимоячиси тишлашга ҳам, оёқ синдириш ёки муштлашишга ҳам одатланмаган. У бўш вақтларида мухлислар эътиборини антиқа бизнес лойиҳалар билан ўзига тортади.

Таниқли продюсер билан шартнома имзолади. 2015 йилда Жером таниқли продюсер ва созанда Jay-Z билан шартнома тузди. Ҳозирча футболчининг санъат соҳасидаги фаолияти хусусида маълумотлар йўқ. Лекин дастлабки қадамнинг қўйилгани аниқ.

Хусусий кўзойнаклар жамланмасини яратди. Доимо дид билан кийинишга одатланган ҳимоячи сўнгги пайтларда кўзойнакларга жиддий эътибор қарата бошлаганди. Охир-оқибат бу соҳада ҳам ўз йўналишига эга бўлди.

Ханнес Халльдоурссон (Исландия)

Евро-2016нинг асосий кашфиёти - ЖЧлар тарихидаги энг митти давлат бўлмиш Исландиянинг бош қаҳрамони. Ханнес терма жамоасининг нафақат дарвозабони, балки режиссёри ҳам.

Евровидениенинг исландиялик иштирокчилари учун клип. 2012 йилда Евровидение танловига Исландия­дан Салоуме-Йоунси дуэти йўл олганди. Халльдоурссон созандаларнинг композицияси учун клип тайёрлади ва танловда намойиш этди.

Йирик брендлар учун реклама. Футболчи-режиссёрнинг донғи жуда тез тарқалгач, йирик компаниялар реклама роликлари бўйича унга мурожаат қила бошладилар.

Миллий авиакомпания учун тайёрланган ролик ўта мувафаққиятли чиқди. Унда Исландиянинг эркак ва аёллар футбол терма жамоалари аъзолари иштирок этишди. Жумладан, Ханнеснинг ўзи ҳам, албатта.

Дани Алвеш (Бразилия)

«ПСЖ»нинг бразилиялик ҳимоячиси нафақат ўнг қанотдаги фантастик рейдлари, балки ҳайратланарли қилиқлари билан ҳам машҳур.

Кинода суратга тушди. Футболчилик фаолиятининг илк йилларида Алвеш «Канудос уруши» фильмида эпизодик роллардан бирини ижро этганди

Ўзига улоқтирилган бананни еб қўйди. «Вильярреал»-«Барселона» баҳсида бразилиялик ҳимоячи бурчак тўпини амалга ошираётганди.

Шу пайт мезбонлар мухлиси унга қарата банан улоқтирди. Дани хотиржамлик билан мевани қўлига олди, ярмини еб бўлгач, зарбани амалга оширди.

Деле Алли (Англия)

«Тоттенхэм» клуби ҳамда Англия терма жамоасининг иқтидорли ярим ҳимоячиси энди 21 ёшга чиққанига қарамай, бир қатор эътиборга молик ишларни бажаришга улгурди

Отасини эсламаслик учун либосидаги фамилиясини ўзгартирди. Футболчининг онаси - Дениз ичкиликкка ружу қўйган, боз устига, 4 нафар боланинг онаси эди. Улар отасиз яшардилар.

Кенжа фарзанд - Бамиделе Жермейн Аллининг отаси ҳам бир ҳафталик ўғлидан воз кечиб, АҚШга кетиб қолганди. Болакай 13дан 19га етгунча Алан ва Салли Хикфордлар оиласида истиқомат қилди.

Ўтган йили эса футболкасидаги «Алли» ёзувидан воз кечиб, ўрнига «Деле» деб ёздирди. «Мен либосимда аслида ким эканимни билдириб турадиган ёзув бўлишини истайман. Алли фамилиясининг менга алоқаси йўқ»,- деди футболчи.

Лука Модрични осонликча алдаб ўтганди. Деленинг дебюти «Тоттенхэм»нинг «Реал»га қарши ўртоқлик учрашувига тўғри келганди.

Ўшанда 19 ёшли ярим ҳимоя­чи тўп билан кета туриб, Модричга дуч келди. Қараса, Лука жуда яқин келиб қолган, лекин оёқлари орасида катта бўшлиқ бор. Деле ана шу бўшлиқдан фойдаланиб, рақибини ортда қолдириб кетди.

Ҳакамга ножўя ишора қилди. Словакияга қарши баҳсда Шкртел Делега қўполлик ишлатган бўлсада, ҳакам эътибор бермади.

Алли ўз норозилигини ҳакамга ножўя ишора билан изҳор қилди. Кейинчалик бу қилиқ жамоадошига аталганини айтсада, ФИФА уни битта ўйиндан маҳрум этди.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

ЖЧ-2018 расмий тўпи – Telstar 18 тақдим қилинди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.