Қайднома

Қидирув

Раньерининг «Нант» билан яратаётган янги эртаги муқаддимаси

Раньерининг «Нант» билан яратаётган янги эртаги муқаддимаси

  02.11.2017 00:57
  0
  2363
Раньерининг «Нант» билан яратаётган янги эртаги муқаддимаси

Жаноб Клаудио «Лестер»ни Анг­лияда чемпионлик шоҳсупасига олиб чиқиб, имкони йўқдек туюлган ишни бажарганди.

Италиялик мутахассиснинг сеҳргарларга алоқадорлигига яна кимдир шубҳа қиладими?

Мана шунақа, ҳамма Кавани ва Неймарнинг тўп талашишларини муҳокама қилаётган бир паллада Раньери навбатдаги ўртамиёнадан етакчиларга рақобат туғдирадиган ажойиб жамоа тайёрламоқда.

Афтидан, бу мутахассис аутсайдерларни ёрқин ўйин кўрсатадиган клубга айлантириш формуласини топгандек. Мана, у яна иш бермоқда.

Ўтган мавсум «Нант» Лига 1ни еттинчи ўринда якунлаб, юқори ўнликдаги жамоалар орасида энг кўп тўп ўтказиб юборди.

Қисқаси, алоҳида ижобий жиҳатларини ажратиб кўрсатиш қийин эди. Ҳозирда «канарейкалар» 20 очко тўплаган ҳолда «ПСЖ» ва «Монако»дан сўнг учинчи ўринни эгаллаб туришибди.

Раньери август ойида «Нант» бош мураббийлигига тайинланаркан, Францияга қайтиши борасидаги саволга ўзи ҳам жавоб тополмаётганини таъкидлади.

«Бу қарор тўғрими ёки йўқ, билмайман, аммо интрига борлиги аниқ эди. «Лестер»даги ҳолат қайтарилиши даргумон, бунақаси ҳар доим ҳам кузатилавермайди. «Нант» президенти Вальдемар Китадаги иштиёқ менга куч бағишлади.

У ҳеч кимга ишонмайди, клубни ўз фарзандидек ардоқлайди, уни тўғри парваришлашни истайди. «Шиширилган» нархлари бор бозорда катта пул сарфлашни ўзига эп кўрмайди. Уни жуда яхши тушунаман», - дейди Раньери.

«Интер» сафида Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритган Рене Крхинни ҳисобга олмаса, «Нант»­да таниқли футболчиларни учратмайсиз. Италиядан «Фиорентина»нинг руминиялик дарвозабони Чиприан Тэтэрушану, Португалиядан - ёш ҳимоячи Чиводи Авазьем келди.

Шунингдек, маҳоратли форвард Эмилиано Салани ҳам кўрсатиб ўтиш даркор. Ўтган ёзда унинг учун Москванинг «Локомотив» клуби 7 млн. евро таклиф қилганди. Таркибнинг қолган қисми ўртамиёна, аммо меҳнаткаш ўйинчилардан тузилган.

Мабодо Раньери жиддий кучайишга умид боғласа, адашади. Ўтган мавсумдаги етакчи Амин Аритни «Шальке»га 8 млн. еврога сотган «Нант» бошқа трансферларга 11 млн. сарфлади.

Аммо Клаудио ихтиёридаги жамоани яхлит оилага айлантирди. Ки­йиниш хонаси эса футболчилар учун қадрдон уйдек бўлиб қолди.

Бир қарашда, майдонда гўёки, «Лес­тер»нинг яшил-сариқ либосдаги ўйинчилари тўп сураётгандек тасаввур уй­ғонади. Классик 4-4-2 схемаси, олдинда икки форвард, фаол қанот ярим ҳимоячилари ҳамда марказда таянч футболчилари.

Ҳозирги «Нант» шиддаткор ва қизиқарли футбол кўрсатмаяпти - ғалабаларнинг ҳаммаси кичик ҳисобда қўлга киритилмоқда (4тасида 1:0 кўринишида).

Дастлабки икки турда мағлубиятга учраганига қарамай, бу клуб ўзини ўнглаб олди. Сўнгги пайтлардаги муваффақиятли иштирокдан сўнг Франция ташқарисидаги ОАВ «янги «Лестер» ҳақида гап-сўз тарқата бошлади.

10та турда 9та гол уриб, 7та тўп ўтказиб юборган жамоа қанақасига учинчи ўринда бориши мумкин? Ҳаммаси осон... агар уни Раньери бош­қараётган бўлса.

Ҳимоядаги мустаҳкамлик, марказдаги субординация, рақибнинг хотиржамликка берилганидан фойдаланиб, қарши ҳужумлар орқали уни жазолаш - «Нант»нинг ташриф қоғозига айланди. Мафтункор эмас, аммо самарали ўйин. «Дарҳақиқат, биз итальянча услубда ғалаба қозоняпмиз», - дейди Раньери.

Ҳозирча италиялик мутахассис ўз ишидан роҳатланмоқда. У ҳамон ўзига қулай жойда фаолият юритяпти - ҳеч ким босим ўтказмайди, максимал натижаларни талаб қилмайди.

Тиниб-тинчимас матбуотчилар нигоҳидан йироқда, ОАВдаги даҳшатли мақолалардан холи. Фақат машғулотлар майдончаси, мўъжаз стадион ҳамда базадаги илиқ ҳарорат. Мабодо «Нант» Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритолмаса, бунинг учун ҳеч ким Клаудиони айбламайди.

Аммо футболдан завқ олаётган италиялик мутахассис жамоани янги чўққилар сари етаклаш учун қўлидан келган ишни қилиши муқаррар.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz