Қайднома

Қидирув

Ҳакамнинг «Пахтакор» ўйинларидаги хатолари тасодиф(ми?)

Ҳакамнинг «Пахтакор» ўйинларидаги хатолари тасодиф(ми?)

  05.11.2017 06:23
  0
  5077
Ҳакамнинг «Пахтакор» ўйинларидаги хатолари тасодиф(ми?)

«Пахтакор» ва «Бунёдкор» ўйини ҳақида шу қадар кўп гапириб юборилдики, айтилмагани қолмагандек.

Мана, Азиз Асимов машҳурликда ҳаттоки, Равшан Эрматовдан қолишмайди энди. Аммо бундай шов-шув кўтаришни ҳеч ким ўзига эп кўрмаса керак. Асимов бригадаси хатолари ҳақида футболга умуман қизиқмайдиганлар ҳам гапиришмоқда, назаримизда. Хўш, сиз шундай машҳурликни орзу қилармидингиз...?

Аммо Александр Лобанов дарвозасига белгиланмаган пенальти, аввал ҳисобланиб, кейин бекор қилинган «гол» ва Камолиддин Тожиевнинг 1,5 метрлик «офсайд» ҳолатидан дарвозани нишонга олгани ўз йўлига, ҳозир бу ҳақда гапирмоқчи эмасмиз.

Шундоқ ҳам, ОАВда барчаси кенг муҳокама қилинди-қилинмоқда. Ҳозир яна шу мавзуда сўз очишни истамаймиз. Қандай қарор қабул қилиш ЎФФ ва ПФЛ ҳукмига ҳавола. Хуллас, эътиборингизни бошқа бир масалага қаратамиз.

Ҳамма ҳакамнинг хатоларига маҳлиё бўлиб қолган вақтда «Пахтакор» стадиони матбуот-ложасида ҳам вазият анча кескин эди. Камина ўша кескинлик марказига тушиб қолгандим.

Бунисини энди батафсил тушунтиришга тўғри келади. Учрашувни ўз жойида томоша қилганлар яхши билишади, «Пойтахт дербиси»нинг биринчи бўлими анча сокин ўтди. Танаффусдан кейин эса умумий манзара буткул ўзгарди. «Пахтакор» стадионида матбуот ходимлари учун ажратилган жой у қадар кенг эмас.

Нари борса, 15-20 нафар журналист иш олиб бориши мумкин. Қолганлар эса ўйинни тик турганча томоша қилишади. Вақтида бу ноқулайлик хусусида клубнинг собиқ менежери Самвел Бабаянга айтганмиз, аммо самара чиқмаган. Маълумот учун, матбуот-ложасининг шундоқ ёнгинасида VIP-меҳмонлар учун каттагина жой ажратиб қўйилган.

У ерда хос меҳмонлар бемалол, ястаниб ўтирганча ўйинни томоша қилишлари мумкин. Ўриндиқлар тиғиз терилмаган, ҳар бирининг орасида ярим метрча жой бор. Шахсан ўзим ўтган йили Бабаянга мурожаат қилиб, VIP-ложани бирозгина қисқартириб, матбуот ходимлари учун жойни кенгайтириб беришларини сўрагандим. Аммо илтимосим дарҳол рад этилганди:

«Ўзи шундоқ ҳам VIP-жойлар етмай қоляпти. Чунки ўйинга таклиф олган меҳмонлар кўпинча бошқаларни ҳам эргаштириб келишади. Шунинг учун VIP-ўриндиқларни камайтиролмаймиз...». Ҳа, журналист тор жойда ишласа майли-ку, хос меҳмон сиқилиб қолмасин. Ҳар ҳолда, аввалги раҳбарият фалсафаси шундай эди. Яна фалсафа ҳақида сўз очилдими?

Майли, тўхтаймиз. Ўтган ҳафта «Пахтакор»нинг янги стадиони лойиҳаси ҳақида расмий хабар тарқатилди. Умид қиламизки, стадион битгач, бу муаммо ҳам барҳам топади. Унгача VIP- меҳмонлар мулозамат марказида бўлишларига қарши эмасмиз. Чунки мавсум тугашига 4тагина тур қолди.

Афтидан, «Пахтакор» - «Бунёдкор» ўйини вақти меҳмонлар жуда кўпайиб кетишди, чоғи, VIP-ложа қолиб, матбуотчиларга ажратилган жойга ҳам одам сиғмай қолди. Анча йиллардан буён спорт журналистликаси ичидаман ва бемалол айтаманки, матбуот-ложасида мен танигандан кўра, танимаган кишилар кўпроқ эди.

Қисқаси, иккинчи бўлимни тик туриб томоша қилишга тўғри келди. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун ушбу ҳолатни суратга олиб, «Пахтакор» матбуот хизматига тақдим этдик. Энди қандай чора кўришни ўзлари билишади. Журналист доимо холис туриши лозим. Айниқса, олий лига ўйинида қайсидир жамоага мухлис эканлигини асло сездирмаслиги шарт. Аммо «Пахтакор» - «Бунёдкор» ўйинида матбуот-ложаси энг ашаддий мухлислар ўтирган трибунадан унча фарқ қилгани йўқ. Ўйин давомида «Играй-ей...», «Йес!» қабилидаги ҳайқириқлар эшитилиб турди ва бундан ҳайрон қолишнинг асло ҳожати йўқ.

Матбуотчилар ҳудудида кўтарилган жанжал ҳам айни шундан бошланди. 63-дақиқада «Бунёдкор» дарвозаси олдида тушуниб бўлмас вазият юзага келди ва Азиз Асимов аслида бўлмаган голни аввал инобатга олиб, кейин бекор қилди. Пресс-ложада эса махсус монитор бор, журналистлар иш жараёнида баҳсли вазиятларни такроран кўриб, холис баҳо беришлари мумкин.

Аммо у ерда журналистлар билан бирга мухлислар ҳам жой олишганини назарда тутсак, тортишув бошланиб кетгани ҳеч кимни ҳайратга солмаслиги керак. Энг ёмони, тортишув ён-атрофдаги трибуналарга ҳам кўчди. Бу эса табиийки, стадионда хавфсизликни таъминлаётган ҳуқуқ-тартибот органи ходимларига ёқмади ва улар мониторни ўчириб қўйишни талаб қилишди. Натижада талаб бажарилди.

Бироқ биз - журналистлар стадионга фақат ўйин томоша қилиш эмас, ишлаш учун келишимизни унутмаслик керак. Табиийки, «Пахтакор»нинг голи «офсайд»дан урилгач, мониторни ёқишга эҳтиёж туғилди. Журналист ҳар доим тезкор маълумот олишга интилади. Ўша маълумот манбаси ёнгинамизда турар экан, ундан фойдаланмасликни ақлга сиғдириш қийин. Хуллас, мониторни ёқдик. Ҳаммаси шундан сўнг бошланди.

Дарҳол ёнимизда стадион хавфсизлик хизмати вакили эканлигини даъво қилган ходим келди. Афсуски, унинг исм-шарифини билиб олиш имкони бўлмади, чунки ҳар қанча сўрасак ҳам, айтгани йўқ. Аккредитация карточкаси эса тескари тақилганди ва у ҳақда маълумот ололмадик. Аммо анча-мунча дашном эшитдик. Одатда бундай гаплар кўчада айтилади. Вазиятдан чиқиб кетишда яна журналистик этика қўл келди - бундай вақтда хотиржамликни йўқотмаслик муҳим. Қолганини ўйин тугагач, ойдинлаштириб олиш мумкин.

Хуллас, учрашувдан сўнг клуб хавфсизлик хизматига бўлиб ўтган воқеани етказдик. Қолгани ўзларига ҳавола. Ҳар ҳолда, «Пахтакор» профессионал клуб ва унинг стадионида шунга ўхшаш вазият такрорланмаслиги керак. Чунки тасодиф бир марта рўй бериши мумкин, аммо давомийлик олса...

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz