Қайднома

Қидирув

Шавкат Мирзиёев спорт соҳаси бўйича йиғилиш ўтказди

Шавкат Мирзиёев спорт соҳаси бўйича йиғилиш ўтказди

  01.11.2017 11:42
  0
  1025
Шавкат Мирзиёев спорт соҳаси бўйича йиғилиш ўтказди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 31 октябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқариш тизимини такомиллаштириш, оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни танлаш ва тарбиялаш, соҳани малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш ҳамда замонавий спорт иншоотларини барпо этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Унда Ўзбекистон Республикаси бош вазири, президентнинг давлат маслаҳатчиси, тегишли вазирлик ва қўмиталар раҳбарлари иштирок этди. 

Йиғилишда спорт соҳаси учун малакали кадрлар ва мураббийлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти фаолиятини янада такомиллаштириш, ўқув жараёнига янги инновацион технологияларни жорий қилиш, илмий изланишлар учун махсус лабораториялар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Жисмоний тарбия институтини замонавий спорт таълим муассасасига айлантириш, ўқув дастурларини замонавий илм-фан ютуқлари асосида ташкил этиш бўйича 2018-2020 йилларга мўлжалланган дастур тузиш зарурлиги таъкидланди. 

Президентнинг шу йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги яна бир муҳим ҳужжат бўлди. Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури қабул қилинди. Дастурда 2017-2021 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш учун 995,2 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши, спорт мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 167 та спорт иншооти, жумладан, 90 та спорт мажмуаси ва 77 та сузиш ҳавзасини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш назарда тутилган. 

Дастур доирасида жорий йилда 153 та болалар майдончаси таъмирланган, 232 та замонавий майдонча, Нукус шаҳрида спортнинг олимпия ва миллий турларига ихтисослаштирилган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилган. 

Йиғилишда бу борада йўл қўйилган камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Хусусан, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 39 та спорт иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари жадвалдан ортда қолгани, сузиш ҳавзаларини замонавий анжомлар билан жиҳозлаш кечиктирилгани танқид қилинди. Бу камчиликларни бартараф этиш, йил охиригача қурилиш ишларини якунлаш бўйича топшириқлар берилди. Спорт мажмуаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ёшларни уларга янада кенг жалб этиш зарурлиги қайд этилди. 

Спорт мактаблари, республика олий спорт маҳорати мактаблари ҳамда спорт федерацияларининг иқтидорли ёшларни кашф этиш борасидаги ҳамкорлиги, селекция ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмагани танқид қилинди. Бу борада аниқ шаффоф механизм яратиш ва барча ҳудудларни қамраб олиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Мамлакат спортчиларини нуфузли халқаро мусобақалар, жумладан, бўлғуси Олимпия ва Паралимпия ўйинларига пухта тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. 

Йиғилишда халқаро мусобақаларда қўлга киритилаётган медаллар фақат бокс, дзюдо, оғир атлетика ва спорт курашлари билан чегараланиб қолаётгани танқид остига олинди. Гимнастика, трамполин, енгил атлетика, таэквондо, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, велоспорт каби бошқа салоҳиятли спорт турлари бўйича ҳам кўпроқ ютуқларга эришиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб берилди. Халқаро спорт федерациялари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси фаолиятининг қуйи бўғинлари ишини кучайтириш, аҳоли барча қатламларини спорт билан шуғулланишга жалб қилиш, соҳада хусусий секторни ривожлантириш ва бошқа долзарб масалаларга ҳам эътибор қаратилди. 

Тегишли қўмита ва мутасаддилар олдидаги вазифалар белгилаб берилди. 


Манба: www.uza.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz