Қайднома

Қидирув

Манчестер авжида, Мадридда эса аҳвол ёмон ёхуд бир ҳафта олдинги «уик-энд» воқеалари

Манчестер авжида, Мадридда эса аҳвол ёмон ёхуд бир ҳафта олдинги «уик-энд» воқеалари

  04.11.2017 17:26
  0
  608
Манчестер авжида, Мадридда эса аҳвол ёмон ёхуд бир ҳафта олдинги «уик-энд» воқеалари

Навбатдаги дам олиш кунларида европалик мухлисларга юбилей натижалар, рекорд ва чиройли голлар тақдим этилди. Тўғри, муросасиз курашлар жараёнида айрим қўполликлар ҳам қайд этилди.

Англия. «Сити»нинг рекорди, Кейннинг жароҳати

Турнинг марказий беллашуви Манчестерда бўлиб ўтди - АПЛнинг охирги икки баҳсида биттадан очко олган «МЮ» ва «Тоттенхэм» «Олд Траффорд»да ўзар куч синашдилар. Лондонликлар майдонга жиддий йўқотиш билан тушишди - Харри Кейн жароҳат туфайли ўйинни ўтказиб юборди. АПЛ тўпурарининг йўқлиги ўз таъсирини кўрсатди. Тўғри, ҳар икки жамоа ҳам ҳисобни очиш имкониятига эга бўлишди. Аввалига Деле Алли яқин масофадан дарвозани ишғол этолмади, кейинчалик Лукакунинг зарбасини дарвоза тўсини қайтарди. Дурангга тортадиган ўйин тақдирини битта зарба ҳал қилди - захирадан баҳсга қўшилган Мартиаль толиқиб қолган ҳимоячилардан ўзиб кетиб, ғалабага сабабчи гол муаллифига айланди. Шу тариқа «қизил иблислар» «тақачилар»­нинг етти ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясига чек қўйишди.

Якка пешқадам бўлиб турган «Ман.Сити» навбатдаги зафарни нишонлади. Табиийки, «Вест Бромвич» ўз майдонида «шаҳарликлар»га муносиб қаршилик кўрсатишга уриниб кўрди, Саненинг тезкор голига жавоб қайтаришга ҳам улгурди. Бироқ тенглик узоқ сақланмади - Фернандиньо меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Танаффусдан кейин майдонга тушган Раҳим Стерлинг эса учинчи голни уриб, ўйин тақдирини ҳал қилди, Филиппснинг сўнгги дақиқадаги голи натижага таъсир этмади. Мазкур ғалабадан кейин Гвардиола жамоаси мавсум стартида очко жамғариш бўйича АПЛнинг янги рекордини ўрнатди - ортда қолган 10та учрашувда 30 имкониятдан 28 очко жамғарди, тўплар нисбати }29ни ташкил этди.

Шунингдек, «Арсенал» бош мураббийи Арсен Венгер ҳам инглиз футболи тарихидан жой олди. «Суонси» билан бўлган баҳс франциялик мутахассис учун Англия чемпионатидаги юбилей - 800-учрашув сифатида тарихга муҳрланди. Тез орада «профессор» бу борада афсонавий касбдоши - Алекс Фергюсондан ўзиб, мутлақ рекорчига айланади. Бунинг учун Венгердан «Арсенал»­нинг навбатдаги 10та учрашувида раҳбарлик қилиш талаб этилади. Тўғри, «тўпчилар» сал бўлмаса мураббий кайфиятини тушириб қўйишлари ҳам мумкин эди. - ҳисобни «Суонси» футболчилари очишди. Лекин мураббийдан тегишли кўрсатмаларни олган мезбонлар танаффусдан кейин фаоллашиб, меҳмонлар дарвозасини икки марта забт этишди. Бу турда «Ливерпуль» ва «Челси» ҳам навбатдаги уч очкони ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди. Лекин чемпион учун сафарда «Борнмут»ни енгиш қийин кечди, «қизиллар» эса «Хаддерсфилд»дан йирик (3:0) ҳисобда устун келишди.

Испания. Каталонияда байрам

Хабарингиз бўлса, Каталония мухторияти жума куни ўз мустақиллигини эълон қилгач, «Жирона»-«Реал» баҳси хавф остида қолганди. Бироқ ҳеч қандай намо­йишлар ва тартибсизликлар юз бермади, жамоалар майдонга тушишди. Жироналиклар нафақат шаҳар, балки бутун Каталония шарафини ҳимоя қилишга аҳд қилиб, ўйинни фаол бошлашди, аммо ҳисобни очишга эриша олишмади. Мезбонлар дарвозабони Яссин Буну эса дастлабки синовдаёқ хатоликка йўл қўйди - Роналдунинг олис масофадан йўллаган тўпини қўлидан чиқариб юборди. Бундан унумли фойдаланган Иско меҳмонларнинг ҳисобда олдинга чиқиб олишларини таъминлади. Аммо иккинчи бўлимнинг беш дақиқаси вазиятни бутунлай ўзгартириб юборди. Аввалига жароҳат туфайли майдонни тарк этган Варан ўрнини эгаллаган Начо жиддий хатога йўл қўйди ва Кристиан Стуани мувозанатни тиклади. Кейинчалик унинг адаши - Португес Пабло Маффео узатмасидан сўнг тўпни товони билан дарвозага тўғрилаб қўйди. Меҳмонлар гол «офсайд»дан урилганини тушунтирмоқчи бўлишди. Аммо ҳакам қарорини ўзгартирмади. Шундан кейин «Реал» ўйинчиларининг кайфияти тушиб кетди, Роналду эса асабларини жиловлай олмай қолди. Оқибатда рақиб дарвозаси олдида негадир мезбонлар ҳимоячиси Пере Понснинг юзига уриб юборди. Қўполликни ҳакам кўрмаган бўлсада, такрорий лавҳада бу яққол кўринди.

Каталониянинг бош жамоаси Бильбаодан уч очко билан қайтди. Албатта, «Барселона» бош мураббийи учун бу жиддий синов эди. Ахир Вальверде ўз вақтида 6 йил «Атлетик» сафида тўп сурган, кейин 7 йил шу жамоага устозлик қилганди. Бу гал эса у Бильбаога уч очко илинжида ташриф буюрганди. Хуллас, жароҳатланган Иньеста ва Маскеранонинг кўмагисиз ҳам пешқадам ғалабага эриша олди. Ўйиннинг биринчи ярми охирида Месси ҳужумни ўз дарвозаси ёнидан бошлаб, Хорди Альбанинг узатмасидан сўнг ҳисобни очди. Паулиньо эса иккинчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида дарвозабон қайтарган тўпни дарвозага йўллади. Таъкидлаш жоиз, «Атлетик» ҳам бир нечта хавфли ҳужумларни амалга оширди. Лекин меҳмонлар посбони Тер Штеген ажойиб «сэйв»лари эвазига дарвоза хавфсизлигини таъминлади. Шу тариқа «уик-энд» Каталония клублари учун чинакам байрамга айланди.

«Атлетико» ўз уйида «Вильярреал»ни енга олмади. «Валенсия» эса аксинча, сафарда «Алавес»дан қимматли 3 очкони тортиб олди.

Италия. Етакчилар учун енгил тур

Мазкур турдан кейин «Ювентус»нинг аргентиналик ҳужумчиси энг қизғин баҳсларнинг қаҳрамонига айланди. Массимилиано Аллегри тарбиявий жазо тариқасида Игуаинни захирада қолдираётганди. Бироқ «Сан-Сиро»да Гонсало ажойиб ўйин кўрсатиб, «дубл»га эришди. Айтганча, ҳужумчининг «Милан» дарвозасига урган илк голи «А» сериядаги 100-юбилей голи бўлди. «Аввалги турда «СПАЛ» дарвозасига урган голим инобатга олинмагач, юбилейни «Сан-Сиро»да нишонлашни ният қилгандим. Тақдир менга шундай неъматни инъом этди. Энди голларим 101та бўлди. Бу ҳам чакки эмас. Эҳтимол, «Милан» баҳсни яхшироқ бошлагандир? Биз ҳам бўш келмадик, ҳақли равишда ғалабага эришдик. Энди эътиборни Лиссабондаги ЕЧЛ учрашувига қаратамиз», - деди Гонсало.

«А» серия етакчиси - «Наполи» ҳам ғалабага эришди. Неаполликлар бўлим охирида «Сассуоло»га вазиятни тенглаштириш имконини беришди. Лекин танаффусдан кейин иккита гол уриб, зафар масаласини узил-кесил ҳал қилишди. Шунга қарамай, жамоа бош мураббийи Маурицио Сарри шогирдларини танқид қилди: «Устунлик биз томонда бўлган кезларда негадир хотиржамликка бериламиз. Оқибатда гол ўтказиб юборамиз. Мана иллатдан фориғ бўлишимиз шарт».

Германия. Видеотакрордан кейинги четлатиш

Табиийки, амалдаги чемпион билан вице-чемпион ўртасидаги қарама-қаршилик турнинг марказий учрашуви сифатида таъкидланганди. Улар бу сафар Мюнхенда баҳслашишди. Дастлабки дақиқалардаёқ «Альянц-Арена»даги беллашувга бўлган қизиқиш бироз пасайди. Боиси, меҳмонлар сунъий ўйиндан ташқари ҳолатни юзага келтиришда хатога йўл қўйишди ва Вилли Орбан олдинга ўтиб кетган Роббенни чалиб йиқитишга мажбур бўлди. Натижада «РБ Лейпциг» 13-дақиқадаёқ 10 киши бўлиб қолди. Тўғри, ҳакамлар фақат такрорий лавҳани томоша қилгандан кейин ҳимоячини майдондан четлатишди. Шундан кейин ташаббус тўлиқ «Бавария» томонига ўтгани боис, яна икки марта меҳмонлар дарвозаси ишғол этилди. Аввалига Хамес Родригес Роббеннинг узатмасини голга айлантирди, кейин Левандовски бундеслигадаги 10-голни расмийлаштирди. Эътиборлиси, меҳмонлар посбони ажойиб «сэйв»ларни намойиш этиб, ҳисобни йириклашувига имкон бермади.

Дортмунднинг «Боруссия»си эса ўз ўйинини топа олмаяпти. Бу гал Петер Бош жамоаси ўз уйида «Ганновер»га имкониятни бой берди. Охирги учта ўйиннинг иккитасида мағлубиятга учраган «Боруссия» «Бавария»дан 3 очкога ортда қолмоқда.

Франция. Неймарсиз эришилган ғалаба

1-дивизионда етакчилик қилаётган «ПСЖ» ўзининг асосий ҳужумчиси - Неймарнинг кўмагисиз ҳам «Ницца»ни маҳв этди. Билмадик, бу шунчаки тасодифми ёки бразилиялик ҳужумчининг дисквалификацияси унга қўшимча куч ато этдими, ҳар ҳолда, Эдинсон Кавани учрашув қаҳрамони бўлди. Унинг «дубл»и амалда ғолиблик масаласига ойдинлик киритди. Танаффусдан сўнг қайд этилган Дантенинг автоголи «Ницца»ни бутунлай «синдирди». Умуман, Марио Балотелли жамоаси қаторасига 4та учрашувни бой бериб, аутсайдерлар қўшнисига айланди.

Пойтахт грандини таъқиб этаётган чемпион сафарда «Бордо»ни мағлуб этди. «Нант»нинг навбатдаги мағлубияти қаторасига учинчи ғалабага эришган «Лион»нинг учинчи поғонага кўтарилишига имконият яратди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz