Қайднома

Қидирув

Пеле: «Месси ёки Роналдуни бири-биридан кучли демайман»

Пеле: «Месси ёки Роналдуни бири-биридан кучли демайман»

  06.11.2017 02:33
  0
  4227
Пеле: «Месси ёки Роналдуни бири-биридан кучли демайман»

Футбол қироли, Бразилия футболининг афсонаси - Пеле ёзда Москвага Конфедерациялар кубогининг очилиш маросимига ташриф буюрганди.

Ўшанда «Спорт-Экспресс» нашри ундан интервью олганди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.

- Сиз мулоқот қилаётганингизда хавотирга тушадиган инсонлар борми?

- Тўғриси, бундайлар йўқ. Турли вазиятлар эса бошқа масала. Шахсан мен ҳужжатларга имзо чекаётганда ҳаяжонланаман. Расмий қоғозлардан ҳамон қўрқаман. Хайриятки, инсонлар билан бундай эмас.

- Ҳар куни телеканаллар, нашр-лардан сизга сўров тушади. Ўзингиз ким билан интервью уюштиришни истардингиз?

- Бундайлар кўп. Спортчилар, артистлар, жамоат арбоблари ва ҳаттоки, сиёсатчилар бор.

- Масалан?

- Муҳаммад Али. Афсуски, энди бунинг иложи йўқ. Лекин у билан гаплашишни жуда истардим. Шунингдек, «Формула-1» пойгачиси Михаэль Шумахердан интервью олишни хоҳлардим. У ўз ишининг устаси.

Ҳамма нима деса ҳам Криштиану Роналдуни ҳурмат қиламан. Албатта, у қатори Месси билан ҳам суҳбатлашишни хоҳлардим. Спортдан ташқарида Дональд Трамп бор.

У билан ажойиб интервью чиқарди. Чунки у осон вазиятда эмас. Трампдан ўзини қандай ҳис қилаётгани, қандай ҳиссиётларга берилаётганини сўрашни истардим.

- Москвага соат ишлаб чиқарувчи Hublot компанияси вакили сифатида ташриф буюрдингиз. Агар вақтни тўхтатиб, ортга қайтариш имконияти бўлганида фаолиятингизнинг қайси лаҳзаларига қайтардингиз?

- Қийин савол. Чунки, ҳаётимда бундай ҳолатлар жуда кўп. Ҳамиша вақтнинг қадрига етганман. Футболчи учун вақт ўта қадрли омил. Гол уриш учун лаҳзаларни иқтисод қилишингизга тўғри келади. Агар қайтишни истасам, гол урган лаҳзаларимга қайтардим.

- Россияда неча марта бўлгансиз?

- Олти ёки етти марта, ҳисобдан ҳам адашдим. Биринчи бор келганимда сиз туғилмагандингиз, 1965 йил.

- Аниқ.

- Лекин ўшандан буён бир неча марта келдим.

- Нималарни кўп эслайсиз?

- Голларни, ахир футболчиман-ку. Жуда ёқимли хотиралар. Умуман олганда, Россия ва Бразилиянинг алоқалари яхши. Гарчи географик жиҳатдан узоқда жойлашган бўлсакда, футбол ва бошқа соҳаларда қарашларимиз яқин.

- Россияда энг яхши нарса?

- Дўстлар.

- Одатда, бразилияликлар совуқ ҳақида гапиришади.

- Мен учун Россия - бу дўстлар. Лев Яшин улардан биринчисидир. Ҳозир унинг рафиқаси Валентина билан мулоқот қилиб тураман. Бу мен учун катта аҳамият касб этади.

- Охирги марта у билан нима ҳақида гаплашдингиз?

- Россияга неча марта келганим ҳақида гаплашдик. Ўтган даврларни эсладик ва ундан неча марта Бразилияга борганини сўрадим. У эса «Пеле, бирор марта ҳам бормаганман», деди. Кейин «Жанубий Америкага неча марта боргансан?» деб сўрадим.

У эса: «Яшин борган. Мен бормаганман», деб жавоб қайтарди. Шунда унга: «Энди сен меҳмонга борасан», дедим. Кейинги сафар Бразилияда учрашишга келишиб олдик.

- Унга қаерларни кўрсатасиз? «Маракана», Исо Масиҳ ҳайкали?

- Исо Масиҳнинг ҳайкалини шундоқ ҳам кўрсатишади. Лекин мен Сан-Пауло штатидаги Сантос шаҳрида яшайман. Шундай экан, ўз шаҳримнинг диққатга сазовор жойларини кўрсатаман.

- Одамлар олдинги давр қаҳрамонларини замонавий қаҳрамонларга солиштиришни яхши кўришади. Яшинни ҳозирги давр дарвозабонларидан кимга қиёслаган бўлардингиз? Балки Буффонгадир?

- Дарвозабонларни солиштириш осон. Аммо ҳужумчиларни тенглаштириш қийин. Чунки, футбол ўзгаряпти. Дарвозабон барибир, дарвозабон бўлиб қолаверади. Олдингидек, реакция, интуиция, майдонни кўриш қобилияти керак.

Бразилияда Жилмар энг яхши дарвозабон ҳисобланади. У билан икки марта жаҳон чемпионатида ғолиб чиққанмиз. Лекин шахсан мен учун Яшин энг яхши бўлиб қолаверади. Бутун даврлар учун.

- Айтишларича, ЖЧ-1970 сизнинг энг яхши турнирингиз экан. Шу фикрга қўшиласизми?

- Яхши савол. 1958 йили Швеция­да бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 17 ёшда эдим. Жамоа таркибига энди чақирилгандим ва тажрибам йўқ эди. Бир тарафдан қийин бўлган бўлса, бошқа томондан осон кечган.

Чунки ҳеч қандай маъсулият йўқ, сиз энг ёшисиз, терма жамоа­да ўйнаш орзунгиз ушалган. Масъ­­­у­лият ўша пайтнинг буюк ўйинчилари Диди, Нилтон Сантосларда эди. Орадан 12 йил ўтиб, 1970 йилги жаҳон чемпионатида ўзим шундай ҳолатга тушдим.

Фаолиятим якунланаётганини, охирги йирик турнирим ва одамлар менга бошқача назар билан қараётганларини билардим. Мана бу ҳақиқий масъулият. Бунинг устига, мусобақадан олдин фаолиятимни якунлашимни айгандим.

Шу боис ҳам яхши нотада якунлаш талаб этиларди. Шундай экан, ЖЧ-1970 мен учун энг яхши бўлиши мумкин. Лекин энг қийини бўлгани аниқ.

- Сиздан Месси ва Криштиану Роналду ҳақида юз марталаб сўрашган. Билишимизча, аргентиналикка кўпроқ баҳо бераркансиз.

- Келинг, тушунтириб бераман. Ҳозир айни пайти, Месси ёки Криштианунинг бири-биридан кучли демайман? Уларнинг иккиси ҳам ажойиб футболчилар. Аммо турли усулда ўйнашади. Криштиану кўпроқ рақиб дарвозасига эътибор қаратадиган тўпурар.

Лео эса ўзини майдон марказида яхши ҳис қиладиган жамоавий ўйинчи. Мессини нима учун қўллайман? Агар улардан бирини жамоамга олишга тўғри келганида, Леони танлардим. Албатта, имкони бўлганида, ҳар иккисини ҳам ўйнатган бўлардим.

- Бразилияликлар қачон «Олтин тўп» ютишади? Охирги марта Кака олганди.

- Менимча, бу яқин орада бўлмайди. Неймарга умид боғлагандим. Лекин Бразилия терма жамоаси ўз майдонида бўлиб ўтган мундиалда зафар қуча олмади. Бу эса муҳим фактор. Албатта, Неймар Бразилиянинг энг яхши футболчиси. Лекин жаҳонда эмас.

- Ёшлар орасида виртуал футбол анча оммалашиб кетди. Бунга муносабатингиз қандай?

- Тўғриси, бу ўйинларга берилиб кета олмадим. Шу боис ҳам бир нима дейишим қийин. Агар инсон футболни яхши кўрса ва шу орқали ёқимли ҳиссиётларга эга бўлса, бунинг ёмон жойи йўқ. Тўғри, бу майдондаги футбол эмас. Лекин ҳар ҳолда футбол...

- Сиз Россия ва Бразилия терма жамоаларининг мундиал финалида ўйнашига умид қилишингизни айтдингиз. Бу ҳазилмиди?

- Буни менинг илтифотим деб қабул қилинг. Умуман олганда, Бразилиянинг ЖЧ-2018да ўйнаши мен учун энг муҳими. Жамоамиз бу вазифани уддалади. Энди тайёргарлик кўриш учун вақт етарли.

Жамоа бош мураббийи Тите Европада фаолият олиб бораётган ажойиб футболчиларга умид боғласа бўлади. Мен ушбу мутахассис ва футболчиларга ишонаман.

Уларда финалга чиқиш учун имкониятлар етарли. Агар Россия ҳам финалга чиқса, фақат хурсанд бўламан.

Маълумот учун

ПЕЛЕ Эдсон Арантес Ду Насименту

Туғилган санаси: 1940 йил, 23 октябрь.

Туғилган манзили: Трес-Корасаес (Минас-Жерайс штати, Бразилия)

Амплуаси: ҳужумчи

Ўйнаган жамоаси: «Сантос», 1956-1974.

Ютуқлари: Бразилия чемпиони (6 марта: 1961 - 1965, 1968); Либертадорес кубоги соҳиби (2 марта: 1961, 1962; Қитъалараро кубок (2 марта: 1962, 1963).

Футболчилик фаолияти: «Сантос» сафида 609та ўйин ўтказиб, 589та гол урган; 1975 йили АҚШнинг «Космос» клубига ўтган. Нью-Йорк жамоаси сафида уч мавсумда 64та ўйин ўтказиб, 37та гол урган. 1977 йили Шимолий Америка футбол лигаси чемпиони бўлган.

Терма жамоадаги фаолияти: Бразилия терма жамоаси сафида 1957-1971 йилларда тўп сурган. 1958, 1962 ва 1970 йилларда жаҳон чемпиони бўлган, уч карра чемпионликка эришган ягона футболчи ҳисобланади. Терма жамоа сафида 92та ўйинда рақиблар дарвозасини 77 марта ишғол қилган.

Пеле фаолияти давомида 1363та ўйин ўтказиб, жами 1281та тўп киритган. 1959 йили 127та гол урган. Унинг ҳисобида 92та «хет-трик», 30та «покер» ва 6та «пента-трик» бор. 1964 йилнинг октябрида Пеле «Ботафого»га қарши учрашувда 8та гол урган.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz