Қайднома

Қидирув

Тўғри қарор ва ўзгача ёндашув бизни мақсад сари элтиши мумкин

Тўғри қарор ва ўзгача ёндашув бизни мақсад сари элтиши мумкин

  07.11.2017 06:27
  0
  1795
Тўғри қарор ва ўзгача ёндашув бизни мақсад сари элтиши мумкин

Ўзбекистон терма жамоаси келаси ой БААга қарши ўртоқлик ўйини ўтказади. Бу баҳс ЎФФ ва БФА ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишуви билан боғлиқ.

Учрашув аҳамияти паст эмас, айнан унинг учун терма жамоага вақтинчалик мураббий тайинланди - Рўзиқул Бердиев. Бундан норози бўлганлар истаганча топилар, аммо сал мулоҳаза юритган киши федерациянинг қарорини осон тушуниши мумкин.

Биринчидан, мураббийлик тажрибаси деярли бўлмаган Бабаян энг масъулиятли паллада термани бошқарган экан, нима учун узоқ йиллар «Насаф»да барқарор ишлаб келаётган Рўзиқул Бердиевга ишонч билдирмаслик керак? Қолаверса, бу қарор вақтинча экани эълон қилинган. Демак, ортиқча гап-сўз кўпайтириш шарт эмас.

ХОРИЖЛИК МУРАББИЙ

Ўзбекистон терма жамоасини хорижлик мутахассис бошқариши эҳтимоли ҳақида кўп эшитдик. Аммо Осиёга юқори савияли мураббий олиб келиш осон эмас. Тўғри, бу борада бизда тажриба етарли.

Масалан, «Бунёдкор»да кимсан Зико ва Сколари ишлаб кетишган. Уларнинг фойдаси кўп тегди, хусусан, Луиз Фелипе юртимизда фаолият юритган кезлари футболчиларимизда ўсиш кузатилганди. Хўш, мана шундай мураббийларни яна жалб этиш мумкинми? Албатта, мумкин.

Бизнес оламида бир гап бор - пул билан ҳал қилиб бўлмайдиган масалани катта пул ҳал қилади. Қайсидир хориж нашри томонидан хабар қилинганидек, Сколари «Бунёдкор»­да ишлаб юрган вақтда дунёнинг энг кўп маош оладиган мураббийи бўлган. Шундай экан, бу ишни яна бир бор уддалаш ҳеч гап эмас.

Муҳими, зарур маблағ ажратилсин. Ўзбекистон футбол федерациясининг янги раҳбарияти қисқа муддат ичида кўп жойда бўлгани ва қатор келишувларга эришганини инобатга олсак, пул бор. Ҳар ҳолда, яқин йиллар ичида молиявий масалалар катта муаммо туғдирмаса керак.

Шу боис ҳам ЎФФ дастлаб терма жамоага янги бош мураббий фақат хориждан чақирилишини қўрқмасдан эълон қилганди. Шунга монанд матбуотда Франк де Бур ҳамда Гус Хиддинклар номи пайдо бўлганди. Очиғи, шахсан ўзим Европадан номдор мураббий келишига ҳамон ишонаман. Аммо ҳозир эмас, сал кейинроқ.

МАВРИД

Ҳар қандай ишнинг бемаврид бўлгани ёмон. Ўша узоқ кутилган «маврид» қачон келишини эса тахминан билиб олиш қийин эмас. Гап шундаки, футбол оламида пулдан ташқари бош-қа масалалар ҳам бор.

Мўмай маблағ эвазига ишлайдиган одамни топиш қийин эмас, фақат бир шарт билан - аввало, ўша юмушнинг ўзи топилиши лозим. Ўзбекистон миллий жамоасида эса ҳозир қандай иш бўлиши мумкин?

ЖЧ саралаши тугаган ва ҳатто 2019 йилда ўтадиган Осиё кубоги саралаши ҳам якунланган. Демак, икки йил бўлмаса, яқин бир ярим йил давомида термамизда қиладиган ишнинг ўзи йўқ.

Шундай экан, фақат БАА билан бўладиган ўртоқлик ўйини учун миллионларга (хорижий валютада) мутахассис олиб келинмайди-ку, тўғрими?

Биз янги мураббийни кўрамиз, аммо бунинг учун ҳеч бўлмаганда Россиядаги жаҳон чемпионати ўтиб олиши лозим. Кейин янги тўрт йиллик цикл бошланади.

Термамиз ўша босқичга бошқа мутахассис қўл остида киришиши мумкин. Ана ўшанда навбатдаги тўрт йилликнинг энг муҳим палласи келади - қарор тўғри қабул қилинса, ниҳоят, 2022 йилги мундиалга чиқамиз. Акс ҳолда...

ЎФФнинг аввалги хатоси ҳам шундан иборат бўлган, тўғри қарор қабул қила олмаган.

НОТЎҒРИ ҚАРОР

ЖЧ-2006 саралашигача бўлган давр ҳақида ёзишга ўзимни ҳақли деб билмайман. Боиси бунга қадар ўйинларни фақат мухлис сифатида кузатиб борганман.

ЖЧ-2010 саралашидан буёғига эса фикр юрита оламан. Чунки касб нуқтаи назаридан тажрибали мутахассислар билан суҳбат қурганман, интервьюлар олганман ва қайсидир маънода, терма жамоа атрофидаги ҳолатдан хабардор бўлганман. Ҳаттоки, термадаги ички муҳит ҳақида ҳам анча-мунча маълумотлар бор. Демак, ёзса бўлади.

Менинг наздимда ЎФФнинг хатолари шундан иборат эдики, ЖЧ-2010 саралаши сўнгги босқичида Рауф Инилеев ўз ишини уддалай олмаслиги кўриниб қолгач, энг муҳими - унинг ўзи буни тан олиб бўлгач («боримиз шу», дегани ёдингиздами?), терма бошқарувига тажрибасиз Қосимовни олиб келмаслик керак эди.

Тўғри, Миржалол Қўшоқович барча даврларда ўзбек футболидаги энг обрўли инсонлардан бири бўлган. Аммо ЎФФ бу қарори билан миллий жамоани эмас, балки ўзини ўйлади. Қосимов шунчаки зарба остига қў-йилди ва федерация қутулиб қолди. Оқибатда ЖЧ ҳам бой берилди.

Орадан тўрт йил ўтиб эса, ЎФФ энг мудҳиш хатосини яна такрорлади. Бу сафар энди Вадим Абрамов истеъфога чиқарилиб, ўрнига Миржалол Қосимов тайинланди.

ЖЧ-2014 саралашининг сўнгги босқичи Эрондан учралган 0:1 ҳисобидаги мағлубият билан бошлангач, дарҳол мураббий алмаштирилди. Тарих такрорланди, фақат бироз бошқача кўринишда.

Бу сафар бош мураббийликка Қосимов тайинлангани эмас, балки Абрамовнинг истеъфога чиқарилгани хато эди. Миржалол Қўшоқович аввалгига қараганда анча яхши ишлади ва Абрамовдан сўнг термани муносиб бошқарди.

Шундай экан, унинг тайинланганига ҳеч қандай эътироз йўқ. Гап бошқа жойда - нима учун зарурати бўлмаган жойда Вадим Карленович истеъфога чиқарилди?

Абрамов шу вақтга қадар ҳеч кимнинг қўлидан келмаган ишни уддалаганди - терма жамоани бир оила сифатида бирлаштира олганди.

Ҳаттоки, мудом захирада қолиб кетадиган футболчилар ҳам терма жамоа чақириғини катта қувонч билан қабул қилишар ва майдонга тушмаётганидан ортиқча норози бўлмасдилар.

Чунки захира ўриндиғида ўтириб ҳам термага фойда келтираётганларини тушуниб туришарди. Ҳеч ким иккинчи даражага тушиб қолаётганидан ранжимасди. Бунақаси аввал ҳам, ундан кейин ҳам кузатилмаганди.

Эрон термаси билан бўлган ўйинда Вадим Карленович жамоаси катта устунликка эришган ва фақат Юичи Нишимуранинг (унинг қандай ҳакам эканини кейинчалик ЖЧ вақтида кўрдик) нохолислиги ва адолатсизлиги боис мағлубиятга учраганди.

Абрамов истеъфога чиқарилгач, термамиз футболчилари ЎФФга бориб, уни қайтаришларини сўрашган.

Федерацияга борганлар орасида Сервер Жепаров ва Темур Кападзе бўлгани айтилади. Аммо «поезд кетиб бўлган» эди ва футболчиларнинг илтимоси инобатга олинмади.

Ўз навбатида, ўйинчиларнинг «жавоби» ҳам ўзини кўп куттирмади, орадан уч кун ўтиб, гуруҳ аутсайдери Ливанга қарши кечган ўйинда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилди.

Кўпчилик ЖЧ-2014га чиқиш учун иккита гол етмай қолганини гапиради. Аммо ўша Ливан билан ўйинда уч очко қўлга киритилганда ҳеч қандай тўплар нисбати ҳақида гапиришга ҳожат қолмасди.

ЭНГ КАТТА ХАТО

Аммо Вадим Абрамовнинг истеъфоси-ю, Миржалол Қосимовнинг та-йинланиши ЎФФнинг энг катта хатоси эмас эканини биз орадан тўрт йил ўтиб билиб олдик.

Қосимовку, ҳайтовур, ўз ишини оқлаган ва сал қолса, мундиалга ҳам борардик. Аммо ЖЧ-2018 саралаши учун Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувига Самвел Бабаян тайинланганида, бу қарорнинг нотўғри эканлиги кўпчилик томонидан таъкидланганди.

Бабаян фаолият юритган давр ҳақида ҳозир истаганча гапириш мумкин ва шунинг ўзига газета саҳифалари етмай қолиши ҳеч гап эмас. Аммо энг қизиғи шундаки, энди бундан умуман фойда йўқ.

Ушбу мавзунинг долзарблиги икки йил олдин тилга олиниши керак эди. Бу ҳақда гапирилди ҳам, аммо уни инобатга оладиган топилмади.

Оқибат эса шундай бўлдики, «Пахтакор» ҳужумчиси Сергеевнинг манзилига турли истеҳзолар йўлланмоқда. Ваҳоланки, Игорь икки йил олдин туппа-тузук ҳужумчи эди, энди эса...

Қизиғи шундаки, Сергеевни Миржалол Қўшоқович ҳам мунтазам равишда асосий таркибда майдонга туширган. Аммо ҳеч ким норози бўлмаганди.

Чунки Қосимов ушбу ҳужумчидан қандай фойдаланишни билган. Бабаян эса... Майли, бу ҳақда кўп гапирмайлик. Арзимайди. Бўлган иш бўлиб ўтди. Яхшиси асосий мавзудан чекинмаган маъқул.

АСОСИЙ МАВЗУ

Янги ЎФФдан ҳозир талаб қилинадиган нарса шундан иборатки, энди айнан мураббий бўйича тўғри қарор қабул қилиш керак. Аввалги раҳбарият инфратузилма борасида кўп яхши ишларни амалга оширди.

Янги стадионлар қурилди, эскилари таъмирланди. Бироқ ўша меҳнатлар самарасини кўрсатадиган жиҳат - мураббий танлашда адашишди. Энди нафақат Ўзбекистон миллий жамоаси, балки олимпия ва ёшлар термалари ҳам тўғри ёндашувга эҳтиёж сезади.

Ўзбек футболида Вадим Карленович давридан буён давом этиб келаётган нохуш анъана бор - бир вақтнинг ўзида ҳам миллий, ҳам олимпия жамоасини бошқариш.

Абрамов ЖЧ-2014 билан бирга Лондон Олимпиадасини ҳам ҳавас қилган ва ҳар икки термага бош мураббий бўлганди. Кейинчалик Бабаян ундан кам эмаслигини исботламоқчидек, Рио-де-Жанейро йўлланмасига даъво қилди. Униси ҳам, буниси ҳам вазифани бажаролмаганини бугун биз жуда яхши биламиз.

Айниқса, Бабаян. Абрамов-ку, Олимпиада йўлланмаси учун охирига қадар курашди. Аммо Самвел Вячеславович Осиёда мунтазам равишда кучли тўртликда бўлиб келган жамоа бошқарувига ўтиб, гуруҳдан ҳам чиқолмади.

Олдинда бизни 2018 йили Индонезияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари кутиб турибди. 2019 йилда эса Осиё кубоги ўтказилади. Орадан бир йил ўтиб, 2020 йили Токиода Олимпиада баҳсларига старт берилади. ЖЧ-2022 ўз йўлига, биз мана шу мусобақаларга ҳам тўғри ёндаша олишимиз лозим.

Албатта, бутун мақсад мундиалга қаратилиши, шубҳасиз. Аммо унга қадар миллий жамоа ўзагини айнан мана шу уч мусобақа аниқлаб беради.

Агар 2018, 2019 ва 2020 йилларда ўтказиладиган турнирларда кўнгилдагидек қатнашсак, 2022 йилги мақсад ҳам реалликка айланади.

Ўзбекистон термаси бош мураббийи ёш футболчилар иштирокида ўтадиган мана шу мусобақаларни кузатиб, ЖЧ-2022 учун таркиб шакллантириши лозим.

Умид қиламизки, ўша мураббий хориждан келади ва анча номдор бўлади.

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz