Қайднома

Қидирув

«Энг даҳшатли хотира - бу отам бошига узилган ўқ» ёхуд Адриано ошкора гапирганда…

«Энг даҳшатли хотира - бу отам бошига узилган ўқ» ёхуд Адриано ошкора гапирганда…

  02.11.2017 06:29
  0
  2431
«Энг даҳшатли хотира - бу отам бошига узилган ўқ» ёхуд Адриано ошкора гапирганда…

«Интер» клуби ва Бразилия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Адриано тез орада тўхтаб қолган фаолиятини қайта тикламоқчи.

Вақтида ортиқча вазн орттиргани натижасида спорт формасини йўқотиб, катта муаммоларга йўлиққан футболчи яқинда Conversa com Bial кўрсатувида иштирок этиб, шахсий ҳаёти ва фаолияти хусусида анча ошкора гапириб берди.

Отасининг ўлими ва «Интер»дан кетиши...

- Отам вафот этганидан сўнг менда катта муаммолар бошланди. Айниқса, дастлабки 3-4 ой жуда даҳшатли ўтди, руҳий танглик ҳолатига тушиб қолдим.

Натижада махсус руҳшунос билан ишладим, турли таблеткаларни қабул қилдим, аммо ҳеч бири фойда бермади. Хуллас, ижобий ўзгариш сезилмагач, 2006 йили Бразилияга қайтишни лозим топдим.

Аммо Жозе Моуриньо мени ўз жамоасида кўришни хоҳлаётганини билдиргач, яна Италияга йўл олиб, «Интер»да ўзимни қайта кўрсатиш ҳақида ўйладим. Аммо хорижда талаб даражасида ўйнаш учун куч тополмадим.

Яъни оиламга яқинроқ бўлиш истаги устунлик қилди, Бразилияни қўмсай бошлагандим. Қийин даврда ёлғиз қолсанг, энг ёқимсиз хотиралар исканжасидан қутулиш қийин бўлар экан. Хуллас, барчасини енгиб ўтишга кўзим етмади ва «Интер»дан кетдим.

Ўша вақт миллий жамоадан чақирув олдим, бу яна Италияга қайтишимни тақозо этарди, аммо бундай қилмадим.

Аксинча, шунчаки, бир ҳафтача «йўқолдим» - дўстларим даврасида мароқли ҳордиқ чиқардим, севимли таомларни тайёрладим, ўзимни эркин тутишга уриндим. Натижада ўзлигимга қайтаётганимни ҳис қила бошладим.

Уйга қайтганим заҳоти «Интер» вакили қўнғироқ қилиб, нима бўлганини сўради. Шунда қайтишни истамаслигимни рўй-рост айтдим. У эса клуб обдон ўйлаб кўришим учун вақт беришга тайёрлигини билдирди, бироқ...

Футболчилик фаолиятим энди бошланган вақт бутун оиламиз бирга эди. Яқинларнинг доимо ёнма-ён туриб, бир-бирларини қўллаб яшашларидан яхшиси борми?

Агар оиламизда бирдамлик бўлмаганида, эҳтимол, эгри йўлдан кетармидим...? Энг даҳшатли хотира - бу отамнинг бошига қаратиб ўқ узишгани. Ўшанда атиги 10 ёшли болакай эдим. Яратганга шукр, отам омон қолди.

Акс ҳолда, оиламиз қандай аҳволга тушарди, очиғи, буни ўйлашга ҳам қўрқаман. Аммо бундай нохушлик бола руҳиятига таъсир этади, барибир.

Дарвоқе, отам кейинчалик бутун ҳаёти давомида бошидаги ўқ қолдиғи билан яшади, хайриятки, бу ҳеч қандай муаамо туғдиргани йўқ.

Гиёҳвандлик балоси

- Наркотик моддаларга тобелик оқибатида қанча-қанча дўстларимни йўқотдим. Тўғри, бу борада аниқ рақамни айтишим қийин. Зеро, бундайлар жуда-жуда кўп.

Тахминан 40 ёки 50 нафар. Ҳаттоки, ҳозир ҳам гиёҳвандлик балоси ортидан дўстларимдан ажралмоқдаман. Афсуски, улар шу йўлни танлашди... Хуллас, менда афсусланишдан ўзга чорам йўқ.

Фаолиятини қайта тиклаш ҳаракати

- Йўқ, футболчилик фаолиятим ҳали тугамади. Кейинги йилдан яна тўлақонли машғулотларни бошлайман ва албатта, майдонга тушаман.

Ҳа, бу осон эмас. Ҳаттоки, уддалолмаслигим мумкин, аммо ҳаракатларимдан самара чиқмаган тақдирда ҳам, фожиа ясамайман.

Нима бўлишидан қатъий назар, машғулотларда имконият даражасида ишлашни истайман. Агар кучим етса, фаолиятимни қайта тиклайман, акс ҳолда, бошқа юмуш билан шуғулланаман.

Наркобарон билан сурати

- Матбуот неча марталаб мени футболчи сифатида йўқ қилишга уринди. Дейлик, бу сурат 3,5 йил аввал олинган! Қаранг, уни энди чоп этишди. Маъно нима, мақсадчи?

Ҳа, айни пайт полиция наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчиларга қарши кураш чораларини кучайтирди. Суратдаги наркобаронга нисбатан ҳам қидирув эълон қилинган. Мен эса ҳозир четдаман, бировга ёмонлигим тегмаяпти.

Қолаверса, оилам, фарзандларим бор. Афсуски, матбуотчилар бу ишлари яқинларимга салбий таъсир этиши мумкинлигини ўйлашмаяпти. Виждоним олдида ҳалолман. Табиатан тўғри сўзлашга мойилман ва ҳеч кимдан ниманидир яширмаяпман.

Доимо барчасини борича айтишга ўрганганман. Шундай экан, менга нисбатан бундай йўл тутишаётгани ғалати... Наркотик моддалар сотуви билан шуғулланувчилардан бирига мотоцикл совға қилганим ростми? Биринчидан, у яқин дўстим эди.

Иккинчидан, унга қурол ёки гиёҳванд модда бермаганман-ку. Совғамни қандай мақсадларда ишлатиши эса фақат ўзига боғлиқ. Хуллас, бу ишимда ёмонликнинг бирор аломатини кўрмаяпман.

Одатлари

- Яширмайман, виски ичиб тураман. Лекин ҳар куни эмас, акс ҳолда, футболда шунчалик ном қозона олармидим? Умуман, алкоголь спортчилик фаолиятига халақит берадими? Ҳа! Бу ҳақда доимо ошкора гапирганман.

Афсуслантирувчи ҳолатлар

- Одамлар ўйлашадики, Адрианони ҳаммаси қаноатлантиради. Аммо ухлашдан олдин кўпинча футбол орқали янада кўпроқ ютуқларга эришишим мумкин бўлгани ҳақида ўйлайман. Аммо инсон ўз ҳаётини мудом назорат қилолмайди.

Арзимасдек кўринган ҳолат барчасини бутунлай ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас.

Шулар ҳақида кўп ўйлаб, ўзимга танқидий назар билан қарайман. Ўз навбатида, хатолардан тўғри хулоса чиқаришга интиламан, акс ҳолда, сиқилавериб, ўзингни «еб» қўйишинг мумкин...

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz