Қайднома

Қидирув

Криштиану Роналду: «Месси – Роналду даври энди бошланди»

Криштиану Роналду: «Месси – Роналду даври энди бошланди»

  05.11.2017 03:38
  0
  5606
Криштиану Роналду: «Месси – Роналду даври энди бошланди»

The Best FIFA Football Awards 2017 лауреатларини тақдирлаш маросими якунлангач, йилнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган Криштиану Роналду ФИФА расмий сайтига интервью берди.

Эслатиб ўтамиз, португалиялик ҳужумчи жорий йилнинг 24 август куни Европанинг энг яхши футболчиси номига ҳам сазовор бўлганди.

- Мазкур совринни кетма-кет иккинчи марта қўлга киритдингиз. Кўнглингиздан қандай ҳиссиётлар кечмоқда?

- Ажойиб кун, эсдан чиқмайдиган лаҳзаларга бой оқшом. Жамоадаги дўстларим, мени қўллаб-қувватлаган барча яқинларимга миннатдорчилик билдираман. Ҳозир жуда бахтлиман, ўйлайманки, фаолиятимдаги энг ёрқин кунларни бошдан кечиряпман. Ақлга сиғмас даражада хурсандман.

- Сизни бешинчи марта дунёнинг энг кучли футболчиси сифатида тан олишди...

- Фаолиятимни бошлаганимда, олдимга катта мақсадлар қўйгандим. Ўйлашимча, ниятларим амалга ошишда давом этмоқда. Шахсий совринларни қўлга киритиш мени янада кучли бўлишга ундайди, юқори даражада тўп суришимга ёрдам беради.

- ЕЧЛда яна ғолиб чиқишни истайсизми?

- Албатта, хоҳлайман. «Реал» билан УЕФА суперкубогида «Манчестер Юнайтед»ни, Испания суперкубогида «Барселона»ни мағлуб этдик. «Реал»да ўйнайдиган ҳар бир футболчида барча совринларни ютиш учун катта имконият пайдо бўлади. Фақат ундан унумли фойдалана олсангиз, марра сизники.

- Португалия терма жамоасида ҳам буюк ишларни амалга оширдингиз...

- Ҳа, Евро-2016 мусобақасида қозонилган ғалаба жуда муҳим эди. Ўша финалга қадар халқаро майдонда бирор-бир совринга эга чиқмагандик. Яратганнинг ёрдами билан узоқ кутилган ниятимга эришдим. Бу йил ҳам термамиз Россия мундиали йўлланмасини нақд қилди. Саралаш ўйин­лари кутилганидан қийин ўтди, аммо якунда ҳаммаси яхшилик билан тугади. Жамоанинг барча аъзолари ЖЧга чиқишимизга ишонишганди, барчамиз шунга кўра ҳаракат қилдик. Швейцария термасига қарши кечган баҳсда сўнггги имкониятдан фойдаланиб, вазифани бажардик.

- Португалия миллий жамоаси Конфедерациялар кубогида муваффақиятсиз қатнашди. Келаси йили эса термангиз сафида яна руслар юртига борасиз. Бу ҳолат такрорланиши мумкинми?

- Россия майдонларида бир неча маротаба ўйнаганман. Москвада ЕЧЛ финалини ўтказиб, ғалаба қозонганман. Ушбу мамлакат менга кўп маротаба омад келтирган. Фақат бу йил Португалия термаси Конфедерациялар кубогида ўйлаган мақсадига етолмади. Чилига пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб, турнир билан эрта хайрлашишга мажбур бўлдик. «Нуқта»дан тўп тепиш лотереяга ўхшайди - бир ютасан, бир ютқазасан. Нима ҳам дердим, КК терма жамоа учун янги марралар сари кўприк вазифасини бажарди.

- Айрим футбол мутахассислари ҳозирданоқ Португалия термасини мундиал фаворитлари орасига қўшишмоқда...

- Тўғри, биз Европанинг амалдаги чемпионларимиз. Бу эса, табиийки, ўзимизга бўлган ишончни янада орттиради. Лекин мен Евро-2016дан олдин айтган фикримни яна қайтармоқчиман: Португалия - катта мусобақаларда ҳеч қачон фаворит ҳисобланмаган. Биздан кучли жамоалар бор, лекин термамиз истаса, барчани ҳайрон қолдира олади.

- Шахсий совринлар борасида ҳар гал рақибларни ортда қолдиргансиз. Бу сафар ҳам Неймар ва Месси каби кучли футболчилар сизга рақобат туғдиришди...

- Лео билан соврин олиш борасида рақобатлашмаган бўлардим. Чунки иккимиз бир даврда яшаяпмиз. Месси беш марта энг яхши бўлди, мен ҳам шундай кўрсаткич қайд этдим. Бизнинг давримиз тугамади, у энди бошланяпти. Ўз ўрнида, ўсишда давом этаётган Неймарнинг фаолиятига омад тилайман.

- Бундай совринларни яна неча марта олишни истайсиз?

- Албатта, 7 марта (кулади). Чунки шу рақамни яхши кўраман. Лекин эртага нима бўлади, билмайман. Ҳозирча шуниси ҳам етади.

- Сизни бутун дунё танийди. Марҳамат, тилакларингиз бўлса, йўллашингиз мумкин.

- Номзодимга овоз берганларга алоҳида миннатдорчилик билдираман. «Реал» клуби раҳбарларига бутун фаолиятим давомида мени қўллаб-қувватлаб келаётганлари учун ташаккурлар айтаман. Барча мухлисларимга салом йўллайман. Мен бахтлиман, ҳаммага раҳмат.

А.ЭШОНХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz