Қайднома

Қидирув

Камолиддин Мурзоев: «Футболимиз обрўсига путур етказадиган ҳолатлар бўляпти»

Камолиддин Мурзоев: «Футболимиз обрўсига путур етказадиган ҳолатлар бўляпти»

  03.11.2017 03:35
  0
  2653
Камолиддин Мурзоев: «Футболимиз обрўсига путур етказадиган ҳолатлар бўляпти»

Тажрибали ҳужумчи Камолиддин Мурзоев учун бу йилги мавсум бироз омадсиз ўтмоқда.

Сурункали жароҳатлар футболчининг ўзи истагандек ўйин намойиш этишига тўсқинлик қиляпти. Боз устига, унинг жамоаси «Олмалиқ» ҳам иккинчи даврани мухлислар, мураббийлар ва клуб раҳбарияти кутганчалик ўтказмаяпти.

Оралиқ танаффусга 4-ўринда чиқиб кетган олмалиқликлар чемпионат якунланишига бешта тур қолган бир пайтда ўртамиёналар сафига қўшилиб қолишган.

Виктор Кумиков бошчилигидаги мураббийлар штаби якун чиройли бўлиши учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Лекин ҳозирча вазият деярли ўзгаришсиз қоляпти.

Биз омадсизлик исканжасидан батамом чиқиб кета олмаётган Камолиддин Мурзоев­ билан боғланиб, унинг мавзу доирасидаги фикрлари билан қизиқдик.

- Камолиддин, мухлислар сизни бироз йўқотиб қўйгандек бўлишди. Бу жароҳатлар таъсириданми ёки бошқа сабаблар борми?

- Биринчи тахминингиз тўғри. Афсуски, жароҳат туфайли кўп вақтимни майдондан ташқарида ўтказдим. Иккинчи даврада ҳам асосан жароҳатни даволаш билан банд бўл­япман.

- Ҳозир ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми?

- Ҳали ҳам жароҳат асоратлари бор. Лекин шундай бўлишига қарамай, охирги икки учрашувда майдонга тушдим. Оғриқ қолдирувчи уколлар ёрдамида ўйнашимга тўғри келди.

- Бу эски жароҳатми ёки шу йил орттириб олдингизми?

- Ўтган йили олгандим. Ҳали тўлалигича битиб кетмади. Тўлақонли куч билан ҳаракат қилганимда, югурганимда оғриқ беряпти.

- Жароҳат оёғингизнинг қайси қисмида? Шифокорлар қандай ташхис қўйишяпти?

- Чап тиззамда. Шу йил қишда Германияда жарроҳлик столига ётгандим, ўша ерда муолажа олганман.

- Сурункалимасми?

- Йўқ. Кучли юкламалардан сўнг шамоллатиб қўйганман. Шу безовта қилади.

- «Олмалиқ» иккинчи даврани кўнгилдагидек ўтказа олмаяпти. Шахсан ўзингиз бунинг сабабларини таҳлил қилиб кўрдингизми?

- Хабарингиз бор, бу йил жамоамиз таркиби 70 фоизга янгиланди. Клуб олдига катта вазифалар қўйилганди. Биринчи даврани ижобий кўринишда якунладик. Кучли тўртликдан жой эгаллаб тургандик. Ҳамма нарса ўз қўлимизда эди.

Иккинчи даврага тайёргарлик ҳам юқори савияда ташкил этилди. Беларусь давлатида хориж йиғинини ўтказиб қайтдик. Йиғин доирасида бир нечта ўртоқлик учрашувлари ҳам ўтказилди. Шунингдек, сафимизга тажрибали футболчилар келиб қўшилишди.

Аммо иккинчи даврада биз ўйлаган, мухлислар кутган натижа кузатилмаяпти. Шахсий фикрим, омад биздан очиқчасига юз ўгирди.

Футболда юқори натижага эришиш учун бир йил камлик қилади. Янги келганларнинг бир-бирини тўлиқ тушуниб ўйнаб кетиши учун вақт керак.

- Жамоада ечимини кутаётган қандай муаммолар бор? Ёки сизларга фақат омад етишмаяптими? Маошларни вақтида оляпсизларми?

- Маош масаласида ҳеч қандай муаммо йўқ. Футболчилар учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Тўғриси, натижага салбий таъсир ўтказувчи бош­қа ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман.

- Бундай вазиятда бош мураббий нима деяпти?

- Виктор Кумиков охиригача кураш олиб бориш кераклигини, кўпроқ меҳнат қилишимиз лозимлигини уқтиряпти.

- Камолиддин, жамоадошларингизга қараганда, сиз Кумиковни, ўз ўрнида Виктор Балютович сизни яхшироқ билади. Мана шундай омадсиз кунларда мураббийдан тавсия оляпсизми?

- Мураббийимиз бундай ҳолатга тушиб қолганимни кўп ўйламаслигимни, тушкун ҳолатга тушмаслигимни ва имкон қадар тезроқ бу «қора чизиқ»ни босиб ўтишимни айтяпти.

Ўзим ҳам қандай ҳолатда қолганимни тушуниб турибман. Фақат сабр ҳамда меҳнат эвазига оғир дамларни енгишим мумкин.

- Нима деб ўйлайсиз, жамоа қийин вазиятдан чиқиб кета олармикан?

- Шунга ҳаракат қиламиз. Омадсизлик бу даражада узоқ давом этмаса керак. Фақат бирдамлик, аҳиллик, ягона мақсад сари интилиш эвазига бундай оғир вазиятдан чиқиб кетишимиз мумкин.

Чемпионат якунланишига тобора оз фурсат қоляпти. Вақт кутиб турмайди. Шунинг учун, ўзимиз ҳаракат қилмоғимиз даркор.

- Жамоанинг иккинчи даврадаги омадсиз иштирокига раҳбарият танқидий муносабат билдирмадими? Умуман, улар мавжуд ҳолатни қандай қабул қилишяпти?

- Албатта, раҳбарият ҳамма шароитларни яратиб берганидан ке­йин натижа сўрайди. Бунга улар ҳар томонлама ҳақли. Лекин ҳозирча у даражада жиддий танқид бўлмади.

Боиси, улар ҳам вазиятни кўриб туришибди. Мураббийлар ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришяпти. Футболчилар машғулотларда тер тўкишяпти, ўйинларда астойдил ҳаракат қилишяпти.

- Чемпионатимизда сўнгги турларда ҳакамлар билан боғлиқ кутилмаган воқеалар кузатиляпти.

Футболчиларнинг дисквалификация қилиниш ҳолатлари учради. Масалан, Ойбек Қиличев бир йилга футболдан четлатилди. Бизга хос бўлмаган бундай ҳолатларга қандай фикр билдира оласиз?

- Албатта, бу футболимизни безамайдиган, ачинарли ҳолат. Футболимиз обрўсига ҳам салбий таъсир ўтказади.

ЎФФ раҳбарияти вазиятни тўлиқ ўрганиб, қарор чиқаряпти. Улардан ўтиб, бир фикр билдира олмайман. Умид қиламанки, эндиликда бу каби ҳолатлар бизнинг футболни четлаб ўтади.

К. АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz