Ёш бўлишига қарамай, «Хоффенхайм» бош мураббийи сифатида мақтовга лойиқ кўрсаткичлар қайд этаётган Юлиан Нагельсманн россиялик ҳамкасбларимиз эътиборини ўзига қаратди.
Ушбу мутахассисни кузатиш учун 5 сабаб топган sports.ru сайти унинг тез орада Пеп Гвардиоладан ҳам ўзиб кетишини тахмин қилишди.
1. Ноёб шахс
Нагельсманн оғир жароҳат туфайли футболчилик фаолиятини 20 ёшида якунлашга мажбур бўлган. Аммо бунга қадар унинг мураббийлик салоҳиятини Томас Тухель пайқашга улгурганди.
Айнан шу мутахассис Юлианга «Аугсбург»да устозлик қилганди. Тухель уни скаутликка ёллади ва ҳаммаси шундан сўнг бошланди.
- Томас мени қутқарди. Футболдан воз кечолмасдим. Майдонда тўп суриш учун боримни қурбон қилдим, аммо ҳаммаси жароҳат сабаб барбод бўлди. Натижада миллионлар ўйинига тааллуқли ҳеч нарсани кўргим келмай қолганди.
Бироқ Тухель рақиблар ҳақида маълумот тўплашимни сўради. Бу ҳамма учун самарали эди. Ҳамон «Аугсбург» билан шартномам бўлгани боис, ушбу клубга фойда келтириб, футболда қолдим, - дейди Нагельсманн.
2. «Бир мавсум - бир мўъжиза» графиги
Frankfurter Rundschau газетаси Нагельсманни мураббийликка тайинлаш ғояси фақат маст кишидан чиқиши мумкинлигини таъкидлади. Rhein-Neckar-Zeitung мазкур ҳолатдан пиар излашга тушди - камтарона клуб ёш мутахассисни олиб келиш орқали ОАВда шов-шув кўтармоқчидек.
Нагельсманн «Хоффенхайм»ни фараз қилинганидан мураккаброқ ҳолатда қабул қилиб олганди. Дастлаб уни мавсум якунида Хуб Стевенснинг ўрнига тайинлаш режалаштирилганди.
Клуб бу ҳақда баёнот берди, аммо жамоанинг ишлари ортга кетавергач, Стевенсни лавозимидан бўшатишди (расмий маълумотларда унинг соғлиғи билан муаммоси борлиги сабаб сифатида кўрсатилганди).
Юлиан клуб бошқарувини қўлга олганда 28 ёшда эди, керакли лицензияга эга эмасди, таркибда ёши ундан катта бўлган 5 футболчи тўп сурарди, «Хоффенхайм» эса турнир жадвалининг хавфли зонасига жойлашганди - элитада «жон» сақлаб қолиш имконини берадиган ўриндан 7 очко ортда қолаётганди.
Бироқ мўъжиза рўй берди, клуб Нагельсманн бошчилигида нафақат олий дивизиондаги ўрнини сақлади, балки ЕЧЛ йўлланмасини ҳам қўлга киритди.
Қизиғи, бу натижа Юлианни бош мураббийликка тайинлаганларни заррача ҳайратлантирмади. Хусусан, спорт директори Александр Розен навқирон мутахассис масъулиятли лавозимга муносиб кўрилганида шундай деганди:
«28 ёш. Ғалати эшитилади, аммо пиар уюштириш ниятида эмасмиз. Ушбу ғоянинг самарали кечишига 100 фоиз ишонамиз. Нагельсманн чиниққан мураббий.
У деярли 10 йилдан буён ушбу соҳада ишламоқда. Унинг машғулот ўтказиши ва ўйинчилар билан мулоқотини кўрсангиз, сиздаги шубҳалар ҳам ўз-ўзидан йўқолади. Ёш бўлишига қарамай, у обрўга эга, Юлианнинг ўзига хос эканлигини тезда тушунасиз».
3. Ҳақиқатпарвар
Матбуот анжуманига ташриф буюрган мураббий уч жиҳатга эътибор қаратиши лозим: 1) футбол ҳақида гапириш; 2) ҳақиқатпарвар бўлиш; 3) жамоат фикрини эътиборга олишда айёрлик ишлатмаслик.
Бундайлар кам. Савол туғилади: ушбу модель жамоага фойда келтирадими? Бу нейтрал мухлислар учун энг маъқул йўлдир.
Нагельсманнинг «Бавария» устидан қозонилган ғалабадан сўнг айтганлари - унинг ҳақиқатгўйлигига яққол мисол: «Ютуққа эришганимиздан хурсандмиз. Киритилган тўпларни инобатга олмаганда, бошқа жиҳатлар бўйича ёмон ўйин кўрсатдик.
Кутилмаганда ҳисобда олдинга чиқдик, «Бавария» нуқтаи назари билан айтганда, гол бевақт урилди. Левандовски тепган тўпнинг тўсинга теккани бизнинг омадимиздир». «Ливерпуль» билан ўйиндан кейин эса бунинг аксини гапирди:
«Биз кўпроқ голли вазиятлар яратдик. Айтмоқчиманки, бугун рақибдан ҳеч бир жабҳада қолишмадик. Шунчаки, омадимиз юришмади».
Ҳар икки ҳолат ҳам ибрат олса арзигулик. Натижадан тўғри хулоса ясаляпти, шов-шувли ғалабадан ҳаволаниб кетиш йўқ, муваффақиятсизликдан кейин тушкунлик ҳолати кузатилмаяпти.
4. Инноватор
Қисқа муддатли фаолияти давомида Нагельсманн футбол ривожи йўлида кўплаб қизиқарли таклифлар билдирди: февралдан май ойи ўрталаригача давом этадиган ягона трансферлар ойнаси;
мураббий тактик ўзгаришларга қўл уриши учун битта бўлимда иккита «тайм-аут» белгилаш; захира алмаштиришлари сонини ошириш; сариқ карточкалар ўрнига 5 дақиқалик четлатишни қўллаш;
бир ўйин мобайнида икки марта видеотакрорларга мурожаат этиш имконияти. Буларнинг бари ақлли ва адолатли футбол учун муҳимдир.
Нагельсманнинг машғулотлари ўзгача кечади. Ўйинчилар диққатини жамлаш учун у алоҳида дастурга таянади - бу компьютер ўйини ва виртуал реалликка ўхшаш нарса. Техника ва қарор чиқариш бўйича махсус хонадан фойдаланилади.
Бироз оддий, аммо самарали йўл. Клуб базасидаги деворга Юлиан катта монитор ўрнатган. Машғулотлар пайти экранда 4та камерадан олинган тасвирлар пайдо бўлади.
Нагельсманнинг ўзи жараённи «айпад» орқали кузатади. Мабодо қандайдир муҳим жиҳатни сезса, дарҳол машқни тўхтатиб, экран орқали ўша вазиятни кўрсатиб, уни шарҳлайди.
Бу ёш мутахассис қўллаётган усулларнинг асосий қисми, холос. Мазкур видео «Хоффенхайм» ишлатаётган технологияларнинг бошқа методларини ҳам кўрсатади. Шунингдек, унда машғулот майдони чизмасини ҳам кўриш мумкин:
Нагельсманн Гвардиола принципига (майдонни ҳудудларга бўлиб, тўп қайси ерда жойлашишига қараб, вазиятга мослашиш) таянади. Фақат Юлиан танлаган тизим Пепникига нисбатан мураккаброқ (ҳар ҳолда, ҳудудлар сони бўйича).
Ўз навбатида, «Хоффенхайм» устози замонавий статистик маълумотларни ҳам назардан четда қолдирмайди: «80 фоиз голлар жарима майдончаси ташқарисидан урилади.
Омад келганда, 30 метр узоқликдан туриб ҳам дарвозани ишғол қилиш мумкин, бироқ бунинг эҳтимоли жуда кам. Зарба жарима майдончаси ичидан йўлланса, гол уриш имконият ортади. Шу боис, ўйинчиларимиз аксарият ҳолларда хавфли ҳудудда ҳаракатланишади».
Кевин Кураньи (Нагельсманн келганда таркибдаги ёши уникидан катта бўлган футболчилардан бири) ҳам ҳайратини яширмаяпти: «Кўплаб мураббийлар қўл остида ўйнадим, бироқ айнан Юлиан менда кўпроқ қизиқиш уйғотди.
Бундай машғулотларни ҳеч қаерда кўрмаганман. Шуғулланиш жараёнида бош билан бунча кўп ҳаракатланишим лозимлигини ҳеч ким сўрамаган, мазкур жараёндан роҳатланяпман.
Агар футболчи машғулотларга 100 фоиз киришмаса, Нагельсманн жамоасида унга жой йўқ. Ҳаммамиз бор кучимизни сарфлаймиз, акс ҳолда, нафақат таркибдан чиқасан, балки шерикларинг кулгусига қоласан. «Хоффенхайм» муваффақияти - биринчи навбатда, Юлианнинг меҳнатлари самараси».
5. Файласуф
Нагельсманн кутилмаган таклиф билдиришдан ташқари, ўйин пайти рўй бераётган ҳолатларни ажойиб тарзда шарҳлайди. Унинг тўпни эгаллаб олиш тўпни олиб қўйиш|«под-кат»лардан афзал экани ҳақидаги фикрига назар ташланг:
«Яккакурашларда тасодифий ва номаълум ҳолатлар кўп кузатилади. Тўп кутилмаган йўналишда ҳаракатланиши, яна рақибга қайтиши мумкин. Ҳакам ўша вазиятни рақиб фойдасига ҳал этиши эҳтимоли йўқ эмас. Мазкур ҳолат мени қониқтирмайди.
Тўпни бу йўсин олиб қўйишни ёқтирмайман. Жамоамиз рақибни хато қилишга ундаши даркор. Бунинг учун прессинг қўллаш керак. Шунингдек, узатмалар йўлини тўсишга тўғри келади. Шундагина рақиб мураккаб «пас» узатаётганда хатога йўл қўяди».
Нагельсманн футболга қисқагина изоҳ беради: «Бу аслида жуда оддий ўйин. Унда 4та жиҳат мужассам: тўп жамоангизда, тўп рақибда, тўпни йўқотиш, тўпни олиб қўйиш. Футбол шундан иборат.
Машғулотлар жараёнида айнан шу жиҳатларни турли схемалар, турфа шартлар асосида қайта ўрганиш даркор. Аммо барибир, энг аҳамиятлиси - ўйинчилар асло мувозанатни йўқотмай, ҳамиша майдондаги воқеалар ҳақида ўйлашлари лозим.
Уларнинг ҳаёт ва машғулотлардан мамнун бўлишлари муҳим. Тўғри, футболчилар катта пул ишлаб топишади, аммо бу турмуш тарзи зерикарли ва бир хил бўлмаслигини англатмайди.
Шу боис машғулотларга мунтазам равишда янгиликлар киритамиз - ўйинчилар ўзгаришлардан роҳат олишлари керак».
Шунингдек, Юлиан келажакни башорат қилишни хуш кўради: «Навбатдаги тренд - сохта позициялар. Гвардиола қанот ҳимоячиларини марказга кўчириш тажрибасини ўтказмоқда.
Шу йўсин давом этиш лозим - марказий ҳимоячилар таянч нуқтасига, таянчдагилар ҳужумга, форвардлар майдон марказига ўтказилса, ўйинчилар жараёнга мослашишда қийналмайдилар.
Жамоа позицион ўзгаришларни қанча кўпайтирса, рақиб учун шунча хавфли кўринаверади».
Бир жиҳат бўйича хавфсираш
Нагельсманн қўл остидаги «Хоффенхайм»нинг ўйини ягона ғоя асосида қурилади: «рақибни прессингга ундаш - ундан ўтиш - ҳужумда қулай вазиятга эга бўлиш». Агар рақиб прессинг ишлатса, Юлиан концепцияси иш беради.
Унинг жамоаси босимдан чиқиб кетишнинг турли йўлларини билади. Мураббий футболчиларни ўйлаб иш кўришга ўргатишдан ташқари, таркибга шундай вазиятларда ўзини кўрсата оладиган алоҳида ўйинчиларни киритган.
Мисол учун, Кевин Фогт (марказий ҳимояга мослаштирилган ярим ҳимоячи) «Хоффенхайм»га босим уюштирилаётган паллада асосий роллардан бирини ўйнайди.
Сандро Вагнер эса прессингдан чиқишда узоқ масофага йўлланадиган узатмаларда муҳим ўрин тутади. Хуллас, рақиб прессинг ишлатаётганда бу жамоага етадигани топилмайди.
Муаммо бошқа томонда - прессинг ишлатилмаса-чи? Шундай паллада «Хоффенхайм» қисқа паслар узатишда қийинчиликларга дуч келади.
Албатта, Нагельсманн айни ҳолатларда ҳам ақл билан иш тутади (рақибнинг алоҳида заиф томонларидан фойдаланиш, прессинг ишлатиш, стандартлар), аммо бу сценарийни ўзи ёқтирмайди. Йирик клубларда бундай ўйинлар сони ортиши, шубҳасиз.
Агар Нагельсманн қўллаётган услубни топ-клуб ишлатса, Луи ван Гал пайтидаги «МЮ»нинг ўйини вужудга келади.
Ишончимиз комилки, Юлиан гранд жамоага ўтса, мослашишда қийналмайди - айнан шу мослашув жараёни унинг келажакда нечоғли муваффақият қозона олишини кўрсатиши мумкин.
Ў.УМАРОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20