Ҳафтанинг футболга оид энг кўп муҳокама қилинган ва кутилмаган мавзуси шубҳасиз, ПФЛнинг келаси йили олий лигада 12та жамоа иштирок этиши ҳақида чиқарган қарори бўлди.
Бу воқеа кенг футбол жамоатчилиги томонидан турлича кутиб олинди. Табиийки, мазкур қарорга нисбатан билдирилган фикрларнинг аксарияти танқидий мазмун касб этди.
Балки шундай тўхтамга келингани тўғридир, лекин чемпионат якунланишига тўрт тур қолган бир пайтда эълон қилинган янгилик ҳақли эътирозларни келтириб чиқарди.
Тўғрида, бундай ўзгаришлар камида бир йил олдин эълон қилиниб, клублар огоҳлантирилиши лозим. Тўсатдан «Бу йил олий лигада 11та жамоа қолади, ўн иккинчи клуб ҳам биринчи лигага равона бўлади», деган хабарнинг тарқалиши кўпчиликни карахт аҳволга солиб қўйди.
Бу худди ЕЧЛ ёки ОЧЛ мусобаси гуруҳ босқичининг тахминан 4-туридан сўнг «Ҳар бир квартетдан фақат битта жамоа «плей-офф»га чиқади», дегандек гап бўлди. Биз мавзу юзасидан мутахассислар, мураббийлар ва футболчиларнинг фикрлари билан қизиқдик.
Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи): - Бу ўзгариш мен учун ҳам кутилмаган ҳолат бўлди. Лекин ижобий томонини олсак, мазкур қарор чемпионатимиз савиясининг ошишига хизмат қилади.
Бу билан олий лигада курашларга бой ўйинлар сони кўпаяди, кескинлик ошади. Ўткинчи ўйинларга барҳам берилади. Ишончим комилки, ЎФФ ва ПФЛ раҳбарияти мазкур қарорни обдон ўйлаган. Айтмоқчиманки, улар бундай тўхтамга шунчаки келишмаган.
Янгилик шундаки, келаси йилдан жамоалар камида 33тадан ўйин ўтказишади. Айниқса, якуний давра баҳслари мухлислар диққат марказида туради.
Бу ўзгаришларнинг бари чемпионатимиз савиясини кўтариш ва шу йўл билан миллий жамоани кучайтиришга хизмат қилади. Олий лига кучайса, бундан мухлислар ва термамиз ютади.
Кучли ўйинларда тобланадиган футболчилар бош жамоа либосида ҳам муносиб ўйин намойиш этишади. Фақат қуйи поғоналарда бораётган жамоаларга осон бўлмайди.
Сўнгги тўртта турда 12-15-ўринни эгаллаб турган иштирокчилар кучлилар сафидаги ўринларини сақлаб қолиш учун кескин курашга киришишади. Таъбир жоиз бўлса, қолган тур ўйинлари 4-5та клуб учун финалга монанд тарзда ўтади.
Тўғри, бу жамоаларни тушуниб турибман. Бу улар учун кутилмаган ҳолат бўлди. Лекин янгиланган ЎФФ барча йўналишларда ислоҳотларни олиб боряпти ва бу қарор ҳам ана шу амалга оширилган янгиликлардан бирига айланди.
Вадим Абрамов («Нефтчи» бош мураббийи): - Очиғи, ушбу хабарни эшитиб, ҳайрон қолдим. Сабаби, бу ҳақда ҳеч бир жамоа олдиндан огоҳлантирилмаганди.
2017 йилги футбол мавсуми учун чиқарилган регламентнинг ўзгартирилишини хаёлимизга ҳам келтирмагандик. Чунки қандайдир ўзгариш бўлса, у камида бир йил олдин эълон қилиниши керак эди.
Шундай қилинса, адолат мезонларию, спорт принципларига тўғри келарди. Ҳозир турнир жадвалининг қуйи қисмида бораётган клублар, уларнинг футболчилар ва мухлислари шок ҳолатига тушиб қолишган. Кўпчилик олий лигада 12та жамоани қолдириш масаласи ўзаро келишув асосида ҳал қилинган, деяпти.
Шахсан мендан ҳеч ким маслаҳат сўрагани йўқ. Энди қолган ўйинларда қандай ҳаракат қиламиз, тайёргарлик нима бўлади? Бу саволларнинг жавобини билмайман.
Мавсум тугашига эса тўртта тур қолди. ФИФА, УЕФА ва ОФКда бирор мусобақага ўзгартириш киритилса, бу ҳақда камида икки йил олдин маълум қилинади. Жамоалар шунга қараб тараддуд кўради. Очиғи, мен ҳалиям ЎФФнинг қарорини тушуна олмаяпман.
Азамат Абдураимов (мураббий): - Ўйлашимча, олий лигамиз учун 12та жамоа кам. Боиси, Ўзбекистон футбол анъаналари бўйича бой мамлакат. Собиқ иттифоқ даврида элитада биргина «Пахтакор» ўйнарди.
Жиззахнинг «Звезда» жамоаси биринчи лигада иштирок этарди. Қолган клублар эса иккинчи дивизиондан қўним топишганди. Тўғри, федерациянинг янги раҳбарияти ўзига яраша ўзгаришларни амалга оширяпти.
Яъни, олий ва биринчи лига структурасига ўзгартиришлар киритяпти. Бундан кўзланган мақсад - ўйинларнинг кескинлигини ошириш, мухлисларбоп футболни юзага келтиришдан иборат. Бу нормал ҳолат.
Агар вазиятга шу позициядан туриб баҳо берадиган бўлсак, жамоалар сонини камайтириб, учта даврали чемпионат ўтказиш лозим. Шахсан мен шундай фикрдаман. Бундай янгилик ёки ўзгариш бизда шу пайтгача бўлмаганди.
Эсимда, бундан 7-8 йил аввал олий лига мураббийлари билан айни мавзу юзасидан бир нечта вариантларни кўриб чиққандик. Ўша таклифлар орасида айнан мен илгари сурган чемпионат тизими ҳам бўлган.
Албатта, мен учун ҳам чемпионат якунланишига тўртта тур қолган бир пайтда шундай ўзгаришнинг амалга оширилгани кутилмаган ҳолат бўлди.
Бизда регламент бор. Меъёрий ҳужжатга зид иш қилиш қанчалик тўғри? Мазкур саволга тегишли расмий вакиллар жавоб беришлари лозим. Бундай ҳолатда олий лига йўлланмалари учун курашаётган 1-лига жамоаларига вазият қандай тушунтирилади?
«Йўқ, сизлар энди элитадан умидингизни узинг», дейиладими? Ёки Самарқанднинг «Динамо» жамоаси мисолида олсак, клуб жорий мавсум Ўзбекистон кубоги ярим финалига қадар етиб келди.
Айни пайт турнир жадвалида эгаллаб турган ўрни эски қоида бўйича биринчи лигага тушиб кетиши учун ҳеч қандай хавф солмайди. «Динамо»нинг кучлилар сафига қайтганига ҳали бир йил ҳам бўлмади.
Лекин катта эҳтимол билан янги ўзгаришлар «шарофати» билан бу жамоа яна қуйи дивизионга қайтади. Бу йил Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси ташкил қилинганига 55 йил тўлди. Ўзбекистоннинг энг совриндор жамоаларидан бири ўзгариш сабаб биринчи лигага равона бўлади. Қани бу ерда спорт принциплари, яъни тамойиллари?
Шахсий фикрим, бу масалада мавсум якунланганидан кейин гаплашилса, олдиндан жамоалар огоҳлантирилиб, кейин қарор қабул қилинса, нур устига аъло нур бўларди.
Бунинг учун федерация раҳбарияти мутахассислар, клуб раҳбарлари, мураббийлар, керак бўлса, мухлисларни ҳам тинглаши лозим. Ушбу масала телевидение ва матбуотда кенг муҳокама қилиниши жоиз.
Ўйлашимча, мавсум якунланганидан кейин бу мавзуга яна қайтилади. Чунки ўзбек футболи келажаги йўлида чиқарилаётган қарорни обдон ўйлаб, вазиятни ўрганиб, кейин якуний хулоса чиқариш шарт.
Ислом Аҳмедов (ФИФА ва ОФК йўриқчиси): - Бу мавзуда мендан икки ҳафта аввал фикр сўрашганди. Ўшанда олий лигада камида 16та жамоа қатнашгани маъқул эканлигини айтгандим.
Ўзбекистон аҳолиси сони 33 миллионга яқинлашди. Юртимизда футбол биринчи рақамли спорт тури. Халқимиз миллионлар ўйинини жуда ҳам яхши кўради.
Бундай ҳолатда уларга элитада 12та жамоа қолишини қандай тушунтирамиз? Регламентни ҳурмат қилиш керак ва унинг ҳар бир бандига буйсуниш лозим. Сифат учун сонни қисқартириш йўли билан курашмаслик керак.
Бундай шошилинч қарорларни қабул қилмасликка чақирган бўлардим. Футбол халқ учун экан, у ҳамиша биринчи ўринда ҳисоблашиладиган нарсага айланиши шарт.
Ҳозир бу гаплардан фойда бўлмаса ҳам керак. Чунки қарор қабул қилиб бўлинди ва у энди катта эҳтимол билан ўзгартирилмайди. Шу ўринда оддий мисол, шу билан бирга, бир таклифни илгари сурмоқчиман.
Миллий жамоамиз 14 ноябрь куни Дубайда БАА билан ўртоқлик учрашуви ўтказади. Январь ойида 22 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати бўлиб ўтади. 2019 йилда Осиё чемпионати бор, ўша йилдан эътиборан ЖЧ-2022нинг саралаш босқич баҳслари бошланади.
Нима учун ҳозир мен санаб ўтган мусобақаларда 1995, 1996 ва 1997 йилларда таваллуд топган футболчиларни ўйнатмаслигимиз керак? Айнан мана шу авлод вакиллари 2022 йилга бориб 25-27 ёшда бўлишади-ку! Бу эса футболда айнан кучга тўлган давр ҳисобланади.
Михаил Наумов («Динамо» дарвозабони): - Регламентга амал қилинмаса, унга бўйсунилмаса, у ҳолда уни ёзиб, амалиётга татбиқ этишдан нима наф? ЎФФга янги раҳбарларнинг келганини яхши янгилик сифатида кутиб олгандик.
Энди футболимизга ўзига яраша ўзгаришлар, ғоялар олиб кирилса керак, деб ўйлагандик. Аммо чемпионат якунланишига тўрт тур қолган бир пайтда қабул қилинган қарор жуда кўпчилик учун муздек душ бўлди.
Бундай ўзгаришлар чемпионат якунланганидан кейин амалга оширилмайдими? Худди шундай ҳолат Қозоғистон чемпионатида ҳам рўй берганди.
Энди 2019 йилда ОЧЛда битта жамоамиз иштирок этадими? ОФК бежизга клублар сонига эътибор қаратмайди. Олий лигада 16та жамоанинг бўлиши - бу идеал ҳолат.
Мазкур янгилик жуда кўп футболчилар ва мухлисларни шок ҳолатига тушириб қўйди. Шахсий фикрим, бу ҳақда мавсум бошланишидан олдин бохабар қилиб, кейин бирор ислоҳотга қўл уриш мумкин эди.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам чемпионат давом этаётган бир паллада иккита регламентни жорий қилиб, унга амал қилиб бўлмайди. Қолаверса, эшитишимча, биринчи лига регламентига ҳам ўзгартириш киритилар экан.
Бу дивизионда 19-20 ёшли футболчилар ўйнармиш. Бунинг учун камида 4 йил вақт керак. Қисқа фурсатда ёшларни юлдуз даражасига олиб чиқиб бўлмайди.
Бизда идеал даражадаги футбол мактабларининг ўзи йўқ-ку! Аслида, ишни ва барча ислоҳотларни болалар футболидан бошлаш лозим. Олмонлар мисолида футболимизга ўзгартиришлар киритиш шарт.
Эсимда, қайсидир йили Германия терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқа олмаганидан кейин бутун мамлакатда футболга эътибор тубдан ўзгариб кетганди.
Омадсизликнинг сабабларини ўрганишга киришилди. Кейин улар бу хатолик ўша мундиалга чиқа олинмаганидан бир неча йил олдин бошланганини исботлаб беришди.
2015 йилги статистикасига кўра, Германияда профессионал футбол мактаблари сони 2500тадан зиёд бўлган. Таққослаш учун, Россияда ушбу кўрсаткич 250тани ташкил қилган. Савол туғилади, бизда футбол мактаблари нечта?
Бундай таълим масканлари сонини аниқлаш учун бармоқларимиздан фойдалансак ҳам бўлаверади. Нима учун, раҳбарият мазкур йўналишни ривожлантиришни ўйламаяпти? Ўзбекистонда нари борса, 3та лига бор.
Европада эса камида 7та дивизион фаолият юритади. 33 миллион аҳолига эга мамлакат учун 12та жамоа кам эмасми? Қолган клублар биринчи лигада қатнашсинми? Ҳозир қанча футболчи ва мураббий кўчада қолишини тасаввур қиляпсизми?
Мурод Холмуҳаммедов («Қўқон-1912» ҳимоячиси): - ЎФФнинг бундай қарор чиқаришини, тўғриси, кутмагандим. Лекин бу янгиликнинг қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини вақт кўрсатади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам ушбу ўзгаришни чемпионат бошланишидан олдин амалга ошириш керак эди. Бу қанча жамоага зарар келтиришини тасаввур қилиш қийин эмас.
Ўз ўрнида, «Мазкур ўзгариш бизнинг жамоага қанчалик таъсир ўтказиши мумкин?», деган савол туғилади. Ростини айтсам, айни пайт ўзимизни эмас, кўпроқ бошқа жамоаларнинг тақдирини ўйлаяпман. Уларга жуда ҳам қийин бўлади.
Камолиддин АЛИМОВ ёзиб олди
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20