Қайднома

Қидирув

Интеграция кубоги ёхуд ЎФФ ва ОФКга янги турнир бўйича таклиф

Интеграция кубоги ёхуд ЎФФ ва ОФКга янги турнир бўйича таклиф

  07.11.2017 00:13
  0
  1420
Интеграция кубоги ёхуд ЎФФ ва ОФКга янги турнир бўйича таклиф

УЕФА ЖЧ-2018дан кейин, тўғрироғи, келгуси йилнинг сентябрь ойидан ўз қарамоғидаги терма жамоалар ўртасида бутунлай бошқача мусобақа - Миллатлар лигасига старт беради.

Янги турнир формат нуқтаи назаридан аксарият миллий чемпионатларни эслатиб юборади: Европа футбол уюшмасига аъзо 55та мамлакат терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш босқичидаги иштироки якунлари бўйича тузиладиган коэффициентлар рейтингига асосан 4та дивизион («A», «B», «C» ва «D»)га бўлинади.

Ушбу рейтинг жорий йил 15 ноябрь куни эълон қилинади. «Кўҳна қитъа»даги янги ғоя таъсирида ўйга чўмдик: Осиёда ҳам шунга ўхшаш мусобақа ташкиллаштириш мумкинми?

Албатта, мумкин. Фақат ташаббус керак, ҳаракат зарур. ЎФФнинг янги раҳбарияти шундай ғояни илгари суриб, ОФКга Интеграция кубоги номи остида янги турнир ташкиллаш таклифини юборса, нима бўлади?

Ўйлаймизки, натижа чиқиши-чиқмаслигидан қатъий назар, федерациямизнинг Осиё футболи бошқарув органи олдидаги обрўси ошади.

Номга келсак, ОФК президенти кубоги ёки «Чақирув кубоги» каби атамалар билан янги турнирга ўзгача шукуҳ бағишлаш қийин. Майли, мусобақа йўлга қўйилса, унга дейлик, бош ҳомий номини бериш ҳам мумкин. Яъни бу иккинчи масала.

Биринчиси эса турнирни ташкиллашдир. Хўш, мақсад нима?

Аёнки, УЕФАда бўлгани каби терма жамоаларнинг ФИФА кунлари ўртоқлик ўйинларисиз қолиши эҳтимолини олиш. Демак, қуйида таклиф моҳияти ва унинг формати хусусида бироз суҳбатлашсак.

Осиё - бу шундай улкан ҳудудки...

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ҳозир ОФК таркибида 47та футбол ассоциацияси бор. Шулардан биргина Шимолий Мариана ороллари ФИФА аъзоси эмас, холос.

Чунончи, Шимолий Мариана жамоаси АҚШ олимпия қўмитаси тизимига киради. Тан олайлик, 44 579 000 километр квадратга чўзилган (Австралияни ҳисобга олмаганда, албатта) ва 4 462 676 731 киши истиқомат қиладиган шундай улкан ҳудуд учун мунтазамлик касб этувчи янги турнир зарур. Лоақал савияси паст жамоаларни ўрта даражага тортиш учун.

Мусобақа формати қандай бўлади?

16 октябрь куни эълон қилинган ФИФА рейтингига кўра, жамоаларни 4та лигага бўлиб оламиз. Рейтингга асосан ЖЧ-2018 саралашининг охирги раундида ўйнаган Таиланд термаси 3-лигадан жой олса, ФИФА томонидан дисквалификация қилинган Қувайт жамоаси тўртинчи даражали гуруҳга тушади.

Агарда ҳозирги ҳолат бўйича тақсимласак, миллий жамоамиз «А» лигасидан жой олади. Умуман, Шимолий Мариана термасини қўшмасак, 3та лига 12тадан жамоани ўз ичига олади, яна бири эса 10та термани. 12та жамоаси бор лигаларда 3та ёки 4тадан гуруҳ шакллантириш мумкин. Яна бир лигада эса 3та гуруҳ юзага келади.

«A» лигаси (12та жамоа): Эрон, Австралия, Япония, Хитой, Ж.Корея, С.Арабистони, БАА, Ўзбекистон, Сурия, Ироқ, Фаластин, Қатар

«B» лигаси (12та жамоа): Ливан, Ҳиндистон, Уммон, Яман, Иордания, Туркманистон, Филиппин, Қирғизис-тон, Вьетнам, Тожикистон, Баҳрайн, КХДР

«C» лигаси (10та жамоа): Таиланд, Гонконг, Хитой Тайпейи, Афғо-нистон, Мьянма, Мальдив ороллари, Лаос, Индонезия, Малайзия, Камбоджа

«D» лигаси (12та жамоа): Сингапур, Непал, Макао, Бруней, Қувайт, Бутан, Гуам, Шарқий Тимор, Бангладеш, Мўғулистон, Шри-Ланка, Покистон

Лигаларнинг якуний таркиби Осиё кубоги-2019 саралаш босқичи якунлангач, 2018 йил апрель ойида эълон қилинадиган рейтингга асосан тузилса, яна яхши.

Таъкидлаш жоиз, ҳозирги ҳолатда С.Арабистони, Қатар ва Эрон жамоалари битта лигага тушсада, гуруҳдош бўлмайди. Дипломатик ва сиёсий масалаларда ўзаро келишолмаётган бошқа мамлакатларга нисбатан ҳам худди шу қоидани қўллаш мумкин.

Мусобақа тақвими

Осиё кубоги-2023 мезбонлик ҳуқуқи учун Хитой, Ж.Корея ва Ҳиндистондан расман ариза тушган. Агар мезбонлик шулардан бирига берилса, баа-2019дан кейинги турнир вақти яна ёз фаслига тўғри келиши эҳтимоли юқори.

Бу ҳолатда тиғизлик юзага келади: ноябрь-декабрь ойлари ЖЧ-2022, орадан 8-9 ой ўтиб, Осиё чемпионати. Ҳозирча Қатар мундиали саралаши формати эълон қилинмади. Лекин амалдаги тизим қўлланилса керак, барибир.

Яъни ЖЧ ва Осиё кубоги саралаши қўшма тарзда олиб борилади. Айни шундай формат янги турнир ташкиллашга жиддий тўсқинлик қилмайди. Демак, Интеграция кубогини биринчи марта 2019 йил сентябрь - 2020 йил июнь оралиғида гуруҳ босқичи ва финал раунди шаклида ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Табиийки, илк мусобақа синов вазифасини бажариб беради. Хуллас, турнир икки босқични ўз ичига олади. Биринчи босқични 2019 йил сентябрь - 2020 йил июнь оралиғига кубок соҳибини аниқлаб берувчи финал раундини эса 2022 йил январь ёки мартга белгилаш мумкин.

Тўғри, аниқ муддатларни танлаш учун аввало, ФИФА тақвимини диққат билан ўрганиб чиқиш зарур. Яна бир томони, янги турнир аҳамиятини ошириш йўлида 4та лига ғолибларига Осиё кубоги-2023 йўлланмасини тортиқ этиш ҳам мумкин.

Эътиборлиси, ҳозирги ҳолатда «D» лигасига тушадиган жамоалардан фақатгина Сингапур ва Қувайт термалари қитъа биринчилигида қатнашган. Демакки, янги турнир кўплаб жамоалар учун янги имкониятлар эшигини очади.

Интеграция кубоги тахминий тақвими (лигалар учун)

Босқич

Раунд (тур)

Сана

 

Гуруҳ раунди

1-тур

2019 йил 30 август - 1 сентябрь

2-тур

2019 йил 5-7 сентябрь

3-тур

2019 йил 11-13 октябрь

4-тур

2019 йил 17-19 октябрь

5-тур

2019 йил 15-17 ноябрь

6-тур

2019 йил 21-23 ноябрь

 

«Плей-офф» раунди

Ярим финал

2020 йил 5-6 июнь

3-ўрин учун

2020 йил 9 июнь

Финал

Мусобақа қандай бошланади?

ЖЧ-2022 стартигача ОФК таркибида нечта жамоа бўлиши ҳақида 100 фоиз аниқлик билан гапириш қийин. Зеро, Фижи ва Янги Зеландия каби Океания вакиллари ҳам ОФКга талпинаётганию, Қозоғистонда УЕФАдан чиқиб, Осиё футбол оиласига қайтишни ўйлаётганлари хусусида гап-сўзлар йўқ эмас.

Улкан ҳудудда янги форматда турнир ташкиллаш ва уни бир текисда ўтказиш осон эмаслиги ўз-ўзидан тушунарли. Боз устига, давлатлар ўртасидаги сиёсий муаммолар ҳам тез-тез спорт принципларига халақит беради.

Энг оғриқли томони, Осиёда терма жамоалар савияси ўртасида ҳамон осмон ва ерчалик фарқ сақланиб турибди. Дейлик, айрим мамлакатларда футбол ҳаттоки, биринчи рақамли спорт тури ҳам эмас.

Мисол учун, Ҳиндистон ва Бангладешда крикет қанчалик оммавийлиги ҳақида алоҳида тўхталиш ортиқча. Шундай экан, ОФКдан қуйи лига жамоаларига мусобақада қатнашиши учун амалий ёрдам бериш талаб этилади.

Тахминларга асосланган гуруҳлар

Юқорида ФИФАнинг янги рейтинги асосида 46та жамоани 4та лигага тақсимладик. Энди тегишли равишда уларни гуруҳларга бўлиб чиқамиз.

«A» лигаси (12та жамоа)

1-гуруҳ: Эрон, Австралия, Фаластин

2-гуруҳ: Ж.Корея, БАА, Сурия

3-гуруҳ: С.Арабистони, Ўзбекистон, Ироқ

4-гуруҳ: Япония, Хитой, Қатар

Бу ерда ўзимиз учун энг осон вариантни танладик. Кўриниб турибдики, қитъа грандларига ҳам бундай форматдаги турнирда осон бўлмайди.

Ироқ ва Фаластин каби ўртамиёна жамоалар эса 3-4 йил ичида анча кучайиб, исталган рақибга жиддий хавф туғдириши мумкин. Мисол учун, Сурия термасида бундай гуруҳ ғолиби бўлиш имконияти йўқ эмас.

Муаммо. Ўз ўрнида, жамоаларнинг сафар ўйинларига бориши ва кейинги тур ўйинига қайтишини кўриб чиқсак. Халқимизда «Йўл азоби - гўр азоби» мақоли бор.

Мисол учун, Тошкентдан Ар-Риёдгача масофа 2790 километрга тенг ва самолётда 13 соату 35 дақиқа учишга тўғри келади, албатта, Истанбул орқали парвоз қилинса (энг тез элтадиган йўл шу).

Кейин у ердан Ироқ термаси ўйинлари ўтказиладиган Малайзияга бориш учун (6377 километр) 8 соат учиш керак бўлади. Қисқаси, узундан-узун парвоз...

Тўғри, бундай оғирлик 2та ўйинни тахминан 5-6 кун ичида кетма-кет сафарда ўтказишга тўғри келсагина юзага чиқади.

«B» лигаси (12та жамоа)

1-гуруҳ: Ҳиндистон, Ливан, Яман

2-гуруҳ: Баҳрайн, Филиппин, Тожикистон

3-гуруҳ: Иордания, Туркманистон, Вьетнам

4-гуруҳ: Уммон, КХДР, Қирғизистон

«C» лигаси (10та жамоа)

1-гуруҳ: Афғонистон, Камбоджа, Лаос, Индонезия

2-гуруҳ: Таиланд, Мьянма, Хитой Тайпейи

3-гуруҳ: Гонконг, Мальдив ороллари, Малайзия

«D» лигаси (12та жамоа)

1-гуруҳ: Сингапур, Бутан, Покистон

2-гуруҳ: Қувайт, Бруней, Шри-Ланка

3-гуруҳ: Непал, Бангладеш, Мўғулистон

4-гуруҳ: Гуам, Шарқий Тимор, Макао

Ҳозирча қуръа жараёни бўйича гапириш қийин. Чунки 46та термадан нечтаси мусобақага қўшилиши номаълум. Ҳар ҳолда, Индонезия, Қувайт ва Покистон олдида ФИФА тақиқи бор.

Мусобақа якунида лигалараро ўрин алмашиш тартибини соддагина белгиласа бўлади: гуруҳлар ғолиблари юқорига чиқишади, аутсайдерлар аксинча, битта паст лигага тушишади. «A» лигаси гуруҳлари ғолиблари эса Интеграция кубогини олиш учун ўзаро кураш олиб боришади.

Бошқа қитъа вакиллари билан ўйнамаймизми?

Ўзбекистондан Австралияга доимий учиш имконияти бор (Япония ёки С.Ара- бистонига ҳам). Бундай имконият Ж.Корея, Хитой, борингки, Ироқда ҳам мавжуд. Бироқ бошқалар...

Қизиқ, янги турнир Эрон ва Япония каби Европа ҳамда Африка вакиллари билан ўртоқлик ўйинлари ташкиллашда муаммога учрамайдиган термалар учун нима беради?

Мисол учун, форсларнинг 2016-2017 йиллардаги ўртоқлик учрашувларига қаранг: 02.06.2016. Македония - Эрон - 1:3; 07.06.2016. Эрон - Қирғизистон - 6:0; 10.11.2016.

Эрон - Папуа-Янги Гвинея - 8:1; 18.03.2017. Эрон - Ироқ - 1:0; 04.06.2017. Черногория - Эрон - 1:2; 05.10.2017. Эрон - Того - 2:0; 10.10.2017. Россия - Эрон - 1:1.

Кўриниб турибдики, март ёки сентябрь ойлари эронликларга ортиқча муаммо туғдирмайди. Қолаверса, турнир ўйинларидан холи ойларда исталган жамоа бошқа қитъа вакили билан ўртоқлик ўйини ташкиллаштириши мумкин.

Ўзбекистон термасига қарасак, жамоамиз охирги 4 йил ичида бошқа қитъа вакиллари билан атиги 4 марта ўйнади: 08.09.2014. Ўзбекистон - Янги Зеландия; 07.06.2016. Ўзбекистон - Канада; 24.08.2016.

Ўзбекистон - Буркина-Фасо; 23.01.2017. Грузия - Ўзбекистон. Ваҳоланки, миллий термамиз 2014 йилнинг ўзида 12та ўртоқлик ўйинида майдонга тушганди: май - 2та, август - 1та, сентябрь - 2та, октябрь - 3та, декабрь - 4та.

Ҳомийлар масаласи

ФИФАнинг асосий ҳомийларига назар ташласак, улар орасида Осиёдаги брендлар ҳам бор: Adidas, Coca-Cola, Gazprom, Hyundai|Kia Motors, Visa, Wanda Group, Qatar Airways (жами 7та). ОФКнинг асосий ҳомийлари эса 17та: Emirates, Nike, Nikon Corporation, Epson, Aramex, Kirin, Konica Minolta, Toshiba, TOTO, Asahi, Toyota, Saison Card, Samsung, Makita, ING, FamilyMart, Hyundai.

Уларнинг кўпи Ж.Корея ва Япония брендлари ҳисобланади. Янги турнирга ҳам бемалол уларни бош ҳомий сифатида жалб этиш истиқболини кўриб чиқиш керак.

Шунингдек, турнир ғолибларига мукофот белгилашда алоҳида ўйинлар ва гуруҳ миқёсида ўзини кўрсатган футболчилар манфаатидан келиб чиқиш мақсадга мувофиқ.

2015 йилги Осиё кубоги ўйинларини 80та телеканал лицензия орқали бутун дунёга узатди, трансляцияларни 800 млн. киши ТВ орқали томоша қилди. Демакки, ташкил этилажак янги турнир лоақал Осиёнинг ўзида яхшигина телеаудитория тўплашига ишониш мумкин.

Хулоса

Маълумотларга кўра, ЖЧ-2026-нинг 8та йўлланмаси ОФКга берилади. Яна ҳал қилинмаган 2та ўрин борлигини инобатга олсак, қитъадошларимизда 8,5та чипта учун курашиш имкони бор.

Терма жамоамизнинг кучли 8таликка кириш имконияти бизни бўшаштириб юбормаслиги керак. Чунки Ироқ ва Сурия каби жамоалар ҳам отни қамчилаши турган гап.

Йўлланмалар сони ортиши натижасида жойларда футболга муносабат кескин ўзгариши аниқ. Шундай экан, ҳозирги даражани ушлаб қолиш эмас, янада кўтарилиш ҳақида ўйлашимиз шарт.

Бунинг учун савияли бош мураббий ва доимий халқаро тажриба зарур.

Фаррухжон ФАЙЗИЕВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz