Қайднома

Қидирув

«Граф» Контенинг ноёб топилмаси

«Граф» Контенинг ноёб топилмаси

  06.11.2017 06:21
  0
  2460
«Граф» Контенинг ноёб топилмаси

Жорий йилнинг 31 августида Давиде Заппакоста «Челси» билан тўрт йиллик шартномага имзо чекди.

«Кўклар» ишқибозлари дарҳол янги футболчи ҳақида кўпроқ билиш мақсадида интернетга мурожаат қилишди - «Заппакоста ким ўзи?».

Ушбу харид кўпчиликни ҳайрон қолдиргани рост, зеро трансферлар ойнаси якунланиши арафасида ўнг қанотга асосий номзод Алекс Окслейд-Чемберлен эди.

«Челси» - «Лестер» баҳсининг иккинчи бўлимида майдонга тушиб, дебютини нишонлаган Заппакоста кўпчиликда ёрқин таассурот қолдирди. 12 сентябрь куни ўтказилган «Қорабоғ»га қарши учрашувда эса янги клубидаги илк голини уриб, ЕЧЛда тўп киритган 100-италияликка айланди. Хуллас, шундай стартдан кейин ҳам 25 ёшли латераль кўпчилик учун жумбоққа айланмоқда. Ким ўзи у?

Давиде 1992 йилнинг 11 июнь куни марказий Италиядаги Соре шаҳарчасида (Фрозиноне провинцияси) туғилди. Футболга иштиёқ унга отаси Робертодан (собиқ ҳужумчи, ҳозирда мураббий) мерос. Заппакоста беш ёшида маҳаллий ёшлар клубига қўшилиб, илк устози Марио Борза қўл остида шуғулланди. 2008 йили «Исола Лири» сафига ўтди.

Ўсмирлар футболидаги йўли равон кечди. Мураббийлари унинг маш­ғулотларда астойдил тер тўкиши, ҳар жабҳада ўсаётганини таъкидлашарди. Меҳнатлари самараси ўлароқ, ўша кезлари Сандро Гросси бошқарувидаги «Исола Лири»нинг катталар жамоасидан чақирув олди.

«С2» серияда 14та ўйин ўтказиб, 1та гол ургач, «Аталанта» скаутлари назарига тушди. Шу тариқа, 2011 йилнинг ёзида La Dea таркибига қўшилди. Тўғри, у ерда узоқ қолмади - бергамоликлар унга «С» сериясида тажриба тўплаш имкониятини тақдим этишди. Натижада Заппакоста камтарона «Авеллино»га ижарага берилди.

«Бьянковерди»даги илк мавсуми ишончли кечмади, ваҳоланки, умумий ҳисобда 27та учрашув ўтказганди. Умуман, «Авеллино»дагилар ҳимоячининг ўйинидан қониқиш ҳосил қилиб, 2012|2013 йиллар мавсумида унинг трансфер ҳуқуқини «Аталанта»дан сотиб олишди. Гарчи ўша мавсум барқарорликка эришолмасада, «С» сериядаги илк голини урди. «Бьянковерди» эса якунда «B» серия йўлланмасини қўлга киритди.

Янги мавсумга тараддуд кўриш жараёнида бош мураббий 4-3-1-2 тактик схемасини 3-5-2га ўзгартиргач, Заппакоста ўнг қанотга ўтиб, ўзининг энг ёрқин сифатларини намойиш эта бошлади.

2013|2014 йиллар мавсуми омадли кечди: экспертлар унинг ўйинини мақташди, чемпионат якунида эса Заппакостани кашфиёт сифатида эътироф этишди.

«В» сериянинг ўша мавсумида 32та учрашувда майдонга тушган Давиде иккита гол ва битта самарали узатма муаллифига айланди. У ҳам ҳимоя, ҳам ҳужумга улгурарди.

Италияда Заппакостага терма жамоа келажаги сифатида қарай бошлашди. Унга қизиққан клублар орасида «Ювентус», «Рома» ва «Милан» бўлсада, ҳеч бири расмий таклиф билан чиқмади. «Аталанта» эса юксак иқтидор соҳибини ортга қайтариб, унга имконият тақдим этди.

Унинг «А» сериядаги дастлабки учрашуви 2014 йилнинг 31 августига тўғри келди, элитадаги биринчи тўпини эса 2015 йилнинг 6 январида киритди. Ўша мавсумни Давиде учта гол ва битта ассист билан якунлади.

Асосийси, у бергамолик ишқибозлар меҳрини қозонди. Ўйин услуби ҳамон сақланиб турибди: ўнг қанотдаги фаоллик, кўплаб самарали кросслар, ҳимоядаги ишончли ҳаракатлар. Заппакостанинг муваффақиятларидан ҳайратланган Пьерпаоло Марино уни мақташдан тўхтамасди:

«Давиде менинг ҳимоям остида. Уни илк бор примаверада кўргандим. Интилишлари билан мени лол қолдирганди. Заппакоста - жуда камтар, менга Замброттани эслатади».

Гарчи «Аталанта»да ҳаммаси яхши давом этсада, Давиде янги чорловларга қарши эмасди. Шундай имконият туғилди ҳам: горизонтда «Торино» пайдо бўлди.

Натижада қаҳрамонимиз 2015 йилнинг июлида 10 миллион евро эвазига Даниеле Базелли ҳамроҳлигида Туринга кўчиб ўтди.

2015|2016 йиллар мавсумида у Бруну Переснинг соясида қолиб кетгандек тасаввур уйғонганди, аммо кейинги чемпионат катта йўлнинг бошланиши бўлди. Заппакоста-Белотти жуфтлигининг самарали ҳаракатлари «Торино» услубининг ажралмас қисмига айланди.

Давиде рақиб жарима майдончасидаги маҳоратли ҳужумчини ажойиб узатма билан таъминлар, Андреа эса тўпга шунчаки бошини қўйса, кифоя эди. Ўз навбатида, Заппакоста термадан чақирув олиб, 2016 йилнинг 12 ноябрида Лихтенштейнга қарши баҳсда миллий жамоада дебютини нишонлади.

Бундай омадли юришдан сўнг қаҳрамонимизнинг фаолиятида ўсиш кузатилиши муқаррар эди. Аммо уни «А» сериянинг бирорта гранди эмас, Антонио Контенинг «Челси»си сотиб олди.

Давидени узоқ вақтдан буён кузатиб борган «Граф» уни шахсан ўзи жамоага таклиф қилди. Заппакостанинг услуби «аристократлар»нинг бугунги тактик схемасига тўлиқ мос тушарди. Ушбу ҳимоячи майдонда бўлганда Конте бемалол уч ва тўрт мудофаа вакилидан фойдаланиши мумкин.

Лондон клуби ишқибозларини тушунcа бўлади, улар нисбатан машҳурроқ ўйинчи келишини кутишганди. Аммо италиялик ҳимоячи «Челси»нинг асосий фигураларидан бирига айланиши кутилмоқда. Худди шундай ҳолат ўтган йили ҳам кузатилиб, Маркос Алонсо босқичма-босқич «кўклар»нинг муҳим футболчиси бўлганди.

«Челси» сафига қўшилиш Давиде учун топ-ўйинчи сифатида танилиш йўлида ўзига хос трамплин вазифасини ўташи мумкин. Шундагина «Скуадра Адзурра» ниҳоят, савияли ўнг қанот ҳимоячисига эга бўлади. «Челси» мухлислари эса «Заппакоста ким ўзи?» саволини кун тартибидан олиб ташлашади.

Д.ПАРПИЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz