Қайднома

Қидирув

Паулу Барбоза: «Роналду термада Кейруш учун чидаб бўлмас муҳит яратганди»

Паулу Барбоза: «Роналду термада Кейруш учун чидаб бўлмас муҳит яратганди»

  02.11.2017 03:45
  0
  2999
Паулу Барбоза: «Роналду термада Кейруш учун чидаб бўлмас муҳит яратганди»

Биласиз, Эрон термаси бутун дунёда биринчилардан бўлиб, ЖЧ-2018 йўлланмасини нақд қилди.

Ушбу муваффақият таъсирида Европада ҳам форсларни кетма-кет иккинчи марта мундиал сари дадил етаклаган португалиялик мутахассис Карлуш Кейрушга нисбатан қизиқиш ортиб кетди.

Хусусан, «СЭ» нашри таниқли агент Паулу Барбоза билан айнан унинг ҳамюрти ҳақида суҳбатлашди.

- Айтингчи, айни пайт Португалияда мураббий Карлуш Кейруш ҳақида нималарни гапиришмоқда?

- Аввало, айтишим керак, бизда Кейрушни Португалия миллий жамоаси отаси сифатида билишади.

- Наҳотки, унинг обрўси шу даражада баландми?

- Ҳа. Зеро, миллий жамоамизнинг асосий қоидалари пойдевори анча олдин айнан Кейруш томонидан қў-йилганди. Хуллас, Португалияда уни юқори савияли мутахассис сифатида алоҳида эъзозлашади.

- Аммо мамлакат бош жамоаси айнан Кейруш қўл остида муваффақиятсиз тўп сурганди-ку...

- Нега энди? Мисол учун, Кейруш ёшлар термасини бошқарган даврида жаҳон чемпиони бўлган. Шунинг ўзи катта гап.

- Бироқ асосий жамоада...

- Гап шундаки, унинг айрим футболчилар билан ўзаро муносабати унча қовушмади. Бундай ҳолатда ишлаш эса осон эмас.

Умуман, терма жамоа натижаларини биргина бош мураббийга боғлаб қўйиш ва омадсизликда уни айбдор сифатида кўрсатиш нотўғри. Чунончи, Кейруш миллий жамоада ҳам улкан ҳажмда иш олиб борганди.

- Айтишларича, у нафақат футболчилар, балки клублар мураббийлари ва футбол федерацияси билан ҳам келишолмаганди...

- Ҳа, шундай.

-  Демак, Кейруш оғир характер эгаси...

- Ўртада можаролар юзага келгани тўғри, лекин уларнинг аксариятида мураббий ҳақ эди. Факт шуки, Португалия термаси бошқаруви янги мураббий ихтиёрига ўтганидан кейин ҳам Кейруш принципларига асосан ривожланди.

Ҳар ҳолда, шахсан мен учун Карлуш ҳамон Португалия футболининг энг кучли мутахассисларидан биридир.

- Хўш, қайси принципларни назарда тутяпсиз?

- Кейруш аввало, Португалиянинг барча ёш тоифаларидаги терма жамоалари ўртасида боғлиқлик бўлишини таъминлади. Яъни ҳаммани ягона мақсад йўлида ҳамжиҳат иш олиб боришга чақирди.

Натижада барча жамоаларда деярли бир хил схема асосида иш ташкил этилди. Мураббий шунинг баробарида ёшларни диққат билан кузатди, клублар билан эффектли алоқа ўрнатди. Эътибор берсак, Кейруш даврида миллий жамоага боғлиқликни  мукаммал даражага етказган клублардан футболчи чақириларди.

- Айтингчи, Кейрушни португалиялик замонавий мураббийлар орасида 2-ўринга қўйиш мумкинми, яъни Моуриньодан кейин?

- Нима десам экан...? Моуриньо ҳеч қачон терма жамоаларда ишлаб кўрмаган, фақат клубларга устозлик қиляпти. Кейруш эса миллий жамоаларни муваффақиятли бошқариш баробарида «Манчестер Юнайтед»да Алекс Фергюсонга ассистентлик қилган.

Бу эса ҳазил гап эмас! Қайтараман, ҳозирги Португалия термаси муваффақиятларида унинг хизматлари ҳам катта. Умуман, Кейруш учун терма жамоалар анча мосроқдай. 

- Дарвоқе, Фергюсон уни ўзига бош ёрдамчи сифатида чақиргани сизни ҳайрон қолдирмаганмиди?

- Йўқ. Мана, вақт Фергюсоннинг қарори тўғри бўлганини исботлади. Ахир Кейруш сэр Алексга ҳар томонлама муносиб кўмак берди. У мураббийлар штабига клуб учун мураккаб даврда қўшилганди.

Айтиш мумкинки, Кейрушнинг тизимли иш тартибига риоя қилиши Фергюсонга жуда қўл келган. Зеро, у асосан машғулотлар жараёнига жавоб берарди. Криштиану Роналдунинг «МЮ»га ким тавсия этганини биласизми? Кейруш!

Ҳа, айнан у Фергюсонни Криштиану трансферига кўндирган ва бу билан футболчининг ўсишида муҳим роль ўйнади. Ҳа, Кейрушнинг «Реал»ни мустақил бошқариш ҳақидаги қарори хато бўлиб чиқди.

Аслида яна озгина сабр қилганида, «Манчестер» бош мураббийи курсисига ўтириши ҳам ҳеч гап эмасди.

- Сизнингча, Кейруш Португалия термасида қайси футболчилар билан келишолмаган?

- Яна ўша Роналду билан... У ҳаттоки, машғулотларда ҳам Криштиануни унча аямасди. Натижада юлдуз футболчи миллий жамоада мураббий учун чидаб бўлмас муҳитни юзага келтирди. Оқибатда Карлуш кетишдан ўзга чора тополмади.

- Кейрушнинг Эрондаги фаолиятини ҳам кузатиб боряпсизми?

- Доимий равишда. У «сюрприз» тақдим этишга қодир жамоа тузди. Айтишим мумкинки, эронликлар ЖЧда осонгина чақиладиган ёнғоқдек таассурот қолдиришмайди.

- Эрон термаси асосий юлдузи Сардор Азмун негадир ҳалигача Европа клубларига талпинмаяпти...

- Унга ҳозирча барқарорлик етишмаяпти. Дейлик, Сардор клубдагига қараганда, терма жамоада ёрқинроқ ўйнамоқда.

Д.ПАРПИЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Карлес Пуйоль - Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга тайёр!

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.